Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Поэзия / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Мўйдинжон ҳожи Абдумажидов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 21 декабр 2009 йил.

Мўйдинжон ҳожи АБДУМАЖИДОВ

Кечиккан муҳаббат

(Китобдан парча)

Мазкур китобда муаллифнинг турли йилларда назм ва насрда ёзилган ижод намуналари жамланган. Уларда меҳр-оқибат, эзгулик, муҳаббат ва садоқат, ҳаётда яхшиликка интилиб яшаш, шунингдек қатор юксак инсоний фазилатлар қаламга олинган.

--------------------------------------------------------

В данной книге собраны избранные поэтические и прозаические произведения автора. В них воспеваются самые гуманные человеческие качества: сочувствие, взаимопонимание, добродушие, любовь и преданность.

Мўйдинжон ҳожи Абдумажидов. Кечиккан муҳаббат. – Ўш: «Андижон нашриёт матбаа ОАЖ», 2007.

ISBN 978-99-43-331-03-7

 

ШЕЪРЛАР

 

НАВРЎЗ ТОНГИ 

Не тонглар умримга бўлганди ҳамдам,
Фарахбахш кунларни унутмам ҳеч дам.
Оқ тонглар мен учун азиз, муҳтарам 
Лекин бу тонг ўзга тонг, ўзга субҳидам,
Юртимга келибсан, Наврўзи олам!

Янги тонг, янги кун, дўстлар урди жом,
Уйғонди деҳқоним, зимистон тамом.
Гина йўқ, дўст-ёрга айтинг «Ассалом»,
Ясаниб, кўркланиб, ўзинг эт кўз-кўз,
Олатоғ юртимни безаган Наврўз!

Ариқлар лабида сабзадан учуқ,
Ям-яшил поёндоз – гиламдан улуғ.
Қуёшга талпинар қадалган уруғ,
Сен билан келгандир элимга ризқ-рўз.
Қадаминг муборак, йил боши – Наврўз!

Бу тонгда ўзгача қизлар жамоли, 
Юракни ром этар қадди-камоли.
Бўлибсиз гўзаллар, бунча иболи,
Сиз борки, йўқ бизда сира андуҳ, ғам.
Сиз борки, файзлидир Наврўзи олам!

Бу тонгда янгидир умрим дафтари, 
Бир қадам ташладик улуғлик сари.
Сен улуғ байрамсан ҳалқимнинг ори, 
Кел, Наврўзим, ҳадя эт сурур.
Аллоҳга айтамиз минг бора шукур.

 

ИЛТИЖО 

Қўшни қиз кўрсатди бўй,
Сарвқомат, зап хушрўй.
Васлингга зорларингга, 
Бир қайрилиб қараб қўй.

Гул юзингда ой балқир,
Қаро кўзда нур қалқир,
Этиб ўзингни зоҳир,
Бир қайрилиб қараб қўй.

Васлинг чулғар хаёлим,
Сен-ла кулар иқболим.
Гулдек нозик ниҳолим,
Бир қайрилиб қараб қўй.

Кўз ўйнатар пардозинг,
Мунча ҳам ширин нозинг? 
Топмадим ҳеч қиёсинг, 
Бир қайрилиб қараб қўй.

Хуснингга мафтунингман,
Ишқингда Мажнунингман, 
Бил, мангу тутқунингман,
Бир қайрилиб қараб қўй.

Сени севмоқ азобми,
Ё ошиғинг серобми? 
Очиқ айтиб бор гапни,
Бир қайрилиб қараб қўй.

 

АРОҚ ИЧМАГИН, ЎҒЛИМ 

Тилагим, юрак чўғим,
Билдирмас ўзинг йўғим,
Битта ўтинч, сўроғим,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Топганинг хазон бўлар,
Дўстларинг нодон бўлар,
Аҳволинг ёмон бўлар,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Қолмас зарра обрўйинг,
Сарғаяди ранг-рўйинг,
Икки бўлсин бир тўнинг,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Чин дўстлар ҳижолатда,
Ғанимлар фароғатда, 
Қолмай десанг ғафлатда,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Сўзим олгин чин дўстман,
Ичирганни бил душман, 
Қилма охир минг пушмон,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Кўпаяр дард, касалинг,
Ишдан чиқар асабинг,
Завол топар насабинг,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Бўлсин десанг танам соғ,
Алпомишдай кучим тоғ,
Ота-онам кўнгли чоғ,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

Чектириб оҳу нола,
Юракни этма пора,
Қолмайин топмай чора, 
Ароқ ичмагин, ўғлим. 
Сендан қолмасин кўнглим.

Кўргилик боши – ўша,
Аччиқ кўз ёши – ўша,
Сирлари фоши – ўша,
Ароқ ичмагин, ўғлим. 
Сендан қолмасин кўнглим.

Бўлай десанг чин инсон,
Топай десанг обрў, шон,
Кетмай десанг беимон,
Ароқ ичмагин, ўғлим. 
Сендан қолмасин кўнглим.

Падар айтар насиҳат,
Бил уни зардан қиммат,
Чин инсон эрсанг, минбаъд,
Ароқ ичмагин, ўғлим.
Сендан қолмасин кўнглим.

 

ҒОВАГА САЁҲАТ 

Ғова тушиб ардоққа,
Отландик бир кўрмоққа,
Шоҳбекатда айтишди: 
«Автобус йўқ у ёққа».

Беҳад оғир йўналиш,
«Шахсий»лар қатнар эмиш.
Санжоб бўлди йўловчи,
Терилгандек худди ғишт.

Юрдик эгри йўллардан,
Кечдик кўлмак, кўллардан,
Бел, оёқлар толиқиб,
Дармон кетди қўллардан.

Етиб келдик ниҳоят,
Дўст Иброҳим шод ғоят,
Сулув қиздай ўзини 
Кўз — кўзлайди табиат.

Бойвоштоғнинг нақд пойи,
Мафтункордир чиройи.
Жилғаларга жар солиб,
Оқар шўх Ғовасойи.

Сойнинг икки соҳилин,
Макон этиб паст — қирин,
Қирғиз — ўзбек ардоқлаб
Яшаб келар бир— бирин.

Билишар паст — баландин,
Кечиб роҳати жондин.
Тоғ бағрини боғ этар,
Бахтин ўйлаб фарзандин.

Улови эшак, оти,
Тоғликнинг қўш қаноти,
Паст — баландга юк ташир,
Енгилдир мушкулоти.

Авайлашар ўрмонни,
Тикиб гаровга жонни.
Минг хил нозу неъматлар
Безайди дастурхонни.

Яхшилар ишлар жўшиб,
Ўрмонга ўрмон қўшиб.
Сўлим боғ, экинзордан
Кўз қувонар қамашиб.

Лек бор экан муаммо,
Ечими топмас адо.
Истаб — истамай «бийлар»
Ишга боқар бепарво.

Ўйлаб рўзғор ташвишин,
Қатнар бозор ёз — қишин.
Озми — кўпми юк олиб,
Кўринг мошин кутишин.

Кимдир асал ё ёнғоқ,
Биров қуртобми, сарёғ –
Олиб бозор боргани,
Автобус кутар муштоқ.

Ювиб кетган сел, ёмғир,
Сирпанчиқ, ўнқир — чўнқир.
Тиқилинч автобусда 
Жисму жонинг суратдир.

Ғова қишлоқ йўлида,
Ингичкасой белида
«Пулсирот» кўприги бор,
Ўтган жони кўлида.

Ораладик ўрмонни,
Аҳвол ранжитар бизни.
«Бомба» тушган чуқурдан
Тингладик бир нидони:

«Баъзи бир ноинсофлар,
Ниқобланган жаноблар,
Ўтин ҳам хуржин ташиб,
Ўрмон бойлигин талар.

Шоли бўлмас курмаксиз,
Бор одамлар юраксиз.
Табиатни хўрлаган
Яшайди келажаксиз.

Элу юртга муҳаббат –
Қўйган топар саодат.
Ким табиат қотили –
Чекар бир кун надомат.

Ҳаёт — кураш, машаққат,
Роҳат келмас бемеҳнат.
Дош берган азобларга,
Ғоваликка минг раҳмат.

 

МУАЛЛИМ

Ҳаётда азизу аъло муаллим,
Ҳаммадан билимдон, доно муаллим,
Кўп қалбга бахш этган зиё муаллим,
Таърифингиз айтиб тугатиб бўлмас,
Маърифат бобида танҳо муаллим.

       Жажжи қўлга қалам тутқазган илк бор,
       Қалбларга эзгулик сингдирган илк бор,
       Камолат чўққида етказган илк бор,
       Тафаккур устунин тиклаган илк бор,
       Каломи бебаҳо, тилло муаллим.

Камтарин, камсуқум, юрмас гердайиб,
Ўқи дер гоҳ суюб, гоҳи хўмрайиб,
Сабоқда оқсаса куйинар койиб, 
Орзуси — чин инсон бўлсин улғайиб,
Ҳар сўзи бир жаҳон маъно муаллим.

       Туйғуга чулғовчи маъноли сўзлар,
       Билимда бургутдек чўққини кўзлар,
       Тунлари ижодда янгилик излар,
       Ҳам деҳқон тиним йўқ баҳор, ёз, кузлар.
       Жонсарак, хар ишда фидо муаллим.

Таълимда фидойи не — не устозлар,
Сабоғи мухтасар, ёниқ овозлар,
Шогирдлар изидан қадамин ростлар,
Мўътабар касбини эл— юрт эъзозлар,
Бир олам таҳсинлар раво муаллим.

       Биринчи сентябр. Чеҳралар ёруғ,
       Орзуманд кўнгиллар ҳавасга тўлиқ.
       Дилларда эртанинг ўйлари улуғ,
       Билимлар байраминг муборак, кутлуғ!
       Тилагим рўшнолик бўлсин сизга муаллим,
       Сиз борки, бу дунё файзли муаллим.

 

ОНАЖОН

(Онам Буҳажалхонга багишлайман)

Эллик йилки, она, сизни кўрмайман,
Тўрда сурат, қараб асло тўймайман, 
Ҳар намозда дуони ҳеч қўймайман,
Ўлим ҳақ деб бошин эгган, онажон,
Ўғил-қизим ёшин тўккан онажон.

Давосиз дард ҳолингизни олдими? 
Азоблардан жисму жон ҳам толдими?
Табиблар ҳам шифо топмай қолдими? 
Қирққа тўлмай боқий бўлган, онажон! 
Қаро ерни макон қилган, онажон!

Мурғак чоғдан қалб меҳрини қўйгансиз,
Бетоб бўлсам, иситмамдан куйгансиз,
Ширин-ширин орзуларни туйгансиз,
Сизсиз юрак тўлиб кетди, онажон! 
Соғинчлардан қалбим куйди, онажон!

Тунлар бедор алла айтиб толгансиз,
Гоҳи суюб, ўпиб-ўпиб қолгансиз,
Бошим силаб, умрим тилаб қолган сиз,
Меҳр тўла кўзлар қани, онажон? 
Эркалатган сўзлар қани, онажон?

Бола эдик ташвиш, ғамни билмасдик,
Гоҳ шўх бўлиб гапингизга кирмасдик,
Қарғаб, сўкиб урганингиз кўрмасдик,
Ўғлим дея гирён бўлган, онажон! 
Юрагимга армон бўлган онажон!

Келин олиб, неваралар кўрсангиз,
Тўй-тўкинга ўзингиз бош турсангиз,
Бўлмасмиди буви бўлиб юрсангиз,
Бу кунларни кўролмаган, онажон! 
Давру даврон суролмаган онажон!

Эллик йилки, нолам учар фалакка,
Етолмади онам орзу-тилакка,
Фарзанд учун ўчмас доғдир юракка,
Армонлари осмон қадар, онажон!
Ўзи билан олиб кетган, онажон!

Яна баҳор, замин кўкка бурканар,
Юртга қайтар қалдирғочлар, турналар,
Қабрингизда алвон гуллар турланар,
Ўша гуллар сиз ўзингиз, онажон!
Қизғалдоқлар юзингиздир, онажон!

Эллик йилки, волидамни кўрмайман,
Тўрда сурат, қараб асло тўймайман,
Ҳар намозда дуони ҳеч қўрмайман,
Бу кунларни кўролмаган, онажон! 
Давру даврон суролмаган, онажон!

 

ҚАЛДИРҒОЧ 

Сен баҳор элчисисан,
Кўкламнинг куйчисисан.
Яйраб самоларни қучасан,
Ўткир нигоҳ, қора соч,
Қалдирғочим, қалдирғоч.
Айвон, шипга ин қурдинг,
Бизни яқин дўст кўрдинг,
Болам деб жавлон урдинг,
Бўлсанг ҳамки тўқ ва оч,
Қалдирғочим, қалдирғоч.
Қувнаб-қувнаб қарайман,
Сайрашингдан яйрайман,
Кетма биздан, сўрайман,
Сўзлашамиз бетилмоч,
Қалдирғочим, қалдирғоч,
Миттисан-у, журъат кўп,
Ғайратингда суръат кўп,
Кўрсатасан ибрат хўп,
Қанотлари оламоч, 
Қалдирғочим, қалдирғоч.

 

КАПАЛАК 

Гулзорим кўрки, чиройи,
Қўринишинг киройи,
Ўйноқлайсан ҳавойи,
Мунча жонинг, айт, ҳалак.
Капалагим, капалак.

Қанотлари камалак,
Боқасан сезгир, зийрак.
Курайлик суҳбат андак,
Этма мени кўп ҳалак.
Капалагим, капалак.

Қанотларинг қоқасан,
Гулдан-гулга қўнасан.
Дам ўтмайин учасан,
Тиним билмас, жонсарак,
Капалагим, капалак.

Айтгин, нени излайсан,
Қай манзилни кўзлайсан.
Қувонасан ё бўзлайсан,
Нега жонинг кўп ҳалак? 
Капалагим, капалак.

 

© Мўйдинжон ҳожи Абдумажидов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган

 


Количество просмотров: 2729