Главная / Поэзия, Поэты, известные в Кыргызстане и за рубежом; классика / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 11 август 2009 йил.
Шукрона
(Достонлар)
Ўш адбиёти назмияти хазинасига катта ҳисса қўшиб келаётган ўнлаб шорларимиз қаторида Малика Комил қизи (М.Комилова) нинг ҳам ўзига хос муносиб хиссаси бор. “Шукрона” китоби ўзининг халқчиллиги, латофат ва нафис таровати ила ўз китобхоналарининг кўнглига йўл топа олган бўлса, биз ўзимизни беҳад бахтиёр ҳис этган бўламиз. Хато, камчиликларимизни, ёзиб юборсангиз бизни янада севинтирган бўласиз. Таҳририят
Малика Комил қизи. Шукрона (достонлар) — Ўш, 2009. – 308 бет. Адади 100 дона
УДК 821.51
ББК 84 У 7/4
ISBN 978-9967-602-26-7
К 47,02620300-09
К-63
(Бош сўз ўрнида)
Маликахонни биз ростмона қирқ йилдан буён биламиз, ипидан-игнасигача таниймиз. Зеро, мақсад-маслагимиз бир, ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб, узоқ йиллардан буён бирга ишладик.
Касбдошимиз муллималик заҳмати билан қаламкашлик заҳматини бирга қўшиб олиб борди. Тан олиб айтишимиз керакки, иккала заҳмат ҳам унга омад келтирди. Дугонамиз бу-омадга, фақат, меҳнат билан эришди. У танқид қилишни биладиган мунаққидларнинг, тўғрироғи,ўқитувчиликни ҳам, қаламкашликни ҳам чўққисида юрганларнинг ортидан чўчимасдан эргашди. Ҳануз, уларнинг имтиҳонларидан ўтиб туради.
“Шукрона” китобига киритилган ўндан зиёд достонларнинг барчасини ҳали, сиёҳи қуримасдан биз ўқитувчилар ўқиб чиққанмиз. Маслаҳатларимиз ўлароқ, қайта ишланиб, яна таҳлилдан ўтиб, сўнгра рўзномалар саҳифаларида, бир сатрига ҳам ишлов берилмай чоп этилди.
“Келинчак”, “Ёрилтош”, “Ота”, “Илм булоғидан оққан шаршара” достонлари ўзбекларнинг Қирғизистондаги Отахон рўзномаси “Ўш садоси” да тўлалигача шеърият мухлисларига етказилди “Сарвқомат Алишер” достонидан парчалар Ўш шаҳар рўзномаси “Ўш оқшоми” да берилди “Сўз васфи” (мувашшаҳ) назмияти беш тилда чоп этиладиган “Ўш альманахи” да ёруғлик кўрди. Рўзномалар, альманахларда эл фикрига ҳавола этилган асарлар ўз мухлисларидан хатлар, тақризлар олиб, чўмилтирилгандан сўнггина тўплам ҳолига келтирилди ва нашр эттирилди. Эл тўпламларни яхши қабул қилди. Фикрлар оқими биз ўқитувчиларни нақадар севинтирди. Асарлар мактаб саҳналарида ўқитувчилар, ўқувчилар ижросида ўз тимсолларини намойиш қилди. 800 сатрдан зиёд “Ёрилтош”, 445 сатрдан иборат “Келинчак” достонлари ўқувчилар, ўқитувчилар томонидан ёддан айтилди. “Ота” достонидаги парчалардан Новқатлик хонандалар қўшиқ қилиб айтдилар.
Биз Маликахонга биринчи навбатда, достонларингизни жамлаб, бир китоб қилайлик, кейин шеърларингизни, насрдаги асарларингизни китоб қиламиз деб, маслаҳат бердик. Бунинг маъниси шуки, Ўш адабиёти муҳитида унчалик достонлар ёзган шоирлар бўлгани йўқ. Шунинг учун уни достоннавис шоира сифатида ажралиб турсин деб, достонларини жамлаб, бир девон қилдик.
Ўш вилоятидаги ўзбеклар ҳақидаги достон тароналари, биз ўйлаймизки, ўзининг бадиий хусуиятлари, ҳикматларга бойлиги, одамларнинг ўзига хос беқиёслиги билан ўз қимматини мумтозликда сақлайди. Жаҳон шеърсеварларига етади. Достондаги тимсоллар бизнинг устозларимиз, касбдошларимиз, юртдошларимиз, замондошларимиздир. Биз улар билан танамизда жонимиз борича фахрланамиз, уларнинг изларини, сўзларини, меҳнатларини, вафо-садоқатларини ва яна қанчалаб фазилатларини ўзимиз ўрганишдан ташқари, бизлардан кейинги авлодларги ҳам, айнан, мана шу китоб орқали етказамиз. Шундай замондошларни берган Яратган Эгамизга Ҳамду Сано-Шукрларни кандасиз айтиб юриш биз учун етарли Бахтдир!
Гуманизм фани-инсон, унинг дили ҳақидаги илм. Амир Хусрав Деҳлавий дил ҳақида мана бундай деган эди:
Бир қатра сувмасми, оламда инсон,
Шу қатра дилида коинот пинҳон.
Мана шу қатрага дунёни сиғдирган дил ҳақидаги илм-гуманизмнинг соҳалари ва олмос қиррлари жуда кўп. Шундай экан, янги одамни тарбиялаш фахрли ва шу билан бирга беҳад қийин вазифа. Инсонни эркин ва меҳнатсевар, одил ва бахтли кўришни хуш кўрмаслик ўзи гумроҳликдир. Зеро, гумроҳлик касалидан мусаффо яшаш орзуси Малика Комил қизини сўзга дўстлаштирди. Сўз уни чексиз-сарҳадсиз сўқмоқларга бошлади. Инсонларнинг қалбига саёҳатни нақадар оғир эканлигидан чўчитмади. Хору зор бўлишдай остоналарга дадил етаклаб кирди. Хурсандчилик-бахт олдида эсанкираб қолишдан айнан мана шу-Сўз сақлади.
Унинг достонларини ўқиб, юқоридаги гапларни айтиб, ёзиб қўйишга жазм қилдик.
Яхши-ёмон ватандошлари қалбига кириб, улардан келажак авлодларимизга ибрат, мерос бўлиб қоладиган назмий сатрлар истаганимизча топилади. Ўрни келганда, ўйлантирадиган, яна ўрни келганда йиғлатадиган, кулдирадиган, айнан, мана шу жараён гирдобида китобхонга таълим-тарбия берадиган дарс аломатлари мавжуддирки, буни фақат Малика Комил қизи асар қила олган. Зеро, у мана шу гирдоб азобида қирқ йилдан зиёд, беш йили кам эллик йил сузди. Оқимга қарши харакатлари чўктираёзди, аммо илоҳий куч уни сақлади, сақлаб қолаверди, сақлаб қолаверди.
Дўст душманга айланганда, душман дўстга айланганда, нодонлар хор қилганларида, донолар қочганларида, ёлғизлик эзганда, уни, фақат, мана шу-назмий сатрларда тиклаган қазолару тириклар, яъни тимсоллар шажараси жамиятга қўшди.
Ўндан зиёд достон жамланган мазкур китобни ўқиган муҳлислар ёнимиздан оқаётган жилғалар, ариқлар, сойлар, дарёлар, уммонлар қадрини ҳис этади. Жаҳон миқёсидаги одамлар ҳам шулар қадар эканликларига ишонч ҳосил қиладилар. Инсон парварликка, ватанпарварликка, художўйликка бел боғлаш ўз элу юртидан бошланишига эътиқод қила бошлайдилар.
Салима Қодирова
Саодат Хотамова
Шарифа Лутфуллаева
Ширмоной Абдуллажанова
Гулнора Муҳаммаджанова
Ғулом Муҳаммаджанов
Дилором Ҳамедова
Дилором Отаназарова
Мухаббат Тожибаева
Нигора Нўъмонова
Гулчеҳра Мирзабобоева
Гулшаной Абдураҳманова
Мушарраф Абдураҳманова
Фарида Абдураимова
Ва бошқа азизлар.
“Шукрона”ни дунёга келишида берилган маслаҳатлар учун барча маслаҳатдошларга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман!
Муаллиф.
Ҳар давр гулёрлари
Сархадларни яёв
Кезганлар ўтди,
Дўст тополмай дунёдан
Безганлар ўтди,
Бечорани зулм билан
Эзганлар ўтди:
Ҳар юракнинг оҳу,
Фарёдлари бор,
Яратганга муножот
Қалб дардлари бор.
Бахту бахтсизликни
Кўрмаган йўқдир,
Одам шундай гоҳ маҳзун
Гоҳида шўхдир,
Роббимиз бор, ботирмиз,
Кўнглимиз тўқдир:
Маҳзунлик, шўхликнинг
Қўшиқлари бор,
Биру Борга Ҳамд-Сано
Дил ишқлари бор.
Коинот дуру гавҳар-
Уммонларга бой,
Ер-тупроқ мўлу кўл-
Хирмонларга бой,
Эзгуликка етишган-
Халқ шонларга бой:
Шуҳратли элу юрт
Иқболлари бор,
Кўнгилларда турфа ранг
Гулёрлари бор.
Икки дунё саодатин
Хуш кўрмас ким ҳам,
Жаннатлар боғ-роғин
Туш кўрмас ким ҳам,
Молу мулк устида
Мушт кўрмас ким ҳам:
Ҳар кўнгилнинг ўзига
Орзулари бор,
Ҳақ таолога пинҳона
Ёзувлари бор.
Кўчаларни тўлдириб,
Карвонлар ўтди,
Отларини елдириб,
Сарбонлар ўтди,
Бир-биридан қолишмас
Давронлар ўтди:
Ҳар даврнинг ўзига
Гулёрлари бор,
Ўзлигига ярашган
Алёрлари бор.
Бизга аталган дунё-
Севмай нетамиз,
Келдик дунёга йиғлаб,
Инграб кетамиз,
Чин дунёга ким билсин,
Қандай етамиз?!
Ҳар даврнинг ўзига
Гулёрлари бор.
Ўзлигига ярашган
Алёрлари бор.
Қўшиқ колар, куй колар,
Сўз қолади одамдан,
Меҳр қолар, алла қолар,
Азиз, мушфиқ онамдан,
Эҳсон қолар, саҳоват-
Меҳнаткашим отамдан:
Ҳар мероснинг муборак
Қимматлари бор,
Ҳар асрнинг Муҳаммадга
Умматлари бор
Оллоҳ берган сабр билан
Пишдик-етилдик,
Ҳаётда ўрнимиз-
Борлигин билдик,
Сўзимиз, Яхшилар,
Сизга илиндик:
Сиз учун қалбимиз
Гулёрлари бор,
Хақ Валийга Шукрона
Алёрлари бор.
Сўз васфи
Шиоира Малика Комил қизи "Сўз" мавзусида достон ёзди.
Аслида сўз ҳақида сўз васфидир.
Муаллиф сўз неъмати борасида ўй юритар экан, ҳар бир сўз яратганнинг мулки, шунинг учун сўзни увол қилмаслик, уни ўз ўрнида меъёр билан ишлатиб, беқиёс қудратини мустаҳкам сақлаб қолиш ниятида фаол фикрларни баён этган.
Ижодкор ўзининг хуш кўрган муҳлисига ёзганларини ўқийди, васфин айтган тимсолларига уларни сўз орқали ўзларини ўзларига танита олдими, мана шу машаққатни адолатли муҳлисидан сўраб боради. Шоира ва муҳлис ўртасидаги савол-жавоблар нутқ санъатининг назм жанрида бадиий гўзаллиги, мазмун эътибори билан тиниқлиги, тилнинг равон кетиши ўқувчини ўз сеҳрига тортади.
"Достон маърифий тарбиявий моҳиятига биноан ўз муҳлисларини топади деган умиддамиз.
Раҳим Карим
Ҳамду сано
Ҳамду сано Оллоҳга аввал,
Эгам икки оламга сарвар.
Сўз мулкининг эгадори Ҳақ,
Ушбу мулкка раво бўлди халқ.
Сўзни сўздай ишлатган азиз,
Сўзлар увол бўлмасин ҳаргиз.
Ҳар сўз эрур минг бир фаришта,
Сарфламанг харом харишга
Озор учун сарф этилса сўз,
Ҳеч шубҳасиз кўр бўлади кўз.
Ўз ўрнида ишлатилган сўз,
Оллоҳимга икки дунё юз.
Оллоҳ раҳимдил
Ёмон кўрар бир одами йўқ,
Барчасини яратди тўлиқ
“'Боргин-деди-менинг йўлимдан,
Ўзим бўлай ўнгу сўлингда.”
Хўп деганни асради оқлаб,
Паноҳида авайлаб, сақлаб.
Йўқ деганни этмади мажбур,
Одам қилди ўзига жабр.
Сўз мулкидан этганда улуш,
Эплай олмай қилди бошқа иш.
Фойда бермай Иблис инъоми,
Ёмон бўлди Одамнинг номи.
Суҳбат
— Нега хурсан, юзларингда нур?
— Чунки элга айтар сўзим бор.
— Сўз айтганлар эканларда хур,
— Бўлмасамчи, одам сўзга зор.
— Унда сўзла сўз қудратидан,
— Қайси мавзу кўнглинг овитар?
— Ота-она, ёр ҳурматидан,
— Мавзуларнинг ҳар сўзи гавҳар.
— Оддий сўзда мадҳ эт уларни,
— Таклифингга тафаккурим қул.
— Мадҳ эта бил гул, булбулларни,
— Муддаолар қалбимга мақул.
Хуш кўр айтай аввал устоздан,
"Ота-она, дўстдан оз-оздан.
Азиз ёрнинг васфини айтай,
Меҳру сеҳр созин таратай.
Оллоҳ берган ҳар бир сўз учун,
Ҳамд санонинг кўрсатай кучин.
Эзгуликнинг сочай уруғин,
Ёмонликлар бўлмасин турғун.
Сабру тоқат, ишқни баҳолай,
Ишқсизларнинг жонини олай.
Токи одам ишкдан кўкарсин,
Ишқ инсонни кўкка кўтарсин.
Яна Ҳакдан инъом бўлса сўз,
Сўз қудратин этайин кўз-кўз!..
Устоз — сўз нури
(Мувашшаҳ)
Умрнинг ўтган ҳар лаҳзасида,
Сабрнинг қил ёрар лак минг тиғи бор.
Таъзим сизга сидқидил устоз,
Оташ қалбим чашмангизга зор.
Зор-зоримда сурур, йиғи бор.
Умид ила ўтиб борадир,
Соат милларига осилиб умр.
Тану жоним балки ярадир,
Ороми йўқ занглаган темир.
Зорим-зўрим сизга янадир.
Устимдан тўкилган ахлатлар,
Саҳарги тушимга халоват.
Таҳрир ҳукми тузатган хатлар,
Оқ дилдан ўқилган саловат,
Забон сеҳри кабимас мардлар.
Учар отни қўмсади кўп мард,
Сўз сеҳрининг уволи тутди.
Таъсир этмай-ҳикмат, насиҳат,
Ош ўрнига тилла тош ютди,
Зангори хат-устозимдан хат.
Унвон шудир-шудир нурли йўл,
Субҳидам сабоси яйратган.
Тақдир қўли-узатилган қўл,
Она тилда қўшиқ куйлатган.
Забоншоҳга ўтажакман қул.
Узоқ умр боиси ҳам сўз,
Самимий оҳларнинг булоғи.
Таъмасиз бўлса гар олқишлар,
Озаяр гуноҳлар улоғи.
Зарарсиз ўтади сел, қишлар.
Унадим кўнгилнинг ҳарҳашасига,
Сўкишлар бўрони ўлдира ёзди.
Тегма, зарар пойтешасига,
Озни тежа, тежагин созни
Зарур аъшор тўй кечасига.
Устоз учун ёзилган ҳар сўз,
Сурур,ёғду, қуёшдан бўлди.
Таъриф улга терилган дур сўз,
Омон жоним, армонлар ўлди,
Заҳматкашим эл-юртга кўз-кўз!
Уйғоқ қалби мангу-абадий,
Самон йўлин ёритган фонус.
Тарихга зар сурат абадий,
Ондай қиммат куёшдай нур юз,
Заминга тож достони бадиий.
Устозларим туққан ҳар зурёд,
Сулаймон тоғидай хур, азиз.
Таълими Ўшимдай барҳаёт,
Осмондай севамиз уни биз,
Зарсатр назми қалбимизда ёд!
— Мувашшаҳ, ёздигингиз устозга,
— Топдингиз, ёқдими, сўзлари?
— Чин дилдан аъшорга қоилман,
— Ёқтирарми устоз ўзлари?!
— Ҳижолат чекасиз, шогирдсиз,
— Бу холат табиий одамга.
— Топган гул, топмаган пиёз,
— Туҳфамиз устози оламга!..
Ота-сўз атри
Ота улуғ, ота буюк зот,
Такдиринг ҳақида куйинган.
Адолатдан боғлаган қанот,
Рўёбингдан қалбдан суйинган.
Олам юкин кифтига олган,
Таърифини этмаган достон.
Азизлиги дилларда қолган,
Ҳурматига интизор осмон.
Ойдин туннинг моҳидир ота,
Тонгни хуррам уйғотган соат.
Ақлу жони элга садақа.
Келтиргани юртга саодат.
Омади зўр Оллоҳ эркаси,
Тарих учун мангу саҳифа.
Амри вожиб, метин елкаси
Роббимизга ерда ҳалифа.
Олқиш фақат унга ярашар,
Темир-пўлат эрийди унга.
Аҳд, вафода беқиёс башар,
Баракадир қутлуғ ҳар кунга.
Олижаноб ишлар бошида,
Таҳсин ўқиш унга буйрилган
Адоватлар сўнар қошида,
Қодирликда халққа суйилган.
Онасини қўйолган бошга,
Тарбияни берган зурёдга.
Аламини айтган у тошга,
Чек, қўйолган фожиа, додга.
Оппоқ тилак ота билан оқ,
Тонг туғилар оппоқ тилакдан.
Армони йўқ қўлида ўроқ,
Ҳар бир ишни қилар юракдан:
Оламонни йўлга сололган,
Таълим сеҳрин етказган олим.
Айтган ердан узиб ололган,
Ота қудрат, ота муаллим.
Орамизни бузганга қалқон,
Тинчлик учун посбон фидоий.
Адашганга дўсту ёр, Ҳоқон,
Шохсупада оталар жойи.
Оромни ҳам билган зиёда,
Таъзим бажо этган ёрига.
Асли буюк икки дунёда,
Чунки шукр қилар борига.
Осмон унинг чексиз юраги
Тахту тожлар у ила кўркам.
Азалиятнинг ота тираги,
Ота бордир яшаймиз бекам.
Ортиқча гап унга малолдир,
Тариқатдир унинг посбони.
Айтган сўзи мумтоз, ҳалолдир,
Отасиз паст дунё осмони.
Осилган дорлари зўр баланд,
Таянгани Оллоҳ нажоткор.
Айниганга насиҳати панд,
Суянганга холис ҳаласкор.
Ориятни ҳимоя қилган,
Танбеҳ берган беандишага.
Ақли билан ахмоқни тийган,
У тобедир,ҳақ, андишага.
Одатда у камгап-камсухан,
Таъби нозик, зукко, зер-заъбар.
Астойдилдир ҳар ишга саҳар,
Қизиқтирмас уни олтин, зар.
Отдан тушса, эгардан тушмас,
Тушига ҳам ишонар чиндан.
Асал феъли аччиқ тусамас,
Ўч олишга шаймас ҳеч кимдан
Оддий одам ороми унинг,
Табиб ўзи, дориси сура.
Аъло доим саломи унинг,
Севган куйи мақом-"сумбула".
Очлик, тўқлик муаммо_эмас,
Тану жони соғ бўлса етар.
Аҳволидан нолиган эмас,
Енголмаган минг битта хатар.
Ойдин тунлар, мусаффо кеча,
Таронадай дам берар унга.
Анҳор суви, у юрган кўча,
Умри каби ўхшар узунга.
Озод, обод унга ҳар одим,
Тентак ғамлар енгмаган уни.
Атрофида сардорлари жим,
Ўз наздида гўзал ҳар куни
Оғир меҳнат—одил каромат,
Танти ғайрат ишқи ила маст.
Асаби бут, шодлиги омад,
Қасд қилганлар у олдида паст!
Сўз атридан тикладим ҳайкал,
Тиним билмас танти оталар.
Азиз ота, оламга паноҳ,
Олам оти "Ота" аталар.
Олам-ота-битта-эгизак,
Таҳмин, тақлид йўқ орасида.
"Амри вожиб, эй Роббим, Фалак,
Оталардир гавҳар қасида.
Мазкур шеърнинг ҳар учта сатри,
Ота сўзин такрорлар мағрур.
Ота-жаннат, ота-сўз атри,
Ота-олам, ота Куёш, нур!
— Жавоб сизга бўлдими маъзур,
— Сўз кўркидан қилдим хўп ҳузур.
— Сўз ҳақида ҳали сўз узоқ,
— Сўзнинг ози муҳтасар, бироқ.
— Ўз ўрнида қўлланса ҳар сўз,
Айтгувчига, тингловчига дўст.
Бўшаштирмас қудратини ҳеч,
Маъносини халқим, ўзинг еч.
Она—сўз қалби
Озорлардан тоза ҳар бир дил,
Нафосат рамзидан нишона.
Азизликда танҳо она тил,
Саналур мўминга ягона.
Осуда кечани соғингай,
Нозанин юлдузлар кўкини.
Асалдир уйқуси у тингай,
Армони дам олар тўкилиб.
Оппоқ тонг орзиқиб кутади,
Намоз, жойномози интизор.
Анҳорлар сувидан тутади,
Борлиқдир онага беозор.
Осмон куёши, нурни илинар,
Наҳорги шалола шодлигин.
Адолат кўзидан билинар,
Онажон беқиёс борлигинг.
Оталар чеҳраси гуллагай,
Най янлиғ овозин ҳумори.
Аҳдида у мангу муққадас,
Оила аҳлининг тумори.
Очун бўлмас эди сердарахт,
Назари тушмаса заминга.
Амри фармонидан ҳар фараҳ,
Оналар мағрур ҳам камина.
Оддий она буюк дунёда,
Нафаси эрларнинг қуввати
Атридир анбардан зиёда,
Намуна вазирлик қудрати.
Одиллар ўзини паст тутар,
Наслига маҳлиё юлдузлар.
Ардоқли пойини нур кутар,
Онанинг киприги хур қизлар.
Озорларни оздирган она,
Надоматни енгган каҳрамон.
Асли унга ёқмас баҳона,
Ёр меҳридир унга хонумон.
Одимлари қутлуғ барака,
Нон таъмидай сухони ширин.
Ақли ила ўтган марака,
Бирлаштирди одам минг бирин.
Осони йўқ қилган ишини,
Нақшдай ўчмас қалбда ҳар сўзи
Айтмас ҳадеб ўнгу тушини,
Сеҳридир фалакнинг юлдузи.
Орият тахтида ўтириб,
Номусни этолди ҳимоя.
Аҳдида мардона хур туриб,
Яратди тимсолий нур ғоя
Омонатни сақлади кўздай,
Нохушликнинг ўчирди унин.
Авлодига улуғдир сўздай,
Оллоҳига эътиқод куни.
Омонсиз олишар ёлғоннинг
Нархини оширган сур билан
Ажри улуғ бир бурда нонни,
Тенглаштирар куёш, нур билан.
Оҳангларнинг мумтозин севар,
Наср, назмият мумтозидан шод.
Андишадан тўн бичган чевар,
Ҳадисларга қўйган этиқод.
Ой ила ҳамсуҳбат онани,
Нозанин юлдузлар қучарлар.
Аллалар тинглаган болани,
Орзуси кўкларга учарлар.
Орзу қадар чексиз армони,
Наҳанг мисол сузар денгизда.
Атомлардан кучлидир жони,
Тоза она қаримас юзда.
Оҳиста, мўътадил ҳар сўзи,
Нима гап айтса хам чиройли,
Аввали—охири у ўзи,
Тўрида ўлтирар уй-жойли,
Озода онанинг омади,
Нолани қувончга яширар.
Адир гулларидан гулқанди,
Япроқлардан овқат пиширар.
Очлик, мухтожликмас баҳона,
Неғамлардан осон ўтади.
Аъло бўлсин учун ҳамхона.
Кўнглига, қадрига етади.
Оз эмас, кўп эмас ўртача,
Наъматак атридай бўйлари.
Арабча қироат қилади,
Художўй, покиза ўйлари.
Ойна ҳам соғинар ҳуснини,
Нафис боқишларин хумори.
Асрори иймони онанинг,
Оллоҳга етишлик зор-зори.
Оёқ пойин ўпганча замин,
Наргис атрин таратар сабо.
Абадий оқибат онага,
Чунки она борлиққа даво.
Онага остона интизор,
Нигоҳлар қадалган эшикка.
Алласи минг дунё лолазор,
Топиндик у қучган бешикка.
Оналар бағрига сингади,
Аламдан толиққан кўз ёшлар.
Оналар бағрига сингади,
Эримас муз, ёрилмас тошлар.
Эй буюк, бахт, тахтнинг қурбони,
Дунёлар жаннати Оназот!
Сизлар-сўз қалби, қалбисиз онни,
Сиз ила хур, дилимиз озод!
— Айтинг, сатрларда борми бир мазмун,
— Мазмун таълим уммон каби лим.
— Ундай бўлса, оналар шоддир,
— Васфин ўқиб қалблар ободдир.
— Баҳоингиз кўнглим кўтради,
Назмиятга шайдо муҳлисим.
Назм боби яшнаб кўкарди,
Диққат билан эшитибсиз жим!
Дўст—сўз шукри
Дардингни дардига яширган,
Қадрингни қадрига яширган.
Меҳрини меҳрингдан оширган-
Ён дўстинг бор, фикр қил,
Жон дўстинг бор, шукр қил.
шукр қил,
шукр қил,
шукр қил,-
Жон дўстинг бор, шукр қил.
Шукр!..
Соғинса, бахтим деб соғинар
Ҳам тожу тахтим деб соғинар,
Вафодор, аҳдим деб соғинар-
Ён дўстинг бор, фикр қил,
Жон дўстинг бор, шукр қил,
Шукр қил,
Шукр қил,
Шукр қил,
Жон дўстинг бор, шукр қил.
Шукр!..
Ёв билан баслашсанг қалқонинг.
Хурлигинг посбони “Хақон”нинг,
Тўхтаса юрагинг қалб қонинг-
Ён дўстинг бор, фикр қил,
Жон дўстинг бор, шукр қил,
Шукр қил,
Шукр қил,
Шукр қил,
Жон дўстинг бор, шукр қил,
Шукр!...
— Раҳмат сенга дўсти қодирим,
— Нечун раҳмат, дўсти одилим?
— Дўсти бор одамни бой дерлар,
— Ер, кўкни ёритган ой дерлар.
— Ойдирмиз, минг шукр,
— Яратган Оллоҳга ташаккур!
— Сайраймиз, ҳур, озод,
— Бизга бас келолмас ёв, сайёд!
Ёр – сўз булоғи
Ҳар йигит қиз етса вояга,
Муносибдир бир, ҳамсояга.
Ўзи суйган ёшларни Оллоҳ,
Бирлаштирар этиб бегуноҳ.
Ёмон кўздан сақлагай ҳаргиз,
Сарварини севса ўғил, қиз.
Нафс кўйидан-қочса баногоҳ,
Ишқ аёндир ёшларга,Иллоҳ.
Бир-бирига такдирдош толе
Яшайдилар турмуши оддий.
Бахтин кўрар ширин сўзларда,
Васфин зикри ой, юлдузларда.
Сўз сувидан тинилган булоқ,
Шоҳ тахтидан чандон буюкроқ,
Меваси ҳам сўз "зам-зам"идан,
Эл-юрт яйрар чашма таъмидан.
Икки ёшнинг ёрлиғи будур,
Орзусига тайёри дулдул.
Нафисликни қидирдим сўздан,
Сўз улуғлар ҳар шаҳло кўзни.
Ёр ёрга ёр бўлмас нечун?
Сўз булоғи бўлмаган учун.
Сўз булоғи таъмидир гар ёр,
Пойларида жаннатлар тайёр.
— Ёр шунчалар бўларми ширин,
— Булоқ каби улдир яширин.
— Дўстим, сенга минг бор тасанно,
— Нечун энди, мухлисим доно?
— Сўз дардингдан қонди чанқоғим,
— Қондирмоқлик фарзимдир боғим.
Ишқ давоси сўз булоғидир,
Ўзга даво балки оғудир.
Дардингга мен топмасам дори,
Бўлармидинг, булоғнинг ёри.
Икки булоқ-икки дунёсиз,
Мен шоирга сўзлар зиёсиз.
— Қуллуқ шоир роҳатимиз бўл,
Сўз булоғи сенинг учун мўл,
Тил, дилларни бирлаштиравер,
Бирлашмоқни сирлаштиравер.
Фарзанд
Фаришталар ёзиб қўйманг гуноҳимни,
Ақлу хушим олган эса фарзандларим.
Раҳми келсин Раҳимдилим-Оллоҳимнинг,
Зурёдларим десам магар бол, қандларим.
Арзандалар жон-холимга кўймагайдир,
Нози неъмат, нур кунларга туймагадир,
Даҳшатлиси ўт, сув билан ўйнагайдир.
Фаросатдан кўйлак тикиб кийишмаслар,
Амал қилмас ўқигани, кўрганига.
Роҳат, дейди тилларини тийишмаслар,
Зори йўқдир вафодори, суйганига.
Арзандалар: “Нега туғдинг, она бизни,
Наврон бергин, кўкда кўргин изимизни”,
Дарди шундоқ ўғлимизниинг, қизимизнинг.
Фасонадир улар билан ҳаётимиз,
“Аъло”, “ахмоқ” номин олдик улар билан.
Рангин ўтар хар лаҳзамиз-соатимиз,
Замин яшнар, турфа олам гуллар билан
Амри вожиб Оллоҳимга шукр бўлсин,
Нурли олам уйларига бола тўлсин
Дилбандларни яратганим ўзи суйсин!
— Етар чўзма ортиқча гапни,
— Зурёд кўтаролмас таърифни.
— Кўшиламан эътирозингга.
— Фарзанд етмас оҳу зорингга.
— Севгин уни сездирма, бироқ.
Дилинг ўртар, бир куни фироқ.
— Фикрдошим қучайин сени,
Сўз уволи тутмасин мени.
Кечиргин-Кечирмагин
Бир сўзимни минг қайтарсам,
Такрорлардан хайкал яратсам.
Кўнгил кўчасига кириб қолсам мен,
Давру даврон суриб қолсам мен,
“Ҳурсандлик бахти”дан маст бўлиб борсам,
Қўшним қаттиқ нон, мен асал есам-
Билиб-билмай қилган гуноҳим,
Ўзинг кечир, Роббим-Оллоҳим!
Жонини жонимга тиккан онамдан,
Бахтини бахтимда кўрган отамдан,
Устозим, азизим, саҳий-хотамдан,
Тонар бўлсам қариндош, амма, холамдан.
Кўнгил қушим “нафс тоғи” га учса,
Нодонларни "жоним",-деб қучсам-
Билиб-билмай қилган гуноҳим,
Ўзинг кечир, Роббим-Оллоҳим!
Ғийбатчилар ғийбатим қилса,
Ғараз ханжарида қалбимни тилса.
У ёмон деб чиқарса ғалва,
Яратганим, мени савала.
Чунки ўшаларни қилганман ҳурмат,
Қалб қасридан берган эдим тахт.
Ёмонларга кетдим ишониб,
Асллардан кетдим мен тониб.
Кечирмагин, ушбу гуноҳим,
Кечирмагин, асло, Оллоҳим!
Ширин жоннинг хузурин кўзлаб,
Соддаларга ёлғонни сўзлаб.
Чиқиб кетсам тариқатингдан,
Ўргилайин Роббим отингдан.
Кудратингни унутсам, Ё ҳақ,
Енгиб кўйса дўзахий фарах-
Инсон деган шарифим ўчир,
Она ердан дўзахга кўчир-
Кечирмагин икки дунёда,
Жаханнамлар менга зиёда!..
— Тўхтат ёзишингни, тўхтат шоира,
Юрагимни эзиб юбординг чунон.
Бу қудратли сўзлар ўтида ёна,
Бўғзимга тиқилиб келаётир жон.
Сен қандай кўрдингки, бу гуноҳларни,
Тан олдириб қўйдинг сўзлар орқали,
Чеки йўқ қалбдаги оҳу воҳларни.
Енгил тортармидим, модамики гар,
Шахсий гуноҳларим кўролсам, қани!..
Якун
Сўз ҳақида сўз айтдик шукр,
Сўзга тўлсин ўнгу сўлимиз.
Сўздан баҳра олишдик ҳузур,
Сўз таърифсиз умр йўлимиз.
Саҳролардай жазирама сўз,
Куйдиришга ҳақли даъвогар.
Қуёш нечун, сўз йўқса магар
Сўздир, ҳар тил тилла қуроли,
Сўз нурига қул бўлган буюк.
Аммо тутса сўзнинг уволи,
У элига ортиқча бир юк.
Сўз таъмидан тотлидир сув ҳам,
Сўз атридан муаттар боғлар.
Сўздан сўзга ўсмаса одам,
Жон танида кўпаяр доғлар.
Ҳар миллатнинг ўз сўзи тугал,
Шу сўз унинг фарқи фароғи.
Ўз сўзидан жудо бўлса гар,
Ўз элида йўқдир саноғи.
Фарзанд экан гар олий ҳиммат,
Улуғлагай Она сўзини.
Бўлмаса ҳам серхашам, сурат,
Шу сўз очган ақл кўзини.
Она сўзи — Оллоҳ инъоми,
Шоху гадо унга ҳақлидир
Она сўзда қолса гар номи,
У чинакам буюк шарқлидир.
У чинакам буюк мусулмон,
Намозлари мукаммал сажда.
Руҳсиз қолган жасадларга жон,
Ҳожи бўлиб кайтади ҳаждан,
Ўтинаман, Парвардигорим,
Она сўздан айрима лаҳза.
Ўз сўзимда зўрим ва зорим,
Рохатларга чорловчи мазза!
Сўз ишқисиз яшамоқ абас,
Сўз ишқидан чарақлар юлдуз
Сўз сайри-чун этамиз парвоз,
Сўз бор ёруғ кеча ва кундуз.
Раҳимдилим-Сарвари олам,
Ҳар бир сўзда ўзинг намоён.
Ҳар сўзингда Ота ва Онам,
Ҳар сўзингда мўъжиза жаҳон,
Хуш кўр шукрим-Аввалу Азал,
Ҳар сўзингга садоқатим нур
Ҳар сўзингга битилган ғазал,
Элу-юртга саодатимдир.
Сўздан топган бир саодатим,
Умрим учун етгулик неъмат.
Сўз бойлигим, сўз учар отим,
Бундан ортиқ бўлмагай омад,
Шукрим Ўзинг-Оллоҳу Ҳикмат.
Омин!
2000 йил
Ёрилтош
Муқадимма
Қизча эдим эркагина шўх.
Ўтмас эди пўписа-ю, дўқ.
Жон-холига қўймай дадамни,
Ишдан хориб келган одамни,
Тизазсида ўлтирар эдим,
Эртак, достон айттирар эдим.
Минар эдим кифтига дадил.
Онам дерди: «Сал уятни бил».
Отам дерди; «Қўябер кампир.
Яйраб олсин мен боримда бир».
Эркалатиб юзлари болим,
Силар эрдим отам сақолин.
Гар айтмаса сочини юлиб,
Ухлатмасдим кийқириб, улиб.
Қистар эдим айта қолинг деб,
Қанд-пандларга қаранг, олинг деб.
Бояқишим кўнглимга қараб,
Сақолини қўлида тараб.
Айтар-эди дилдан берилиб,
Келар эди сўзлар уюлиб.
Тинглар эдим, ҳайратим ошиб,
Шўх дарёдай ўзанга тошиб.
Баъзан йиғлаб, баъзида кулиб,
Тимсолларни сеҳрига кириб.
Гуё боғлаб белимга қанот,
Дулдул янлиғ бўлиб учар от.
Олам кезиб учиб юрардим,
Ой, юлдузни қучиб юрардим.
Фаришталар, девлар. парилар,
Жодугарлар, далли қарилар.
Илон, чаён. қовоқ арилар,
Олтин, кумуш, гавҳарлар, зарлар.
Яхши-ёмон ажиб одамлар,
Гоҳи қора, гоҳ хушнуд дамлар.
Гуё бизнинг уйда бўларди,
Юрагимга дунё тўларди.
Ўшалардан бири «Ёрилтош»,
Опа-сингил-хурлар-қаламқош:
Достонидир маъсум, бокира,
Ёдимиздан чиқмайди сира,
Отажоним руҳин шод этиб,
Юртга бўлган меҳрин ёд этиб.
Бароққўхни қучоқлаб, ўпиб,
Қалб дафтарин варақлаб титиб,
Сўйлаб берай гўзал достонни,
Лол қолдириб асрий «Чўлпон»ни.
«Номус дури» эрур бу достон,
Таъзимдадир замину осмон.
Порлаб турар Қуёш-ҳақиқат,
Оллоҳ изми-оппоқ тариқат.
Хур қизлардан бошланган ҳаё,
Қалбимизда ҳануз нур-зиё.
Опа-сингил қолдирган ибрат,
Авлодлардан — авлодларга хат.
Нафсхўрларнинг нафсига урган,
Пок йўллардан мардона юрган,
Хур кизларнинг малоҳати-бу,
Биз қизларга омонати — бу.
Омонатга килмай ҳиёнат,
Ёз, деб кистар. калбим-диёнат.
Оллоҳ берган илҳомдан жўшиб,
Сиёҳимга тилла ранг кўшиб,
Олтин сўзда битгум достонни-
Сеҳрласин сўз китобхонни.
Аммо қанча қилмайлик меҳнат.
Ютуқдан кўп камчилик қат-қат.
Гуручнинг ҳам тоши бўлади,
Қарининг ҳам ёши бўлади.
Қариганда ёш бўлсак не тонг,
Кўп нарсага етмагандир онг.
Бу достонни ўқиган кезда,
Фикр ёзинг бизларга тезда.
Биз келтирсак магар камчилик,
Тўлдирганга қирқта қўй-илик.
I қисм
Бўлган экан, бўлмаган экан,
Ёр-ёрига тўймаган экан.
Қандай бўлсин-бўлмасин, аммо,
Кўргуликлар метин муаммо.
Ўзига тинч, хотиржам, иноқ
Икки қизи — икки кўш булоқ.
Ўтган экан гўзал оила,
Қалби қўшиқ ғазал оила.
Куёв-қайлиқ экан севишган,
Бир-бирига жонин беришган.
Қизларини бахтиёр қилиш,
Қўш юлдузни тахти бор қилиш
Бирдан-бир зўр орзуси экан,
Оёғига бостирмай тикан.
Аммо орзу чиқмай рўёбга,
Дуч келибди ҳаёт саробга.
Оиланинг сарвари она,
Истималаб ёна ва ёна,
Не кўргулик оғриб қолибди,
Ҳароратдан аста толибди.
Хира тортиб порлоқ кўзлари,
Сарғайибди қизил юзлари.
Сўзларини йўқотибди, у,
Фақат карахт — нес ётибди, у.
«Жигар касал» бўлган экан, у,
Сал бепарво юрган экан, у.
Жигар ириб қон қусибди, у,
Ҳаётидан кўз узибди, у!
Омонатин олибди, худо,
Ҳамма йиғлаб бўлибди жудо.
Кўнгли — кўкси ўлиб отани,
Сиғмай қопти ер-кўкка тани.
Ғайрати йўқ, иши юришмас,
У ўзини ўзи тушунмас.
У ҳали ёш, ўйнаб куларди,
Хуш бахтиёр давр сурарди.
Югурармиш куйиб қабрга.
Қолган экан қаттиқ жабрга.
Тушларида бирга хотини,
Миниб қочар эрнинг отини.
Эр пиёда елиб етолмас,
Хотин уни жабрлаб толмас.
Қўшиқ айтиб йиғлар экан. у,
Жўшиб айтиб йиғлар экан, у.
Айта бериб улиб қолибди,
Тамоқлари қуриб қолибди.
Ўтмай қопти тамоғидан нон,
Келиб қопти бўғизига жон.
Унутибди қизларини ҳам,
Ётиб қопти: қочди деб мазам.
Отасини қучоқлаб қизлар,
Оллоҳидан даволар излар:
“Онам қазо этгани етмай,
Ҳали уни қирқ куни ўтмай,
Отамизга дард бердинг Оллоҳ,
Кечир агар у қилса гуноҳ.
Кечир агар биз қилсак гуноҳ,
Сени эсдан чиқармайлик, оҳ!
Отам бизни ташлаб кетмасин,
Ёш бошимиз етим ўтмасин.
Яхшиси бер иккимизга дард,
Отамизга шифо бер, мадад”.
Қизлар куйиб сел бўлиб кетди,
Ҳарорати тўшакка элтди.
Битта касал учта бўлишди,
Учаласи тенг қўлга тушди.
Яқинлари қараган билан,
Ёмон кунга яраган билан.
Беморлари тузалмас экан,
Дард ипини узолмас экан,
Кўтарилар, тушар ҳарорат,
Ота, қизлар бамисли сурат.
Сўз айтишга тил ишламайди,
Ёлчитиб бир нон тишламайди.
Кор қилмасмиш табиб дориси,
Ўзгармасмиш беморлар туси.
Табиб келмиш охир шу ўйга.
Тайёргарлик кўришга тўйга:
— Бу йигит ёш, ҳали, қўшнилар,
Кекса-ю, ёш мени тушинар.
Аёлининг ўрнини боссин,
Бемор йигит бир хотин олсин
Қизларига яхши қарайди,
Сочларини ювиб тарайди.
Йигит ғами тарқалар андак,
Хотин эрга эрур ҳандалак.
Фарзандлари бўлгани билан,
Кўнгли нурга тўлгани билан,
Эрнинг кўнгли кусайди хотин,
Хотин эрга давлату олтин!”...
Қўшниларга гап мақул тушди,
Совчиликка иккиси учди.
Тайёр экан эрсиз бир санам,
Ковушлари йиртилмади ҳам.
Ўлган экан Кўз очган эри,
Тул юрибди анчадан бери.
Ўғилчаси бор экан, уни,
Бир отага зор экан, уни.
Дуруст экан, чирой-чиммати,
Маҳаллада бормиш ҳурмати.
Йигит ҳақда айтмиш совчилар,
Иш битириб қайтмиш совчилар.
Хабар етиб ота-қизларга,
Ранг югурмиш, ажаб, юзларга.
Табассумлар кўриниб қопти,
Совчилардан сўйиниб қопти.
Ғам-аламлар арий бошлапти,
Дард сафари қарий бошлапти.
Туриб қопти оёққа бемор,
У бўлади бир санамга ёр.
Ёлғиз қолмас қизчалари ҳам,
Парваришлар қизларни санам.
Хуш ўйлари сой бўлиб оқди,
Санам ўғли той каби ёқди!
Карнай-сурнай-тўй ҳам бошланди,
Қизлар йиғлаб, кўзлар ёшланди.
Текис ўтди, гўё ҳаммаси.
Хушнуд эди одамлар саси.
Кимдир мақтар табибни эслаб,
Кимдир лоқайд ўлтирар эснаб,
Биров айтар савоб бўлди, деб,
Биров берар қадамига зеб.
Хамма айтар ўйлаганини,
Ким кўрибди замин тагини,
Одам борки, оворалик бор.
Бирда яхши. бирда хорлик бор.
Шундай қилиб, қизлар ҳақида,
Хабар берар ушбу ақида.
Достонимиз қирқта кўзи бор,
Қирқ минг бир қизнинг сўзи бор.
Қирқ минг бир қизнинг сўзлари,
Сўзларимас, ҳатто ўзлари,
Эл-юртининг номус-оридир.
Хаёнинг Хур мангу ёридир,
Шундай бўлди, кетган қайтмади,
Уни биров тўйга айтмади.
Тулни тулга унаштирдилар,
Эплаб-сеплаб илаштирдилар,
Яна қайта ҳаёт бошланди,
Ғам кўрпаси кетга ташланди.
«Яйраб, йиғлаб йиллар ҳам ўтди,
Учта фарзанд бўйга тенг етди.
Кўрганлари бўлди яхшилик,
Еганлари оппоқ нон, илик.
Кўнгиллари тоза беғубор,
Гўзаллиги мисоли баҳор.
Опа-сингил айниқса гўзал,
Бир боқиши минг битта ғазал.
Бизга боғбон бўлса дер боғлар,
Изларига етсам дер тоғлар.
Гўдак шошар қучоқларига,
Ўтин шошар ўчоқларига.
Тандир кутар нон ёпишларин,
Гул унутмиш гулгун тушларин.
Хуллас, қизлар ягона бўлди,
Кўрган хушдан бегона бўлди.
Совчи келса қизғанар она,
Ҳеч бирини хушламай ёна.
Беролмаймиз камлари бисёр,
Ёши ёшроқ бўлолмайди ёр.
Қиз чиройи нафсни қўзғатди,
Акасини ҳирсин уйғотди.
Ўгай ака телбадай юрар,
Нафс йўлидз хуш хаёл сурар.
Йиғлатади синглисин баъзан:
— Сен қўлимда бўласан хазон.
Ўзга эрга бермаймиз сени,
Эрим деб, юр бугундан мени.
Боқишларинг дилга оромдир,
Сенсиз менга кунлар ҳаромдир.
Кел, кифтимга миндириб юрай,
Дор устида сен билан турай.
Топиб бўпсан мендек эрни сен,
Топиб бўпман сендек кизни мен.
Бахтинг шуки, эр истамайсан,
Мендек эрга умр тилайсан.
Яна қандай ширин сўз айтай,
Кел, яхшиси юзингдан ўпай!...
Қиз йигитни силтаб ташлади,
Сўз айтолмай кўзин ёшлади.
Қўрслигини кўрсатди ахмоқ,
Гўё чақди осмонда чақмоқ.
Девдек тортди бағрига қизни,
Моматалоқ қилди оқ юзни.
— Мана энди тушдинг қўлимга.
Кўз тикабер бугун ўлимга.
Сақов бўлиб қолдингми, гапир,
Шу эшикда бўласан кампир.
Лекин қиздан чиқмади садо,
Рози эди у бўлса адо,
Ўгай ака қаттиқ бақирди,
Тепиб кетди чойнак, пақирни.
Ич-этини еб битди Сулув,
Юраклари этиб кетди «Шув».
Бигиз қилиб ўрта бармоғин,
Ўгай деди анча сўз тағин:
— Ўлдиришга кўзим қиймайди,
Гўрда сени илонлар ейди.
Сабр килиб турай яхшиси,
Тушиб қолар менга ҳам ишинг.
Хизматимиз қилмасанг билиб.
Тут шохига қўяман илиб.
Қочаман деб сира ўйлама,
Мен сув, ўтман, «Ўт»ни ўинама.
Юрагингни юлиб оламан,
Бошингга ит кунин соламан.
Чиройингни этаман поймол,
Сен мен учун бўласан ҳаммол.
Эр кишига қизлар жуда кўп,
Узр сўраб ҳозир мени ўп.
Биласанки, онамиз бошқа,
Сендан ёшим катта бир ёшга.
Зоти улуғ насли тозасан,
Хотинликка жуда маззасан.
Қилсанг агар гапимни икки,
Бошингда бил азобнинг юки.
Отамиз ҳам юз ўгиради,
Сени кўрса итдай хуради.
Оиламиз бўлсин десанг тинч,
Менга ёр бўл, тиз чўк, қасам ич!...
Қизой шундай кунларга қолди,
Қоп-қоронғи тунларга қолди.
Ота-она, ака бирлашди,
Шўрлик қизни чунон хўрлашди.
Маслаҳатлар пишди-ку одил,
Бунга гувоҳ ҳақ-Эгам қодир.
Қизой бўлар акасига ёр,
Ота-она тўй учун тайёр,
Қиз кўнглига кулоқ солар йўқ,
Белгилашди тўй кунин аниқ.
Ҳамма яйрар, хаммаси сайрар.
Қўй сўйгани пичоқлар қайрар.
Қизой бунга беролмади тоб,
Уйдан қочди беркингач офтоб.
Ўзин деди: Мен энди телба,
Тўрт тамоним бугундан қибла!..
Ота уйин тарк этди Қизой.
Қиз йўлини ёритди кўк, ой.
Яланг оёқ, бошидир очиқ,
Кетиб борар кўз ёши аччиқ.
Ўлимига бўлганди рози,
Ғам ноласи эди овози.
Ялдо кеча бўлди йўлдоши,
Суянгани эди бардоши.
Кўзларига кўринмас ҳеч ким,
Ёлғиз ўзи борар эди жим.
Кўчалардан кўчага ўтиб,
Сочларига юзин беркитиб,
Улоқтириб қора қўрқувни.
Худо сақлаб Қизой Сулувни:
«Жаннат ариқ» лабига келди,
Оби-ҳаёт қалбига елди.
Нафасини ростлади аста,
Сув дардига бўлди пайваста.
Тўйиб-тўйиб сув ичди сулув,
Қиз кўнглига оро кирди сув.
Салқин тортди куйган юраги,
Кучга кирди жисми, билаги.
Анча келди ўзига Ойқиз,
Унга ҳамроз кўк тўла юлдуз.
«Жаннат ариқ» қирғоғи гўзал.
Сувга жоиз ишқий куй, ғазал.
Аммо кундуз одамлар келар,
Бунда Қизой келганлар билар.
Ит, қуш билмай бу ердан тезда,
Тун пардаси ёпилган кезда,
Бекинмоққа махфий ер истар,
Тоғ белига чиқмоққа қистар.
Бардош бериб яланг оёғи,
Зир титратар Сулаймон тоғин.
Илма-тешик бўлган оёқлар,
Тоғ тошига хиналар боғлар.
Тоғ ҳис этди Қизой дардини,
Ва синади қўрқмас мардини.
Тўрт оёқда у юрар баъзан,
Ўлим жангги бўларди баъзан.
Чўккан гўрлар олов сочарди,
Илон, чаён бола очарди.
Қабрлардан чиқарди фарёд,
Дилга келмай қочарди оят.
Йўлни кесиб мушук ўтарди,
Гўр дунёси қалбни ўртарди.
Қиз кетидан келгандай кимдир,
Овоз бору нимадир зимдир.
Қурт-кумирсқа, қўнғизлар бисёр,
Қиз оёғи улар учун ер.
Бири қўйиб, бири таларди.
Гоҳи чақиб, гоҳи яларди.
Мурда исин еларди шамол,
«Жин тўзони» белни қилар дол.
У соясин танимасди гоҳ,
«Одаммисан, овозбергин, оҳ!»
Хушдан кетиб. хушига келар,
Бир йиқилиб, бирида елар.
Тоғ тунида юрмоқ машаққат,
Риёзатга эгизак шафқат,
Бу қандай сир, ўқиб бўлмайди.
Эртак қилиб тўқиб бўлмайди.
Олислардан келарди хуш сас,
«Бир оз чида, чидагин бир паст.»
Қучоқларди бу сасни Қизой,
Тоғ бағридан берганидай жой.
Қиз қайтмади маъсум ўйидан,
Умиди йўқ, ота уйидан.
Аввал эди у она етим,
Энди бўлди отаси ҳам ким?
Она билан қолган етиммас,
Ота экан хотин билан маст.
Қўллари қон, оёқлари қон,
Жисмида-бор бир қатрача жон.
Тоғ белига етиб келди зор,
Енголмади уни шум озор.
Балки қизга Оллоҳ йўлдошдир,
Жасоратга йўллаб йўлбошдир.
Ўзи билар, ўзи яратган,
Фақат бўлар худойим айтган.
II қисм
Чўққи тошга етиб келди қиз,
Сўз берамиз энди унга биз:
“Паноҳ излаб келдим тошларим,
Тоғни ювди кўзим ёшлари.
Бағрингизга олинг, йиғлайман,
Олмасангиз қалбим тиғлайман.
Етиб келмай у бағри тошлар,
Кўздан оқмай қора сел ёшлар.
Мени андак яшириб қўйинг.
Тош ичига тушириб қўйинг.
Жоним бўлинг, жигарим бўлинг,
Илтимосим, беркитиб қўйинг.
Юзингизга босай юзимни,
Ўзингизга босай ўзимни.
Тоғу тошлар, отажон бўлинг,
«Тоғ гиёҳлар» акажон бўлинг.
Синглим бўлинг азиз тошчалар
Онам руҳи, келинг бош силанг!”
Сўзлаб кетди шўрлик қиз,
Бўзлаб кетди шўрлик қиз:
“Онажоним келинг бунда,
Қизларингиз қаро кунда.
Сиғмай қолдик бу дунёга,
Олиб кетинг у дунёга.
Етимлик хор, ёмон экан,
Ота хотин томон экан.
Ўгайларга ташладингиз,
Кўзларимиз ёшладингиз,
Садо беринг келинг она,
Талпинмоқда Сизга жона.
Сизни кўриб тўлишайин,
Дардларимни бўлишайин.
Зўрлашдилар, хўрлашдилар,
Қора тўнга ўрашдилар.
Худо кўллаб қочдим мен-о,
Сирларимиз очдим мен-о.
Мени бунда топишса гар,
Қўл-оёгим боғлар саҳар,
Саҳар бўлмай, онажоним,
Омон қолсин тану жоним.
Меҳрибоним, товуш беринг,
Оёғимга ковуш беринг.
Уйғотайлик тошларни биз,
Қабул бўлса ёшларимиз.
Гумбур-гумбур гурс этди,
Онага нола етди.
Руҳ эшитиб қизини,
Кўрай деб юлдузини.
У дунёдан келди у,
Одам бўлиб турди у.
Овозини узатди,
Қиз ошкора кузатди:
“Бу тоғлар баланд тоғлар,
Ғариб йўлини боғлар.
Сен ғарибга мен йиғлай,
Мен ғарибга ким йиғлар?
Бошингга тушган кунни,
Ялдойдай қаро тунни.
Биламан, жоним қизим,
Заминдаги юлдузим.
Қандоқ қилай ғарибман,
Ғирабликда қарибман.
Сени кўриб ёшлигим,
Қаро қалам қошлигим.
Жонимга оро кирди,
Ёнимда кулиб турди.
Ёмонлардан сақлашни.
Пок номингни оқлашни,
Худойимдан сўрайман,
Сени нурга ўрайман.
Сени севган кўп бўлар,
Азоб берганлар ўлар.
Сен юрасан Беҳиштда,
Мен билан тунги тушда.
Синглинг ҳам бўлар бирга,
Қучоғинг тўлар гулга.
Тош ёрилиб жой берар,
Фонус учун ой берар.
Юлдузлар бошингдадир,
Бахт ичу тошингдадир.
Опа-сингил хур бўлиб,
Фаришта-ю, нур бўлиб,
Чин дунёга етасиз,
Бу дунёдан кетасиз.
Ёнбош тоғга яқинлаш,
Бундатурар «Ёрилтош».
Ялин қизим, шу тошга,
Жой берар ғариб бошга.
Йиғиштир сочларингни,
Кенг ёй қулочларингни.
Мен сенинг жонигдаман,
Жасорат, қонингдаман.
Ноламиз қўллар Худо,
«Ёрилтош» бўлар фидо”
Онасининг ўзини,
Порлаб турган кўзини,
Алланг-ошкор қўрди қиз,
Она тамон юрди қиз.
Товуш учди ҳавода,
Қайга борсин давога.
Қизой титраб лол қолди,
Она сўзи-бол қолди.
Руҳ бўлди аста ғойиб.
Бу сир эди ғаройиб.
III қисм
Она берган руҳий жасорат,
Қиз қалбига боғлади қанот.
Тошни силаб кўз ёшлади қиз,
Қон ёшидан тоғ бўлди қирмиз.
“Ялинаман, ёрилинг тошлар,
Келиб қолмай қора бардошлар.
Бўғзимга жон тиқилиб қолди,
Ору номус шу кўйга солди.
Ҳурмат қилинг ор-номусимни,
Мен севаман тоғим муслимни.
Муслимангиз бўлай тошларим,
Тупроғингиз бўлсин ошларим.
Кечдим мутлоқ икки нафсдан,
Руҳ тўйгандай тўяйин «ис»дан.
Раҳмингизни дариғ тутмангиз,
Сасингизни ичга ютмангиз.
Ёлвораман ёрилинг тошлар,
Сизга фидо бу қалам қошлар.
О, сочларим тўзитган сабо,
Тоғ йўлларин ёритган само.
Айтинг тошлар бағрига олсин,
Қизой бунда умрбод қолсин.
Юлдузларим, оймомом айтинг,
Тоғда кезган руҳ Момом айтинг,
Тиз чўкаман бу тош ёрилсин,
Мен ғарибни бағрига олсин
Ёрилгин тош, ёрилгин,
Ўгайларни кўрмайин.
Мен уларнинг қасдидан,
Ўт, оловда куймайин!”
Тош жонидан ўтди нолалар,
Кўз ёшлардан ўсди лолалар.
Тошлар куйиб қорайиб кетди.
Осмон юзи торайиб кетди.
Поклик учун курашган қизни,
Мудом сўнмас ёруғ юлдузни:
Нажот йўлин берди, Худойим.
Хожат қўлин берди, Худойим
Ўн саккиз минг олам титради.
Мавжудотлар — одам титради.
Соат узра ҳар дам титиради,
Минг асрлик алам титради.
Ўз ишидан Оллоҳ титради,
Қора қучлар, гуноҳ титради.
Туғилмаган гўдак титради,
Замин қадар фалак титради.
Тош ёрилди, ер самода ўт,
У дунё-ю бу дунёда ўт.
Чанг-тўзонга қоришди олам,
Ғорга меҳмон тип-тирик одам.
Қизой кирди тошнинг ичига,
Олят ўқиб Оллоҳ» кучига.
Қиз жойлашди зим-зиё ғорга,
Бу ғор инъом номус -у орга.
Яна тошга ёлворди яна,
Келиб қолмай у ўгай она:
“Ёпилгин тош, ёпил раҳнамо,
Бағринг бўлсин менга онам-о.
Ҳохламайман ўз отамни ҳам,
Улар менга эмасдир ўктам.
Роббим, ишқинг кўзимдаги нам,
Ишқинг ила чекинсин алам.
Омон сақла ёлғиз бошимни.
Ўзинг ёпгин очган тошингни.
Шукрим айтай ўзингга фақат,
Ўзинг бахтим, ўзингсан тоқат.
Берган сабринг тахтимдир, Оллоҳ,
Инсоф, иймон бахтимдир, Оллоҳ.
Ёпилгин тош ёпилгин,
Ғариб кўнглимни билгин.
Ғариб кўнглимни билиб,
Ағёр қалбини тилгин.”
Илтижолар бўлди ижобат.
Қизой бўлди ғамлардан озод.
Тош ёпилди, ёпилди гуррос,
Олам тинчин олди тош овоз.
Ҳайрат билан хонлар уйғонди,
Мудраб ётган онлар уйғонди.
Бир жон йўқдир инга писмаган,
Ит қолмади думин қисмаган.
Кўзга инди қоронғи дунё.
Таралмади мафтункор зиё,
Мудом йўкдай кўринди офтоб.
Бу фожеа Тавбага хитоб.
Тош ёпилди, Қизой қутилди,
Лек ўгайлар Қизойни билди:
«Ёрилтош» ни искаб келдилар,
Фарёд солиб чунон елдилар.
Тош қимчибди қизнинг сочини,
Ака кўрди сочнинг учини,
Хап, сеними! Деди чираниб,
Синглисининг сочини таниб.
Ёлғон сўзлаб ёна бошлади,
Ўхшатиб зор, кўзин ёшлади:
— Мен синглимга бермадим озор,
У эмасдир мендан ҳеч безор.
Ёрилгин тош, ёрилгин,
Мен синглимни кўрайин.
Мен синглимни кўрганда.
Дийдорига тўяйин.
Тош ичидан келди сас, нидо,
— Мен эмасман ҳеч кимга фидо.
Тош, эшитма бу овозни ҳеч,
Ёлворгани энди бўлди кеч.
Ёрилма тош, ёрилма,
Мен акамни кўрмайин.
Аввал эди у акам,
Энди бўлди куёвим.
Ака кетди, ўксиди,
Ит таталар кўксини.
Бирга бўлганди катта,
Тушунди, ақли калта.
Нафс деган жодугар,
Қилибди қулоқни кар.
Ёниб борар юраги,
Пучга чиқиб тилаги.
Она келди ўкиниб,
Юрак бағри тўкилиб:
— Бахти қора онаман,
Ўт ичида ёнаман.
Ёрилгин тош ёрилгин,
Мен қизимни кўрайин.
Мен қизимни кўрганда,
Дийдорига тўяйин.
Тош ичидан келди сас, нидо:
Мен змасман ҳеч кимга фидо.
Тош.эшитма бу овозни ҳеч,
Ёлворгани энди бўлди кеч.
Ёрилма тош, ёрилма,
Мен онамни кўрмайин.
Дийдорига тўймайин.
Аввал эди у онам,
Энди бўлди қайнонам.
Она кетди бурилиб,
Тоғ тошларга урилиб.
Шундай бўлди қисмати,
Қоп-қора бўлди оти.
Нафс деган жодугар,
Қилибди қулоқни кар.
Ёниб борар юраги,
Пучга чиқиб тилаги.
Ота келди довдираб,
Ўксик кўзи жовдираб.
Силаб йиғлади тошни,
Чангаллаб нодон бошни:
Ёрилгин тош, ёрилгин,
Мен қизимни кўрайин.
Мен қизимни кўрганда,
Дийдорига тўяйин.
Тош ичидан келди сас, нидо,
Мен эмасман ҳеч кимга фидо.
Тош эшитма бу овозни ҳеч,
Ёлворгани энди бўлди кеч.
— Ёрилма тош, ёрилма,
Мен отамни кўрмайин,
Дийдорига тўймайин.
Аввал эди ўз отам,
Энди бўлди қайнотам.
Ота ҳайрон, лол қолди,
Ўзини кўлга олди.
Артди шаш қатор ёшин,
Кўтарди тоғдан бошин.
Гуноҳкор эди чиндан,
Мадад сўрасин кимдан?
Энди кўрмас қизини,
Ажин босди юзини.
Дунё бўлди қоронғу,
Оққан терлари оғу.
Боши кетди айланиб,
Оёқлари боғланиб.
Хуллас, девона бўлди,
"Ёрилтош" она бўлди.
Атрофида айланди,
Ипсиз тошга боғланди.
Тош эди ошу нони,
Тош эди қизи-жони.
Кўрпаси, болиши тош,
Хордиқ, дам олиши тош.
Тошни ялаб ўпарди,
Кун-тун шундай ўтарди.
Жаҳли бурни учида,
Армонлари ичида.
Тилиниб битди қалби,
Қақраб борарди лаби.
Пичирлаб деди: ғафлат,
Олган экан-да қат-қат.
Не деган одам бўлдим.
Энди мен тамом, ўлдим.
Нафс деган жодугар,
Қилибди қулоқни кар.
Ёниб борар юраги,
Пучга чиқиб тилаги.
Ота-она кетидан.
Тушиб қат-қат этидан.
Синглиси учиб келар,
Қуёш бошдан сел элар.
Билмас у эзилганин.
Тан-жонин тош тилганин.
Опасин топса бўлди,
Ёнида ётса бўлди.
Тошни силар ораста.
Қалби тошга пайваста:
-Ёрилгин тош, ёрилгин,
Мен опамни кўрайин.
Мен опамни кўрганда,
Дийдорига тўяйин.
Тош ичидан келди сас, нидо,
— Сингилжоним сенга жон фидо.
Тингланг тошлар, бу овозни сиз,
Опа-сингил-жонажонмиз биз.
Ёрилгин тош, ёрилгин,
Мен синглимни кўрайин.
Мен синглимни кўрганда,
Дийдорига тўяйин.
Тош ёрилди беозор,
Тоғлар бўлди лолазар.
Опа-сингил топишди,
Бир-бирига ёпишди.
Кўз ёшлар оби-дарё,
Қуёш таратар зиё.
Омон-омонда бўлди,
Яхши-ёмонда бўлди.
Шу бўлди-ю шу бўлди,
Опа-сингил хур бўлди.
Асрларни қаритиб,
Надоматни аритиб.
Ўзни ўтга отмаган,
Ғафлат босиб ётмаган.
Хўрланишни енганлар,
Ўз ғамини еганлар.
Озода қизлар бўлиб,
Ёп-ёруғ— юзлар тўлиб.
Келармиш «Ёрилтош»га.
Елар"миш хур куёшга.
Дуо талаб қизларга,
Хаё тўлган юзларга,
Дуо берар Хур Момо,
Гувоҳ бўлармиш само.
Хур бўлишни ҳохлаган,
Она сутин оқлаган,
Покликдан бахт қидирган,
Менга ўзин билдирган,
Нафс ёвини ўлдирган,
Номус-у орни билган,
Худо изми муборак,
Сизга мунтазир фалак.
Мен айтган кундан Хурсиз,
Ернинг ўзида нурсиз.
Сизни ёмон тўсолмас.
Қуролингиз-Ор-«Олмос».
Омин! Дуолар учди,
Арши-аълони қучди.
Шу бўлди-ю, шу бўлди,
Замин ҳам хурга тўлди.
Ўз сўзида турган қиз,
Пок йўлларда юрган қиз.
Мангуликда мард қолди,
Қора қалбда дард қолди.
Хур кизни уқиб қизлар,
У каби пок йўл излаб,
Кўрқмади дўл-довулдан,
Ёмон тушди ховурдан.
Иши илгарлаб кетди,
Мурод-мақсадга етди.
Топганлари ибодат,
Кўрганлари адолат.
Дўстлари тугамади,
Жонларин аямади.
Достон айтди бахшилар,
Тинглаб ўтди яхшилар.
IV қисм
Майин саболар елди,
Бир ажиб замон келди.
Шох-султони ғаройиб,
Маънавияти бойиб.
Таъмирлашда «Ёрилтош»,
Эл-элатлар ишга бош
Барақкўхга хол бўлиб,
Ёқут, гавҳар ол бўлиб.
«Ёрилтош» порлаб турар,
Ўзига чорлаб турар.
Лобар қизлар хуш келинг.
Булбуллар-у қуш келинг.
Сиз билан обод бўлай,
Нуру зиёга тўлай.
Ҳур қизларни туш кўринг,
Сиз покликни хуш кўринг.
Ўнгдан келсин тушингиз,
Соғлом бўлсин хушингиз.
Дуо олинг олтиндай,
Китоб ўқинг ҳеч тинмай.
«Ёрилтош» китоб бўлди,
Хурликка хитоб бўлди.
Хур қизлар ишқимиздир,
Куй-у қўшиғимиздир.
Азиз ўшлигимиздир,
Кўнгли хушлигимиздир.
Порлоқ нурзода қизлар,
Оппоқ озода қизлар.
«Ёрилтош», умринг бўлсин,
Булбулу қумринг бўлсин.
Хур қизлар сиринг бўлсин,
Ҳар бири ширин бўлсин.
Бағрннгга бош кўямиз,
Онамиздек суямиз.
Ёрилгин тош. ёрилгин,
Биз хур қизни кўрайлик.
Биз хур қизни кўрганда
Дийдорига тўяйлик.
Тош қаъридан келди хуш садо:
— Пок қадамлар сизга жон фидо.
Тинглаяпман овозингизни,
Жаранглаган тор, созингизни.
Ўргилайин, сизлардан будам,
Хабар олган бизлардан мудом.
Хур қиз Момо сизларга айтар,
Ор-номусни сақланг, муаттар,
Булғанмасин она коинот,
Поклигингиз тинчликка қанот.
Хуш келибсиз, кўрдим Сизларни,
Бир-биридан дилбар қизларни.
Жонингизни Оллоҳ сақласин,
Оллоҳ ишқин қизлар оқласин.
Олқиш олсин мусулмон халқдан,
Фақат Роббимиз-Хақдан.
Нур мақсадлар бўлсин ижобат,
Ер юзида Гулласин Ҳаёт.
V қисм
Хур қизларга қилсак эътиқод,
Сулаймон тоғ бўлгуси обод.
Тангри берар Ҳизр барака,
Иноқ яшар Сингил-у ака.
Талон-тарож бўлмагай замин,
Йўқолгуси нафс, адоват, кин.
Худо сақлар табиий офатдан,
Уй, жой берар тинч-ҳаловатдан.
Лаҳза сайин гуллар Ўшпирим.
Бизга ҳужум қилолмас ҳеч ким.
Жаҳон эли Ўшга талпинар,
Қора нафснинг қадами синар.
Бу кун яқин ўй қиламиз биз,
Минг қўй сўйиб тўй қиламиз биз.
Тўйимизга келар яхшилар,
Достон айтар минг бир бахшилар.
Ноз-неъматлар тўкилар кўкдан,
Қуён қочиб қутилмас кўпдан.
Кўпайишиб тўй ўтказамиз,
«Ёрилтош»ни қалбга чизамиз.
Тилагимиз Худо беради,
Хур қиз Момо дуо беради.
Олинглару олдирманглар ҳеч,
Эзгу ишни қолдирманглар кеч.
Эзгуликда мангулик бордир,
Эзгу ишга Оллоҳим ёрдир.
Тўйингизни Эгам ўтказар,
Оқ ниятга ўзи етказар.
Салом-алик-қалбдан бисмиллоҳ,
Сиғинамиз ўзингга Оллоҳ.
Одамлару, одамлар,
Боғда битган бодамлар!
Эшитмадим деманглар.
Эшитганлар колманглар.
Тоғ йилида тоғда тўй,
Бодраб оқар кўзи-қўй,
Қирқ кеча, қирқ кундуз
Қирк, минг ой, қирк минг юлдуз
Замин, кўкни ёритар,
Жаранглар қўмиз, дутор.
Байналминал тилимиз,
Бир мақсадли дилимиз.
Жонажон дўст топишар,
Бир-бирига ёпишар.
Бу тўйнинг маъниси кенг,
Лаҳзаси асрга тенг.
Келмай армонда қолманг,
Шахсий ишларга борманг!
Тўймисан-у тўй бўлди,
Киши бошига қўй бўлди.
Карнай, кўмуз, сурнайлар,
Рубоб, чанкўвуз, найлар.
Жаҳон бўйлаб янгради,
Кекса-ю ёш яйради.
Тўй бошидир эл ўзи,
Нуқта истамас сўзи...
Яшайверсин, яшасин,
Ҳамма ошин ошасин.
Қўл очилди дуога,
Хамду Сано Худога
Бекам ўтди тўйимиз,
Тоғдай ўсди бўйимиз,
Етказганига шукр,
Барчасига ташаккур!
Омин Акбар-Бисмиллоҳ
Рози бўл Элдан Оллоҳ!
Оллоҳ Улуғ!..
2003 йил
Сарвқомат Алишер
Ўқувчилар истаги
Алишер бобомиз тасаввур қилдик,
Шоир, олим, вазир бўлганин билдик.
Буюк инсонлиги қойил қолдирди,
Сабру тоқатлари ўйга толдирди.
Бизнинг фикримизча, у мураккаб шахс,
Шунинг учун боқий тўхтамас баҳс.
Опай, маъзур тутинг, шоирсиз, анча,
Шоир ҳақда ёзинг, бизга достонча.
Ҳазрат Навоийга меҳримиз фидо,
Уни қалбимизга жо этди Худо...
Қабул
Шоир ҳақда ўтган бир чорак дарслар,
Камалак суҳбатлар, нодир баҳслар.
Таъсирига тортган бўлса ўкувчим,
"Жавоб битик" ёзгум етганча кучим.
Ширин истагингиз қиламан қабул,
Ўш гулин ҳам севган Навоий булбул.
Беш юз эллик олти ёшга кирганда,
У бизнинг мактабда порлаб тургандай.
Бир чорак — икки ой ёнма — ён турдик,
У билан жаҳонни сайр этиб юрдик
Биз уни, у бизни тушундик дилдан,
Завқ олиб ўзбек тил — она тилидан.
Эй, буюк ўзбекнинг буюк шоири,
Башариятнинг боқий суюк шоири!
Бизни достон қанча бўлса ҳам содда,
Қўшиқ бўлиб қолар улкан ҳаётда.
Чунки бу беғубор қалблар истаги,
Яшил ниҳолларнинг мурғак куртаги.
Алишерга ташна юраклар саси,
Ўкувчилар кутган "Навоий дарси".
Боряпмиз беш асрлик йўлингдан бардам,
Ўзбек адабиёти Ўзбекка ҳамдам.
Назмият дарслари тилимизда ёд,
Ғазаллар шавқидан дилимиз обод.
Эй азизўқивчим, дуога қўл оч.
Муҳаббатинг билан ижодга йўл оч.
Шоирга битайлик, достон — ассалом,
Ўзинг бергин, Роббим! Қалам, нур калом!
Маъзур тутинг мени улуғ адиблар,
Мадор бўлар турган туяга “Ҳа !” деб.
Зукко ўқувчилар кўнглин истадим,
Давомли баҳсига якун изладим.
Агар топган бўлсам бир чимдим жавоб,
Шу “битик” уларга эҳсону савоб.
Фозиллар, олимлар шоирлар қўшсин,
Кам бўлса турмасдан қилиб кибру кин.
Ёки ўқувчига дарс ўстин йиллаб,
Сўнгра танқид қилсин бизларни тиллаб.
Курсига михланиб шеър ёзиб бўлмас,
Бугунги ўқивчи “очиқ қўр” эмас.
Улар ҳар бир ишда истар мантиқни,
Тили куйган пуфлаб ичар қатиқни.
Қирқ йилдан зиёдроқ куйди тилимиз,
Етмаса ҳам дедик, етар илмимиз,
Оллоҳим кечирсин бизнинг хатони,
Устозлар берингиз оқ йўл-фатвони.
Кам бўлмасин, бизни йўлга солганлар,
Ижодкор қилгунча ўйга толганлар.
Улар бахтидадир бизнинг бахтимиз,
Отидек чополса не тонг, отимиз!
Ўқувчилар саволи
(У бизга ўхшармиди?)
«Чашмадай тип-тиниқ, асалдай ширин",
Дер экан одамлар Алишер тилин.
Онанинг қорнидан туғилган доно,
Кўзларида ўй бор, сўзида маъно.
Ташна экан илмга улғаймай ёши,
Кўтарилмас экан китобдан боши.
Кўринишдан сиздек бир бола бўлган,
Сизлардек гўзалдир, ой каби тўлган
Болалик оламин гаштини сурган,
Болалигин қилган, ўйнаган, кулган.
Мактабда муаллим гапини уққан,
Уйда китоб ўқиб, онгги чиниққан.
Ғиёссиддин ўғлин парвариш қилди,
Алишернинг илмга ғайратин билди.
Тарбия, назорат бўлди мукаммал,
Ота меҳнатига у қилди амал.
Фозиллар қошида ўтказди тунни,
Олимлар ҳам сева бошлади-уни.
Қосим Анвар шеърин ёд айтди тўртда,
Беш ёшида уни берди мактабга.
Ҳусайн, Алишербек ўқиди бирга,
Ошна бўлди, жиддий, илмдай сирга.
Синфда аълочилар аталди улар,
Болалар ичида ажралиб турар.
Муаллим ҳақиқат илмин ўргатди,
Ҳақни тушунишни қаттиқ ўйлатди.
Дарслардан икки дўст эдилар рози,
Шунинг учун юксак бўлди парвози.
Устозини севган толиб Алишер,
Шоир бўлгач, битди унга боқий шеър:
"Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила".
(Ким сенга машаққат чекиб, ҳақ ва ҳақиқат йўлида бир ҳарф ўргатган бўлса, унинг ҳақини юз хазина инъом этиш билан ҳам адо эта олмайсан.)
Беш ярим аср зиёд мазкур шеър боқий,
Бундай мумтоз гап йўқ, одил-ахлоқий.
Шу ажр боис диллар севар бир-бирин,
Устоз-шогирдсиз умр бўлмасди ширин.
Шу шеърни ёд билган муаллим обод,
Шу шеърни ёд олган шогирд барҳаёт.
Муаллим шу шеърнинг шоҳи, гадоси,
Шу шеър муаллимлар қадру садоси.
"Талаш мукофотлар" кимга ҳам керак,
Кимга керак сотиб олинган "Тилак!"
Ҳақ ва ҳақиқатни севмагандан қоч,
Ундан бой, тўғри сўз — бир камбағал оч.
Етар соф муродга очин-тўқин у,
Шоир шеърларидан ичиб нур-ёғду.
Шеър-ёғду: Ҳалолни Ҳаққа узатар,
Ҳақ поклар хатосин ўзи тузатар.
Гуноҳ қилса, ногоҳ, олса "ҳайфсан".
Мутаҳамлар деса, ишга ҳайфсан.
Ўзини текширар кўп китоб ўқиб,
Шайтонга арзланмас ёлғонлар тўқиб.
Шоир ёғдулари энг тўғри жавоб,
Хилватда у билан дўстлашмоқ савоб.
У кўз ёшимиздан нур излаб топган,
У холислик билан қорани ёпган.
У холислик бахти учун курашган,
Фақат холис билан яйраб сўрашган.
Ҳолис туриб, ёвни енгган мардона,
Ёруғдир шоирнинг сўзи бор Хона!
I қисм
Шоҳ Шоҳруҳ шоҳлиги тугаб Ҳиротда,
Ором кетди, кўп йил, сокин ҳаётдан.
Темурий шаҳзодалар талашдилар тахт,
Эл азобда қолди кетди гўё бахт.
Уруш хор-зор қилгач, нонга, чироққа,
Эл билан Алишерлар кўчди Ироққа...
Карвон ярим тунда Тафтга етдилар,
Бир оз бу шаҳарда тўхтаб ўтдилар.
Эрталаб болалар ўйнаб юришиб,
Кекса бир чол билан қолди кўришиб.
Бобонур карвонни билмоқлик учун,
Савол билан Шерни синади кучин:
-Таништиринг ўзингизни,
Севиб қолдим кўзингизни,
Не савдолар тушди бошга,
Айтинг, ўғлим, сўзингизни?
-Ҳирот шоҳсиз қолди, бобожон,
Юртни душман олди, бобожон.
Тинч диёрга кетаяпмиз, биз,
Нега ёлғиз ўтирибсиз, сиз?!
Юринг, бирга кетинг биз билан,
Суҳбатлашиб юрай сиз билан.
Кўп китоблар ўқиганман, мен
Ўнлаб шеърлар тўқиганман, мен
Бўлинг менга азиз муаллим,
Менга даркор кўп сирли таълим.
Тез айтаман дадажонимга,
Ҳозир келар Сиз жаҳонимга!..
Али саволларга тез жавоб берди,
Кекса болакайни термулиб севди.
Олти ёшда эди, шунда Алишер,
Али Яздий унга кўп Офарин дер.
Бошин силаб узоқ дуо қилади,
Оллоҳдан болага илҳом тилади...
Шу пайт Шер отаси улуғлар билан,
Келиб, нуронийга, қучоқ очдилар,
Ҳурмат зиёсини сероб сочдилар.
Шунда билди, Али кекса кимлигин,
Унинг ҳузурида барча жимлигин.
"Зафарнома" тарих Унинг китоби,
У ҳаёт тарихин сўнмас офтоби.
Бу висол Алига буюк бахт эди,
Олим дуолари тожу тахт эди.
У қайта кўришди Алишер билан,
Тилда дуолару кўзда сел билан.
Карвон жўнаб кетди, у қолди ортда,
Болакай ўйлаб борар Яздийни отда.
Шароб ичган киши эди у гўё,
Таассуротлар эди Муқаддас рўё.
Алишерни Оллоҳ сақлади
II қисм
Тўрт йил ўтди, Ҳирот тинчиди аста,
Карвон йўлга тушди, яна пайваста.
Язд чўлидан борар от-улов жадал,
Тонг уйқуси босди, эл кўзларин сал.
Бир-бирин унутди, ҳатто хушёрлар,
Ким ортда, ким келар сезмай борарлар.
Худди шу уйқунинг меҳрида э, воҳ,
Алишер йўқолиб қолади Иллоҳ!
У ҳам ухлар эди оти устида,
Қўлдан чиқиб, жилов ерга тушди-да.
Қолиб кетди қумда уйқу зўридан,
У билан от қолди, тўхтаб йўлидан.
Ухларди у қаттиқ ҳеч нарса сезмай,
Карвон кетар эди олдинда тезлаб.
Садоқатли оти олдида юрар,
Ҳидлаб, уйғотишга ҳаракат қилар...
Алишер уйғониб очганда кўзин,
Қуёш қиздирарди, боланинг юзин.
Поёнсиз саҳрода турибди кўрса,
От илдизлардан оларди бўса.
Йигитча ўзини олади қўлга,
Отни миниб аста тушади йўлга.
Кун қизигандан ҳам қизий бошлади,
Бола роса чанқаб, кўзин ёшлади.
"Худо!" Деди Али айтди кўп оят,
Кўп ўтмай мақсадга етди ниҳоят.
Кўзига узоқдан нарса кўринди,
Ўзича: "Бу — Сув!" Деб жуда суйинди.
Меш тўла сув эди бу ҳақиқатдан,
У ўзига келди, оби-ҳаётдан.
"Оллоҳга шукр, ҳамду санолар", — деди
Отини суғориш ғамини еди.
Икки дўст бир-бирин ялаб тўйишди,
Гўё тун ойидай кулиб тўлишди.
Ақлу зеҳн билан тез йўлга тушдилар,
Баъзан аста, баъзан қушдай учдилар.
Ўн ёшли Шер кетиб борсин йўлида,
Оти содиқ турсин унинг қўлида.
Яратган сақласин бало-қазодан,
Нажот нурин ёғиб турсин фазодан.
Энди карвон ҳақда хабар берайлик,
Алишер оиласин ҳолин кўрайлик...
Карвон бир манзилга етишгач аста,
Барчаси бўлишгач, тўлиқ, пайваста.
Алишер кўринмай бўлдилар маҳзун,
Ота-она ўзин йўқотди бир зум.
Ғала-ғовур бўлди тўзиди барча,
У, бу дейишди-ю таскин йўқ унча
Босди оилани ташвиш — васваса,
Ота она хуноб сел бўлди роса.
Ғиёсиддин йиғлар ўзи-ўзига,
Ёшлар тўлиб — тўлиб икки кўзига
“Эй Роббим! Боламни сақлагин омон,
Унингсиз меники эмас танда жон!"
У қаттиқ йиғлаб, юборди инграб,
Эл қўшилиб йиғлар, отани тинглаб
Она ушлаб ўзин, юпатар эрин
Ботирлигин айтиб, у Алишерин
Ғиёсиддин ёрин бағрига босди,
Сўзларми деб, унга эл қулоқ осди.
Сўзлади сел бўлиб: "Туришим бекор,
Жонгинам, ёнимга ўзинг кела қол!"
Ёнига чорлади бир мулозимни:
"Топинг, олинг, — деди — менинг розимни!"
Мулозим отини чоптириб кетди,
Кўп юриб Алишер васлига етди.
Терлари қуйилди пешонасидан,
Нур порлади, терлар ҳар донасидан.
Болакайни ўпди, қучди, ҳидлади,
Оллоҳдан унга умр, нажот тилади.
Алишер йиғлади, ўпкаси тўлиб,
Қолган эди, анча, гул юзи сўлиб.
Мулозимга қаттиқ ёпишди бола,
Гўё унинг қалбига оқарди нола.
Али билан бирга йиғларди у ҳам,
Кўз ёшларда эди шодлик ва алам.
Кўз ёшдан ўзга бир гап, сўз йўқ эди,
Икки қалбни энди кўнгли тўқ эди.
Бир-бирига қараб кулиб олдилар,
Отларини миниб, йўлга солдилар.
Отлар кишнаб, чопиб равон бўлдилар,
Дўстлар минг саккиз юз жаҳон бўлдилар.
Ортда қолди саҳро — бўкирганча дев,
Дўст севсанг, ўқувчим, Алишерни сев!
У ўзбекнинг ўн ёшли ботири ўктам,
Алишери бор ўзбек жаҳонда бекам...
Ота-онасига етганда Али,
Улар эди гўё минг ёшли қари.
Ишонмади бола ҳеч кўзларига,
Улар ўхшамасди ҳеч ўзларига.
Ё фалак! Дастингдан,нима қилганинг,
Отам онам шуми улуғ билганинг?!
Мени деб кўнгли зор шунча чўкдими,
Ё уларни кимдир қаттиқ сўкдими?!
Фарзанд улар учун азизми шунча,
Мен куймабман э, воҳ, улар куйганча...
Ўйламабман улар ҳақда зарра ҳам,
Бир пулдир саҳрода мен чеккан алам.
Алишер онага отди ўзини,
Онаси тополмай қолди сўзини.
Ота-она ўғлин йиғлаб ўпдилар,
Одамлар бошини силаб ўтдилар.
Гўё Али қайта туғилди омон,
Унга доя бўлди карвон-оломон...
Алишер йил ўтиб, етгач камолга,
Азизларин битмиш назмий каломга:
"Яхши-ёмон шеърим Сизга — Онамга,
Яхши-ёмон шеърим Сизга — Отамга.
Иккингизга фидо — юрагим, бошим,
Онам — Осмон, ойим, отам қуёшим.
Ота-она ҳақда авлодга назмим,
Мендан барча-барча ёшларга таълим:
"Бошни фидо айла, ато қошиға,
Жисмни қил садқа, ано бошиға.
Кун-тунига айлағил нурпош,
Бирин ой англа, бирисин қуёш!"
Мазкур шеър тарихин билдик ўқувчим,
Шу шеър менинг қувват, юрагим кучим.
Шу шеърдан буюк шеър ёзувчи чиқмас,
Шеърни ёд олмаган у фарзанд эмас!...
Шу шеър ўзбекнинг онага меҳри,
Шу шеър отанинг оламга сеҳри.
Шу шеър олдида ҳеч — пастдир осмон ҳам,
Шу шеър олдида ҳеч — жисм ила жон ҳам!..
Бу — қўшиқ гул бу — тиканзорга
Хуросон тахтига Қосим ўтирди,
Нотинчликлар тўхтаб ҳаволар тинди.
Ғиёсиддин Сабзавор ҳокими бўлди,
Алишер мактаби бағрига тўлди.
Дарслар уни ғоят қониқтирарди,
Шеър, адабиётга чиниқтирарди.
Чиқмас эди Саъдий "Бўстон"ларидан,
Фариддин Аттор достонларидан.
Сўнгсиз иштиёқ-ла "Қуш тили"н ўқир,
Болага бу китоб "Жон суви"дай сир.
Фариддин Атторнинг "Мантиқ уттайр" ("Қуш тили") асарининг қисқача мазмуни қуйидагича экан: Бир куни қушлар жам бўлибди. Ҳар хил: тўти, қумри товус, андалиб (булбул) ва ҳоказо. Ўртада Ҳудҳуд (сассиқ-попишак) чиқибди. Бошидаги тожини селкиллатиб, ўзини таърифу тавсиф этибди. Сўнг у ҳаммани подшоҳ Семруғни излашга ундабди. Қушлар уни суриштира бошлабдилар. "Зотини, сифатини айт, бизга нишон бер!" — дейишибди улар. Ҳудҳуд ҳикоя бошлабди: Семруғ бир кеча дунёни айланиб, учиб юрар эди. Ногоҳ йўли Чин шаҳри устидан тушди. Бир силкинган эди, мамлакат нурга ғарқ бўлди. Огоҳ бўлганлар ақлу шуурини йўқотдилар. Чин мулки эса ҳашамат (улуғворликка) чулғанди.
Қушлар завқу шавқ билан йўлга тушдилар. Бироқ бу завқ-шавқ узоқ давом этмади. Қушлар эътироз билдириб, узр айтиб, ўзларини четга ола бошладилар. Ҳудҳуд қушларнинг ҳар бирига жавоб берибди: Сермуғга етиш бахти олдида бу дунёнинг ташвишлари ҳечлигини исбот этувчи бирор ҳикоя келтиради. Ҳудҳуднинг гаплари, ҳикоялари, қушларга янги бир куч бағишлайди. Улар Ҳудҳудни бошлиқ сайлаб, йўлга тушадилар. Ҳудҳуд бу йўлни Ишқ йўли эканлигини, унга кирган одам Шайх Санъон сингари ўзлигидан кечиши лозимлигини айтади. Ниҳоят, қушлар етти водийни босиб ўтадилар. Ва ҳеч қандай подшоҳ Сермуғга дуч келмайдилар. Семруғ ҳар бир инсонни ўзи эканлигини англаб етадилар. Қиссадан ҳисса шуки, Одам ўзини ким эканлигини тўла тушуниб етгандагина Яратувчисини танийди. Ва у азалий зотнинг ҳулқи билан ҳулқланадилар. Боқий дунё истиқболига етиш ҳаракатини ўн бир ёшидан бошлаган. Бахтиёр фарзандининг бу нурли бахтини, ҳатто ота-онаси ҳам тушуниб етмаган. Қушлар хаёли Алишерни одамлардан ётсирайдиган, ҳилватни ёқитирадиган қилиб қўйди. Бу ҳолдан унинг ота-онаси ташвишга тушдилар. Бола ақлидан озиб қолмасин, деган ховотир билан китобни қўлидан олиб, кўздан яширдилар. Бу фойдасиз эди. Китоб Алишерга ёд бўлиб кетган эди. "мантиқ ут-тайр" хаёли Алишерга бир умр ҳамроҳ бўлди. Умрининг интиҳосида, у "Лисон ут-тайёр" ("Қуш тили") номи билан китоб ёзди. Ўн икки ёшида отаси ўтди, Ўчириш оғирроқ бўлди бу-ўтни. Ёш Алишер шоҳдан хизмат сўради, Сабзавор, Машҳадда хизмат қилади. Ҳусайн ва Алишер бирга бўлдилар, Мактабдошлар илмга кўнгил қўйдилар. Эллик минг байт, юз минг сатр шеър ёдлади Шер, Эл:"Бу зеҳн ҳеч кимда бўлмаганди", — дер. Шеър сеҳри Алини ижодкор қилди, Шеър ҳикмат эканин, ёш туриб билди.
Етти — саккиз ёшдан шеър ёзса ҳам у,
Ўн беш ёшда порлаб, таралди ёғду.
Машҳур шоирларнинг диққатин тортди,
Шеърлари ўқилиб, обрўйи ортди.
Жазм қилиб Мавлоно Лутфийга борди,
У Алишерни хуш-ёнига олди.
Шеър ўқишни илтимос қилди севиниб,
Ва шеърин тинглади дилдан берилиб.
Лутфийни эритди Назм таъсири,
Ичида қолмади ғубори, сири.
"Бу назминг оташин ғазал бўлибди,
Маъно дури, сеҳрга,чунон тўлибди.
Мен ғазал ёзмабман Сендек мукаммал,
Маъниси оламча бўлибдур ғазал.
Валлоҳ, агар бўлса муяссар тилак,
Ўн икки минг байтимга шу ғазал юрак.
Олгин ғазалларим, шу ғазалинг бер,
Бутун вужудинг шеър экан, Алишер!..
Устозликка лойиқ кўрсанг, ўргулай,
Кел бошимни бир зум бағрингга қўяй.
Муборак қўлингда сила бошимни,
Сенга берсин Оллоҳ, улуғ ёшимни.
Сендан саксон ёшга каттаман, болам,
Сендекни кўрмади, ҳануз бу олам.
Сен шоирлар ичра танҳо қоласан,
Лутф ила жаҳонни қўлга оласан!".
Буюк устоз-шогирд-сўнмас ҳақиқат,
Устоз-шогирд каби буюкдир бу — хат.
Бу — намуна дунё тургунча халққа,
Шукр, асллар берган Азалий ҳаққа!
Лутфий лутфига сазовар ғазал ушбудир
Оразин ёпқоч, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйла ким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.
Кут бир бодому ерим гўшайи меҳроб эди,
Ғорати дин этди ногоҳ бир балолииғ кўзу қош.
Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,
Субҳнинг бот-бот дами, андоқки, айлар меҳр фош.
"Бўсае қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг",
Десам, оғзи ичра айтур, "Лаъл ҳам бир навъи тош"
Новакинг кўнглимга киргач, жон талашмоқ бу экин,
Ким, қимур пайконини кўнглим била жоним талош.
Умри жовид истасанг, фард ўлки, бўстон хизридур,
Сарвким, даъб айлади озодалиғ бирла маош.
Қоши олинда Навоий берса жон айб этмангиз,
Гар будур меҳроб бир-бири қўйғусидур барча бош.
("Ғаройиб ус-сиғар", 249-ғазал)
Энг машҳур ғазалларидан бўлмиш бу асар Навоийнинг йигитлик даври лирикасига мансуб. Навоий шуносликда эътироф этилишича, ғазал шоирнинг ўн тўрт, ўн беш ёшларидаги ижоди маҳсулидир. Ғазал машҳурлигини тушуниш, нафсга ором бериш баҳоли қудрат уни ғайрат, илҳом билан ижод қилиб кўрамиз. Юзингни ёпиб олсанг, кўзимдан ҳар лаҳза ёш сочилади. (Йиғлайман.) Гўёки, қуёш яшириниб олиши (ботиши) билан юлдузлар пайдо бўлгани каби. Масжид бурчагида (ўтириб) неъматларингдан ҳузур қилаётган эдим, Ногоҳ эътиқодим — иймонимни сўндириш қасдкори (мажоз — харидор) пайдо бўлди.Қасдкорга қарши узулуксиз оҳим, ишқимни ошкора этди. Гувоҳим тонгнинг ҳар лаҳзаси кўнгил дардини очиқ-ойдин ошкор этиб турибди. Кўнгли жуда ҳам қаттиқ-ки, ҳоҳишимга мардлик қилиб, бўйин сунгиси келмайди. Мажоз дерлар: "Лаълнинг ҳам бир тури тошдир. Бағри тош мажоз кипригини жонимга ўқ қилиб отди. Кўнглим шуъласида ёниб адо бўлмоқчи эди. Ким ҳам журъат эта оларди, жонимдаги муҳаббатни тортиб олишга. Умрни абадий ўзгармасдан қолишини истайман. Йўл кўрсатувчи бўстонида ёлғизникни ихтиёр қилдим. Ҳақ деб, жон берсам айб этмангиз, бу ҳузур агар мажозларга (ошиқу машуқларга) насиб этадиган бўлса, барчаси Навоий бахти каби бахтга (Ҳолатга, аҳволга) мушарраф бўладилар. 14-15 ёшдаги шоирнинг дили билан тили абадий барқарорликка жипслашиб, назмиятга кўчканлиги, бу илоҳий қувват, шафоат, нажот булоғи Лутфийда бўлмаганлигини тан олиши, ҳайратга тушиши бежиз" эмас эди. Шундай экан, мажозий шиқни поклик, фақат поклик роҳати билан илоҳий ишққа олиб чиқиш Навоийга насиб қилганлиги билан ўзбек халқи нечоғли бахтли, бахтиёрдирлар.
(ДИҚҚАТ! Бу ердан китобнинг бошланиши жой олган)
Тўла матнни Word форматида шу ерда очишингиз мумкин
© Малика Комил қизи, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган
Количество просмотров: 5025 |