Главная / Документальная и биографическая литература, Биографии, мемуары; очерки, интервью о жизни и творчестве / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар / Научные публикации, История
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 21 октябр 2009 йил.
Мурзақул бўлиш
(Тарихий қисса)
«Мурзақул бўлиш» тарихий очерки 1993-йили Ўшда алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. Мазкур асарда қўшни Ўзбекистонда туғилиб вояга етган қирғиз халқининг жонкуяр ўғлонларидан бири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистоннинг илк президенти Йўлдош охунбобоев билан шахсан таниш бўлган Мурзақул бўлиш ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Асарнинг ўзбек тилидаги варианти муштарийлар эътиборига илк бор ҳавола қилинмоқда.
---------------------------------------------------------------------------
Исторический очерк «Мирзакул болуш» вышел отдельной книгой в 1993 году (Ошская облтипография). Произведение посвящено жизни и деятельности уроженца соседнего Узбекистана, известного сына кыргызского народа – Мурзакула болуша, который был лично знаком с первым Президентом Узбекистана Юлдашем Ахунбабевым. Узбекский вариант очерка публикуется впервые.
Қирғизчадан Раҳим Каримов таржимаси
Ушбу дастлабки китобчам отам билан онамнинг қабрига қўйилган гулдастам бўлсин…
(Муаллиф)
МУРЗАКУЛ БЎЛИШ
Мен мақтансам, лол қолдирган,
Йўрғалаган тойим бор.
Йўллар бўйлаб масжид солган
Мурзақулдек бойим бор.
(Халқ термаларидан)
1861 йил. Бўралаб ёғаётган қор кўзингни очирмайди. Шарқираб оқувчи Ил дарёси ҳам қичираган совуққа чидай олмай тўниб қолган. Ўша пайтда Хитойдан қайтган карвонлар йўлни қисқартириш мақсадида муз узра юришга одатланишган. Қўшу додҳоҳнинг карвони ҳам ана шу муз устидан кетиб борар эди. Олдига икки яшар Мусурманқулни ўтқазиб олган додҳоҳ туғилганига эндигина ўн беш кун бўлган чақалоғини бағрига босиб келаётган ожизасини асраб-авайлаб кетаётган эди. Совуқнинг қаттиқлигидан аъзои-бадани титраб, муз қотган қўлларини ҳовури билан илитишга уринаётган аёлини кўриб юраги ачишди.
— Бир амаллаб Андижон ҳудудига етиб олиш лозим, — деди атрофидагиларга Қўшу додҳоҳ.
Киндик қони тўкилган замин одам боласи учун муқаддас эмасми? Хитойда додҳоҳнинг қўйлари қўрага ботмайдиган даражада кўпайиб, эл орасида шон-шуҳратга эришганига қарамай Чимён ҳамда Шамолбоғ кўз ўнгидан кетмай қўйди. Қолаверса Қўқон хони Худоёрхонни ҳам ром айлаган Шамолбоғнинг муқаддас бўйи Қўшу додҳоҳни кун сайин ўзига чорлаб турар эди. Бироқ у оғироёқ хотинини ўйлаганида тўхтаб қоларди. Шундай қилиб додҳоҳнинг иккинчи фарзанди Мурзақул дунёга келиши биланоқ сафарга отланди. Қўра тўла қўй-қўзиларини Хўжаободдан олиб кетган Боблақозоққа топширди…
— Ёпирин! Ушланглар! Ушланглар, — дея уввос солганча аёл отдан тушди. Унинг оғушидан сирғалиб тушган гўдак муз устида сирпаниб, балиқ овловчилар чўқилаган туйнукка тушиб кетди. Буни кўриб отдан шошилинч тушиб чақалоқни тутиб олиш учун югуриб келган Қўшу додҳоҳнинг вужуди муздай қотиб қолди. Хотинининг чинқираган овози ҳам қулоқларига эшитилмай қолди.
«Эҳ, шафқатсиз ёлғон дунё, қаҳринг келганида ёш-қари демай бойни ҳам, гадойни ҳам бирдек азоб-уқубатга соласан. Ахир, Андижон воҳасида ҳурмат-эътибор қозонган қипчоқ бойларининг бири бўлган Қўшу додҳоҳ умрида шунчалик азоб кўраман деб ўйлаганмиди? Унинг тенгсиз давлати, эл ардоқлаган мансаби бор эди-ку! Қирқ ёшгача фарзанд тирноғига зор қилиб, охирида йўлга отланиб Хитойнинг Қулжасигача кўчиб борганидагина аранг икки фарзанд бериб, йўл азоби етмаганидек мана шундай қайғули кунни бошига солармидинг!».
— Қаранглар! Сариққа қаранглар!— ҳайқириб юборди додҳоҳ билан ёнма-ён келаётган Ақмат табиб. Овоздан ўзига келган Қўшу додҳоҳ бола тушиб кетган муз тешигига Сариқнинг қандай кириб кетганини кўрди. Бир пайт Сариқ йўргакни тишлаб муз сатҳига чиқиб келганида Қўшу додҳоҳ чақалоғини шоша-пиша тортиб олди. У йўргакдаги сувни силкитиб, гўдакнинг юзини очгач, мурғак боланинг нафас олаётганини кўриб, ҳурсандчилигини ичига ботира олмай икки қўли билан юқорига кўтариб қийқирди:
— Мурзақулимни музнинг остида ҳам Худонинг ўзи асрабди. Демак, бу болам Аллоҳ сийлаган, умри узоқ инсон бўлар экан!
Қўшу додҳоҳ ҳам, умр йўлдоши ҳам қайга борса эргашиб юрувчи ити Сариққа розиликларини қандай изҳор этишни билишмас эди.
— Еганингни оқладинг, Сариқ, — деди она ниҳоят оҳиста.
Ҳўл бўлган жунуни силкитиб турган Сариққа рози бўлиб боқиб турган додҳоҳнинг кўнглидан «Биз хом сут эмган бандалар ҳар қанча манмансирамайлик, кези келиб бошимизга иш тушганида мана шу итчалик ҳам ёрдам беришга ярамай қолар эканмиз-ку» деган ўйлар ўтар эди хаёлидан. Шу каби ўй-хаёллар қанотида сафарини давом эттирган Қўшу додҳоҳ учинчи куни кечаси Чимёндаги (Қўрғонтепа туманига қарашли) уйига етиб келди. Додҳоҳнинг қайтганлигидан хабардор бўлган бойлар, қишлоқ оқсоқоллари келиб учрашишди.
Чимён ўша даврларда гўзал ва ҳавоси тоза қишлоқларнинг бири эди. Илгари Шархон тарафдан келган усталар чимдан қўрғон қурганликлари сабабли «Чимқўрғонли ер», «чимли ер» дея атаб юришиб қишлоқ Чимён бўлиб қолган экан. «Бири кам дунё» деганларидек, додҳоҳ хотини билан Хитойгача бориб ҳаво алмаштириб фарзандли бўлиб келгани билан туғилган жойи Чимёнда негадир соғлиги вақт ўтган сайин ночорлаша бошлади.
1875 йилнинг ёзида узоқ давом этган хасталикдан Қўшу додҳоҳ қазо қилди. Мурзақул эсини таний бошлагандан буён Қўшу додҳоҳнинг ҳақиқий тарбиясини олиб, доно сўзларини кўп уққан. Отасидан айрилган Мурзақул қайғудан ўй-ташвишга ботиб, бир йилча ўзига келолмай юрди. Кейинги йилнинг баҳорида Қўшу додҳоҳнинг ўртоғи, қўрғонтепалик Урайим Амин (уни Ўлик амин деб ҳам атардилар) аяш оталик мададини кўрсатиб ўн беш яшар болани миробликка тайинлайди. Элбошилик азалдан қонида бўлган Мурзақул ёш бўлса ҳам сувни аҳолига тўғри бўлиштириб, кўпгина ишларда ҳамюртларига ақлли гаплар айтиб, одамлар назарига туша бошлайди. «Еттининг бири ҳизир» деганларидек, эл оғзига тушган Мурзақул 16 ёшидаёқ элликбоши бўлиб сайланди. Шу билан бирга у савдогарлик фаолиятини ҳам ўрганиб олиб, Қўқон, Бухоро ҳамда Тошкент, бу тарафдан Хитойга қадар бориб келди. Тижоратчилик унга катта фойда келтирди. Мурзақул қўрғонтепалик Абдурасул, Ташбўлўт, Мамақўжў исмли бойлар билан алоқа ўрнатиб пахта экиш учун янги ерларни ўзлаштирди. (У пахта етиштирган ерларда ҳозир «Савай» совхози бор). Бўлуш деҳқончиликдан тушган фойда ҳисобидан Қўрғонтепага улкан сарой ҳамда қатор тизилган уйларни қурдирди. Мурзақул деҳқончилик далаларида ишлаган мадикорларига яшаш учун мана шу уйлардан жой берган. (Ҳозир бу саройлар Қўрғонтепа туман техникаларни созлаш маҳкамаси бўлиб қолган. Уйларда эса ўша ишхонанинг ишчилари истиқомат қилишмоқда).
Мурзақул пахталарини Андижондаги Миркомил бойнинг пахта тозалаш заводига сотар эди. Кейинчароқ у андижонлик бошқа савдогарлар билан мулоқот ўрнатиб, ҳосилини Марғилон, Қўқон, Фарғона ва Тошкентгача олиб бориб сотадиган бўлиб қолди. Йилдан-йилга бойлиги ортиб борган сайин Мурзақул Андижон водийсида «саҳоватли бой» деган номга кўна бошлади. Зеро, етим-есирлардан, қари-қартанглардан ёрдамини аямас эди. Жой-жойларда битмай чала қолган иморатлар учун ҳам Мурзақул махсус ҳаражат ажратиб берарди. Айниқса у Андижондаги Нўғой маҳалласида эл учун масжид (уни одамлар Оқ масжид деб аташган) қурдирганида шаҳардаги барча мусулмон халқига танилиб, ҳурмат-эътибор қозонган. Масжид қурилишида унга андижонлик Қаюмбой деган саводхон киши котиблик қилиб, ҳисоб-китоб ишларини олиб борган. Ушбу масжид солиқ комиссияси томонидан 1890 йилда рўйхатга олинган, кейин 1913 йилда такроран рўйхатга олиниб, «Андижон шаҳрининг тархи» тўғрисидаги маълумотномада 69 сон билан қайд қилинган. Ҳозир ушбу ер Наримонов кўчаси дея аталади.
1880 йилнинг эрта баҳорида Қўрғонтепа, Қорасув, Чимён, Шамобоғларда «ҳудуд ҳокимлигига сайлов ўтказилар эмиш» деган гап тарқади. «Шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламайди», деб бежиз айтишмайди. Чиндан ҳам қишлоқ аҳолисига бир донишманд, одил раҳбар келиб бошқа ерликлар билан борди-келдини ривожлантириш зарур эди. Ўша кунлари «бундай одилликка Мурзақулгина ярайди» деган фикрларни кўпчилик очиқ-ойдингина айта бошлади. Сайлов яқинлашганида Мурзақул Чимёндаги уйида ўтириб онасидан маслаҳат сўради.
— Онажон, халойиқ эртага мени қишлоқ ҳокимлигига сайламоқчи. Нима маслаҳат берасиз, ёшлик қилиб қўймасмикинман?..
— Ўргилай, раҳматлик отангнинг гапларини унутдингми? У сизларга насиҳат қилганида, ақл ёшда эмас, бошда эканлигини кўп қайталар эди. Сени эл сайлаётган экан, демак элнинг раъйига қараб иш тутасан-да. Агар ҳокимликка сайланиб қолсанг отанг иккаламизнинг атаганимиз бор,— дея онаси сандиғини очиб бир халта олтин олиб ўғлига тутқазди.
— Она, буни нима учун қийналган болалик кезларимда бермай, энди ҳоким бўлаётганимда бераяпсиз? — дея ҳайратланиб сўради Мурзақул.
— Ээ, болам, бу олтинларни отанг қазо қилгандаёқ сенга берганимда тайёр бойликдан маст бўлиб меҳнатнинг қадрини ҳам, инсоннинг қадрини ҳам туймай вояга етиб, ҳозиргидай даражага етмай қолармидинг, — деди онаси жовдираб қараб турган боласига қараб.
— Ўғлим, ёдингда бўлсин ҳеч қандай она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди.
Онасининг фикрини дарров англаб етган Мурзақул унинг донишмандлигига имон келтирди.
Эртаси куни Мурзақулнинг қишлоққа ҳоким этиб сайланганлиги ҳақидаги хабар бир ёқдан Ўзганга, иккинчи тарафдан Андижон, Марғилон, Қўқонгача тарқалди. Қирғизларнинг қипчоқ уруғидан чиққан ёш ҳоким Чимёндаги улкан саройли уйида уч кун элга ош бериб, оқ фотиҳасини олди. (Мурзақул ҳокимнинг бу қўра-саройлари 1947 йилда Қўрғонтепа туманига қарашли Чимён пахта тайёрлаш пункти бўлиб қолган).
Мурзақул ҳокимнинг донғи қанчалик юқорилаб, мол-мулки ортгани билан боягидек бир кам дуне ўзининг беаёв ҳукмини кўрсата бошлади. У икки марта уйланса ҳам фарзандлик бўла олмади. Кун-тун Яратгандан фарзанд сўраб, учинчи марта ўмўнўк уруғидан Жамал исмли қиз билан бош қўшди.Ҳокимнинг тилаги Тангрига етиб, кейинги йили Жамал қиз туғади. Бундан ниҳоятда ҳурсанд бўлган Мурзақул тўнғич қизига Урматбиби деб исм қўяди. Тўрт ойдан сўнг Жамалнинг гўзаллиги, фарзандли бўлганини кўролмаган кундошлари заҳар бериб ўлдириб қўйишади. Онасиз қолган Урматбибини Мирзақулнинг туғишган акаси Мусурманқулнинг боласи Айдарқулнинг хотини боқиб оладилар. (Бугунки кунда ўша Урматбибининг ўғли Жанибек, Тинибек ҳамда қизлари Ўктўм, Тиллақан. Анарқанлар Қўрғонтепа туманидаги Тўқтўғул номли жамоа хўжалигида яшашмоқда).
Чимённинг шимол тарафида Шамолбоғ деган улкан қишлоқ мавжуд. Унинг дастлабки номи Қўштепа бўлиб, бу ерга тозлар қалин мевали дарахтлар ўтказишиб, боққа айлантириб ўзларига макон қилиб олишган. Катта йўлдан ўтиб бораётган йўловчилар албатта бу боққа тўҳтаб ўтишади. Саратон кунларининг бирида Қўқон хони Худоёрхон ҳам айнан мана шу боққа тўхтаб дам олган. Этагидаги ариқдан тип-тиниқ сув оқиб, майин сабо эсиб турган. Боғнинг чиройлилигидан завқланган Худоёрхон «бу ёқимли шамоли бор боғ экан, Шамолбоғ деб атанглар» деган экан. Ўша кундан бошлаб Қўштепанинг номи Шамолбоғ дея аталиб қолибди. Баъзан «Хон йўли» деб ҳам атаб юрганлар.
Тозлар билан борди-келдиси яхши бўлган Мурзақул ҳоким Шамолбоққа тез-тез бориб турган. Айниқса хотини вафот этиб, ғам-ташвишга ботиб турган кунлари Шамолбоққа келиб кетарди. Зеро бу ерда Мўлдў Садиқ, Қасим саркор, Бўрқўш амин, Пўлўт, Тилаболди, Бердиқулбай сингари яхши маслакдошлари бўлган. Шундай қилиб, кейинчароқ Мирзақул тозларнинг Турсунбубу деган қизига уйланади. Ундан икки ўғиллик бўлиб, исмларини Қадирқул, Қабилбек қўяди.
Мурзақул ҳоким Чимённинг шимол четидаги катта кўчанинг шарқ томонига ўғиллари Қадирқул, Қабилбекларга атаб бир қатор иморатлар солдирган. Бу иморатларнинг бешта мўриси баландлиги сабабли узоқдан кўзга ташланиб турган. Мурзақул ўзи яшаган уйнинг дарвозаси доимо очиқ бўлиб, тўридаги сўрида дастурхон ёзилиб қўйилган. Одамгарчиликни юқори билган Мурзақул йўлдан ўтган йўловчиларни уйга чақириб, таомлар билан меҳмон қилиб, оқ йўл тилаб сафарга кузатиб қўяр эди. Шу боисдан йўловчилар «Беш мўрида тунаб ўтамиз» деб қўярдилар. Ўшандан буён кўчанинг номи «Беш мўри» дея аталиб юрди. Қўқон, Фарғона, Марғилон, Андижон, буёғи Жалолободдан қатнаган савдогарлар Мурзақул асос солган «Беш мўри» кўчасини яхши билишган. Сабаби бу ерда ҳокимнинг беш мўрилик уйидан бўлак уй бўлган эмас. (Ҳозир айрим сабабларга кўра бу кўча Эшонобод аталиб қолган).
Ҳокимнинг катта ўғли Қадирқул қўрғонтепалик Рисалат исмли қизга уйланиб, ундан Асранқул, Андақул исмли болалари бўлган. Айни пайтда Андақул Тўқтўғул номли жамоа хўжалигида катта отаси асос солган «Беш мўри» да ( ҳозирги Эшонободда яшамоқда). Шунингдек, марҳум Асранқулнинг фарзандлари Анвар, Дарман, Шавкатлар ҳам ўша ерда истиқомат қилишмоқда. Улар яшаб келаётган уйнинг дарвозаси устида Мурзақулнинг ўз қўли билан кўтариб қўйган эски ёғоч ҳозиргача сақланиб қолган.
АНДИЖОНДА ҚИРҒИЗ УЙ ТИКИБ…
Мурзақул бўлишни андижонликлар ҳам ўта ҳурмат қилишган. Шаҳар қозиси Рустамбой Мурзақулни ўзининг фарзандидай яқин олиб кўп суҳбатлашган. Сўзлашув пайтида бўлишнинг зукколиги сезилиб турган. Тошкентдан то Хитойгача бориб келиб юрган Мурзақул бўлиш кўплаб янгиликлардан бохабар бўлганидан қози билан ўй-фикрлари билан ўртоқлашган. Қози Мурзақулни узоқни кўра билган фаҳм-фаросатлиги, одамгарчилигини қадрлаган. Баъзи масалаларни ҳал қилишда у билан маслаҳатлашган. Шу боисдан 1902 йили Рустам қози якка-ёлғиз қизи Сабохонни Мурзақулга хотинликка берган.
Уйланганига ўн тўрт кун бўлганида Андижонда ер титраб, уйлар қулаб, одамларнинг кўпчилиги бошпанасиз қолишади. Табиий офат касофатидан 4652 одам ҳалок бўлган. Жабр тортган қайин юрти Қўрғонтепага ёрдамга етиб бориб, Мурзақул бўлиш андижонликлар учун олти юзта қирғиз бўз уйларини тикдириб берган. (Бу ҳақда 1993 йилнинг апрелида Андижон шаҳрининг Пионерская кўчасида яшовчи Мурзақулнинг қизи 72 ёшли Муқаддам ая айтиб берган. Ушбу суҳбат чоғида бўлиш отанинг чевараси Дармон ака ҳам бор эдилар).
МАСЖИДГА ҒИШТНИ КИМ ҚЎЯДИ?..
Мурзақул бўлиш андижонлик ўзбек аёли Сабохон билан Қўрғонтепадаги хонадонида яшаб келишади. У мусулмон аҳолиси муқимлашган қишлоққа мадраса-масжид зарурлигини дилидан ҳис этиб, унинг иморатини қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. 1909 йилнинг эрта баҳорида ўйини элга очиқ айтиб, ўзининг саройи олдидаги теракзорга мадраса-масжид қурилишини бошлашга аҳд қилади. Масжид иморати пойдеворига дастлабки ғишт қўйиш куни Мурзақул бўлиш аҳолини тўплаб:
— Халойиқ! Бугун масжид-мадраса қурилишига киришмоқчимиз. Шу боисдан орангиздан биронтангиз чиқиб мана шу мукқаддас бинонинг пойдеворига дастлабки ғиштни қўйиб ишни бошлаб берсангизлар!— дейди.
Йиғилган мингдан зиёд одамлар сув сепгандай жим-жит бўлиб турардилар. Бўлиш йиғилганлардан кўзини узмай, бировнинг чиқиб келишини кутиб турар эди. Олдинги қаторда турган таниш кишилар бўлишга тик қарай олмай бошларини қуйи эгиб туришарди. Анча вақт ўтса ҳам йиғилганлар орасидан биронта одам чиқиб келишга ботина олмади. Мадрасанинг ғиштини қўйишда шундай бир шарт бор экан: онадан туғилгандан буён бировнинг ҳақини емаган, етим-есирларга озор бермаган, ёлғон гапирмаган, шариатнинг айтганини қилган, ёмон йўлга юрмаган тоза бўлиши керак. Кутавериб чидамсизлана бошлаган Мурзақул уюлган ғиштларнинг олдига келиб енгини шимариб, ўзбекча тўнининг этагини белбоғига қистириб:
— Ҳижолат бўлманглар, ҳамюртлар, мадрасага ғишт қўйишни Худо ўзимга буюрибди. Қани, Бисмиллаҳир-роҳманир-раҳийм,— деб иморатнинг биринчи ғиштини қўйиб, қурилишни бошлаб берган.
Мадрасанинг деворига ишлатиладиган тошлар Имомота деган жойдан олиниб келинди. Ғишт маҳаллий ғишт пишитувчи қумғонларда тайёрланди. Мурзақул бўлиш қурувчилар билан ўзи ҳам биргалашиб меҳнат қилиб, бинонинг қурилишига кўрсатмалар бериб турди. Ўшанда унга шу ерлик Иномжон Хидиралиев исмли хат-саводли одам котиблик қилиб ҳисоб-китоб ишларига ёрдам берган.
«Муқаддас иморат бўлганидан сўнг покиза қўл билан бунёд этиш лозим» деб ўйлаган Мурзақул таҳорати бўлмаган кишини қурилишга аралаштирмаган. Масжиднинг деворини кўтариб, хари ётқизаётганларида чопар келиб Мурзақулга андижонлик хотини қиз кўрганини суюнчилайди. Улкан харининг бир учини елкасида кўтариб турган Мурзақул суюнганидан «бу қизим мана шундай улуғ ишлар битаётганда туғилди. Чақалоқнинг исмини Улуғхон қўяйлик» дейди. Ҳозир бўлишнинг саксон тўрт ёшга чиққан ўша қизи Асакада яшайди.
Қўрғонтепадаги Мурзақул бўлишнинг мадраса-масжидига кираверишда жамоа бўлиб намоз ўқийдиган баланд ҳамда кенг айвонли бостирмаси, болалар илм олувчи йигирма саккиз ҳужраси бор. Билимни қадрлаган бўлиш Бухородан китоблар олиб келиб ўқишга иштиёқи бўлган, аммо камбағал болаларга бериб ўзи қурдирган мадрасада таҳсил олишлари учун шарт тузган. Қўрғонтепалик тақводор одамлар мулла Сабирохун, мулла Умарохунлар мадрасада мударрислик қилишган. 1989 йилда маҳаллий аҳолининг ихтиёрига ўтказиб берилган мадрасада бугунги кунда 400 дан ортиқ бола таҳсил олмоқда.
Бўлиш ота болаларни фақатгина диний томондангига ўқитиб қолмай, янги рус ҳарфларини ўргатиб бошқа фанлардан ҳам хабардор қилиш керак деган фикр билан мадрасанинг ёнига яна тўрт хонали бино қурдирган. Кейинчароқ мана шу иморатнинг хоналарида янгича мактабнинг (ҳозирги Улуғбек номли мактабнинг бошланғич синфлари ўқувчилари ўқиб юришди).
ОТАНИНГ ДАВЛАТИДАН ҲОКИ АЗИЗ
Унинг синглиси Муқаддам аянинг айтишига қараганда, Мурзақулнинг фарзандлари бўлиш вафотидан кейин масжид-мадрасалар қуриб, Ислом дини сабоқларини кенг тарғиб қилганлиги учун тескари сиёсатчилар томонидан қувғин қилинган. Ўшанда Улуғхон исмини Ўғилхон, фамилиясини эса Мирзаева қилиб ўзгартиришга мажбур бўлган.
Мурзақул бўлиш савдо-сотиқ ишлари билан Хитойга ҳам қатнаб юрган.У ерда отаси Қўшу додҳоҳнинг минглаб қўйлари, мол-мулки сақланиб қолган. Қулжалик Хўжаохун, Ўмурохун, Довутохун исмли бойлар билан яқин дўст бўлиб борди-келдини узмади. Мурзақул Чимёндаги уйида хитойлик дўстларини меҳмон қилиб ўтирганида уйидагидек суҳбат қурганликларини катта қизи Улуғхон хотирлаб юради:
«Бўтам, Қулжада отангизнинг данғиллама уйи, қўрага ботмайдиган даражада кўпаяётган қўйлари бўлганидан кейин биз тарафга келавермайсизми»,— деган унга хитойлик дўсти Довутхон.
«Кечирасиз мен учун отамнинг ортидан қолган бойлигидан кўра унинг ҳоки азиз. Ота-онамнинг ҳокини ташлаб, уларнинг мол-мулки учун Хитойга бора олмайман», деб жавоб берган экан бўлиш.
«Мурзақулбек отанггизнинг арвоҳи Хитойдаги қулжаликлар учун ҳам азиз. Бизнинг ҳамюртларимиз отанггизнинг кўп яхшиликларини ҳозирга қадар унутишгани йўқ. Қўшу додҳоҳнинг урпоқлари борми? дея сўраб юрган оқсоқоллар сон-саноқсиз»,— деди суҳбатга аралашган Хўжаохун,— асл зотли додҳоҳдан бизда ҳам ҳок қолса деган ниятимиз бор эди».
«Агар лозим топсангиз мана шу қизингизни бизга раво кўрингиз,— деди сўзини давом эттириб Довутхон бўлишнинг катта қизи Улуғхонни кўрсатиб.— Расм-русмини қилиб тарозунинг бир тарафига қизингизни, иккинчи томонига топган тиллаларимизни қўямиз. Қизингиз биз тарафларда меросхўрингиз бўлиб қолади».
«Маъзур тутасизлар, мен учун қиммат бўлган дўстларим», — деди мийиғида кулимсираб сипоҳлик билан Мурзақул бўлиш.— Мен мол-мулкимни, бойлигимни сизлар сўраганчалик тортиқ қиламан, бироқ юрагимни юлиб олисга бера олмайман».
Кейин Мурзақул бўлиш Қулжадаги отасининг данғиллама уй иморатларини, саройларини ўзига яқин олган хитойлик дўстларига тортиқ қилиб, қўйларини чўпонларга, камбағал бева-бечораларга бўлиб берган. Ўшандан буён қулжаликлар Туркистондан борган одамлардан Мурзақул бўлишни кўп сўрашади. (Болалиги Хитойда ўтган Баҳовуддин оқсоқол бу ҳақда кўп эшитган. У ҳозир Чимёндаги Норбўта қишлоғида яшамоқда).
Чимён заминида Қутбохун, Чирмашбай, Матқосим ҳамда Мурзақулбой деган бойлар бор эди. Уларнинг орасидан Мурзақулбойнинг қарамоғида кўпроқ одам ишларди. Бўлиш отанинг саҳоватпешалиги, одамгарчилиги ҳақида эшитган фарғоналик, андижонлик ҳамда жалолободлик деҳқонлар унинг хизматида бўлишга чоғланишган. Бунинг сабаби бор эди, албатта. У ўзга бойлар сингари фойданинг тўртдан уч қисмини ўзига олиб қолиб, меҳнат қилган мардикорларни қақшатган эмас. Кузда даладаги ҳосил йиғилиши билан Мурзақул бўлиш ҳосилнинг тенг ярмини деҳқонларнинг улуши учун ажратиб, уни олиб кетиш учун от араваларини ҳам бериб турган.
Атайлаб Шархондан келиб отаси Тошбой билан Қўшў, Мурзақул бўлишнинг ерида меҳнат қилган саксон ёшли Комилжон ака ҳозир Чимёнда яшамоқда. Унинг сўзларига қараганда, Шўро ҳукумати ўрнатилганда Мурзақул ҳеч кимнинг буйруғини кутиб ўтирмасданоқ давр талабини тўғри тушуниб мол-мулкини қарамоғидаги гадой деҳқонларга бўлиб берган. Ўшанда Комилжоннинг оиласига бир бош хўкиз, от арава, Абдиқадир, Бекмирза, Абдираҳман, Макамбай исмли мардикорларга бир гектардан экин-тикин учун ер ажратиб берган. (Уларнинг айримлари ҳозир ҳам бор).
Мурзақул бўлиш чимёнлик бойлар орасидан биринчи бўлиб учта мадраса, масжид қуриш ташаббуси билан чиққан. У ўз ҳисобидан Чимён билан Шамолбоғ орасидаги майдонга мадраса, масжид қурдирган. Ушбу масжид 1947-йилда айрим етакчилар томонидан бузилиб, унинг ғиштлари ҳозирги Қорасув (Ўзбекистон ҳудудидаги) шаҳридаги маъмурий иморатлар,ҳаммомлар қурилишига фойдаланилган.
БОСМАЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Мусурманқул мусулмончиликни маҳкам тутган инсон бўлган. Бунга унинг босиб ўтган ҳаёт йўли гувоҳ. Йигирма олтинчи йили бозор куни Жалолобод бозоридан икки юз бош йирик қўй сотиб олиб, чўпонларига ҳайдатиб бораётганида кенг далада босмачилар уларнинг йўлини тўсиб чиқишади:
— Ҳой! Сен кимсан?!— сўрайди босмачиларнинг бошлиғи.
— Бу кимнинг қўйлари?
— Мен қипчоқ Мурзақул бўлишман, қўйларнинг ҳаммаси меники,— деди унга яқинроқ келиб Мурзақул бўлиш.
— Ээ, Мурзақул бўлиш сиз бўласизми? – деди босмачилар бироз юмшагандай бўлиб. — Унда биз билан юринг, қўйларингизни қўйчувонларингиз ҳайдаб кетаверишсин. Сиз бизга йўлбошчи бўлингиз. Акс ҳолда қўйларингизни ҳайдаб кетамиз.
— Асосий мақсадингларни айтинглар-чи, қандай ниятда тўпланиб юрибсизлар? — деб сўрайди Мурзақул.
— Болшевиклар билан урушиб юрган мусулмон аскарлармиз, мусулмонларни ҳимоя қиламиз, — дейишади улар.
— Ҳа, энди тушундим, сизлар камбағаллар ҳукуматига бўйинсунмаган, кўпчилик тарафдори бўлганлар жамиятидан бош тортган умри қисқалардан экансизлар-да. Агар чиндан ҳам мусулмон бўлганингларда одам ўлдириб, мол-ҳолларни таламаган бўлар эдинглар. Мен сизларга қўшилиш уёқда турсин, ёнингларда ҳам турмайман,— дея жавоб қайтарган Мурзақул қўйларини ташлаб қўйчувонлари билан Қўрғонтепага жўнаб кетган.
БЎЛИШ ОТАНИНГ САҲОВАТПЕШАЛИ
Шўро ҳукумати ўрнатилиб, жумҳуриятлар бўлингунга қадар Туркистондаги шаҳарлар орасида чегара бўлган эмас. Бу эса турли шаҳарлардаги миллатлар орасидаги борди-келдининг ривожланишига, интифоқлиликнинг мустаҳкамланишига шароит яратган. Ўша даврларда Мурзақул бўлиш Ўш, Ўзган заминида савдо-сотиқ ишларини олиб бориб, ўзбек, қирғиз, уйғур бойлари билан яхши алоқада эди. Ўзган шаҳрида ҳам бўлишнинг қўра-қўра қўйлари бўлган. Ўзган, Қуршоб томонларда ҳам Мурзақулнинг сўзи ерда қолмаган, олдига от солиб сўзини икки қиладиган одам йўқ эди. Бўлиш Ўзганда юрганида ўзбек аёлига уйланиб, битта ўғил кўрган, унинг исми Одилбек эди. Мурзақул ўғли катта бўлганидан сўнг Бадалбой амин билан қуда-анда бўлишган.
…1904 йил. Қуршоб дарёсида тузукроқ кўприкнинг умуман йўқлигидан Ўзгандан Андижонга қатнаган йўловчилар Қулунчакдаги кечувдан ўтишади. Ёшлигиданоқ отасидан етим қолиб тирикчилик куйида ўзганлик бир бойга хизмат қилган марғилонлик Йўлдош аравакаш ҳам мана шу йўлдан Андижонга гуруч олиб бораётган эди. Ёмғир ёққан пайтларда Қулунчакдан ўтиш қийинроқ бўлар эди, сабаби юқоридан сув кўпайиб оқа бошларди. Эрта тонгда йўлга чиққан Йўлдош ёмғир савалаб турса ҳам ортга қайтишни ўзига эп кўрмади. Марғилонлик аравакаш Қулунчак кечувидан от солиб дарёнинг ўртасига етганида сув янада кўпайиб отнинг узангисигача етиб аравадаги гуручни оқизиб кетди. Бу каби вазиятга илк бор дуч келган Йўлдош қоплардаги гуручни эмас, аравасини аранг олиб чиқади. Барча кўнгилсизликлар Йўлдош Ўзганга қайтиб бориб, фалокатни бойга айтиб бергандан кейин бошланади.
— Мен ҳеч нарса билмайман. Олти қоп гуручимни сен ялангоёқ барибир тўлайсан!— деди бой аччиқланиб. -Акс ҳолда иш ҳақингнинг бир тийинини ҳам олмайсан.
— Худо ҳаққи, раҳм-шафқат қилинг, бой ака. Бу фалокат тўсатдан юз берди,— дея кечирим сўраб туриб олди Йўлдош. Анчагача бошини қуйи солиб ҳижолат тортган аравакаш бойнинг энди авф этмаслигига кўзи етди. Унинг айни дамдаги аянчли аҳволига раҳми келган мардикорларнинг бири қўл силтаб чақирди.
— Энди, иним, бўлар иш бўлибди, сен ҳозир бойдан мадад кутма, — деди ҳалиги мардикор. — Агар эшитган бўлсанг, бутун аймоғимизга таниш бўлган қўрғонтепалик Мурзақул бўлиш деган бой бор. У сенга ўхшаган бечоралардан ёрдамини аямайдиган саҳоватпеша, одил, қўли очиқ бойлардан. Кеча ўша бўлиш Бадалбой аминникига меҳмонга келган. Сен бугун аминникига бориб, Мурзақул бўлишга учраб, ёрдам сўра. Ўзганда унинг сўзи сўз, иним. Биз ҳам муҳтож бўлиб ёрдам сўраганимизда у қуруқ қайтарган эмас.
Йўлдош рози бўлгандай кўзининг ёшини артиб бош силкитди. Атрофга қоронғу тушиши билан у Бадалбай аминнинг уйи тарафга жўнади. Қатор-қатор тошфонарлар ёниб, одамларнинг гала-ғовуридан ҳурматли меҳмоннинг борлиги сезилиб туради. Йўлдош хизматчилардан рухсат сўраб, меҳмонлар ўтирган уйга кириб боради. Остонада саломи билан таъзим қилиб, узр сўраган ўзбек йигити Мурзақул бўлишга айтадиган арзи борлигини билдиради.
— Буёққа кел, ўғлим, — дея сўрининг тўрисида ўтирган сариқ юзли киши ўрнидан туриб Йўлдош аравакашнинг қўлидан тортиб сўрига ўткизади.
— Бўлиш отанг мен бўламан, ўғлим. Қандай арзинг бор эди?
Бой одамдан шундай иззат-икромни умрида биринчи бор кўриб турган Йўлдош тўлқинланиб кетди. Угина эмас, балки бўлиш билан ўтирган ўзганлик бойлар ҳам Мурзақулбойнинг бир юпун кийинган мардикор учун ўрнидан турганига тан қолишди.
— Мендан ёрдамингизни аяманг, бўлиш ота,— дея жовдираган аравакашнинг аҳволи аянчли кўриниб кетди. – Бугун бошимга мушкул иш тушди. Қулунчак кечувидан ўтиб бораётганимда сув кўпайиб аравамдаги бойнинг гуручи оқиб кетди. Бой «тўлайсан, акс ҳолда иш ҳақингни бермайман» дея аччиқланмоқда. Марғилонда ёлғиз онам билан ёш иниларим қолишган, уларга озиқ-овқат олиб боришим керак, бўлиш ота…
— Ёш экансан, ўзингни ташвишга олдириб қўйма, бўтам, — деди унга қараб турган Мурзақул бўлиш. — Сенинг ростгўйлигинг, тўғрисўзлигинг менга ёқди. Бойингга ҳозироқ одам юбораман, гуручни тўламайсан, иш ҳақингни тўлалигича оласан,— деб жавоб қайтарди.
Йўлдош аравакаш суйунганидан ўрнидан туриб бўлиш отага раҳмат айтиб, таъзим қилиб ташқарига чиқиб кетди. Бу афтода мардикорга қарагиси ҳам келмай ўтирган бойлардан бирининг сабри қолмай бўлиш отага мурожаат қилди:
Муҳтарам бўлиш, кўп бойлар келиб сиз билан учрашганида ўрнингиздан туриб бориб бунчалар эҳтиром кўрсатмаган эдингиз. Нима учун бир мардикорга ўрнингиздан туриб боришга мажбур бўлдингиз?
— Эҳ, бой, ўша сиз тўғатмаган мардикор йигитнинг ортидан Ҳизр эрчиб қолибди. Мен бу йигитнигина эмас, у билан бирга келган Ҳизрни ҳам кўриб ўрнимдан туришга мажбур бўлдим,— дебди кулимсираб Мурзақул бўлиш. -Худо ҳоҳласа бу ўзбек йигити катта юртга бошлиқ бўлади.
Мурзақул ҳалиги бойга одам жўнатиб, Йўлдошнинг ҳақини ундириб бериб, уни бўлак Ҳолмат деган бойга тайинлаб топширади. Йўлдош Марғилонга онаси билан иниларининг ёнига бориб келганидан сўнг Ҳолмат бойнинг эшигида ишлаб қолади.
1914 йили Йўлдош Марғилонга бира-тўла жўнаб кетади. 1916-йилда у халқ қўзғолонида фаол қатнашиб, 1925 йилда Ўзбекистон Республикаси Советларининг Марказий Ижроия Комитети раиси бўлиб, 1926 йилда ер-сув ислоҳотини ўтказиш бўйича комиссияга бошчилик қилганида бу ҳақда уққан одамлар Мурзақул бўлишнинг кўзи очиқлик хусусиятига чиндан ишонч ҳосил қилганлар.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоев Мурзақул бўлиш билан тез-тез учрашиб, борди-келдини давом эттирган. Бўлиш ота ҳам савдо ишлари билан тез-тез Марғилонга бориб турган.
ЁМОНЛИКНИ ЭЗГУЛИК БИЛАН ЕНГДИ
1914 йилнинг кузи. Султонобод қишлоғини оралаб ўтиб Жалолободга олиб борувчи темир йўли қуриб битказилган. Уни бунёд этишда кўпроқ руслар ишлаганидан султонободликлар уни «русларнинг йўли» деб ҳам атаб қўйишади. Қишлоқдаги бу каби янгиликларни чойхонадан осонгина билиб олсанг бўлади. Чойхончи Нишонбек ҳам одамгарчилиги бор, одамохун киши, келган одамнинг кўнглини олади. Ўзган, Жалолобод, Қўқон, Андижонга қатновчи йўловчилар ҳам Султонобод чойхонасига кириб ўтишади. Олис-яқиндан келган савдогарлар билан суҳбатлашиб юрган Нишонбек кўп нарсадан бохабар. Охирги кунларда чойхонага нотаниш руслар ҳам кириб қоладиган бўлди. Уларнинг тилини тушунмаса-да, Нишонбек чой бериб иззат-икром билан кузатиб қўяди. Руслар ғала-ғовур қилиб суҳбатлашиб, бир нарсани астойдил муҳокама қилишаётганини тушуна олмай жони ҳалак бўлиб, ёшлигида ўқимай қолганига ўкинади. Мана шу сабаб бўлди шекилли, қишлоқда русча мактаб очилганида ўғли Қосимбекни биринчилардан бўлиб мактабга берган.
Бутун Андижон ҳудудида таниқли бўлган Мурзақул бўлиш Ўзганга кетаётганда ҳам, қайтиб келаётганда ҳам Султонободда атайлаб тўхтаб Нишонбекни йўқлаб ўтади, сабаби чойхончи покизалиги ҳамда одамшинавандалиги билан унинг назарига тушган. Ўзгандан қайтган бўлиш бугун ҳам одатдагидек чойхонага кириб келди.
— Ассалому алайкум! Кўрганимиз кўришганимиз, тинчсизларми? — деди. Овқатланиб ўтирганларни ўрнидан қўзғатгиси келмай саломлашган Мурзақул бурчакдаги сўрига бориб ўтирди. Унга чой олиб келган Нишонбекнинг негадир кайфияти йўқ, жилмайиб турувчи юзида аввалги меҳмонновозлик сезилмайди. У бўлишнинг ёнига ўтирганида оҳиста акса уриб қўйди. Боядан бери назар солиб кузатиб ўтирган Мурзақул пиёладаги иссиқ чойдан хўплагандан сўнг ҳол-аҳволини сўрай бошлади.
— Ўта ҳижолатомуз кўринасан, иним, саломатчилигинг яхшими ўзи? Бола-чақанг тинчми?
— Саломатлигим, Худога шукур, дуруст, бола-чақам ҳам эл қатори юрибди,— дея юрак ёза бошлади Нишонбек. -Тонг саҳардан тортиб юрагимга қил сиғмайди.
— Нима бўлди ўзи, биродар, очиқ гапиравер,— деди тобора сабр-тоқати тугаб бораётган бўлиш.
— Қайсидир юзи қора аҳмоқларнинг касофатидан эл айбдор бўлиб турибди. -Нишонбек дардини ичига яшира олмади. Тунов куни нотаниш бировлар қишлоқдаги русларнинг темир йўлини бузиб ташлабди. Натижада Жалолободга келаётган поездлар ўта олмай қолган. Бундан қаттиқ ҳафа бўлган рус губернатори қишлоқ аҳлини айблаб отишга ҳукм қилибди. Эрталабдан ўғлим икковимиз рус аскарларидан шум хабарни эшитганимиздан буён ўзимизни қўярга жой тополмаймиз…
— Эҳ, иним, чиндан ҳам ёмон иш бўлибди, -Мурзақул ўйланиб қолибди. Сабаби эл бошқариб юрган бўлиш ҳам бундай вазият билан биринчи бор рўбарў келиши экан. Энди нима бўлганда ҳам халқни оқлаб, омон сақлаб қолмоқ зарур. Бунинг учун вақтни бекорга кеткизмай рус аскарларининг қўмондони билан яхшилаб гаплашиш керак. Элнинг дардини ўз дардидек ҳис этган Мирзақул Нишонбекка мурожаат қилди:
— Русларнинг қўмондонига қандай йўлиқсам бўлади.
— У эрта тонгда Хонобод томонга ўтиб кетган, тушга қадар қайтиб келса керак,— деди Нишонбек унинг қўлбошчини сўраганидан қувониб.
— Қишлоғингда русчани билган одамлардан борми?
— Ўғлим Қосимбек етти йиллик русча мактабни тамомлаган. У русларнинг тилини яхши билади.
— Унда ўғлинггни буёққа чақир, биз иккаламиз русларнинг қўмондони билан суҳбатлашиб кўрамиз,— дея мақсадини билдирди Мурзақул.
Чошгоҳга яқин отларнинг дупур-дупури эшитилиб, қишлоққа рус командири аскарлари билан кириб келди. Мурзақул Қосимбек билан бирга уларга пешвоз чиқишди. У қўмондон билан саломлашгандан сўнг мақсадини тушунтира бошлади. Командир мусулмонча саломлашганигина тушунди, қолган гапларини тушунмай, нима деяпти дегандай Қосимбекка саволомуз қаради. Сўнгра бўлишнинг сўзларини Қосимбек русчага таржима қилиб турди.
— Мен чимёнлик Мурзақул бўлишман. Элнинг номидан айтаётган илтимосимни тўғри қабул қилингизлар, — деп сўзини давом эттирди Мурзақул. — Султонободда яшаган мусулмон аҳолиси ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган. Темир йўлни бузганлар бегона кишилар бўлиши керак. Аҳмоқларнинг касофатидан бегуноҳ одамлар қурбон бўлмасин, темир йўлнинг бузилган жойини шу бугундан қолдирмай ўзим усталарни тўплаб ўнглатиб қўяман. Сизлар кўрган зиённи эса қанча бўлса мен ўзим қоплайман, бегуноҳ аҳолига тегмасангизлар,— деди.
— Ну ладно, завтра еще увидемся, — деди жилмайиб унинг сўзларини от устида тинглаб турган командир. «Қани энди унга таржима қилиб бер» дегандек у Қосимбекка бош силкиди. Командир «агар темир йўл бугун ўнгланиб, келтирилган зиён тўланса жазолаш тўғрисидаги буйруқни тўхтатишни юқоридан сўрана оламан» деб ваъда берди.
Мурзақул бўлиш русларни кузатган заҳоти Қўрғонтепа, Чимён ҳамда Қорасувга чопар юбориб, темир усталарни Султонободга чақиртирди. Қоронғу тушкунга қадар темир усталарга темир йўлни ўнглатди. Ишни ўша куннинг қоқ ярмида тамомлаган усталар қишлоқ чойхонасида тунаб қолдилар.
Эртаси куни тонг отиши билан рус аскарларининг командири етиб келди. Мурзақул ҳамда Қосимбек уччаласи темир йўлнинг ўнгланган жойини бориб кўришди.
— Яхши, — деди русчалаб қўмондон. (Унинг сўзларини Қосимбек таржима қилиб турди). Элинглар тинч яшайверсин, жазо тўғрисидаги буйруқ бекор қилинади.
Бундан қувончи ичига ботмай суюнган Қосимбек Мурзақулдан аввалроқ югуриб келиб отасига суюнчилади. Кўнгли кўтарилиб, боши осмонга етган Нишонбек усталарга ош дамлади. Овқатланиб бўлишгандан кейин Мурзақул усталарнинг иш ҳақини бериб рози қилди.
— Раҳмат сенга, Мурзақулбек! Умринг узоқ бўлсин. Сен бизни сийладинг, сени Худо сийласин! Ўлимдан олиб қолганингни унутмаймиз дея пок тилаклар билдиришди уни кузатгани чиққан оқсоқоллар.
— Ҳеч қиси йўқ. Яхшилик билан ҳар қандай ёвузликни енгамиз,— дея тулпорига мингган Мирзақул бўлиш Чимён тарафга жўнаб кетди. (Бу воқеа норбўталик Баховуддин оқсоқол ҳамда Қосимбекнинг ўғли султонободлик Ҳошимбек оқсоқоллар томонидан берилган тафсилотларга асосланиб ёзилди. Кейинчалик Қосимбек Киевда ўқиб келиб Қорасув станциясида инқилоб қўмитасига раҳбарлик қилган. 1944-йилда вафот этган. Унинг отаси Нишонбек чойхончини 1919-йилда босмачилар ўлдириб кетишган).
МУРЗАҚУЛ БЎЛИШ МАРҒИЛОНДА
Оқ подшо ҳокимияти ҳукм суриб турган даврда савдо-сотиқ ишлари билан Марғилон бозорига келган Мурзақулнинг кўзи битмай чала қолган масжиднинг пойдеворига тушади. Шаҳарнинг кўчаларини бироз оралаб юриб чойхонага бориб чой ичиб ўтирса у ердаги бир тўп бойлар Мурзақулбекка оғиз очишади:
— Ие, қирғизбой, қаердан келдингиз? Ҳайдаб келган чорвангиз ҳам борми? — деб сўрашади.
— Қўрғонтепадан келдим, ҳайдаган молим йўқ. Шаҳар кўрайин, томоша қилайин деб келиб қолган эдим,— дейди Мурзақулбек.
— Ҳа, қирғиз пул (ҳазиллашиб) зарб қилишга ярайдими?— дейишади.
— Бўлмасам-чи, қирғиз деганлари ҳазилкаш ҳамда мард эл бўлади.
— У ҳолда қирғизинг нима мардлик қила олади? – дея сўрашади ўзбеклар.
— Мен қирғизнинг мардлигини бир-бир айтиб турайин, сизлар янглишмай санаб туринглар,— дейди Мурзақулбек.
— Қани-қани, айтингиз-чи! – деди марғилонлик бойлардан бири Олимжон бой қўлининг бармоғини кўтариб.
Қирғиз халқи бир-икки киши тўпланса ҳам бир қўйини сўйиб бутунлай қозонга солиб, ҳамқишлоқларини чақириб бутунлай бўлиб беради. Қуда-анда, дўст-ёронлари келиб қолса ўн-ўн беш кун олиб қолиб кунига биттадан қўй ҳамда той қўшиб сўйиб, от, туя, юзлаб қўй, ўн-ўн бештадан байтал бериб кузатади. Девонага қўй беради, қаландарга тўн беради, мусофир ғарибга хотин олиб беради. Шаҳарлардан борган савдогарларга «савдоингдан билиб беравер» деб от, хўкиз, қўй, эчки, ола кийгиз, ширдоғини тутқазади. Мадраса-масжид, кўприк солиб, йўл ўнглатиб, Худо учун пул зарб қилади. Бой одамлари гадойларга от-уловининг кучини бир йилдан ўн йилгача бекорга бериб туради. Ҳайр-саховатни кўплаб бериб, эл учун молини ҳам, жонини ҳам аямай хизмат қилади. Тўй-маъракаларни шаҳар аҳолисидан афзалроқ ўтказиб кўп сарф-ҳаражат қилади,..— деди Мурзақул бўлиш.
— Дуруст, элат аҳли меҳмондўст ҳамда мулкдор бўлар экан. Мадраса-масжид солгани билан жамаҳат бўлиб келиш мушкул бўлса керак. Мен илгарироқ борган пайтимда беш уй, тўрт уйдан бўлиб тоғларнинг этагида отларини, қўйларини боқиб, сигирларини соғиб, қатиқ, қимиз қилиб ичганларини кўрганман. Тоғларнинг орасида кўчиб юришар экан, — дейди оқсоқол бир одам.
— Оқсоқол, сизларнинг кўчмай ўтириб бозор олдидаги бир масжидни қуролмай чала ташлаб қўйганингларни кўрдим-ку. Сизлар олди-сотдини сўзлашиб битгунча ўша масжидни менга берсангизлар, Худо йўлида мен битказиб қўяй,— дейди Мирзақулбек. Марғилонликлар ўз фикрларини айтиб ўтириб, охири «ёлғиз қирғиз нимани битказади дейсиз, овора бўлиб, бир қанча чиқим қилгандан сўнг кетади-да, ундан кўра ўша масжидни сенга бердик деб қўяйлик», деб маъқуллашишади.
— Ҳа, қирғизбой, мард бўлсангиз ўша масжидни битказиб қўйинг. Ана, сизга бердик,— дейишди. Рози бўлган Мурзақулбек ўрнидан туриб ўтирганларнинг олдига минг сўм пулни қўйди-да, « мана шу масжидни қандай қилиб битказса ҳам Қўшу додҳоҳнинг ўғли Мурзақулбекка бердик» дея ҳужжат-хат ёздириб олади.
«Номусимни йўқотиб мол — ҳолли бўлгандан кўра, қанча пул сарфласам ҳам масжидни битказаман» деб кун-тун Қўрғонтепага бориб, кўплаб мол ҳайдаб келиб 40 бош қўй, бешта хўкиз, бир бия сўйиб, ўттиз чорак гуручдан палов тайёрлаб, худойи ош қилдириб, хўжа, мулла, эшон, халфаларнинг барчасини чақириб, тахминан минг нафар кишига таом тортади. Қўрғонтепага кетиш арафасида пул ўтказиб берган кишиларини тайёрлаб қўйган ғишт, тошларни кўрсатиб оқ фотиҳасини беради. Мурзақул масжиднинг дастлабки ғиштини ўзи қўйиб усталарга ўтказиб берган. Иш бошида турган бўлиш бу иморатни ўзи ўйлаган меъморчилик услублари асосида қурдирган.
— Биз унда ёш бола бўлганмиз,— дея ёдга олади ҳозирги пайтда Марғилон шаҳрининг 537-хонадонида истиқомат қилувчи 106 ёшли Абдулла ота Аҳмаджонов. -Ўшанда шаҳримизда биринчи маротаба ката-катта гумбазлари бўлган ўта чиройлик иморат (ўша масжид) қурилаётганлиги боис барчамиз уни бориб кўришга қизиқар эдик, (суҳбатимизда «Марғилон ҳақиқати» газетасининг ходими Абдуғани Қодиров ҳам иштирок этди. 27-апрел,1993-йил).
— Мадраса қурилишида усталарга безаклашнинг услубларини кўрсатиб, ўзи ҳам улар билан тенгма-тенг ишлаган қирғиз бойига ўшанда марғилонликлар тан қолишган,— дейди Марғилон шаҳрининг Муқимий кўчасидаги 64— уйда яшовчи оқсоқол Акбар ота Набиев.— У киши қўрғонтепалик Мурзақул бўлиш эканлигини масжид битиб, элга ош берганида билганмиз.
Саккиз бўлмали, қирқ ҳужра билан қурилган масжид-мадраса иморати олти ойда битказилган. Мурзақул олти ой бўйи усталарга иш ҳақидан ташқари ўнта қўй, икки чорак гуруч, кундалик озиқ-овқатни бериб турган. Масжид-мадраса битганидан сўнг қирғиз, ўзбек, тожик демасдан ота-онаси йўқ, боқувчи-қаровчиси йўқ етимлардан тўрт юз сағир болани Мурзақул бўлиш тўплатиб келиб ҳар бир ҳужрага ўнтадан болани жойлаб, идиш-оёқ, кўрпа-тўшак билан таъминлаб қўйди. Ҳар бир ҳужрадаги болаларга ой сайин икки қадоқдан гуруч, биттадан мол сўйиб озиқ-овқати ҳамда чироғининг мойини ҳам бериб турган.
Мурзақул бўлиш болаларни ўқитадиган муллаларни тайинлаб, мадрасани зарур анжомлар билан таъминлаб бўлганидан сўнг масжид-мадрасанинг тўйини ўтказди. Марғилон ҳамда Қўрғонтепа халқи келиб қатнашди. Минг чорак ундан нон ёптириб, минг чорак гуруч, тўрт юз чорак мева-чева, бир хўкиз, икки юзта қўй сўйиб, мусофир ғарибларга юз чопон садақа берди. Кўпчиликнинг «томоша кўрамиз» деган илтимосига кўра улоқ торттириб, эр енгиш, полвон кураш, ҳар хил томошалар бўлди. Хўжанд, Фарғона ҳамда андижонлик полвонлар беллашишди. Ўшанда қипчоқлардан чиққан Ақполвон эр ағдаришда ўзининг кучлилиги билан ватандошларини енгиб чиқиб соврин олди.
ҚЎРҒОНТЕПАДАГИ ТЎЙ
…Шундай қилиб Мурзақул бўлиш Марғилондан мадрасали бўлиб Қўрғонтепага қайтгандан кейин Фарғона губерниясининг Ўш, Андижон. Жалолобод уездининг аҳолиси «бўлиш ўз ерида ҳам катта тўй бераркан» деган хабарни эшитиб отлана бошлади. Аслида Мурзақул андижонлик ўзбек аёлининг болаларига (Арслонбек, Ташланбой исмли) тўй қилиб бераман деб халойиққа хабар қилган эди. Хитой юртидан қашқарлик чўнг бағиш, жўўн деган элатларга ҳам дарак етиб, ҳисоби йўқ кўплаб одамлар ташриф буюришди. Бу тўйга Мурзақул етти кун меҳмон кутаман деб жар солдирди. Олис ерлардан тўйга келган аёлларга ўттиз учта бўз уй тикдириб, ташқарисига айлантириб ёғочдан тўсиқ ясаттирди. Отчан одамлар оралаб чопиб юрмасин деб қўшимча бўлимлар, алоҳида ўттизта бўз уй тиктириб қўйди. Тўй бўлаётган пайтда Марғилон, Қўқон, Андижондан беш юз арава ун, гуруч, газлама, чопон, мева-чевалар тортилиб турди. Мурзақул бўлиш тўй бошланишидан олдин Қўрғонтепа аҳлига мана бундай мурожаат қилган: «Мен сизлар учун ош бермоқдаман, бир ҳафтагача ҳеч бир хонадондан тутун чиқмасин, таом пиширилмасин. Бир ҳафта менинг меҳмоним бўлинглар».
Дарбозлар ўйнаб, кун сайин ҳар хил ўйинлар, томошалар бўлиб турди. Тўйга астойдил ҳозирланиб келган Мунгуш. Жилкелди, Садир полвонлар икки сафар курашда полвон тўплаб, ҳар бир қўйилган кураш пойгасига кумуш, гилам ёпилган биттадан туя олиб турди. Кейинги бир курашда тозларнинг Тойчабар полвони чиқиб ҳудди шундай совринга эга бўлди. Икки сафарги курашда ўзбек элидан келган полвон Турсунали билан Эргаш полвон чиқишиб, ана шундай мукофот олишди. Бир сафарги ағдаришда ўзбек Собир билан қирғиз Жиғач полвон бири-бирини йиқита олмай, совринни бўлиб олишди. Беш кун бўйи ёй отиш, дорбозлик, кўзбойлагич, арқон тортиш, тийин эниш каби ўйинлар давом этиб турди. Беш кунлик томошасини жуда яхши ўтказиб бўлгандан сўнг элни меҳмон қилаётиб «Эртага от чопилиб, эл тарқайди» деган овоза янгради. Отларни қўналғага жойлаштириш мақсадида бир кун аввал отларнинг эгаси, ранг-рўйи аниқланиб, эгарига муҳр босилди. Барча пойгада иштирок этган отлар сони икки юз етмиш бош бўлди. Қирқ беш отга соврин берилиб, қирқ бешинчи келган тулпорга кимхоб тўн ёпилган ҳамда битта от ҳадя қилинди. Жалолободдан келган Сари мингбошининг оти чиқиб келиб, бош совринни қўлга киритган.
Ушбу тўйга қатнашган саксон ёшдаги Комилжон Тошбоев ҳозир Қўрғонтепа туманидаги Чимён қишлоғида яшамоқда.
* * *
Қирғиз, ўзбек халқлари орасида улкан қадр-қимматга эга бўлган Мурзақул бўлиш Қурвонжон додҳоҳ билан ҳам яқин мулоқотда эди. Эл муддаосини амалга оширишда уларнинг фикри бир ердан чиқарди. Мурзақул улкан ишни бошлашдан олдин Қурвонжон додҳоҳ билан маслаҳатлашиб, унинг фикр-мулоҳазалари, насиҳатларини уқиб юрган.
МУРЗАҚУЛ БЎЛИШ ЖАЛОЛОБОДДА
«Аллоҳ ниятингга яраша беради» деб келишади азал-азаллардан мусулмонлар. Бу доно мақол Жалолободда яшаб ўтган Ҳазрати Аюб пайғамбардан кейин айтилгандай. Худонинг яхши кўрган пайғамбари Аюб ҳеч кимга ҳамда ҳеч нарсага ёмонликни раво кўрмаган дили тоза жон бўлган экан. У мусулмончилик йўлида барча фарзларга амал қилиб келган.
Кунлардан бир куни Тангрим ўзи суйган пайғамбарига дард бериб кўрди. Кутулмаган ердан унинг баданига бижираб яралар чиқиб, қуртлаб кетди. Жони беаёв азоб чекиб турса ҳам Аюб ярасига ёки баданидаги қуртларга қўл теккизмади. У қирқ йил бўйи кун-тун қийналгани билан ўнтаб-ўнтаб фарёд чекмади. Шундай аянчли вақтда ҳам унинг қалбида « бу дардни Худо берди, энди шифосини ҳам ўзи берар. Баданимдаги қуртларни ҳам Худо яратган, уларни ўлтириш Яратганга ширк келтириш билан баробар» деган фикргина яшаб келарди.
Ўта қаттиқ азобдан қийналган вақтда ҳам ҳеч нарсага ёмонликни раво кўрмаган, ёлғиз Яратгандангина умид қилган пайғамбарига Худонинг раҳми келади. «Пайғамбарим энди мана бу сувда ювиниб бадани тозаланиб дарддан қутилиб олса экан» деган оқ ният билан Аллоҳ адирнинг бағридан (ҳозирги Ҳазрати Аюб) булоқ чиқаради. Дили, руҳи ўта пок одамлар айтмоқчи бўлган ўйингни дили биланоқ ҳис этиб олар экан.
Яратганнинг бу каби оқ ниятини қалбида туйган Ҳазрати Аюб булоқнинг ёнига боради. Шу ерда пайғамбар яна ўйга толади: «Агарда ҳозир баданимни сувда ювсам қуртларга нима бўлади… Мен уларни қийнаб қўяман-ку… Ундан кўра Худонинг бу жониворини ўсимликларнинг тоза япроқларига қўйиб юборсам, тирикчилик қилиб кетар…».
Шундай қилиб, Ҳазрати Аюб ярасидаги қуртларни териб, ўсимликнинг япроғига қўйиб ўзи булоқда ювиниб бадани тозаланиб, оғир дарддан бира-тўла қутилади. ( У энди қуртлар тутнинг япроғи билан озиқланиб, ипак сочиб учиб кетади. Ипак қуртлари ўшаларнинг тухумлари эмиш). Ўшандан буён муқаддас булоқдан қанча сувлар оқиб, йиллар ўтса ҳам бу ерлар Ҳазрати Аюбнинг исми билан аталиб қолади. Пайғамбар одимлаган Жалолобод адирининг бағри, унинг муқаддас булоғини Мурзақул бўлиш доимо қиммат ҳисоблаб, меҳр қўйиб зиёрат қиладиган азиз ери бўлиб қолибди.
1911-йилнинг эрта баҳори. Кўм-кўк адир қучоғида теккис очилган қизғалдоқлар кўзни қувонтиради. Бўз оти билан ёғлизоёқ йўл бўйлаб чиқиб келган Мурзақул Ҳазрати Аюб булоғига тўхтади. У ниҳоят отдан тушиб келди-да пайғамбарнинг руҳига қуръон ўқиб, дуо қилди. Шундан сўнг булоқнинг тиниқ сувидан қониб ичган Мурзақул вужуди ҳийла роҳатланганини сезди. У мана шу булоқдан сув ичганида отаси Қўшу додҳоҳ билан келган пайтларини эслайди… Болам пайғамбарнинг қадамжоларини зиёрат қилсанггина мусулмончиликнинг фарзини бажарган бўласан. Ҳақиқий мусулмон одам ўзи кўрган барча яхши нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўради. Қани энди белимда илгариги қувватим бўлса Ҳазрати Аюбга (ҳозирги курортга) йўл солар эдим», деган эди ўшанда отаси. Ўшанда отаси нимани айтганлигини Мурзақул кейинчароқ тушунди. Бу муқаддас ернинг ҳавоси ҳам, суви ҳам минг дардга даво. Улар-ку мана бундай от билан келиб Ҳазрати Аюбнинг ёқимли ҳавоси, шифобахш сувидан роҳатланиб кетишган. Агар мана шу жойга (ҳозирги курортга) йўл солинса дардига даво излаган бошқа одамлар чиқиб келарди. Бўлиш охирги кунлари Ҳазрати Аюб булоғининг кўзини каттароқ очиб, пайғамбар қадамжоларига иморатлар қуриш мақсади билан яшаб келган. Адирнинг қучоғида (ҳозир курорт турган жой) қурилиш олиб бориш учун ёғоч, ғишт ҳамда мармар тошлар зарур. Буларнинг барчасини ташиб келиш учун биринчи навбатда арава юра оладиган йўл солиш керак. Азиз жойда (ҳозирги курорт) амалга ошириладиган ишларнинг ҳисоб-китобини ўзича рўйхатга олиб юрган Мурзақул бўлиш ўй-мақсадини дастлаб адирга яқин жойлашган хўжалар қишлоғидаги дўстлари Дадахўжа, Тошхўжа, Меҳмонхўжа, Сайдарамхўжа ҳамда Абдураззоқ қариялар билан ўтирганида очиқ айтиб уларни тан қолдирди.
— Сўнгги кунлари бўлишнинг оёғи узилмай қолди десак, улуғ мақсади бор экан-да, — деди Дадахўжа ҳазиллашиб.
— Савобли иш қилишга бел боғлабсиз, баракалла. Бироқ, адирга йўл солиб иморат қуриш учун бутун бойлигингизни сарфлаб қўясиз,— деди ўзбекчалаб суҳбатга қўшилган Абдураззоқ қария (ҳозир бу кишининг фарзанди Ҳабибулло оқсоқол 88 ёшда, доимо мозортепада юрар эди).
— Сўзингизда жон бор, қария. Мен охирги кунлари кўп ўйланадиган бўлиб қолдим. Бу ёлғон дунёда мангу қоладиган ҳеч нарса йўқдай туюлади. Бизнинг жонимиз ҳам, умримиз ҳам, қомат кериб юргизувчи мансабимиз ҳам, ер-сувга сиғмаган бойлигимиз ҳам вақтинчалик экан. Ёруғ дунёда эзгу ишларгина мангуга қолар экан,— дея сўзини давом эттирган Мурзақул Ҳазрати Аюб адиридан кўзини узмайди. -Ўз қўлимдаги бор давлатимни, пулимни қурилиш ҳаражатларига сарфлайман, сабаби ўйлаб юрган ишларимни юзага ошира олсам муқаддас ернинг тоза ҳавосига, пайғамбар булоғининг шифобахш сувига келажакда бошқа одамларнинг ҳам насибаси қўшилади. Шу ишни эл учун қилиб қўйсам инсонлигимни фарзи шу эмасми?
Унинг сўзларини жон қулоғи билан эшитиб ўтирган хўжалар бўлишнинг ниятига қўшилиб унга оқ фотиҳасини бердилар.
* * *
Май ойида Мурзақул бўлиш Қўрғонтепа водийсида истиқомат қилган аҳолига Жалолободнинг Ҳазрати Аюб (ҳозирги курорт турган ерда) адирида катта қурилиш бошлаётганини эълон қилиб жой-жойлардан машҳур усталарни чақирди. Қарамоғидаги барча от-уловларни Жалолободга олиб келди. Илгаридан бўлишнинг яхшилигини кўриб юрган ҳунар эгалари Жалолободга йиғилишди. Биринчи кунданоқ улар Мурзақул бўлишнинг кўрсатмаси бўйича шаҳардан адир қучоғи бўйлаб Ҳазрати Аюб булоғига (ҳозирги курортга) ундан нари Серобга қадар кенг йўл қуришга киришишди. Бўлишнинг савобли иш бошлаганидан хабар топган олис-яқин ерлардаги, тоғлардаги одамлар ҳам келишиб қурувчилар сафига қўшилишди. У киши ўз қўрасидаги беш юздан зиёд қўйини ҳайдаб келиб, кунига беш-олти бошдан қўй сўйдириб, меҳнат қилганларни гўшт билан боқиб, хизмат ҳақларини вақтида бериб турди. Жалолободда меҳнат қилганларнинг сафи кундан-кунга ортиб, уч ой ичида Ҳазрати Аюбга (ҳозирги курортга) қадар арава йўли қурилиб битказилди.
Йўл қурилиши битказилган куни Мурзақул бўлиш буёқдан Андижон, Марғилон, Қўқонгача, уёғи Ўш, Ўзгангача чопар жўнатиб элга ош тортиб, қолган ишларга оқсоқолларнинг оқ фотиҳасини олди. Илгари биргина одам аранг юра оладиган илон изи мисол сўқмоқ йўл ўрнига қурилган кенг йўлдан энди эл от аравалар билан бемалол чиқиб келди.
Адир бағрини ковлаб йўл солинаётган кунлари Мурзақул бўлиш «Тошқозғон», Имомотага (Ўзбекистоннинг Хўжаобод туманида жойлашган) бориб иморатлар учун керак бўлган мармар тошларни топиб қўйган. У аравакашларни эргаштириб кўз остига олиб қўйган жойларига бошлаб борди. Янги йўл билан араваларга солиб ташиб келтирилган тошларни Ҳазрати Аюб булоғининг ёнига жойлаштирди. Мурзақул бўлиш мўъжазгина туйнукдан оқиб чиқаётган булоқнинг кўзини каттароқ очиб, иккита кенг ҳовузчага ажратиб, атрофига яхшилаб тошларни тизиб чиқди. Тошлар устига эркак ҳамда аёллар учун махсус бўлмалари бўлган гумбазли бино бунёд эттирди. Жалолободда илк бор қурилган бежирим безатилган уч гумбазли иморат Мурзақул бўлиш чизиб кўрсатган меъморчилик услубида солинган.
Кейинги йиллари Мурзақул «Қизбулоқ», «Зам-зам» булоқ ҳамда бошқа чашмаларнинг кўзини очиб, қирғоқларига тошлар тизиб чиққан. У мана шу билангина чекланиб қолмасдан чойхона, меҳмонхоналар қурдирди. Азиз жойга даво излаб келган одамлар ҳеч нарсага муҳтожлик сезмасин деб ният қилган Мурзақулбек кейинги йили Серобга мадраса-масжиднинг баланд биносини бунёд этишга киришган.
— Мен ўшанда ёш бола эдим,— дея ёдга олади Хўжалар қишлоғида яшовчи 88 ёшли Ҳабибулло оқсоқол Абдураззоқов.— Серобга ўйнаб бориб қолсам аравалардан икки-уч кишилаб аранг кўтариб ерга қўйишаётган тошларни сариқ юзли, кенг елкали, бўладан келган одам ўзигина бемалол кўтариб бинонинг пойдеворига қўймоқда эди. Бу полвон кишига қизиқиб отам Абдураззоқ қариядан сўрасам мана шу Жалолободни обод қилаётган Мирзақул бўлиш эканлигини айтган.
Мадраса-масжиднинг иморати қурилиб битказилганидан кейин адирга сув чиқарилиб, дов-дарахтлар ўтқазила бошлади. Бу каби савобли ишлар бошида турган Мурзақулнинг ўзи ҳам одамлар билан бир қаторда меҳнат қилди. Жалолободликлар уни аввалдан яхши танишиб, ўзгача ҳурмат қилишар эди, сабаби шаҳарда биринчи марта савдо-сотиқ қилувчилар учун махсус кенг иморат қурдириб, бозорни тартибга келтирган Мурзақул бўлиш бўлган. Угина эмас чойхона, дўконларни, карвон-саройларни солдириб (бу ҳақда хўжалар кўп маълумотга эга) шаҳарнинг обод бўлишига имконият яратган. Қўрғонтепалик Мурзақул бўлиш бу ердаги кўплаб биноларни ўзининг ташаббуси, пешона тери билан қурдирганлигидан Жалолободни эъзозлаган. Туркистоннинг Хитойгача шаҳар оралаб юрган Мурзақулнинг меъморчилик бобидаги илми, истеъдоди юқори бўлган. Марғилондаги, Андижондаги, Қўрғонтепадаги, Чимёндаги ҳамда бошқа жойларда қурдирган мадраса-масжидларини Ҳазрати Аюбдаги (ҳозирги курортдаги) иморатларидаги бежирим гумбазлари, меъморчилиги қирғизларнинг бўз уйининг тузилишига ўхшаб кетади. Демак, бу билан Мурзақул бўлиш Фарғона водийси ҳамда Қирғизистоннинг жанубида қирғиз меъморчилигини кенг қамровли такомиллаштиришга ҳамда шаҳарларни обод қилишга ҳаракат қилганлигини англаса бўлади.
* * *
1922-йил. Чимён қишлоғи. Мурзақул бўлиш Шўро ҳукуматининг органларидан тегишли ходимларни улкан саройидаги уйига таклиф қилиб, ўзига яраша қўра-жойи, мол-мулклари, олтин-кумуши, ерларини, боғ-дарахтларини, элликта тегирмони, йигирма беш жувозини, сарой-дўконларини нинг ҳаммасини ҳукуматга ўтказиб берди. Ўзи эса оила аъзолари билан Қўрғонтепадаги ҳовли жойида (ҳозир бу қўраси туманлараро техникаларни созлаш маҳкамаси бўлиб қолган) яшай бошлади.
Бу хабарни эшитган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоев уни Тошкентга чақиртириб махсус ҳужжат ёзиб берган. Бўлишнинг қизи Муқаддам энанинг айтишига қараганда, ўша ҳужжатга Мурзақулнинг ҳукумат транспортидан навбатдан ташқари ва бепул фойдаланиши, ҳукумат томонидан озиқ-овқат Билан текин таъминланиши ҳамда ҳар қандай шартда унинг ўтинчи ҳукумат томонидан амалга оширилиши зарурлиги ёзилган экан.
Етмишни қоралаб бораётган Мурзақул бўлиш қолган умрини ўзи муқаддас ҳисоблаган Жалолободда, Ҳазрати Аюбда ўтказишни ўйлаб қолди. Шу ниятда у 1925-йили қорасувлик аёли Тиллақанни (ундан фарзанд кўрмаган), андижонлик аёли Сабохонни фарзандлари билан олиб Ҳазрати Аюбга (ҳозирги курортга) кўчиб келади. Бўлиш ота бу ерда юрганида барча куч-ҳаракатини пайғамбар қадами тушган азиз жойни янада обод қилишга сарфлади. Ислом дини ҳамда бошқа илмлар бўйича маълумотга эга бўлган Мурзақулни айниқса хўжалар маҳалласини мусулмон халқи ўзгача қадрлаб, доимо унинг олдига келиб мударрислик сабоқларини тинглаган.
Бўлиш ота илгариданоқ бу маҳаллага дўкон, саройларни қурдириб берган. У билимлилиги ҳамда ўзининг одамгарчилиги билан одамларнинг меҳрини қозонган. Шу боисдан 1931-йилнинг қишида қаттиқ оғриб қолганида хўжалар маҳалласидаги Ўмурзоқ қассоб ўзининг иссиқ уйидан жой берган. Улар «бўлишнинг дуосини олиб қолайлик» деб ғамхўрлик кўрсатишган. Мусулмонлар учун мана шундай дили пок одамларнинг дуосини олиб қолиш ҳайрли иш. Баҳорга чиқиб Мурзақул бироз ўзини енгиллагандек сезгани билан хасталикдан бира тўла қутила олмади. Илгари доимо яхшилигини кўриб юрган мадикорлари ҳам бўлишдан тинмай хабар олиб туришган.
1935-йилнинг кузида бўлишнинг бетоб оёғи ишламай тўшакда ётиб қолди. Кунлардан бир куни у ёруғ дунёда туз-насибаси тугаб бораётганини аёлларига айтганида, Тиллақан шундай савол берган:
— Кўнглингизга оғир олманг, бегим, рухсат берсангиз, сиздан бир нарсани сўраб қолайин.
— Сўранг, ойим.
— Сизнинг кўзингиз ўтгандан кейин фарзандларингиз келиб, дунёингизни мендан сўрашади. Агар менга раво кўрсангиз айтиб қўйингиз…
— Ойим, мен эл учун қанча иморат солдирган бўлсам, олтинларимни, дунёимни ўша биноларнинг деворлари орасига беркитганман. Бойлигимни суриштирган фарзандларимга шундай деб айтинг,— дея жавоб берган бўлиш ота.
Ўшандан буён қанча йиллар ўтса ҳам унинг сўзларидаги тарихий ҳақиқат кўз ўнгимизда туради. Зеро, Мурзақул бўлиш у кезларда жамики мол-дунёсини, бойлигини жой-жойларни обод қилгани, эл учун мадраса-масжид қуришга сарфлаб битган эди.
1936-йилнинг ёзи. Мурзақул бетоб бўлиб ётганида ўн беш яшар қизи Муқаддам йўлаб-тияб ҳаво олдириб юрди. Унинг сўнгги тилагини Андижондаги қизи Муқаддам эна айтиб берди. Кунларнинг бирида тонгга яқин бўлиш ота хотинлари билан фарзандларини ёнига чақириб муддаосини айтди:
— Айланай, жигарбандларим, менинг куни-сувим тугаб, нариги дунёга кетар кезим келди. Сизлардан илтимосим жасадимни тепа чўққисига эмас (мозор тепа), пастроққа қўйинглар, сабаби деванинг чўққисида азиз одамлар ўтган, уларнинг қабрлари бор, ҳоким улардан ҳам юқорига чиқиб кетмасин.
— Болаларим, менинг умримни энди сизлар давом эттирасизлар. Сизларга айтмоқчи бўлганим, фақатгина эзгулик билан яшанглар. Қўлинглардан иш келмай қолганида ҳам дилингларда яхши ниятлар яшасин. Сизларнинг чин инсонлигинлар ҳам мана шунда…
…Ҳазрати аюб адири ёнбағрида қизғалдоқлар чўғ каби гуллаб турган кезда Мурзақул бўлишнинг доимо яхшилик учун уриб турган юраги тўхтаб қолди… Унинг жасади ўзи васият қилгандай дева ёнбағрига қўйилди.
Мурзақул отанинг арвоҳини зиёрат қилиб Жалолободдаги адир ёнбағрига чиқиб келиб чўп босиб ётган бояги қабрнинг олдида тўхтайман… Атрофга назар солиб бўлиш ота бу жойни қандай мақсадда танлаганлигини кўнглимда туйгандек бўламан… Қир ёнбағридан чор атрофга қараганимда Ҳазрати Аюб (курорт) Мурзақул бўлишнинг елкасида, Жалолобод унинг кафтида тургандай шунчалик яқин кўринади. Одамларнинг қалбларида мангуга яшаб келаётган инсоннинг қабри ёнида анчагача бош эгиб турдим. Қайтар эканман, ёш тўла кўзларим билан шаҳарга боқиб ботинда:
«Жалолободим, сенинг кўркинг бўлиш ота ният қилгандай обод, одамларинг унинг руҳидек тоза бўлаверсин» дея тилак қилдим.
ЭЛИМ ДЕБ УРГАН ҚАЛБ
Андижонда биринчи бўлиб СССР Олий Кенгашининг депутатлигига сайланган, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоевнинг яқин маслаҳатчиси, Хўжаобод ҳудудидаги аҳолини очарчиликдан сақлаб қолган биринчи қирғиз раиси, марҳум Шакир Бадаловнинг ёрқин хотирасига бағишлайман.
БОЛАЛИК
Пешонангга ёзилган тақдирнинг буюрган жойидан бошқа тарафга боролмас экансан. Бўлмаса Ўшнинг Попон қишлоғида туғилган Шакирнинг тақдири ҳам Ўзбекистон замини билан муносабатларини ким билибди дейсиз? Ўшанда попонлик тенг-тушлари билан тупроқ йўлни чангитиб, бепарво шўҳлик қилиб юрган ёш боланинг ўйингга тўймаган кезлари. Тоғлик болага қозонсимон бўлиб кўринган кўм-кўк осмон остида Попондан бошқа жой йўқдай туюларди.
Тақдир бизга баъзан қаҳрли кўзи билан қараса, баъзи дамларда жилмайиш билан назар солганга ўхшайди. Эндигина эсини таний бошлаган бола тақдирнинг ўша қаҳрига рўбарў келди, чамаси. Отаси Мамаражап узоқ давом этган касалликдан сўнг қазо қилгач, Шакир болалиги билан эрта видолашди. Тирикчиликнинг ортидан онаси Тўқтўқан иккаласи Ўзбекистоннинг Андижон вилоятининг Ҳўжаобод заминидаги Ордай қишлоғида яшаган туғишганларига қони тортиб кўчиб келдилар.
Помир-Олай тоғ тизмаларига уланиб кетган Ордай қишлоғи табиати гўзал бўлгани билан маҳаллий аҳолининг турмуши ёмон эди. Бўлгани бир неча ёлғизоёқ йўллар, пахсадан қурилган пастқам уйларгина бўзариб кўринади. Тоғлик кичкинагина қора бола маҳаллий гадойлар билан бирга Тожибой ҳожининг молини боқиб тирикчилигини ўтказа бошлади. Кейинчароқ бу боланинг чийроқлигини пайқаган Жуман ҳожи уни Тожибой ҳожидан сўраб олди. Болалик чоғлариданоқ оғир турмуш гирдобида қолган Шакир чорвадорлардан чўпонликни ўрганса, деҳқонлардан ердан фойдаланишнинг усулларини ўзлаштирди. Ёш бўлишига қарамай, у катта одамлар билан тенгма-тенг меҳнат қилишга ҳаракат қиларди. Ер ёришмай тонг азонда далага чиққан деҳқонлар кечгача тиним билмайди. Пахтачилик даласида ишлаётган Шакир ҳам узун жиякдан бош кўтармайди.
— Сен шунчалик меҳнатсевар экансан, кам бўлмайсан, ўғлим, — деган эди ўшанда маҳаллий деҳқонлардан бири унинг терлаган елкасига қўлини қўйиб.
— Мен тузукроқ ишлашим керак, амаки, уйда онам бетоб ётибди. Онамга ҳам егани бирон нарса,..— дея жавоб қайтарган Шакир жиякдаги ғўзаларнинг тагини чопишни давом эттириб.
— Буни қара-я, ҳали ёш бўла туриб оила ғамини ўйлайди. Ўзининг дилидагини очиқ сўзлаган жавдари бола экан,— деди ҳалиги оқсоқол Шакирга бошқача назар билан боқиб. Бугина эмас ўша даврда тоғлик бола ўзининг журъатлилиги ҳамда дангаллиги билан эл кўзига туша бошлаган. Зеро, у баъзи бойларнинг макрларини қўрқмай ошкор қилиб, юзига айтиб юрган.
ЭЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛГАН АЗАМАТ
Улуғ Октябр Социалистик Инқилоби ғалаба қозониб, Шўро ҳукуматининг ўрнатилиши Ҳўжаобод заминига ҳам янгилик олиб келди. Маҳаллий бойларнинг мол-мулки янги ҳукуматнинг мулкига айлантирилди. Бироқ халқ кундалик турмушида орзу қилганчалик фаровонликка етиша олмади. Қишлоқ кишилари қўрқинч билан яшайдиган бўлиб қолдилар. Зеро, бойлиги ҳамда аввалги мавқеидан ажраган бойлар Ордай, Дилкушод ҳамда Имом ота сингари тоғ ёнбағирларидаги қишлоқларда босмачиларнинг гуруҳларини ташкил қилишган. Улар тунлари қишлоқларга тўсатдан ёпиирилиб, аҳолини талаб, янги тузум фаолларини ўлдиришса, кундузи тоғдаги ғорларга яширинишади.
Мана шундай вазиятда элни ҳимоя қиладиган ҳақиқий азаматлар чиқиб алоҳида бўлимларга бирлашиб босмачиларга қарши кураша бошлади. Отрядга қирғиз йигити Шакир Бадалов қўмондонлик қилди. У тоғда яёв юриб, мол боққанлигидан барча ғорлару, яшириниш мумкин бўлган жойларгача яхши биларди. Ҳеч нарсадан тап тортмаган командир босмачилар яшириниб ётган ғорларга тик бостириб киришга ҳам тайёр, бироқ бўлимдаги ҳар бир аскарнинг умри унинг учун қиммат эди. Нима бўлганда ҳам бир иложисини топиб отрядга зиён етмайдиган қилиб босмачиларни қўлга тушириши керак. Сўнгги кунларда у мана шу ҳақда кўп ўйлади. Бундан бўлак иложиси ҳам йўқ эди, сабаби қишлоқдаги одамлар шунчалик қўрққанлигидан «қоронғу тушмаса экан» деб беззилайдиган бўлиб қолишди. Айниқса оналарнинг аҳволига ачинасан. Улар фарзандларини кўчага чиқармай, бағрига босиб ўтиришади.
…1930-йилнинг баҳори. Осмонни қора булут қоплаганлигидан тун ярми бўлса-да, юлдуз кўринмайди. Бундай қоронғуликка чидай олмаган табиат ҳам вақти-вақти билан чақмоғини чақиб тоғ чўққиларини ёритиб қўяди. Ана, ёмғир ҳам савалай бошлади. Тўсатдан «тарс-тарс» отилган ўқ товуши тун қўйнидаги сукунатни бузиб юборди. Кимдир биров йиғи аралаш қичқирди. Бир лаҳзада аёллар ҳамда бола-чақаларнинг қий-чуви атрофни босиб кетди. Босмачилар қишлоқдаги фаоллардан бирини пичоқлаб кетишга улгуришди.
— Қонҳўрлар! Барибир тагингларга етаман!— дея отига мингган командир Бадалов бўлимини Дилкушод тарафга бошлаб кетди. У йўл қуйин хаёлида эшитган-билган босмачиларини бир-бир санаб ўтди: « Булар ким бўлди экан? Найманлик Ҳолматми ё Мўминми? Тўлайканлик Саттибайми ёки Мамасадиқмикан? Қайсиниси бўлганда ҳам тезроқ ҳаракат қилишимиз керакка ўҳшайди».
Командирнинг буйруғига кўра отряд эндигина Ордайнинг Дилкушодига олиб борувчи кўчани олғизоёқ сўқмоқ орқали шошилинч тарзда кесиб ўтмоқчи бўлди. Бу ерлардаги босмачиларнинг яширин жойларидан хабардор бўлган Шакир йигитларини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши зарурлигини тушунтирди. Фалокат босиб босмачининг яшириниб ётган жойига дуч келиб қолганигни сезмай қолсанг, отряд аъзолари умрини ҳавф остига солиб қўйиш ҳеч гап эмас.
Босмачилар ортидан тушган отряд туни билан йўл юрди. Тонгга яқин Сураттошга етайин деганида олдида келаётган Шакир тўсатдан улкан ҳарсанг ортига беркиниб турган икки шарпани кўриб қолди. У овоз чиқармай оҳиста қўл силкитиб йигитларига ҳалиги икки шарпа ғойиб бўлиб қолган ернинг атрофини қуршаб олишни буюрди.
— Ҳой, сизлар кимсизлар! Тирик қолгинглар келса қаршилик кўрсатмай таслим бўлинглар, қуршовдасизлар!— деб қийқирди командир Бадалов.
Қуршовда қолганини пайқаган босмачилар таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Улар тўлайканлик босмачилардан экан. Бири «Жапалақ қишлоқ Кенгашининг раисиман» дея пинҳона жиноят қилиб юрган босмачи Сидиқ Ташқулов бўлиб чиқди. Отряд зобитлари босмачиларни ҳайдаб бориб Жалолқудуқда (ҳозирги Охунбобоев шаҳри) жойлашган НКВД нинг ходимларига топширишди. Тунларни кунга улаб элни ҳимоя қилишда кўрсатган қаҳрамонлиги учун мудофаа отряди командири Шакир Бадалов бошотар милтиқ билан тақдирланди. Бу унинг биргина тунда кўрсатган мардлиги эди. Бироқ Шакирнинг умр дафтари варақлари бу каби қаҳрамонлик, матонатнинг ўчмас излари билан тўла.
«ОДАМГАРЧИЛИГИМИЗНИ АЯМАЙЛИК»
Хўжаобод заминида босмачилар ҳаракати бира-тўла бартараф этилганидан кейин қишлоқларда қайтадан тинчлик ҳукм суриб, ерга эга бўлган меҳнаткаш халқ деҳқончилик ишларини давом эттира бошлади. Беш таноб ер олган командир ҳам уруғ сепиб деҳқончиликка киришди. Болалигидан танаси деҳқончиликда қотган Шакир қандай ҳосил олишни яхши билмайдими? Ордайда осойишта ҳаёт ҳукм сурганлиги билан турмушнинг синовлари кимнинг ким эканлигини кўрсатиб қўйди. Ер олганига қувонган қишлоқликлар даладан нари кетгиси келмайди. Шудгор қилиб бўлган Шакир қишлоқдошларининг ерларига бир сийра кўз югуртириб чиқиб. ўйга толди: «Вақт ўтиб бораётган бўлса ҳам ҳалигача бу ерларда ҳеч қандай ер ҳайдалмабди. Бу кимнинг ери бўлди экан?». Мана шундай ўйларни дилидан ўтказган Шакир суриштириб ўтириб ер эгаларини аниқлаганидан сўнг кўнгли таскин топмай қолди. У охири далада ишлаётган ўртоқларини тўплади.
— Қадрли ердошлар,— деб сўз бошлади Шакир,— сизларнинг вақтингларни олиб чақиришимнинг сабаби дилимни оғритган бир ўйимни ҳозир айтгим келиб турибди. Атрофингизларга қаранглар, ҳозиргача экин экилмаган ерлар бор. Теранроқ ўйланиб кўринглар. Бу ерлар биз билан яхшиликда ҳам, ёмонликда ҳам бирга бўлиб, энди кексаликка етиб ишга ярамай қолган қарияларимизга тегишли экан. Айни пайтда биз йиғилиб турган ушбу ер бизнинг бугунгидай яшашимиз учун курашиб, босмачилар қўлида қурбон бўлган кишининг ёш болалик оиласиники экан. Ўртоқлар, сизлардан илтимосим, мана шундай қишлоқдошларимиздан одамгарчилигимизни аямайлик.
— Ақлингга балли, Шакир, рост гапиряпсан, уларнинг оиласига ҳам тирикчилик керак,— деди ўтирганлардан бири.
— Келинглар, бугун қишлоқдошларимизнинг оила аъзоларига саҳоватпешалик қилайлик,— деди Шакир сўзини тугатиб.
— Тўғри, шундай қилайлик! – унинг таклифини кўпчилик қўллаб кетди.
Йиғилган кишилар шу ерданоқ ишга киришишди. Бўладан келган Шакир улкан кетмонини астойдил чопа бошлади.
— Ўў, Шакир, сенга тенг келиш мушкул иш. Буни қарасанг, бизни уч марта чопган кетмонимизни сен бир марта силтиб қўяр экансан,— дея ҳазиллашди дўстларидан бири.
— Бўлмасам-чи, сенга ўхшаб хотинимнинг кичкинагина кетмонини кўтариб чиқайми?! — деди Шакир кулимсираб. Ишлаётганлар ҳам «қаҳ-қаҳ» уриб кулиб юборишди.
Тинимсиз ҳаракат қилган ҳамқишлоқлар кун ботгунга қадар барча ерларни теккизлаб қўйишди. Бугунги ишидан кўнгли тўлган Шакир оқшомда даладан яхши кайфият билан қайтиб келаётган эди. Унинг одамгарчилигидан хабардор бўлган ордайлик оқсоқоллар «Эл бошида Шакир каби одамлар турса хор бўлмаймиз» деб у билан фахрлана бошлашди.
ЙЎЛДОШ ОТАНИНГ «ҚИРҒИЗ БЎТАСИ»
Коллективлаштириш бошланганда ордайликлар ҳам барча топганини ўртага ташлашиб, колхоз уюштиришди. Бу хўжаликни «Қизғин» деб аташиб, унинг раислигига Шакир Бадаловни сайлашди. Илк раис ҳамқишлоқларига лаёқатига қараб мол чорвасида, деҳқончилик далаларида иш бўлиштирди. Махсус чорва бўлганлиги туфайли деҳқончиликда ҳосилдорликни юқорилатиб, яшаш шартини яхшилаш ўзларигагина боғлиқ эканлигини элга тушунтирди.
Кейинчароқ қишлоқ Кенгашлари тузилганида Шакир Манак қишлоқ Кенгашига раис бўлди. Колхозлар уюштирилган дастлабки йилларда майда чорвалар кўп эди. Ўшанда Хўжаобод туманида 244 та колхоз уюштирилган. Уни бошқариш мураккаблашиб, ҳосилдорликни юқорилатиш ҳам қийинлашган. Шу боисдан Ордайдаги учта майда хўжалик бириктирилиб, битта катта колхоз ташкил қилинди. «Болшевик» деб ном олган бу хўжаликнинг раислигига меҳнаткашларнинг талабига кўра Шакир Бадаловни чақиртиришди. Халқ билан ишлашни билган раис колхозчиларнинг самарали меҳнат қилишини ташкил қилди. Кези келганда унинг ўзи ҳам колхозчилар билан бир қаторда кетмон чопди. Хўжалик деҳқончилигида Шакир ёшлигидан ўрганган тажрибасини ишга солди. Айниқса пахтачиликда тунги суғориш яхши фойда беришини у биринчилардан бўлиб ёқлаб чиққан. Куну-тун бажарилган астойдил ҳаракатлар кузда ўзининг натижасини берди. Колхоз деҳқонлари ҳар гектардан режадаги 9 центнер ўрнига 22 центнердан пахта ҳосилини олишиб, энг юқори кўрсаткичга эришишди.
«Хушхабарнинг қаноти бор» деб бекорга айтишмас экан. Колхознинг улкан муваффақиятга эришганлиги Ўзбекистон бўйича овоза бўлди. Республика оқсоқоли Йўлдош ота Охунбобоев ҳам биринчи раисни меҳнат ғалабаси билан қизғин қутлаб, келажакда бундан ҳам юқорироқ натижаларга интилишини билдирди.
Шакир Бадаловнинг меҳнаткашлиги, хўжаликни бошқарувдаги ташкилотчилигини Йўлдош ота юқори баҳолаган. Улар учрашишганида пахтачиликни такомиллаштириш бўйича узоқ суҳбат қуришар эди. Манак билан Найман орасидаги бир неча чақиримга чўзилиб ётган бўш ерларни ҳам улар иккаласи бирга оралаб келажакда ўзлаштиришнинг режасини тузишган. Йўлдош ота Охунбобоев Шакирни дили билан суйиб доимо «қирғиз бўтам» деб бағрига босган. Тошкентда бўлиб ўтган республика пахтакорларининг қурултойида ҳам у Шакир Бадаловнинг деҳқончиликдаги илғор тажрибасини республикага ёйиш зарурлигини айтиб ўтган.
Республика пахтакорлари Шакир Бадаловни колхозчиларнинг Бутуниттифоқ қурултойига делегат қилиб жўнатишди. Москвада бўладиган мажлисга ҳам Шакир Йўлдош ота билан бирга борди. Пойтахтда у Михаил Иванович Калининнинг қабулида бўлиб, Ўзбекистонда деҳқонлар юзага ошираётган ишлар бўйича суҳбатлашди. Калининнинг илтимоси билан ордайлик қирғиз раиси Москва радиоси орқали пахта етиштиришдаги илғор тажрибаси ҳақида сўзлаб берган.
БИРИНЧИ ДЕПУТАТ
Шакир хўжаликни Ақжал лақабли оти билан айланиб чиқади. Раис ўзи болалигидан етимликда улағайганлигидан даладаги ишнигина суриштирмасдан, қишлоқда кимнинг турмуши қандай ўтиб бораётганлиги билан ҳам қизиқади. У навбатма-навбат етим болаларга, қари-қартангларга ғамхўрлик кўрсатиб туради.
1937-йили халқ ордайлик раиснинг номзодини СССР Олий Кенгаши депутатлигига кўрсатди. 12-декабр куни Андижон вилояти халқи Шакир Бадалов учун бир овоздан ишонч билдирди. Депутатликка сайланган кундан бошлаб у бундай ишонч – улкан мажбурият эканлигини туйди. Унинг ташаббуси билан туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш маданиятини ўстириш борасида эътиборга молик ишлар бошланди.
…1941-йилнинг ёзида уруш бошланиб эл оғир кунларга дучор бўлди. Унда Шакир Бадалов туман ижроия комитетининг раиси бўлиб ишлаб юрган эди. Энди у армия ёшидаги одамларни фронтга жўнатиш комиссиясига ҳам етакчиликни ўз зиммасига олди. Эркакларнинг аксарияти фронтга кетиб хўжаликдаги ишлар аёллар билан болаларга қолган. Шундай вазиятда туманни бошқариш, фронтдаги аскарларни озиқ-овқат билан таъминлаш, бу ердаги аҳолини очарчиликдан омон сақлаб қолиш осон вазифа эмас эди. Хаётда кўп нарсани бошидан кечирган Шакир Бадалов ўз мажбуриятини эл ишонгандай амалга оширишга ҳаракат қилди.
Кунлардан бир куни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети котиби Усмон Юсупов Андижонга келиб вилоят етакчиларининг йиғилишида ўлкадаги аҳволнинг оғирлигини билдириб, «энди бундан нари Россиядан ҳам кутманглар, дон ҳам, транспорт ҳам йўқ, ўзингларни ўзинглар таъминланглар» — деб тайинлади. Мажлисдан қайтган кундан бошлаб Шакир пахтачилик майдонларини қисқартирмай туриб дон экиладиган ерларни кенгайтириш йўлларини излади. Ишнинг кўзини билган раис бунинг ҳам йўлини топди.
1941-йилнинг кузида Хўжаобод туман ижроия комитетининг раиси Шакир Бадаловнинг ташаббуси билан меҳнатга лаёқатли одамларнинг барчаси Гулбаҳор адирларига чиқишди. Улар қир ёнағирларидаги ўзлаштирилган ерларга арпа, буғдой уруғи сепишди. Яхши ният билан иш бошлаган эл ризқ-рўзли бўларкан, кейинги йилнинг баҳори серёғин келиб арпа, буғдойнинг тушуми мўл бўлди. Колхозлар давлат режаларини икки-уч ҳиссага ошириб бажаришиб, омборларига ҳам баракали дон ғамлаб олишди. Шакир Бадаловнинг ташаббуси билан ўзлаштирилган ерларда етиштирилган дон уруш давридаги мураккаб шартда хўжаободликларни очарчиликдан омон сақлаб қолди.
Қирғиз раисининг бундай хизматидан Усмон Юсупов ҳам хабардор бўлиб ўзининг миннатдорчилигини унга махсус мактуб орқали билдирди. Аҳолини ҳар қандай қийинчиликлардан олиб чиқиб кетишга тайёр турган Шакирга Усмон Юсупов ўзгача ҳурмат билан муомала қиладиган бўлиб қолди. Буни вилоятдаги етакчиларнинг кўпчилиги Андижонда ўтказилган навбатдан ташқари мажлисда баён қилди. Йиғилишда давлат режаларини ортиғи билан адо этишга салмоқли ҳисса қўшганлиги учун Хўжаобод туманининг меҳнаткашлари билан етакчиларидан бир гуруҳи орден-медаллар билан тақдирланишди. Усмон ота мукофотлаганлар орасида Шакир Бадаловнинг исмини эшитмай қолганлигидан ҳийла аччиқланди. У танаффус пайтида райкомнинг котибига танбеҳ берди:
— Нима учун Шакирни мукофотсиз қолдирдинглар? Ёки у сендан оз хизмат қилдими? Уни қолдириб қўйиб орденни ўзингнинг тўшингга қайси юз билан тақиб юрибсан?!
Райком котиби индамай ер чизиб қолди.
— Майлига, сен орденга кўрсатмабсан, Шакирдек одамга орденни ўзим бераман! – дея босиб кетди Усмон ота. Орадан кўп вақт ўтмай фронтга пахта, дон ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик молларини етказиб беришдаги хизмати учун Шакир Бадалов Улуғ Ватан урушининг иккинчи даражали ордени билан тақдирланганлиги тўғрисидаги Фармон радио орқали эшиттирилди.
БАРЧАСИНИ ҒАЛАБАГА БАҒИШЛАДИ
1942 йилда республикада шахсий маблағлар ҳамда колхоз ҳаражатлари ҳисобидан танк колонналарини барпо этиш ташаббуси бошланган. Хўжаободда ҳам катта мажлис бўлиб, Шакир Бадалов аҳолига мурожаат билан чиқди:
— Олдимизда фронт, аскарларимиз ҳар бир қадам ер учун тинмай жанг қилишмоқда. Улар фашист босқинчиларини енгиб қайтишига ишонамиз. Ғалаба кунини яқинлаштириш учун жангчиларимизга қурол-яроғ, техника борасида ёрдам керак. Шундай пайтда биз уларга танк колоннасини қуриб жўнатиш ташаббусига қўшилиб, Ватаннинг мудофаа кучини мустаҳкамлашга ҳиссамизни қўшайлик, ҳамюртлар! Қани, танк сафларини бунёд этиш ҳисобига ким қанча маблағ ажрата олади?
Унинг Мурожаатини биринчилардан бўлиб қўллаб чиққан машҳур колхозларнинг раислари Жўра полвон Ғойипов, Тоштемир Раҳимовлар ўзларининг ҳисобидан танк колоннасига ўн минг сўмдан беришларини айтишди.
Одамлар орасида ўтирган Крупская номли колхознинг раиси Абдимўмин Қаюмов ўрнидан қўзғалиб сўраб қолди:
— Шакир ака! Бир танк қанча сўмга тайёр бўлади, ўзи?
Ўта жўн бўлган бу саволни кутмаган Шакир ака бироз эсанкираб қолгандай бўлди. У атрофига бир назар солиб Президиумда ўзидан икки одим нарироқда ўтирган райкомнинг иккинчи котиби Лев Павлович Канделдан сўраб қўйди:
— Қанчага тайёр бўлади?
— Эллик минг сўмга, — деди котиб.
Шакир ака колхоз раисига эллик минг сўмга эканлигини билдирди.
— Мен бой эмасман,— деди Абдимўмин, — бироқ молимни, қўйимни сотиб тўплаб юрган пулимни қўшиб эллик минг сўм бераман!
Мажлис ўтиб бораётган жойда қарсаклар янграб кетди. Ташаббусни бошлаган Шакир бўлса ўзининг қўшган улушини элга ошкор қилмади. У уйдаги молини, беш бош қўйини сотиб танк сафини бунёд қилиш ҳисобига йигирма беш минг сўм берган. Шу билан бирга СССР Олий Кенгаши депутатига ой сайин тўланиб туриладиган пулини мудофаа жамғармасига ўтказишларини сўраб Олий Кенгашга махсус мактуб билан мурожаат қилган.
ИККИНЧИ МАРОТАБА ДЕПУТАТ
1944-йил. Совет Армияси жангчилари душманга қарши қаттиқ зарба бериб, Ғалаба кунини яқинлаштираётганлиги билдирилган хабарлар кела бошлади. Шакир ҳамон туну-кун эл билан бирга. Қишлоқлардаги болалар, аёллар билан қари-қартанглар хўжаликлардаги оғир юмушларни бажариб қийналганлари озлик қилгандай айримларининг яқинларидан қора хатлар келган. Энг аввало элнинг руҳини кўтармоқ керак эди. Шакир уларнинг ҳар бирининг дилига йўл топиб кўнглини кўтаришга одатланган. У оталари Ватанни ҳимоя қилишда қурбон бўлган етти оиланинг фарзандларига уй ҳам қуриб берди.
1945-йили СССР Олий Кенгашига навбатдаги сайловлар бошланди. Андижонликлар «Халқнинг муносиб фарзандлари учун овоз берамиз!» деган чақириқ билан чиқишди. Ҳамюртлари эл учун намунали хизмат қилган Шакир Бадаловни иккинчи маротаба депутатликка муносиб деб топишди.
«Мен депутат бўлганим учунгина эмас, энг асосийси инсон бўлганлигим учун элнинг хизматини қилишим керак» — ўйлар эди Шакир. Турмушда ҳам у ўзи ўйлагандай ҳаракат қилди, элнинг дарди билан яшади. Свердлов номли колхознинг меҳнаткашлари адир жойларга сув чиқаришга СССР Олий Кенгашининг иккинчи марта депутати Ш.Бадаловдан ёрдам сўрашди. Депутат Тошкентгача бориб колхозга зарур бўлган сув тутқичлари, электр анжомларини олиб келиб қирларга сув чиқарди.
Ўша йили Жанубий Оламушук нефт кони қудуқларида нефт чиқариш тўхтаб қолган эди. Сабаби бузилган мотор ҳамда бошқа қисмлар республикадан ҳам топилмаган. Бу ердаги аҳвол Шакир Бадаловга тинчлик бермади. Сабаби мамлакатга нефт етказиб бериш зарур. Депутат СССР Олий Кенгаши Президумининг раиси Н.М. Шверник билан алоқа ўрнатиб, кондаги вазиятдан хабардор қилгандан сўнг ёрдам беришлигини илтимос қилди. Бадаловнинг тинимсиз ҳаракати билан янги мотор ҳамда асбоблар Россиядан жўнатилиб Жанубий Оламушукдаги қудуқлардан юқори суръатда нефт чиқариш учун шароит яратилди.
Халқ ишонч билдирган депутат Шакир Бадаловнинг ўрни ҳар доим меҳнат қайнаган жойда бўлган. У «Фарходқурилиш» ташкилотида туман штабига етакчилик мажбуриятини ҳам адо этди. Ҳар йили қиш фаслида хўжаободлик меҳнаткашларни «Фарходқурилиш» га бошлаб бориб Сирдарёни тўсишга, Фарход ГЭСига сув олиб борувчи деривация каналини очишда ўзининг ташкилотчилиги ҳамда ишбилармонлигини намойиш қила олди.
Шакир ката Фарғона каналини қуришда ҳам олдинги қаторда бўлди. У ўзининг хаётида «ҳақиқий элим» деган етакчи қандай бўлиши кераклигини бошқаларга ўрнак қилиб қўйди. Бадалов Хўжаободдан борган икки минг кишига етакчи бўлса ҳам «мен бошлиқман» деб қараб туролмади, ердошлари билан елкама-елка туриб, қўлига кетмон олиб канал казиди. Шоир табиат бўлганлигидан етакчи намунали меҳнат қилганларнинг дам олиш вақтларида куй-қўшиққа чулғаб кўнгилларини кўтариб ҳам қўяр эди.
Депутат Ш.Бадалов раҳбарлик қилган хўжаободлик меҳнаткашлар ўзларига бўлиб берилган участкани режада белгиланган уч ойлик муддатда эмас, бир ярим ойда қазиб битказишди. Канал қурилиши ниҳоясига еткунга қадар олтинкўлликларга ёрдам беришди. Қурилишдаги мусобақада ғалабага эришган хўжаободликлар туманга кўчма Қизил Байроқ билан қайтиб келишди.
Фарғона водийсига кумуш камар бўлиб тушган Катта Фарғона канали 45 кунда қазиб битказилган. Учқўрғондан Конибодомгача 270 километрлик трассада 15 миллион 737 минг 278 кубометр ўлчамдаги тупроқ қазиш ишлари амалга оширилди. Газета-журналларни тинимсиз ўқиб халқни даврдаги хабар-янгиликлар билан таништириб турган Шакир Бадаловнинг эсдалик дафтарида ўша йиллари «Правда» газетасида босилиб чиққан қуйидагича баённомалар сақланиб қолган:
«…Шимолий Америка билан Жанубий Америка оралиғидаги Панама канали ирригация тарихида ҳозиргача олдинги ўринни эгаллаб келмоқда. 81 километр узунликдаги бу канал 36 йил давомида қурилган. Тўрт йилнинг ўзида 9800 киши турли юқумли касалликлардан қирилиб кетган.
Катта Фарғона канали Панамадан уч ярим ҳисса, Сувайишдан икки ҳисса катта. Панама 36 йилда, Фарғона канали 45 кунда бунёд этилди. Сувайишда 20 минг киши қазо қилган. Катта Фарғона каналида биронта киши ҳам зиён кўрмади. Бундай улкан қурилишни, умумий халқ ташаббусини ҳозиргача тарих кўрмаган эди. Бу – халқ бирдамлигидир».
Кўп миллатли эл орасида бирдамликни уюштириб, юқоридагидек тарихий ишларга йўлланма беришда Шакир Бадалов сингари фуқароларнинг ўз ўрни борлигини одамлар яхши билишади.
ҚИШЛОҚНИНГ ОТАСИ
Улуғ Ватан урушидан кейинги йилларда халқ хўжалиги оғир аҳволда эди. Аниқса колхозларнинг иқтисодиёти пасайиб кетган. Халқ олдида ишни янгича ташкил этиб, ортда қолган хўжаликлар иқтисодиётини кўтариш вазифаси турган. Бунинг учун энг аввало хўжаликларга ишнинг кўзини билган мутахассисларни сафарбар қилиш зарур эди. Андижонда бўлиб ўтган улкан мажлисга Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети котиби Усмон Юсупов залдагиларга мурожаат қилди:
— Орангизда ортда қолган хўжаликларга бориб ишлашни ҳоҳлаганлар борми?!
Одам тўла ўтирган зал ҳайратда қоларлик даражада жим бўлиб қолди. Усмон Юсупов одамлардан кўзини олмай жавоб кутди.
— Мен бораман! – деб ўрнидан турди Хўжаобод туман ижроия комитети раиси Шакир Бадалов.
— Ҳа, бек! Яна биринчи ўзинг бўлдингми?
Усмон ота Шакирни ўзининг кўнглига яқин олиб исмини айтмай доимо «бек» деб мурожаат қилади. Бунинг ҳам маъниси бор, албатта. Шакир улоққа, курашга тушганида унга ҳеч ким тенг кела олмас эди. Бир йили ҳосил байрамида қирғизистонлик, ўзбекистонлик ҳамда тожикистонлик улоқчилар ўйинини Усмон Юсуповнинг ўзи қизиқиб бориб томоша қилган. Шакир Ақжал лақабли отида ватандошларини ортда қолдириб, улоқни Усмон отанинг олдига олиб келиб ташлаганида, у киши қирғиз раисининг чаққонлигига тан қолган. Бироз вақтдан кейин оқсоқол кураш майдонига ўтганида табиат Шакирга теран ақлгина эмас, тенгсиз куч-қувват ҳам берганига инонган. Бу ерда ҳам курашга тушган Шакир республиканинг машҳур полвонларининг елкаларини ерга теккизиб, биринчи ўринни эгаллаган. Мукофотни ўз қўли билан топширган Усмон ота ўша кундан бери Шакирни барчасини енгишга қурби етган «Бек» деб атай бошлаган эди.
— Бу ишга ёшлар келсин, мен ўзимнинг колхозимга бораман. Ҳозир хўжаликда аҳвол ўта ночор, — ўзининг фикрини тушунтирди Шакир.
Усмон ота Шакирни кўп йиллардан буён биларди. У билан учрашган пайтларида кўнгил бериб суҳбатлашарди. Хўжаобод тумани иқтисодиётини кўтаришда, қишлоқларга янги йўлларни солишда, уй-жой, маданий ўчоқларни бунёд этишда Бадаловнинг хизмати сингганлигидан ҳам хабари бор эди. Ҳозир ҳам унинг фикрига қарши чиққани йўқ. Сабаби Шакир ниманики ўйласа – фақат халқи учун амалга оширишини яхши биларди.
…Ўзининг колхозига раис бўлиб келган Шакир Бадалов барча куч— ҳаракати, тажрибасини деҳқончиликни ривожлантириб, қишлоқларни обод қилишга ҳамда элининг турмуш даражасини кўтаришга сафарбар қилди. У хўжалик юмушигагина эмас, қишлоқлардаги тўй-томошаларга ҳам бошчилик қилди. Ҳамқишлоқлари Бирон бир иш қилмоқчи бўлишса, уни бошлашдан аввал албатта раис билан маслаҳатлашишга кўникиб қолишган. Фойдали насиҳатларини берган Шакир ўша одамнинг оилавий шароити ночор бўлса ёрдам ташкил қиларди.
— У кишини қишлоғимизнинг қозиси деса ҳам бўлар эди.— дейди Бадаловни ҳурмат билан хотирлаган ердошлари.
Уларнинг сўзларида турмуш ҳақиқати бор. Агарда қишлоқда икки одам чатоқлашиб қолса Шакир ака эпини топиб уларни бир жойга чақиртириб яраштириб қўярди. Айниқса ёшлар унинг назаридан четда қолмас эди. Шу боисдан ҳамюртлари унга «Шакир ота» деб ҳурмат билан мурожаат қиладиган бўлиб қолишган. Шакир отанинг меҳрини кўрган ордайликларнинг эзгу ишларида унинг салмоқли хизмати бор. Биринчи раис раҳбарлигида қурилган қишлоқдаги ўрта мактабга Шакир Бадаловнинг номи берилган.
Доимо халқ билан бирга яшаган Шакир ота пенсияга чиққандан кейин ҳам тез-тез колхоз далаларига келиб пахтакорларнинг меҳнатини кўздан кечириб, фойдали маслаҳатларини берди.
Уни устоз деҳқон, узоқни кўра билган донишманд оқсоқол қатори Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг котиби Шароф Рашидов ҳам қадрлаган. У Андижон вилоятига келганида албатта атайлаб вақт ажратиб қирғиз оқсоқоли Шакир Бадалов билан учрашиб кетар эди.
…1972 йилдаги бир воқеа хўжаободликларнинг юрагида ўчмас из қолдирди. Ўша йили Қирғизистоннинг Оқбура дарёсидан сув ичадиган Куйбишев номли ҳамда «Москва», «Ёш ленинчи», «Коммунизм» колхозларининг пахтакорлари учун деҳқончилик қилиш ўта қийин бўлиб қолди. Зеро, кутилмаганда Оқбуранинг суви қуриб қолиб, дастлабки чигит суви ўз вақтида берилмай қолди. Ғўзалар июн ойида аранг ер бетига униб чиқди. Шу сабабдан Шакир ота уйида тинчиб ўтира олмади. Ғўзаларга ишлов бериш ўта кечикиб, терим суръати ҳам ортга сурилди. Октябр ойи ниҳоясида пахта териб олишнинг йиллик режаси аранг 30-40 фоизга етди. Айни дамдаги аҳволдан элнинг йиллик фойдаси озайиб, турмуш даражаси қашшоқлашиши кутила бошлаган.
Куз кунларининг бирида Шароф Рашидовнинг Андижонга келиб Хўжаобод заминида Шакир ота билан учрашуви элнинг пешонасида ярқ этган воқеа бўлди. Қария билан суҳбатлашган Шароф Рашидов «бизга қандай илтимосингиз бор» деб сўраб қолди.
— Энг аввало элим яхши яшасин. Элимнинг тинчлиги – менинг тинчлигим, иним, – деди сўз бошлаган Шакир ота ўзининг ҳижолат тортиб юрганини яшира олмай. -Бу йилги сувнинг танқислигидан тўрт хўжаликда деҳқончилик кечикиб қолди. Шу боисдан ушбу хўжаликлар деҳқонлари қийинчилик билан ўстирган пахтанинг навини бироз юқорилатиб берсангиз,— деди.
Шакир отанинг юраги ҳамон элим деб уриб турганини дилидан туйган Шароф Рашидов у билан маҳкам қучоқлашиб ҳайрлашди. Тўғрисини айтганда учрашувда ўтирган айрим одамлар Шакир ота ўзи учун ёки бола-чақаси учун бирон нарса сўрайди деб ўйлашган. Бироқ бундай бўлмади. Зеро қишлоқнинг отаси доимо эл келажагини ўйлаб яшашга одатланган эди-да!
Оқсоқолнинг илтимоси бўйича республика етакчиси Ш.Рашидов қайд қилинган хўжаликларга ғамҳўрлик кўрсатиб, пахталар навини кўтарди. Натижада пахтакорлар йил ниҳоясида кўнгилдагидек фойда олишди. Ўшандан буён кўп йиллар ўтганига қарамай бу воқеа ҳозиргача одамгарчилик мавзусини мангу ҳикоя сифатида халқ орасида достон қилиб юради.
Шакир ота Бадалов 86 йил яшади. У умр йўлдоши Тўпчу эна билан фарзандлари Тажиқан, Мээрқан, Алиймақан, Турғунай ҳамда Абдуллаларни ўзлари каби эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Ҳозирги пайтда Шакир отанинг юздан зиёд набира, чеваралари жамиятда муносиб ўрин эгаллаб, турли касбларда меҳнат қилишмоқда. Битта набираси Анвар Қадиров Ўш шаҳар ички ишлар бўлими етакчисининг ўринбосари, Камил, Урматайлар халқ саломатлигини сақлаш жабҳасида хизмат қилишмоқда. Ўн бир ёшли набираси Баҳадир Бадалов руҳий таъсир этиш йўли билан хасталарни даволайди.
Тўшида нур сочиб турган Ленин ордени, Меҳнат Қизил Байроғи ҳамда Улуғ Ватан урушининг иккинчи даражали орденларига фахр-ифтихор билан термулиб қолган ўғил-қизлари ҳамда набираларига Шакир ота бир сўзни тез-тез такрорлаб турарди:
— Эҳ, болаларим, хаётда мана бу орденлардан ҳам юқорироқ турган ифтихор бор. Бу одамларнинг ҳурматига сазовор бўлиб, юрак тўридан жой олиш…
Хўжаобод марказидаги қирғиз ота Бадалов номи билан аталган кенг кўча бўйлаб бораётиб маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашганимизда уларнинг илиқ хотираларидан Шакир ота ўзи таъкидлагандек энг олий мукфотга сазовор умр гузарон қилганлигини қалбимизда туюб, унинг босган изларига, азиз руҳига таъзим бажо келтирдик.
© Бурқашев С., 1993. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Қирғизчадан Раҳим Каримов таржимаси
Количество просмотров: 6268 |