Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Қўлдош Мирзо, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 16 декабр 2009 йил.

Кульдаш Мырза

Ойдин тундаги шарпалар

(Қиссадан парча)

Қиссада кутилмаган фалокат оқибатида қамоққа тушиб қолган троллейбус хайдовчисининг аччиқ қисматидан хикоя қилиниб, у ерда асар қахрамони ёзувчи, дин уламоси ва бошқа касб эгалари билан танишиб қолади. Муаллиф уларнинг ўзаро сухбатлари орқали хар бирининг тақдирини мохирлик билан очиб бера олган. Воқеалар совет даврида юз беради.

-------------------------------------------------------------------------------------

Повесть «Ойдин тундаги шарпалар» («Призраки при лунном свете») повествует о судьбе водителя троллейбуса, который из-за несчастного случая попадает в тюрьму, где знакомится с известным писателем, религиозным деятелем и другими людьми разных профессий, которые в советское время были незаконно осуждены.

Издано в Оше в 2009 году

 

«Мўминлик даъво қилгувчи бандаларга бу дунёда турли офатларни юбориб, 
уларни кўрикдан ўтказиб синаш Оллоҳ таолонинг одатидир».
Алихонтура Соғуний

 

ТАВАЛЛО

Зулмат зада қилди мени, эзиб ташлади. Қачон тонг отади, қачон тонг отар?! Тўлғонаман, кезинаман ҳар ён сарсари. Йўл топа олмайман ўзимга. Аламдан тутайман. Тутай — тутай ўзим ҳам қорайиб бораман зулмат тусига кириб.

Атрофга боқаман илинж ила мустар. Кимса ва нарсалар зулмат кўйнида элас — элас кўринар эски ва хира суратдай. Водариғ. Водариғ. Иложсиз қолиб кўкка боқаман. Хайриятки, унда бағри куйик Ой бор. Ой — момом менинг. Момо, сен кўкдасан, суратга айлангансан; тилинг лол, кўнгли — кўксинг камтик.

Хайриятки, юлдузлар, сиз борсиз: бирингиз ёрқину бирингиз хира, бирингиз яқину бирингиз олис. Лолсиз, фақат им қоқасиз, холос. Водариғ…

Яхшиямки, сиз бор экансиз, бағри камтик Ой-момо Тўмарис, Бибихоним… О, Шарқ юлдузлари – Ал-Хоразмий, Ал-Форобий, Ал-Беруний, Ал… ал — абад милтирайсиз зулмат узра. Бироқ жуда олисда. Водариғ…

 

ФАЛОКАТ ОЁҚ ОСТИДА

«Ҳамма нарсани билсанг-у, бирор нарсани ўзгартишга курбинг етмаса!»
Радий Фиш

 

Соқчи еталовида узун ва тор йўлакдан келар экан, Ҳубиллоҳ каталакдек — каталакдек қатор икки қаватли картларнинг устунларига урилиб кетишдан авайсинади. Авайсинган сари оёқлари маст одамникидай майишиб кетади. Қўлидаги халтасини бир — икки марта картга уриб олди, елкаси билан устунга туртинишига оз қолди. «Яна қанча юрамизикин?» — деган ғашлик саволи миясида туғилиши билан соқчи тўхтади.

— Машу шоҳона чорпоя сенга, йигит, — деди у ўнг кўлдаги картга ўнг туриб. Тақасимон мўйловли ўрта яшар соқчи бошини кўтариб, қаергадир тепага нотайин боққанича давом этди: — Уйинг – шу ер, билдингми. Бу – яхши чорпоя. Бунда ётган одам тезда озод бўлиб кетади. Сендан бурунги эгаси бир ярим йил ҳам ўтиргани йўқ. Чиқиб кетди. – Соқчи ҳамон Ҳубиллоҳнинг юзига қарамас, ўнг қўли билан чап елкасидаги милтиқнинг милини чангаллаб олган ҳолда гапирар эди. – Худо хоҳласа, сен ҳам тезда озод бўлиб кетасан.

Ҳубиллоҳ, икки қўлида икки халта, нима дейишини билмай каловланиб турар эди.

— Нарсаларингни қўй. Мови тумбочкага жойлаб ол.

Ҳубиллоҳ, шундан кейингина, кўлидаги юкларини ерга қўйди. Соқчи ҳамон унинг юзига қарамас, кўзларини ундан олиб қочар эди.

— Яхши бригадага тушдинг. Мулла акага ўзим айтиб кўяман, танишиб оласан.

— Раҳмат, — деди Ҳубиллоҳ ҳисли овоз билан. Соқчи узун ва тор йўлак бўйлаб орқасига қайтди.

Ҳубилоҳ, нима қилишини билмай, гарангсиб жойида узоқ турди. Ўй — мулоҳазалар билан банд бўлгувчи мияси ҳозир тўнғиб қолгандек эди.

Ниҳоят, ўзига келди. Картга ўтирди. Мана энди у қамоқхонада. Қаердадир қайсидир адлия ходими назоратчига қоғоз тутқизиб, «Еттинчи маҳбуслар бўлими» га жойланг дегани эсида. Мияси фикрлай бошлади: «Шу еттинчи бўлиммикин? Унинг жиноятини ижтимоий жиноят деб аташди. Яна қандай жиноятлар бўлиши мумки? Ҳа, «сиёсий маҳбус» деб эшитган-ку. Тўғри, жиноятлар ҳар хил бўлади — да. Боя бинонинг кираверишида унинг пештоқидаги «4 — камера» деган ёзувга кўзи тушган эди. Камераси шу эканми? — Ҳубиллоҳ қизиқиш ва айни пайтда истиҳола билан атрофга аланглай бошлади. Ҳаммаси бир хилда, каталакдек сўкачлар. Уларнинг бир монига тўшак-ёстиқлар турмаклаб қўйилган.

«Ахлоқ тузатиш лагери» деб эшитар эди. Ахлоқ тузатиш лагери шу экан — да. Буни қарангки, у жиноят қилиб, маҳбус бўлиб ўтирибди-я… Бояги навбатчи посбон «Мулла акага ўзим айтиб қўяман» дедими, «Мулла ака ким бўлди? Бу ернинг ўз мулласи бормикин?»

Бирдан унинг кўз ўнгида онасининг охирги хайрлашув пайтидаги қиёфаси гавдаланди. Шўрли онаси ўзини ниҳоятда қўлга олишга ҳаракат қилди. Оҳ-воҳ қилмасликка, ўзини босишга уринди. Икки кўзи жиққа ёшга тўлган, Ҳубиллоҳнинг бўйнига солинган қўллари титрар эди.

— Эгамнинг ўзига омонатга топширдим, — деди у, — Ўзингни эҳтиёт қил, болам. Бошинг тошдан бўлсин. Ёлгиз бошинг омон бўлса бўлди менга.

Ҳар ҳолда, ёмон бўлди-да. Уйланган бўлса ҳам, майли эди. Жони омон бўлса, уч йил юради бу ерда. Худо насиб қилиб, уч йилдан кейин чиқса, йигирма етти ёшга кирган бўлади. Йигирма еттига кирса, нима қипти? Ўттиз эмас-ку. Ўша вақтда уйланса ҳам бўлаверади-да. Бўлаверади-ку, унга бировнинг қиз бериши-чи. Қамалган йигит дейишади-да. Отасига тортди дейишади.

Маҳалла-кўйда отаси ҳақидаги гап-сўзлар энди тўхтаган эди. Отасининг мачит имоми билан қилган жанжали эл ўртасида энди унутилган эди. Ўзини билмаган одамларнинг унинг тўғрисида отасига тортди дейишлари турган гап. Отаси Акбар ака ёмон одаммиди? Йўқ, Ҳубиллоҳ отасини жуда яхши эслайди. Унинг ўнги-тусинию феъли-атворини беш қўлдай билади. Соддадил, ростгўй ва бир оз куюнчак одам эди. Кечагина «коммунистман» деб, партия билетини рўкач қилиб кун ўткизаётганлар бирданига бир юз саксон градусга бурилишиб, мачитга қатнаб намоз ўқий бошладилар. Бундан энсаси қотиб юрган Акбар акани ҳам мачитга боришга, намоз ўқишга даъват қилдилар. Бу хил даъват бир эмас, бир неча марта бўлди. Улар бўй бермаган Акбар акани яккалай бошладилар. Бу ҳолда ичи зардобга тўлиб юрган Акбар ака бир издиҳомда:

— Қўшнисининг қизини йўлдан уриб, туғдириб қўйган имомингларга мен иқтидо қиламанми? — дейди.-Худонинг уйи-мачитни булғаган, унинг меҳробини эгаллаган ифлосга эргашаманми, унга тақлид қилиб намоз ўқийманми?

Хубиллоҳ шу бугун бўлган воқеадек жуда яхши эслайди: ҳақиқатан мачитнинг имоми қўшнисининг «ўтириб қолган» қизини йўлдан уриб тиғдириб қўяди. Бундан хабар топган вилоят газетаси таҳририяти воқеани тафтиш қилиш учун мачитга мухбир жўнатади. Тўрт болали имом бу ножўя ишини «савоб учун қилдим», — дея ўзини кулгили ҳолда оқламоқчи бўлади. Газетада бу тўғрида ҳикоя қилувчи катта фелетон чиқиб, маҳалладагина эмас, балки бутун шаҳарда дув-дув гап бўлган эди. Имом болали бўлиб қолган қўшни қизни буваги билан аллақаерга олиб бориб яширган эди.

Акбар ака ўз жавобида мана шунга шамъа қилган эди. Бу гап оғизма-оғиз ўтиб имомнинг қулоғига ҳам етиб боради. У Акбар акага нисбатан зид бўлиб, кек сақлаб юради ва бир гал унга рўпара келганида:

— Сиз худо бехабар одамсиз, ҳайкалга сиғинасиз. Мачитга бормай, ҳайкалингизга сиғинаверинг, — дейди. Акбар ака аллақайси жойда қўпориб ташланган ва хўрланган Лениннинг ҳайкалини уйига олиб келиб қўйган эди.

Бу таъна-дашном учун Акбар ака имомга қўл кўтаради. Имом ўз атрофидаги хушомадгўйларини гувоҳликка тортиб, уни қаматиб юборади. Виждонли ва қизиққон, аччиғи тез одам ахлоқ тузатиш лагерида ҳам шу хилда харакат қилса керакки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, у ердан Акбар аканинг нобуд бўлганлиги ҳақида қора хат келади…

Ҳубиллоҳ шу хил ўйлар исканжасида эзилиб ўтирган эди, қаердадир сўкчак ғижирлади ва йўлакда бир қимса пайдо бўлди. У бир-бир босиб келиб, Ҳубиллоҳнинг олдида тўхтади.

— Келинг, — дея қўл узатди. -Ошиёни олийга сиз ҳам тушибсиз-да.

— Шундай бўп қолди, — жавоб берди Ҳубиллоҳ ва руҳий изтиробдан бўғилаётган томоғини бўшатиш учун ўзини зўрлаб устма-уст йўталди.

— Мазам қочиб қопти бугун, — маҳбус ўз аҳволини шарҳлаб, йўлида давом этди. Унинг башарасида дафъатан йигитнинг эътиборини тортган нарса – танқайган бурни, унинг катаклари бўлди.

Ҳубиллоҳ «Бошқалар қани?» деб сўрамоқчи бўлди-ю, андишага бориб ўзини тийди. Қоматини тик тутиб ғоздек гердайиб бораётган маҳбуснинг орқасидан: «Туппа-тузук одамга ўхшайди, — мушоҳада қилди у. – Оғриб қопти-да. Оғриса… озодликдаги сингари ишга чиқмай тўшакда ётар экан-ку. Бошқа, («маҳбуслар» дейишга тили бормади), бошқалар қаердайкин? Ишда бўлишса керак— да. Ишлашади-да… Бу ерда менга ўхшаб тасодиф туфайли тушганлар ҳам бўлса керак.

Иш вақтидаги кичкина эҳтиётсизлик Ҳубиллоҳни бу ерга олиб келди. Мол ҳаром ўлса, эгаси сабабчи дейишади. Бир сафарги техника хавфсизлигига амал қилмаслик фалокатга сабаб бўлди. Троллейбус ғилдираклари йўлнинг ўнқир— чўнқирига тушганда, унинг қўшалоқ симни силаб бораётган қўлларининг бири линиядан чиқиб кетди. Улов тўхтади. Ҳубиллоҳ туша солиб, троллейбус қўлларининг жилови бўлган арқонни илаштирилган жойидан ечиб олди-да, унинг воситасида чиқиб кетган дастакни симга тўғрилади. Троллейбус туйқус жойидан жилиб кетди. Арқон қўлдан чиқди. Троллейбуснинг мотори ўчирмаганлигини Ҳубуллоҳ дарров англади-да, унинг орқасидан югурди. Чуваланиб бораётган арқонни қўлга киритгунча, уловнинг ўнг томондаги ғилдираклари йўл четидаги ариққа тушди. Қарсиллаш овози эшитилди. Троллейбус нимагадир бориб урилди, чоғи. Унинг ичидаги йўловчилар қий-чув кўтаришди. Ҳубуллоҳ троллейбусга чиқиб кўрдики, кимнингдир боши ёрилган, кимдир йиқилган, ўрнидан туришга уринар эди. Оҳ — воҳларнинг эса ҳисоби йўқ эди.

Ҳубуллоҳ ҳақиқатан хато қилди, фалокат содир бўлди. Бундан ҳам моддий зарар кўрилди, ҳам одамлар жароҳатландилар. Алқисса, у қамоқҳонага тушди.

Ҳубиллоҳ одамгарчилик юзасидан бетоб маҳбуснинг олдига боришни лозим топди. У билан ҳасратлашиб ўтирди. Гап орасида, албатта, ўзининг бу ерга қандай келиб қолганлиги тўғрисида ҳам ҳикоя қилиб берди.

 

МЕҲР НУРЛАРИ

«У ўзга одамсиз ўзини билмайди ҳам, зеро, жамоат вакили
бўлмиш инсон ўзлигини ўзгалар воситасида шоён этади».

Радий Фиш

 

Ҳубиллоҳ қамоқхона ҳаёти кун тартиби ва искартига ўрганиб, хийла кўникиб қолди. 4 — камера маҳбуслари ғишт заводида ишлашади. Завод 7 — маҳбуслар бўлимининг шундоққина ёнбошида. Улар тўп бўлиб заводга чиқишади-да, Мулла ака бошчилигида меҳнат қилишади. Иш вақтининг ўртасида бир соатлик танаффус берилади. Тушлик овқатланиш ҳам шу танаффус вақтида бўлади. Иш вақти уч сменага тақсимланган. Биринчи ва иккинчи сменаларнинг вақти одатдаги турмуш тарзига тўғри келаверади. Лекин учинчи сменада одам қийналади. Тун яримида, одам қизғин даҳага кетган вақтда уйқуни ҳаром қилиб ўриндан туриш керак. Ишга чиқасан -у, иш ишдай бўлмайди: миянг карахт, бутун вужудиннг карахт. Қўлинг ишга бормайди. Ярим мудроқ ҳолда тимирскиланиб ишлайсан.

4 — камера маҳбуслари асосан хумдонда пишиб чиққан ғиштларни олиб, замбарларга теришади ва улов воситаларига юклайди. Хумдондан янги чиққан ғишт иссиқ бўлиб, ўзидан кучли ҳарорат чиқаради. Кеч куз мавсуми бўлгани учун бу ҳол хуш ёқиб, хорғин жисму жонингни бадтар элитади…

Ҳа, айтгандай, худодан айланайки, Ҳубиллоҳ 4 — камерага тушди. Унинг бригадири Мулла ака олижаноб одам экан. Афти-ангори ҳам ғалати, тутмишлари ҳам. Биринчи белгиси – одамнинг юзига очиқ юз билан рўйи рост қарайди. Чеҳрасининг ажин тўри босмаган жойи йўқ. Кўзлари болаларга хос масъум боқади. Улар оддий кўз-у, аммо осмондай тубсиз, бепоён. Туйғун ва жонсараклигиданми, бўйи-бастига нисбатан бўйни узунроқ. Ҳеч кимга ҳеч қачон иш буюрмайди, каттаю кичикка илтимос – истак оҳангида гапиради. Ёзувчи эмиш, асли исми шарифи Ҳусни Камол экан, лекин бу ерда уни ҳамма – қамоқхона амалдорларидан бошлаб маҳбусларгача «Мулла ака» дейишади. Бу исмни унга Мўйлов посбон қўйиб берган экан. Навбатчи посбон Ҳусни Камолни бошлаб келганда:

— Мана, Мулла акани опкелдим, — деган экан. Шу билан ҳамма Ҳусни Камолни «Мулла ака» дейдиган бўпти. Мўйлов посбон эса ўша — Ҳубиллоҳни камерага олиб кириб қўйган навбатчи соқчи. Тақасимон мўйловига қараб маҳбуслар уни «Мўйлов посбон» дейишар экан. Ҳубиллоҳ шундай ёзувчи борлигини эшитган эди— ю, бироқ, афсуски, унинг бирорта китобини ўқимаган экан, Умуман, Ҳубиллоҳ жуда кам китоб ўқиган.

Биринчи сменада ишлаб келган Ҳубиллоҳ ўзининг 21-сонли картида қамоқҳонада ўткизаётган кунлари юзасидан ўзига ўзи ҳисобот бериб ётар эди. Муҳиб қори бўлса картида ўтирган ҳолда намоз ўқияпти. Қўлларини очиб узоқ дуо қилди. Ҳубиллоҳ унинг нима деб дуо қилишини билади, дуоларини кўп эшитган. «Подшонинг ғазабидан, золимнинг зулмидан асрагин. Шу зиндондан тезроқ аритгин», — дейди. Ҳубиллоҳ ҳам унинг дуоларига қўшилиб, юзига қўлларини сурди. Қори аканинг ҳафсала ва ихлосига тан беради: намозини ҳеч канда қилмайди. Лекин одамовий экан, ҳеч ким билан гаплашмайди; писмиқроқ одам.

— Ғайрат қайтовул жондан безор қип ташлади, Мулла ака. Яна тирғилиб зўравонлик қиляпти, — кимдир Мулла акага мурожат қилар эди. Гапираётган одам нариги камерадан шекилли, Ғайрат қайтовул ўша камерада— да. Бу ерда қамоқхонага такрор тушганларни «қайтовул» дейишади, отига шуни қўшиб айтишади.

Ҳубиллоҳнинг кўзи илинаётган экан, Мулла аканинг ғазабкор товушидан уйғониб кетди:

— Ўзи ким, қаерда ўтирибди-ю, бунинг қилиғини қаранг. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига деганлари шу— да. Зўравонлик қипти, қўшнисига: «Иссиқ сув опкелиб, оёғимни ювиб кўясан», — дебди. Қўшниси бечораниям жонидан ўтиб кетган-да. «Заводда сенинг ишингни қилаётганим ҳам етар, оёғингни ювмайман», — дебди, орияти қўзғалиб.

Бир-икки нафар камерадошлар Мулла аканинг олдига ўтишди.

— Бу ерда тенглик йўқ— ку, — Мулла ака ғудранди. — Ҳаммамиз бир хил жойда ётиб-турсак, бир хилда овқатлансак… Тавба! Тенглик, ахир, худонинг хоҳиш— иродаси-у. «Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишларидек баробардур» дейилган ҳадиси шарифда. Худонинг қошида шоҳ ҳам, гадо ҳам бир хил – бани Одам. У юборган пайғамбарларнинг барчаси одамлар ўртасидаги тенглик учун курашганлар: Нуҳ алайҳиссалом ҳам, Исо ҳам, бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам…

Мулла ака куйиниб узоқ гапирди.

Ҳубиллоҳ, бу ерга тушгунча, қамоқхона ва маҳбуслар хусусида бошқача фикрда эди. Маҳбусларнинг кўпчилиги ҳақиқий жиноятчи эмас, беихтиёр жиноятчи бўлиб қолганлар, тасодифий воқеа туфайли бу ерга тушганлар. Ҳақиқий жиноятчилар эса ташқарида, озодликда юришганини Ҳубиллоҳ энди биляпти. Зеро, улар бу ерга тушмасликнинг эҳтиёт чорасини, йўлини биладилар, агар улар тегишли жазоларини олганларида, кишилар орасида жиноятчилар камайган бўлмасмиди? Ваҳоланки, порахўрлар, золимлар, қотиллар, товламачилар, бировнинг жуфти ҳалолига кўз олайтирувчи кундан— кунга кўпайиб боряптилар.

«Қайтовул» ларни чинакам жиноятчилар деса бўлади. Уларнинг феъли — атвори бутунлай бўлакча. Бу ерда улар ўзларини ўз уйидагидек эркин ҳис қиладилар. Улар учун одам – икки пул, ор -номус – йўқ нарса. Бу дуне – зўрлик — зўравонлик, гоҳ ғолиблик, ғоҳ мағлублик майдони».

Бир сутка давомида хумдонда пишиб чиққан ғишт йиғилиб қолибди. Қўлқоп билан ғишт терганда, иш ўнгмайди. Шунинг учун Ҳубиллоҳ қўлқопларини ечиб қўйиб ишлай бошлади. Қори ака одатича совуқдан нолиб қунишганича чўнқайиб ўтирибди. Қўлларида қўлқоп, катта қорни ўтиришига ҳалақит берганидан, ҳар замонда ўрнидан туриб, беш— ўнта ғишт терган бўлади. Яна ўтиради. Ўртага гап солиб қўяди:

— Шўпирмидингиз? Аптубусда авария қилдим деганмидингиз? Товва— ей, фалокатни қаранг-а.

Унинг саволларига Ҳубиллоҳ қисқа, узуқ-юлуқ жавоб қайтаради. Қандай қилиб қамалганлиги тафсилотини кўп марта айтиб берган. Айтавериб зерикди. Бу одам бировнинг гапини ё эътиборсизлик билан тинглайди, ё бировнинг тақдирига лоқайд қарайди. Унинг ҳадеб сўрайвериши энди тузалиб келаётган ярани тирнаб янгилашга ўхшайди. Ҳубиллоҳнинг энсаси қотади, лекин ғазабини ичига ютади, аламини ишдан олади.

Муҳиб қори унинг ишлашига қараб ўтириб ўзича ўйлайди: «Ишга ўрганган бола экан. Ўзи чоққина бўлгани билан жони темирдан экан. Совуқнинг дамини кўр-у, унинг авжига боқ. Совуқда ҳаракат қилиб турган яхши дейишади-ку. Совуқ жони бор офатга ўхшайди-я. Суяк-суяккача қақшатворяпти…» У йўғон гавдасини аранг қўзғатиб ўрнидан туради. Ғоз юриш билан ғишт уюмларига яқинлашади, эринибгина ишга уннайди. Яна шеригига гап қотади:

— Уйланганмидингиз? Бола борми?

Ҳубиллоҳнинг «Йўқ» деган жавобини олиб:

— Эҳ аттанг! – деб қўяди.

…Ўша кунги жонқақшатар совуқ Ҳубиллоҳнинг қўлларига ўз таъсирини ўтказди. Бора-бора қўллари нест бўлиб, бармоқлари қовушмай кўйди. Сменани аранг охирига етказди-да, казармага келди. Казармага кира солиб сўкчакка ўзини ташлади. Бармоқларининг учидан бошланган оғриқ зўрайиб борди, тирсакка чиқди. Ҳубиллоҳ бир совуқнинг ўзи шунчалар азоб беради деб ҳеч ўйламаган эди. Азобнинг зўридан инқиллай бошлади. Мулла аканинг товушидан ўзига келди. Боши узра ёзувчининг чеҳрасини кўрди.

— Ушук урди бу боланинг қўлларини. Қўлқопсиз ишлаган эди, — тушунтирди Муҳиб қори.

Кимдир йигитнинг қўлларини уқалашга тушди. Мулла ака қаердандир топиб келинган ароқдан ҳовучига қуйиб, Ҳубилоҳнинг қўлларига чилқилатиб суркади. Сўнг обдон ишқалади. Бундай улуғ кишининг қилаётган мурувватидан Ҳубиллоҳ хижолат тортар, ёзувчи чеҳрасидаги тарам-тарам чизиқлар унинг меҳр нурлари мисол товланар эди. У миннатдорлигини бир «Раҳмат» сўзи билан ифодалади. Қўлларидаги кейинги сменада ишга чиқа олмади. Аҳволини сўраб келган Ҳусни Камолга унинг қўшниси шундай деди:

— Бу йигитни шериги қийнаб қўяпти. Қорининг жони жуда ширин— да, уни шундай аяйдики!.. Ярамас муғомбирлик қилиб иш бермайди. Тағир художўй эмиш.

— «Художўй» эмас, диндор денг, — деди Мулла ака ва димоғи орқали кинояомуз товуш чиқариб кулимсиради.

Ҳубиллоҳнинг қўшниси Ҳусни Камолнинг гапини бўлди:

— Диндор бўлди нима— ю, художўй бўлди нима. Нима фарқи бор?

— Фарқи катта. Фарқи – ер билан осмонча. Диндор динни, унинг тарихини билади, дуоларини билади.

— Билади— ю, амал қилмайди денг.

— Ҳа, баракалла, Диндорликнинг расм-русумларни ҳам бажаради. Масалан, мачитга боради, намоз ўқийди. Баъзилари ҳатто рўза ҳам тутадилар. Бу – ташқи кўриниш, холос, яъни шакл. Мазмун эса сиз айтган амал. Бинобарин, шакл бор-у мазмун йўқ. Художўй эса худони севади, унга содиқ. Унинг бандаларини севади, ҳамиша уларга илтифотда бўлади. Шу кенг оламнинг эгаси борлигига, ўзининг тақдирини ҳам у бошқариб туришига заррача шак-шубҳа қилмайди. У кўлидан келганча ё қўли билан, ё тили билан одамларга, нафақат одамларга, худо яратган жониворлару ўсимликларга ҳам яхшилик қилади, мурувватли бўлади, кибру ҳавони эса билмайди. Шу сирли олам қўйнида ўзини жуда хокисор чоғлайди. Хулласи, сиз айтган амал қилиш бор унда. Ўзини яратгандан айри тасаввур ҳам қила олмайди, балки ўзини у билан бир бутун ҳолда ҳис этади. Эҳтимол, у мачитга бормас, намоз ўқимас, рўза тутмас, бирорта дуони ҳам билмас. Илло Яратганга содиқ. Яратганнинг мавжудотига содиқ. Инон-ихтиёрини, ўзини худонинг ихтиёрида деб билади. Ана шу – энди, сиз айтган «художўй» киши.

— Тўғри айтдингиз, Мулла ака, — деди суҳбатдоши қониқиш оҳангида, — Биз диндорларни ҳам художўй дер эканмиз. Демак, Муҳиб қори – диндор одам?

— Асло – асло художўй эмас. Яна қайтариб айтаманки, асло художўй эмас!

Суҳбатдошлар тарқалиб кетишгач, суҳбатга жимгина қулоқ солиб ётган Ҳубиллоҳ ўй-мушоҳадаларга берилди. Тавба, баъзи одамлар худо қошида ҳам қаллоблик қиладилар, Яратганни ҳам алдамоқчи бўладилар-а, ўзлари кўзбўямачилик қилаётганларини билармикинлар? Билсалар керак. Нега билмасинлар? Мулла ака ҳақиқат башарасини билгани учун, Муҳиб қори уни ёқтирмас экан-да. Мулла ака ҳамма хурматлаганича бор экан. Ёзувчилар шундай бўлар экан-да. Мактабда ёзувчиларнинг ҳаёти ва ишлари тўғрисида кўп ўқишган эди. Ўзича тушунган эди. Ёзувчилар хаётни чуқур ўрганиш учун турли жойларда ҳар хил тоифадаги кишилар орасида ишлаб ё яшаб кўрадилар деб эшитган эди. Ҳусни Камолни ҳам бу ерда шундай мақсадда юрган бўлса керак деб ўйлаган эди. Йўқ, ундай эмас экан. Маҳбуслар орасидаги миш-миш галларга қараганда, у хотинини ургани учун қамалган эмиш. Қизиқ, шундай одам хотинини нима учун урдийкин-а? Йўқ, бу одам бировни беҳудадан-беҳудаги урмайди. Хотинидан бир айб ўтган бўлса керак— да. Демак, мулла ака ҳам тасодифий жиноятчи экан. Лекин ўзи бу тўғрида асти оғиз очмайди, камерадошлар ҳам оғиз очиб ундан сўрашга ботина олмайдилар…

Ҳубиллоҳнинг Муҳиб қори тўғрисида билганларидан яна бир ҳол диққатга лойиқки, унга ташқи дунёдан тез-тез ул— бул нарсалар келиб туради. Бир гал келган нозу-неъматларни камерадошлар билан баҳам кўрса, бир галгиси изсиз йўқолади. У ёғини худо билади. Қори ака ўзиям жуда хафсала билан овқатланади-да, дастурхонга қўл урар экан, «бисмилло» ни канда қилмайди ва яна, албатта: «Тўймагунча, тугама», — дейди. Шунинг учун у қориндор, биққидек семиз бўлса керак – да.

(Давом бор)

 

© Қўлдош Мирзо, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
    Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 


Количество просмотров: 3332