Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Раҳим Каримов, 2000. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 21 июл 2009 йил.

Раҳим КАРИМОВ

Комила

(Романдан парча)

Қишлоқда туғилиб вояга етган, камбағал бир аравакашнинг қизи ўқиш учун шаҳарга келиб курсдоши, шаҳарлик бой-бадавлат оиланинг фарзанди — Мақсудни ногоҳ севиб қолади. Муҳаббат қурбони бўлган гўзал Гуландомнинг аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асар кўпчиликнинг юрагидан жой олди. У кўзи ёриб туғруқхонада вафот этади. Етим қолган чақалоғи Комила эса холаси Ойбарчин опа қўлида катта бўлади. Орадан ўн олти йил ўтиб бахтсиз тасодиф туфайли бу қиз ўз отасини топишга муяссар бўлади ва қашшоқ бир қиздан бой-бадавлат оила фарзандига айланади. Бироқ шунга қарамай ҳамқишлоғи, камбағал йигит — Қобилга кўнгил қўйиб, унга турмушга чиқади ва у билан бахтли ҳаёт кечиради

 

БИРИНЧИ БОБ

 

Биринчи қисм

Комила ота-онаси дийдорини ҳеч қачон кўрмаган. У холасининг қўлида бўйига етди. Қизгинанинг тим қора кўзлари, қаймоқдай оппоқ юзи тун оғушидаги тўлин ҳилолни эслатади. Қирмизи лаблари анордан, пўпакдай қошлари эса сиёҳ сочларидан ранг олгандай... Келишган қадди-қомати, бўй-бастига боқиб, қизнинг кўҳлигидан табиатнинг ўзи ҳам ҳайрону лол. Бироқ бу гўзалликни қўш қўллаб берган тақдир Комилани бўлак тарафдан тамомила қисиб қўйган. У етимлигидан жуда ўксик, камсуқум, кўнгли ярим, ғамгин қиз бўлиб улғайди. Холаси — Ойбарчин опа бефарзанд эди. Болажонлигидан Комилани ўз қизидай суйиб-эркалаб, оқ ювиб, оқ тараб катта қилди. Комила ниҳоятда оққўнгил, ростгўй, соддадил қиз бўлиб вояга етди. Айтишларича, у раҳматлик онаси, умри ўхшамасин, Гуландомбегимнинг ўзию-кўзи эмиш...

Марҳума олийгоҳда ўқиб юрган кезларида Мақсуд исмли курсдошини севиб қолади. Шаҳарнинг бадавлат оилаларидан бирида улғайган бу йигит ҳам Гуландомни жонидан ортиқ кўради. Бироқ масала тўйга бориб тақалганида, Мақсуднинг ота-онаси ўғлининг қишлоқлик оддий аравакашнинг қизига уйлантиришга раъй-хушлик бермайдилар...

Гуландом онасидан жуда эрта етим қолган. Отаси ҳам тез орада бандаликни бажо келтирди. Оқибатда қизалоқ узоқ-яқин қариндошлари қўлида катта бўлди. Тиришқоқлигидан, фаҳму фаросатлилигидан олийгоҳга ўқишга кирганида, гўёки дунёда ундан бахтлироқ одам йўқдай эди. Бироқ қиз муҳаббат дардига чалиниб қолмаганида, ҳаёти эрта узилмаган бўлармиди? Қайдам... Қисмат экан...

Мақсуднинг оҳанграбодай нигоҳи биринчи кўрган дамдаёқ Гуландомнинг қўл-оёғини боғлаб қўйганди. Йигит ҳам қаёққа қарамасин, қизнинг ўтли кўзларига дуч келаверарди. Мақсуднинг нигоҳи ҳар гал Гуландомнинг қароқларига тушар экан, у севгилисининг катта-катта, чиройли кўзларига борлиғи билан ғарқ бўлиб кетарди. Улар анчагача бир-бирларига кўзлари билан муҳаббат изҳор этиб юришди. Бироқ бу ишқ кундан — кунга аланга олиб, чидаб бўлмас оғриққа айланиб бораётган эди...

Ниҳоят пахта мавсумларидан бирида Мақсуд қизга ёрилди, юрагини очди. Гўё асрлардан буён интиқ кутилган бу изҳор кун сайин тутаб бораётган Гуландомни бира тўла ёндириб юборди. Ўша пайтда у муҳаббатдан маст, сархуш эди... Севиш, севилишдан улуғроқ бахт борми, дунёда?!

* * *

Афсус... Мақсуд уйланаётган дамлар Гуландомнинг ойу куни яқинлашиб қолган эди. У негадир ҳадеб ўтмишини, ўзи мансуб бўлган табақани лаънатлаб, куни бўйи йиғларди. Боласидан воз кечай деса, энди жуда кеч. Ётоқхонадаги ҳамқишлоқлари дугонасини алдаб-аврашар, унга тасалли берар эдилар. Гуландом эса ҳали туғилмаган боласи билан бу бевафо дунёда якка-ёлғиз қолишини ўйлаб, ўзини қўярга жой тополмасди.

* * *

Тунда етиб келган "тез ёрдам" уни туғруқхонага элтиб қўйди. Гуландом ўқтин — ўқтин "Мақсуд ака, Мақсуд ака", дея алаҳсирарди. Баъзан онасини чақирар, бақириб, йиғлаб-сиқтарди... Чақалоқнинг овози эшитилганида тонг ёришиб бўлган эди. Бироқ Гуландом учун дунё энди қоронғу. Чунки у бу ёруғ оламдан кўз юмган эди...

 

Иккинчи қисм

Шаҳарнинг соя-салқин, ҳавоси мусаффо даҳаларидан бирида жойлашган қўш қаватли муҳташам саройга боқиб, кўзингиз қамашади.

Улкан чинорлар қўйнига ғарқ бўлган бу оппоқ бино шуъласи алламаҳал бўлганига қарамай, чор-атрофдан қоронғуликни қуваётгандай. Ҳовлининг қоқ ўртасидаги ажабтовур фавворадан отилиб чиқаётган зилол сув кўкка сапчиб, ҳовузга шумғийди. Ҳовли гулдор, чўян панжаралар билан ўралган. Иҳота туйнукларидан ичкарига мўралаймиз. Ҳовлида тумонат одам. Куй-қўшиқлар янграяпти. Тўйхонадаги меҳмонларнинг кўплигини айтмайсизми? Бири қўйиб, бири ўйинга тушади. Қий-чув, тўс-тўполон. Тўрида куёв билан келин ўтиришибди.

* * *

Туғруқхонада чақалоқ йиғлаяпти. На отаси, на онаси бор унинг. Афсуски, она сутидан бир қултум ҳам тотиб кўриш насиб этмади шўрлик бу қизалоққа. Унинг айни пайтда чинқираб йиғлаб ётганидан на онаси, на отаси огоҳ эдилар. У кимга, нима учун тинмай инграяпти? Бу саволга, афсуски, ҳеч ким жавоб бера олмасди. Фақат навбатчи ҳамшира дамо-дам чақалоқнинг оғзига сўрғич солиб чиқиб кетарди, холос.

* * *

Куёв боланинг алланечук кўнгли ғаш. У ёнида ўтирган қўғирчоқдай гўзал келинчакнинг кўзларига тик боқолмай, бошини хам этиб ўтирарди. "Бир кунмас-бир кун ҳаммаси ўтиб кетади" дея тасалли берарди ўзига-ўзи.

Бироқ ота-онасининг қувончи чексиз эди. Улар асли эл-юрт таниган, шаҳарнинг бообрў одамларидан. Мақсуд оиланинг тўнғич фарзанди. Дилфуза эса бу ҳовлига тушган илк келинчакдир. Ким ҳам ўз фарзандининг бебахт бўлишини истар эди? Ахир улар Мақсудни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб катта қилишган-да. Ўзларига яраша орзу-ҳаваслари бор уларнинг ҳам. Қолаверса қуда-андалари таг-туглик одамлар. Дилфуза эса уларнинг кенжа қизи — арзандаси...

* * *

Қариндош-уруғларининг ҳам барчаси бой-бадавлат кишилар. Тўйга биронтаси ҳам яёв келмади. Ҳаммасининг тагида "иномарка". Маҳаллани ажнабий машиналар босиб кетганлиги ҳам бежиз эмас...

* * *

Ҳали кўзлари очилиб-очилмаган, қаёққа келиб қолганини англаб етмаган чақалоқ инграб-инграб, шишадаги сутни эмиб ухлаб қолди. Тонг ёришай деб қолган. Бу мурғак гўдакнинг эндигина иккинчи тонги эди. Уни ҳали олдинда бир умрлик ёруғ кунлар, қоронғу тунлар кутаётганди...

* * *

Саҳарга яқин тўй ҳам тарқади. Ҳувиллаб қолган ҳовлидаги ивир-сивир, ҳар қаёқда думалаб ётган бўш ароқ шишалари-ю, узун-узун столлар узра сочилиб ётган мева-чева қолдиқларини ҳисобга олмаганда, бу ерда эндигина тўй бўлиб ўтганлиги тасаввурингизга ҳам сиғмайди. Фақат хонадон чўрилари, хизматкорлари, ҳовлини супуриб-сидириб, идиш-товоқларни ювиб-тозалаш билан машғулдирлар.

Ҳадемай «Юзочди» бошланади. Сеп ёйилади. Қудалар ташриф буюришади. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар кела бошлайдилар...

* * *

Қизалоқ тушидан қўрқиб кетдими, негадир безовталаниб яна уйғониб кетди. Уйғонгани билан, минг афсуски, пешвоз чиқадиган онаси йўқ эди унинг. Туғруқхонадагилар, бу ёққа келиб-кетаётган ёшу қари кечадан буён Гуландомнинг аччиқ қисмати, унинг етим қолган гўдаги ҳақида куйиниб-куйиниб гапирардилар. "Ёмон хабар тез тарқайди" деганлари рост экан...

 

Учинчи қисм

Пахсадан урилган чор девор узра шох-шаббалар уюлиб, устига бир-икки қарич лой босилган кулба. Ҳовли атрофи эса эски-туски чипта лахтаклар билан бир амаллаб ўраб қўйилган. Йиқилай-йиқилай деб қолган вайрона уйчага боқиб, бу хонадоннинг эркаксиз эканлигига имон келтирасиз. Чиндан ҳам Ойбарчин опанинг умр йўлдоши йўқ. Улар ажрашишган. Етти йил турмуш қуришди-ю, афсуски, фарзанд кўриш насиб этмади уларга. Шу-шу Ойбарчин опа бу ҳайҳотдай ҳовлида якка-ю-ёлғиз қолди. Ота-онаси қазо қилган. Синглиси шаҳарда ўқийди. Уни охирги марта кўрганига ҳам етти-саккиз ойча бўлибди. Ойбарчин опа азонда ўрнидан туриб намозини ўқиди-ю, полизга қараб йўл олди. Кеча куни бўйи қовоқлари учиб, юрагини васвасага солган эди. Тунда негадир синглиси Гуландом тушига кириб қолибди. У ҳадеб опасини қучоқлаб ўпиб, қўлига тилла зирак тутқазаяпти. "Ишқилиб, яхшиликка буюрсин", дея пичирлайди у. Аммо кўнгли кечадан буён ғаш, ҳижил.

Шу пайт кўча тарафдан аёл кишининг овози эшитилди:

— Ойбарчин опа, ҳой, Ойбарчин опа!

— Ҳай-ҳуй, ким экан у, ҳо-о-зир!..

— Бу мен, Назира!

— Ие, келинг, синглим, қайси шамоллар учирди, ўргилай? Тинчликми? Гуландом қани?

Назира жим турар эди. Кўзларидан дув-дув ёш оқарди, холос. Ҳамқишлоқ курсдоши Гуландомнинг бевақт вафот этганлигини унинг опасига қандоқ қилиб айтсин, ахир? Унинг рангида ранг йўқ эди. Лаблари титраб-титраб, узуқ-юлуқ бир нималар дерди... Назира бу маъшум хабарни айтиб улгурмасданоқ, Ойбарчин опа хушидан кетиб, остонага йиқилди...

* * *

«Юзочди» га келган хотин-ҳалаж ўн олти хонага аранг жойлашди. Ҳар бир хона шифтида қимматбаҳо биллур қандиллар. Деворларга ишланган бежирим нақшлар киши кўзини қамаштиради. Сеп ёйилган юқори қаватдаги учта хонада қудалар ўтиришибди. Бири-биридан чиройли, қимматбаҳо матоҳлару сўнгги расм-русмда бичиб тикилган либослар. Дастурхонни айтмайсизми? Ҳай-ҳай, эсингиз оғиб қолай дейди! Тўкин-сочинликка нима етсин? Ўғил уйлайман деб Васила опа билан Мардон ака бир умр тер тўкишди. Бундай муҳташам саройни қуриб-битказишнинг ўзи бўладими? Қолаверса тўрт нафар бола тарбияси. Уч ўғилу бир қиз...

Мақсуд олийгоҳни тамомлаб, отасининг халқаро фирмасида иш бошлади. Хизматида "Мерседес", ҳайдовчиси ҳам олий маълумотли, Мақсудларникида яшайди...

* * *

Бежон Гуландомни тирик чақалоғи билан қишлоққа олиб келишганида, марҳумани дафн этиш учун барча нарсалар тахт қилиб қўйилган эди. Раҳматлик Содиқ аравакашнинг хонадонига бутун қишлоқ кўчиб келгандай. Ҳадемай жаноза ўқилади. Қип-қизил барқут тўшалган анбар узра Ойбарчин опа қон-қақшаб йиғлайди. Қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари дод-фарёд қиладилар. Қани энди шу дам Гуландом тирилиб кетса-ю, ҳовлидаги беланчакда инграб ётган чақалоғини иссиқ бағрига олса... Ээ, дунёи дариғ! Бунчалар бешафқатсан!..

Жаноза ўқилгач, эл-улус анбарни елкалаб, қишлоқ қабристони томон йўл олди. Тўсатдан дала шамоли эсиб, дарахтларнинг бошини чайқаб, қизалоқ ётган беланчакни тебратади. Чақалоқ йиғиси эса бутун қишлоқни тутиб кетди. Бешиги холасига, беланчаги шамолларга қолган бу қизалоқ юракларни ҳуфтон айлаб бунчалар фарёд қилмаса!..

* * *

«Юзочди» га келган хотинларнинг деярли барчаси бир хил кийимда. Бошидаги рўмолидан тортиб, оёғидаги махси-кавушларигача. Уларни бир-биридан фақатгина юз-кўзларига қараб ажратиш мумкин. Аммо барчасининг тақдири, ташвиши-ю қувончи ҳар хил. Бири кичик келинидан нолиса, яна бири куйканак овсинидан гап очади. Кимдир топган-тутганидан мақтаниб сўзласа, кимдир ўғил-қизларидан фахрланади. Хуллас, куни бўйи еб-ичиб, чаҳ-чаҳлашиб чарчаган хотинлар дастурхонлари "қайғуси"ни қила бошлайдилар. "Тўйга етказсин", деб бола-чақасига "насиба" оладилар. Қайнота келин қўлига ёғ сола бошлаганида қуёш ҳам ботай деб қолган эди...

 

Тўртинчи қисм

Ойбарчин опа одатдагидай саҳар туриб, бомдодни ўқигач отасидан қолган аравани эшакка боғлади. Сигирини соғиб, Комилага атала пишириб, ичирди. Қизча эндигина тетапоя бўла бошлаган эди. Аравага тўшак солиб, Комилани ўтқазди, сўнг ўзи ҳам унга жойлашди. Эшагини "хўш-хўш" лаб кўча томонга юра бошлади. Ҳар куни шу аҳвол. Ойбарчин опа Худонинг яратган куни жажжи Комила билан тамакизорга йўл олади...

* * *

Васила опа билан Мардон ака набиралик бўлишди. Мақсуд ўғил кўрди. Оила аъзоларининг қувончи ёру кўкка сиғмайди. Чақалоққа Сиёвуш деб ном қўйишди. Бугун янги меҳмонни тўғруқхонадан олиб келишади. Азондан буён тараддуд...

* * *

Комила чинор тагидаги аравада ухлаб қолди. Дўмбоққина қўлчасида бир бурда нон. Кавшаб-кавшаб уйқуга кетибди, бечора. Ойбарчин опа узоқ бир қариндошига тегишли тамакизорда уззукун меҳнат қилади. Худо ўзи куч-қувват берсин, дунёдаги энг бахтли ва бахтсиз бу холага. Ишқилиб, Комилани катта қилиб олса бўлгани. Уёғи бир гап бўлар. Комила ҳадемай тилга киради. «Ойбарчин опани у "хола" деб чақирармикин ёки... нима деб атаса ҳам, ишқилиб, боши омон бўлсин", дея ҳаёлидан ўтказди у.

* * *

Дилфузани чақалоғи билан туғруқхонадан тўртта машинада олиб тушишди. Жажжи Сиёвушни гоҳ оппоқ дадаси, гоҳ катта бувиси қўлга олиб эркалайди. Дилфуза тўнғич фарзандини "қизғангани" сайин, уни қайинукалари, қайинсингиллари бири қўйиб-бири тортқилаб кетишади.

* * *

Кун ҳам оғай деб қолди. Офтоб тиғи остида терлаб-пишиб меҳнат қилган Ойбарчин опа ҳолдан тойиб, анҳорда шир-шир оқаётган сувда юз-қўлини ювди. Яна аравани эшакка боғлаб, Комилани унга ўтқазди-да, отасидан қолган аравасини ҳайдаб қишлоқнинг чанг-тупроқ кўчалари бўйлаб вайрона кулбаси томон равона бўлди.

 

Бешинчи қисм

Комила бир ҳафтадан буён истималаб ётибди. У тунлари ўқчиб-ўқчиб, алаҳсираб, босинқирайди. Гоҳ ўнтаб, баъзан эса ўрнидан туриб нимадандир қўрқиб, чўчиб, ўзи билмаган ҳолда гоҳ онасини, гоҳ отасини чақиради. Юраги ҳовлиқиб, оғир-оғир нафас олади. Қизча ҳар гал безовта бўлганида, Ойбарчин опанинг юраги нақ товонига бориб келади. "Эй, Худойим-ей, қизалоғимга ўзинг раҳм қил. Онасидан айирдинг уни, отасидан мосуво этдинг шўрликни! Энди болагинамга шафқат қилгин! Ўз паноҳингда асрагин", деб Парвардигорга илтижо қилади у. Кўзларидан юм-юм оқаётган ёш опа юзларига эрта тушган ажинлар аро офтобдан қорайиб кетган ёноқлари томон оқади.

* * *

Асад ойи. Ҳар куни аравада беш-ўн чақиримча йўл босиб тамакизорга бориб келишнинг ўзи бўладими? Кечадан буён қишлоқ касалхонасидан иккита фелғдшер келиб-кетди. Бир дунё дори-дармон ёзиб бердилар. Қани энди бири-биридан қиммат бу малҳамларни сотиб олишга Ойбарчин опанинг қурби етса... Ўзлари аранг тирикчилик қилишяпти-ку. Ичгани атала-ю, егани чевати бўлса. Шу боис қизчани эскичасига даволашга мажбур бўлишди. "Дам урган" деб тол баргига солдилар. Ҳар хил доривор гиёҳлардан қайнатмалар беришиб, қишлоқ бахшисига кўрсатишди. Домлага ҳам ўқитишди...

Кундуз кунлари-ку Ойбарчин опа жонига бир девор қўшниси — Ширмонхон ая оро кираяпти, тасалли бераяпти. Ҳадемай кеч киради. Опанинг Комила билан тунда яна танҳо қолгани юраги ҳеч дов бермайди. Қўрқса нима қилсин, ахир? Лекин у отасидан қолган ҳайҳотдай бу ҳовли-жойда якка-ёлғиз эмас эди. Синглиси Гуландом шу ерда! Суюкли қизалоғи, жонажон опаси ёнида! Унинг тақимигача тушган тим қора сочлари ёзиқ. Юзлари фаришталарга хос тиниқ. Эгнида узун ҳарир оқ кўйлак. Ана, у оҳиста босиб Комиланинг ёнига келди. Қизалоғини оғушига олай деб ҳар қанча уринмасин, гўдаги ҳеч қўлига кирмайди. Аламзада Гуландом опасига боқади. Уни ҳар қанча чақирмасин, Ойбарчин опа синглисини эшитмайди. Гуландом ҳаттоки опасининг йўлига пешвоз ҳам чиқиб кўрди. Йўқ, кўрмаяпти. Аксинча, уй тўрисига беихтиёр Гуландомнинг муаллақ "жусса" си узра ўтиб кетди...

* * *

Сиёвушнинг «катта чилла»си ҳам чиқай деб қолган эди. Бугун унга "Бешик тўйи" қилишаяпти. Мардон ака хонадонига қариндош-уруғлари, ёру биродарлари тўпланишган. Хизматкорларнинг тонгдан буён қўли қўлига тегмайди. Ниҳоят дастурхон йиғиштирилди. Дуодан сўнг энагаси ичкаридан чақалоқни олиб чиқди. Улкан меҳмонхона ўртасида турган бешик ёнида бир кампир ўтирарди. Чор атрофда эса қариндош-уруғлару қуда-андалар. Кампир чақалоқни энагасининг қўлидан олиб, бироз эркалагандай бўлди-ю, йўргакдан ечиб, гўдакни бешикка белади. Гуландом меҳмонлар ўтирган хонага кириб келганида бешик узра қанд-қурс, турли-туман ширинликлар сочилаётган эди. Гуландомнинг ёш тўла кўзлари ўзига яқин бўлган кишиси —севгилиси Мақсудни излар эди. У хонама-хона изғиб, ниҳоят бетоб ётган қизалоғининг «бевафо» отасини излаб топди...

 

Олтинчи қисм

Мана, саккиз йилдирки Ойбарчин опа хавотирда яшайди. Комила бир кунмас-бир кун барибир холасига уни йиллар давомида қийнаб келган ўша Саволни бериши муқаррар. Шунда Сир фош бўлади! Бу каби ўй-ҳаёллар анчадан буён Ойбарчин опани ваҳимага соларди. У ҳатто кечалари уйқусидан чўчиб уйғонади. Унинг юрагини жавоб бериш жуда қийин бўлган ўша бир Савол ўртайди.

* * *

Комила ўткир зеҳнли, фаҳму фаросатли қиз бўлиб улғаймоқда. Биринчи синфни аъло баҳоларга тамомлади. Эси ҳам анча кириб қолди. У худди катта одамни кичкина қилиб қўйганга ўхшайди. Гапларини эшитсангиз, оғзингиз очилиб қолади. Комила холасига шундай саволлар берадики, Ойбарчин опа баъзан уларга жавоб тополмай эсанкираб қолади. Лекин бир куни ўша катта, аянчли Саволнинг берилиши табиий. Аммо қачон ва қаерда?! Ойбарчин опа ана шундай ҳаёлларга чўмиб ўтирган пайтда тўсатдан Комила кўчадан қон-қаро қақшаб кириб келди. Ўзини холасининг кўксига отганча, ўкириб-ўкириб йиғлаб юборди:

— Ойижон, менинг дадам қаерда?!

Кутиб-кутилмаган даҳшатли бу саволни эшитиб, эс-хушидан айрилаёзган Ойбарчин опа қизалоғини бағрига янада маҳкамроқ босди. Ҳолбуки бу уни йиллар мобайнида васвасага солиб келган ўша даҳшатли Саволнинг ярми эди, холос. "Қолгани-чи, қолгани?", деди у ҳаёлан...

— Эй, Худойим-эй, бу нима кўргилик?, — дея фиғон айлаб юборди Ойбарчин опа. — Бизларни нега бунчалар қийнайсан, Парвардигорим?! Пешонамиз шўр бўлмаса шу кунларга қолармидик? Кимгадир фарзанд бермайсан, бировга бола бериб, гўдакни отасидан, онасидан айирасан?! Гуландом қолиб, мен ўлсам бўлмасмиди?! Ахир, менга умр бериб, азобга солдинг-ку. Синглимга шодлик бериб, жонини олдинг! Буларнинг қай бирига чидай, ахир?

Ўша куни кечаси Ойбарчин опа туни бўйи мижжа қоқмади. Ёнида ухлаб ётган Комилага боқиб ундан кечирим сўради. Қизалоғини алдаб, унга ёлғон гапиргани учун узр сўради. Ахир бор хақиқатни айтиб, Комилани тириклайин ўлдириши керакмиди? Шунинг учун "Даданг бизларни ташлаб, узоқларга кетиб колган", деб кўя қолди қизалоғига. Ёлғонни Худо ўзи кечирсин. Бироқ бу ёлғон айни дамда ҳар қандай ҳақиқатдан ҳам ўринлироқ эди...

Комилани "Сен етимсан, асрандисан", дейишибди кўча болалари. Яшаш ўзи бир қийин бўлса, нега уни одамлар янада мураккаблаштиришга уринишаркин? Болаларга ким қўйди ўзи? Жўн ўйнашса бўлмайдими, ахир? Муштдек жони билан катталарнинг ишига аралашишади.

* * *

Васила опа бу орада иккинчи ўғли Машрабнинг ҳам бошини иккита қилиб олди. Улар бир болали бўлишди. Келин ўрта ҳол оиладан. Фарида камбағал хонадондан бўлгани билан олий маълумотли, чиройли, эсли-хушли, одобли қиз. Бироқ Машрабнинг севган қизига уйланиши осон кечмади. Ўртага ҳожи тоғаси аралашмаганида мақсадига эришолмасди ҳам. Янги келинчакнинг сепи бир уйга аранг етди. Қизнинг отаси ўқитувчи, онаси шифокор экан. Даставвал улар ҳам: "Йигит бой оиладан экан, уларга тенг келолмаймиз", деб анча беззилашди. Лекин тақдир насиб экан. Тўй бўлди. Қизи Фарида, Худога шукур, тиниб-тинчиб ўтирибди. Қиз болани, ҳар ҳолда, бой ерга берса бўлар экан. Васила опа ҳам ўғлини унинг қайнона, қайнотаси олдида уялтириб кўймади. Кичик қудаларининг кўнглига қараб иш тутди. Иззат-икромини жойига қўйди. Фаридани ўз қизидай қабул қилди. Васила опа асли "бойнинг хотини" бўлгани билан ўзи кичикфеъл аёл. Ўғил-қизларининг бахтли бўлишини истайди, холос. Шунинг учун катта келинига нимаики олиб берган бўлса, Фаридага ундан икки чандон ортиқ тилла тақинчоғу кийим-кечаклар совға қилди. Овсини билан тенг бўлишсин, деди. Қайнона бўлса шунчалик бўлар! Мардон аканинг ҳам келинидан кўнгли тўқ. "Очиқ, киришимли қиз экан", деди у Васила опага бир куни. "Ишқилиб охири баҳайр бўлсин-да".

 

Еттинчи қисм

Ойбарчин опа онаси Хадича холадан қолган, ичида деярли хеч вақо бўлмаган эски сандиқнинг каттакон қулфини аранг очди. Камбағал одам учун сандиқдаги ўша уч-тўрт кийимли матоҳ хам бир давлат-да. Латта-путталар орасидан бир-икки лахтак атлас чиқди. Яхшиям бувасидан қолган тикув машинаси бор экан. Йўқса эртага зиёратга Комиланинг устига нима кийдириб олиб борар эди? Қўни-қўшнилари Ойбарчин опани қўярда-қўймай Ўшга бориб келишга қўндиришди. Улар тонгда йўлга чиқишади.

Ойбарчин опа Комиланинг бўйи, елкасини қаричлаб ўлчади-да, унга кўйлак-лозим бичди. Эски қўл машинасига ўтириб, аста-секин тика бошлади...

Гуландом бу пайт гоҳ опасига, гоҳ дўсалоқ қизчасига боқиб ич-ичидан қувониб, уларни томоша қилиб ўтирарди. Кўйлак-лозим тикилиб битгач, Ойбарчин опа Комиланинг ўримга кирай деб қолган сочларини майдалаб ўрди. Уларга ип боғлади.

— Ие, ойи, бошимга нима кияман, — деб сўради Комила холасидан.

— Бошинггами, бошингга?.. Онангнинг оқ дўпписини, — деб юборишига бир баҳя қолди.

Ойбарчин опа янги кўйлак-лозимни Комилага кийдиргач, сандиқдан эски латта халтачага солиб қўйилган Гуландомнинг дўпписини олиб, қизчасининг бошига кийдирди-ю, йиғлаб юборди...

Гуландом ўша дамда Комилани қучиб, юз-кўзларидан ўпмоқчи бўлди. Бироқ у ҳар қанча уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмасди. Аксинча ҳар гал қизалоғининг мўъжазгина жуссаси аро унинг ортига ўтиб қолаверарди.

* * *

Мақсуднинг тўнғич ўғли Сиёвуш бу йил гимназияга боради. Мана бир йилдан буён у билан инглиз тили ўқитувчиси шуғулланаяпти. Ёзиш-чизиш, ҳисоб-китобни ҳам ўргатаяпти. У борадиган билим масканида фақат бойларнинг болаларигина ўқир эмиш. Ўқиш пулли экан-да. Майли, ўқийверсин, ўқийверсин, билимли, саводли йигит бЎлиб катта бўлсин. Бир куни эл-юрт хизматига яраб қолар, ҳар ҳолда. Қолаверса, эрта-индин билганларини укалари Гуландом ва Шохруҳга ўргатади.

* * *

Автобус ичи хотинлар, бола-чақа билан лиқ тўла. Чилдирма садоси янграйди. Зиёратчилар "Сумбула-ю, сумбула, ўраб олай гул билан" ашуласини хиргойи килиб кетишаяпти. Тушга яқин улар шаҳарга етиб келишди. Сулаймон тоғи этагида тўхтаб бироз дам олишгач яна автобус ҳайдовчисининг синглисиникига қараб йўл олишди. Меҳмонлар бу ерга етиб келгач, ичкарига кириб узун айвонга жойлашишди. Зиёратчилар ўзлари билан олиб келган озиқ-овқатларини дастурхонга тўкиб-сочишди. Ўйин-кулгу бошланди. Маҳалла болалари ҳам шу ерга йиғилишган. Аёллар бири қўйиб— бири ашула айтиб, рақсга тушишарди. Шовқин-сурондан энсаси қотган Васила опа набираси Сиёвушни етаклаб хабар олиш учун қўшнисиникига чиқди. Опани кўриб қолган уй эгалари уни ҳоли-жонига қўймай ичкарига олиб кириб кетишди. Кичкинтой меҳмонлар эса маҳалла болаларига қўшилиб, ўйнагани кўчага чиқиб кетишди...

Болалар анча ўйнаб чанқашиб, сув ичгани Сиёвушларникига киришди. Ҳовли тўрисидаги сўрида Мардон ака, Мақсуд, Машраб, келинлар ош еб ўтиришарди. Болалар фаввора ҳовузидан тўйиб-тўйиб сув ичишди. Қайдам? Комиланинг дўпписи тўсатдан ҳовузга тушиб кетмаганида, Мақсуд ўрнидан қўзғалмаган бўлармиди? Дўппи қоғоз қайиқча янғлиғ тобора ҳовуз ичкариси томон оқиб борар эди. Мақсуд қўлидаги узун ёғоч билан Комиланинг дўпписини тутиб олмоқчи бўлиб, уни ўзи тарафга тортар эди. Ниҳоят дўппини тутиб олиб, сувини уч-тўрт марта силқитгач, уни Комиланинг бошига кийдириб қўйди. Қизалоқнинг ўша дамдаги катта-катта чарос кўзларини бир кўрсангиз эди. У мурғак қалбида дунёда илк бор эркак кишининг болаларга нима учун кераклигини болаларча тафаккури билан ҳис этди. «Сувга оққан, бошига бироз каттароқ келган оқ дўпписини унинг ўз отаси тутиб берса бўлмасмиди шу дам? Комиланинг отаси қаерда? У ким билан ҳозир? Нега Комилани ташлаб кетган?!».

 

Саккизинчи қисм

Комила суҳсурдай қиз бўлиб вояга етди. Қишлоқ йигитларининг деярли барчаси унга ошиғу беқарор эди. Қиз худонинг яратган куни мактабдошларининг бирортасидан ишқий мактуб олиб турарди ва ўша заҳоти йиртиб юборарди. Куйканак «дугоналари» ҳам ўшанча эди. Бўлмасам-чи, мактаб йигитларининг ҳамма-ҳаммаси Комилага хуштор бўлсалар-у, уларга қиё боқишмаса...

Қизгинанинг қаймоққа чайилган юзлари, гилосдай лаблари, тим қора хумор қўзлари, майдалаб ўрилган узун сочлари, анча-мунча йигитни эс-хушидан айириб қўярди.

У одатдагидек дарсдан чиқиб, уйга кетишга шайланди. Шу пайт мактаб эшиги ёнида уч-тўрт нафар қиз «пичирлашиб» туришарди. Қизлардан бири Комилага кесатиб:

— Йигитлар шу ташландининг нимасини ёқтиришаркин?

— Ҳа-я, — гап қистирди иккинчиси. — На онаси, на отаси бўлмаса бу асрандининг!

— Онасини ҳам суюқоёқ бўлган дейишади, шу ростми? — деб кўзини сузди яна бири.

Комила қизларнинг пичингларини эшитди-ю, кўз ўнгги қоронғулашиб кетди. Лаблари оқариб, оёқлари бўшашди. Кўзларидан сизиб чиққан икки томчи зилол ёш ёноқлари томон думалади. Комила ўзини қўлга олиб, қизлар томонга бир бокди-да, индамай ўтиб кетди...

Ҳа, бу дунё сирли бир хилқатки, баъзан унда бир умр яшаб ўзинг ҳақингда ҳеч нима билмаслигинг мумкин. Атрофингдагилар эса аксинча, сен ҳақингда сендан кўра кўпроқ нарсаларни билишади.

Комила уйга қандай етиб келганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ичкарига кирганида ҳовлидаги сўрида Ойбарчин опа коржома тикиб ўтирарди. Комиланинг ранг-рўйини кўриб юраги тарс ёрилиб кетай деди. Қиз холасига ҳеч нима демай, йиғлаганича уйга кириб кетди. Ойбарчин опа эса жон ҳовучлаб қизининг изидан кирди.

— Қизим, жон қизим, сенга нима бўлди?! Биров ҳафа қилдими?

Комила юм-юм йиғлар эди.

— Жоним болам, қўй, юрагимни ёрма, айт, айтақол, ё муаллиманг ҳафа қилдими? Нима бўлди ўзи, айт, айтсанг-чи?!

Комила ёстиқдан бошини кўтариб холасига бир нима демоқчи бўларди-ю, айтолмай ўкириб-ўкириб йиғлаб юборарди. Ниҳоят у энтикиб-энтикиб деди:

— Нега мени қизлар ташланди дейишди, асранди дейишди? Етим дейишди?

Комиланинг бу саволи Ойбарчин опага бир пайтлар берилиб чала қолган катта, даҳшатли Саволнинг қолган ярми, ҳал қилувчи бўлаги эди. Бироқ опа анчадан буён бу Саволнинг берилишидан мутлақо чўчимай қўйган эди. Аксинча уни кутиб яшаётганди. Ахир орадан ўн олти йил вақт ўтибди. Опа ҳам элликка кетаяпти. Барибир у ҳақиқатни ўзи билан нариги дунёга олиб кетолмайди-ку. Эртами-кеч Комилага бор гапни тўкиб солиши муқаррар. Шу боис опа бу гал илгаригидек дод солиб йиғламади ҳам. Яратганга илтижо ҳам қилмади. Балки тақдирга тан бериб, Комилани бағрига босиб, юрагини ўн олти йилдан буён ўртаб келган сирнинг фош бўлганидан енгил-енгил нафас оларди...

Гуландом эса ўтган вақт ичида опасининг вужудига кириб, қизи Комилани унинг қўллари билан эркалаб-суйиб, лаблари билан ўпиб, кўзлари билан термулишга ўрганиб олган эди.

Бу гал ҳам худди шундай қилди. Опасининг қадди-бастига сингиб, нарвон олиб келди. Томга чиқиб, бир четни ковлади-да, у ердан сув қоғозга ўраб қўйилган қутичани пастга олиб тушиб, уни Комилага тутқазди. Қутичада Гуландомнинг талабалик йилларидан қолган суратлари бор эди.

Гуландом опасининг вужудини тарк этганида Комила бу эски алғбомни кўзларида ёш билан бир-бир варақлаб ўтирарди. Ойбарчин опа эса Комиланинг ҳаётини унга бир бошдан ҳикоя қилиб берарди. Комила хотира дафтарининг ўртасига етганида, қизнинг кўзи тўсатдан қора қош, қора кўз, хушбичим йигит ва унинг ёнида турган гўзал бир қизга тушди. Суратдагилар Комиланинг отаси билан онаси эдилар...

 

Тўққизинчи қисм

Комила ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлади. У онаси Гуландом таҳсил олган олийгоҳнинг инглиз тили куллиётига ўқишга кирмоқчи. Холаси Ойбарчин опа бир умр бировларнинг кирини ювиб, тамаки тизиб, чеварчилик қилиб, қурт боқди. Деҳқончилик билан шуғулланиб, топган-тутганини Комилани ўқитиш учун тўплади. Ўқиб олса, ҳар ҳолда, нони бутун бўлиб қолади-да.

Бугун Комила дугонаси Шоҳиста билан шаҳарга боришади. Ойбарчин опа қизларни кузатиб, шохбекатга чиқди. Автобус ўрнидан қўзғалганида уларга оқ йўл тилаб, ҳаялламай қайтишларини тайинлади.

* * *

Мақсуд якка-ёлғиз қизалоғининг исмини Гуландом қўйгандан буён боши ғавғодан чиқмай қўйди. Охирги пайтда Дилфуза негадир эрини бесабаб рашк қиладиган, бировларга кунлайдиган одат чиқариб олди. Мақсуд уйга кеч қолиб келган куни сўзсиз уларникида жанжал бўларди. Бу гал ҳам айнан мана шундай бўлди. Аксига олиб ўша куни ҳориждан меҳмонлар ташриф буюришганди. Мақсуд ажнабий ҳамкасбларини хусусий корхоналари билан таништирди. Оқшом тушгач эса "Интурист" ресторанида меҳмонлар шарафига зиёфат уюштирилди.

* * *

Мақсуд уйга етиб келганида тонг ёришай деб қолганди. Дилфуза туни бўйи ухламади. Беҳаловат бўлиб, уёқдан буёққа юриб чиқди. Эри келганини кўриб:

— Биламан, нима учун қизингизнинг исмини Гуландом қўйганингизни, — дея эрига дўқ урди у. — Етар, тоқатим тоқ бўлди. Кетинг ўша биринчи муҳаббатингизнинг ёнига!

Хотинининг гаплари Мақсудга жуда оғир ботди. Гўё шу дам Гуландомнинг тахлити унинг пешонасига "гуп" этиб урилгандай бўлди. "Ахир Дилфуза Гуландом ҳақида қаёқдан билади?" ҳаёлидан ўтқазди у. Ҳа, айтгандай, янги уйланган чоғида алғбомини Дилфузага кўрсатиб, келинчагини собиқ курсдошлари билан таништирмаганмиди?! Ўшанда Дилфузанинг алғбомдаги энг хушрўй қиз — Гуландомнинг суратига кўзи тушган. Шунда у қизиқиб, суратдаги қизнинг исмини сўраганида Мақсуд хотинига жавобан "Гуландом" демаганмиди?"

* * *

Хотинлар намунча зийрак бўлишмаса. Эрининг оғзидан бирон бир бўлак аёлнинг номини эшитсалар бас. Уёғини ўзлари осонгина тасаввур қилиб олишади. Васвасага тушиб, юмушдан бироз кеч қолиб келган эрининг юзларига зимдан разм солишади. Бирор бир атирнинг ҳиди келмаяптимикин, деб уст-бошини ҳидлаб ҳам кўришади.

Дилфузанинг ҳадеганда жағи тийилмади. У гоҳ йиғлаб, уввос солиб, ҳадеб Мақсудни тергар эди.

— Мен кечаю-кундуз уйда йўлингизни пойлаб ўтирсам-у, сиз эса туни бўйи қаёқдаги аёллар билан айшу ишрат қилиб юрсангиз. Гуландомингизнинг мендан қаери ортиқ ўзи?! Менинг ундан нимам кам, ахир?! Сиз ўша беҳаёнинг нечанчи жазмани экансиз? Бундай суюқоёқлар бугун сиз билан, эртага бошқаси билан...

— Бас! Бас қил! Тилингни тий! Оғзингга қараб гапир, Дилфуза! Ахир, у ўлган, ўлиб кетган-ку!..

Шундай деди-ю, Мақсуднинг юзлари оқаргандан оқариб, овози, аъзои — бадани титраб кетди. Сўнг у жаҳл аралаш гараж томон ошиқди. "Лимузин"ига ўтириб, уни ўт олдирди. "Газ" ни қаттиқ босган эди, машина ғиззиллаб юриб кетди.

* * *

Комила дугонаси билан шаҳарга етиб келганида соат ўн бўлиб қолган эди. Улар йўловчилардан дорилфунун манзилини сўраб-суриштириб, автобусга чиқишди. Машина ярим соатлар чамаси юргач, ҳайдовчи йигит қизларни университет бекатига тушириб қўйди. Қизлар шоҳкўчани кесиб ўтишлари керак эди. Комила эндигина уч-тўрт қадам босган эди... Тўсатдан юқори тезликда келаётган оқ "Лимузин" уни уриб кетди. Орқадан келаётган Шоҳиста эса даҳшатдан қичқириб юборди. Комила йўл четида ҳаммаёғи қон ётар эди. Бир дамда чор атрофда машиналар, одамлар қалашиб кетди... Мақсуд ҳам машинасини тўхтатиб ўша заҳоти қизнинг олдига югуриб келди. Бехуш ётган қизни кўриб унинг кайфи учиб кетди. "Тез ёрдам" етиб келганида ҳам Мақсуд қизнинг ёнида эди. Комиланинг бошида эса унинг муштипар онаси — ўзи тенгги Гуландом дод-фарёд қилиб ўтирарди. Бироқ уни ҳеч ким кўрмас ва эшитмас эди...

 

Ўнинчи қисм

Ўркач-ўркач қора булутлар бир зумда лойқа сув мисол мовий кўкни чулғаб олди. Кулранг булутлар орасида катта-катта ғилдиракли арава пайдо бўлди. Устида Содиқ аравакаш билан унинг кампири Хадича хола. Бирдан бўрон бошланиб, аравани уёқдан буёққа учира бошлади. Хадича хола арава ғилдирагига ёпишса, чол эшагининг тушовига осилади. Шамол эса уларни чирпирак қилиб айлантиради...

Комилани кута-кута зориқиб, сўрида "кўзи кетиб" қолган Ойбарчин опа даҳшатли бу тушдан чўчиб уйғониб кетди. Кўрқинчдан юраги нақ халқумига келиб қолган эди бечоранинг. У "Ла илаҳа иллалаҳи Муҳаммадур расулиллаҳ", дея калима келтирди-да, атрофга боқди. Оқшом тушай деб қолган. Шу дам кўча томондан машинанинг гуриллаган овози эшитилди. Зум ўтмай ичкарига Шоҳиста кириб келди:

— Хола, хола, тезда кийиниб чиқинг, шаҳарга борамиз, — деди у ҳансираб, — Комиланинг ёнига борамиз, у оғир аҳволда... касалхонада ётибди... Қизингизни машина уриб юборди...

Маъшум хабарни эшитиб қулоқлари том битган Ойбарчин опа карахт бўлиб қолди. Боши гангиб, ранги девордай оқариб, турган жойида қотиб қолди.

У кўчага чиқиб, узун машинада ўтирган нотаниш эркак кишини кўргандан сўнг, ҳижолат чекканидан бироз ўзига келди. Машинада сочлари оқариб кетган ўттиз беш-қирқ ёшлар чамасидаги, башанг кийинган бир киши ўтирар эди. Мақсуд машинада Ойбарчин опага фалокат тафсилотларини бафуржа тушунтириб, уни юпатди, кўнглига таскин берди, тинчлантирди. Бу пайтгача қишлоққа қоронғу тушиб бўлган эди. Узун, оқ «Лимузин» эса чанг кўчалар тупроғини осмону фалакка кўтарганча шаҳар томонга йўл олди.

* * *

Улар доктор Акромалиевнинг хусусий шифохонасига етиб келишганида Комила операция хонасида эди. Муолажанинг бошланганига ҳам анча бўлган. Ойбарчин опа қабулхонада жон ҳовучлаб ўтирибди. Шоҳиста эса опани тинмай юпатади:

— Хола, ўзингизни қўлга олинг. Мана кўрасиз, Комила яхши бўлиб кетади. Мени айтди дерсиз, у тузалиб кетади.

Шоҳиста Ойбарчин опага тасалли берарди-ю, ўзи ваҳимада операция эшигидан ҳеч кўзини узолмасди. Мақсуд эса ҳадеб уёқдан буёққа юриб, тамаки кетидан тамаки тутатарди... Операция етти-саккиз соатларча давом этди. Комилани қутқариб қолиш учун жарроҳлар қўлидан келган барча нарсаларни қилдилар. Сўнгги нажот ёлғиз Оллоҳдан қолган эди. Ҳа, буёғи Худонинг измида. Умри бўлса — омон қолади...

Жарроҳлик хонасидан ҳориб-толиб чиққан Акромалиев Мақсудни кўриб, у билан ҳол-аҳвол сўрашиш учун ёнига келди. Мақсуд ҳам докторга пешвоз чиқиб, у билан қуюқ саломлашгандан сўнг:

— Доктор, кизнинг аҳволи қалай?

— Оғир, анчагина оғир. Боши қаттиқ лат еган. Қўл-оёқлари ҳам жароҳатланган. Тузалиб кетган тақдирда ҳам асорати қолмаса, деб қўрқаман...

— Умид қилса бўладими?

— Буёғи энди ёлғиз Парвардигорга аён. Ёмонини айтмагунча, яхшиси бўлмайди... Ҳа, айтгандай, бемор сизга ким бўлади?

— Ҳеч ким... Лекин, доктор, у омон қолиши керак... Нимаики хизмат бўлса барчасига тайёрман. Фақат қиз тузалиб кетса бўлгани.

— Бемор ўзига келгунга қадар реанимация хонасида ётиб туради. Кўнглингиз тўқ бўлсин. Қизни даволаш билан шахсан ўзим шуғулланаман.

— Раҳмат, доктор, раҳмат...

Мақсуд Ойбарчин опанинг ёнига келганида, у нотаниш бу кишининг кўзларига аранг қаради. Ойбарчин опанинг "дағ-дағ" титраётганини кўрган Мақсуд:

— Опа, кўп азият чекаверманг. Доктор ҳаммаси жойида бўлади деди, — дея тинчлантирди.

— Худога шукур, — деди опа суюнганидан ва ўзини босолмай йиғлаб юборди, ниҳоят...

Кейин улар Шоҳистани уйғотишиб, кўчага чиқишди. Азон ўқилаётган экан. Машинага ўтиришиб Мақсудларникига йўл олишди. Аввалига Ойбарчин опа билан Шоҳиста қишлоққа кетишмоқчи бўлишди. Аммо Мақсуд уларни қўйиб юбормай, уйига олиб кетди.

Чўяндан ясалган улкан, бежирим, панжарасимон дарвозани хонадон боғбони очди. Ойбарчин опа уй эмас, каттакон саройга келиб қолганидан ҳижолат чекиб, ҳадеб Шоҳистага қарарди...

 

Ўн биринчи қисм

Мардон акаларникига тошкентлик қудалари келишган. Васила опа қизи Севарани шунчалар соғинган эдики, ҳаттоки уни тунлари тушларида кўриб чиқаётган эди. Куёви Акмалжон — Севаранинг курсдоши. Улар талабалик чоғларида бир-бирларини севиб қолмаганларида, Васила опа ёлғиз қизини Тошкентдай жойга узатгани сира ҳам розилик бермаган бўлар эди. Тақдир насиб экан, мана, икки болали бўлишди... Меҳмонларни Севаранинг қайниси Асрорбек машинасида олиб келган.

Қудалар кечадан буён гурунглашиб ўтиришди. Васила опа кенжа ўғли — Мансурни эслаб қудаси Холисхон опага анчагина дийдиё қилиб, бироз кўз ёши ҳам тўкиб олди. Ўғли Москвада таҳсил олиб юрганида москвалик ўзбек қизини ёқтириб қолиб, унга уйланган. Қизнинг ота-онаси ўша ерда ишлашади. Васила опа ўғли, келини, набираларини ойда-йилда бир кўриб туради, холос. Қани энди қаноти бўлса-ю, истаган чоғида уларнинг ёнига учиб кета олса...

* * *

— Ака, ака, телефонга қараб қўйинг, сизни биров йўқлаяпти, — дея Мақсудни чақирди келин ойилари билан қўшни хонада ҳасратлашиб ўтирган Севара.

— Ким экан?

— Касалхонадан. Қандайдир Акромалиев...

— Эшитаман, — деди Мақсуд телефон дастагини қулоғига тутиб.

— Ассалому алайкум.

— Ваалайкум — ассалом.

— Бу Мақсуджонми?

— Ҳа, бу мен, Зокир Акбарович... Тинчликми?

— Тинчлик, тинчлик... ўтган сафар келганингизда Комилахонга бугун-эрта жавоб беришимизни айтган эдим...

— Ҳа, ёдимда, ёдимда...

— Бугун унга рухсат бердик. Илтимос, қариндош-уруғларига хабар қилиб қўйсангизлар. Қишлоқдан ҳар куни онаси келиб-кетиб турган эди. Уч-тўрт кун бўлди у кишидан дарак йўқ. Иссиқ жон, оғриб-нетиб қолдимикан, камбағал.

— Доктор, сим қоққанингиз учун ташаккур. Мен ҳозироқ касалхонага етиб бораман.

Мақсуд телефонда гаплашаётган пайтда келин ойилари бундан икки ой муқаддам бўлиб ўтган фалокат тафсилотларини Севарага айтиб бўлишган эдилар. Севара воқеани эшитиб, акасига юзланди:

— Ака, тинчликми ўзи, шунча иш бўлиб ўтибди-ку, бизлар бехабар қолибмиз, — дея ўпкалагандай бўлди.

— Ҳа, кўргилик экан. Худога шукур, ўтиб кетди. Сенга буни чақимчи келинойиларинг етказиб бўлишдими?... Ўша қизга бугун рухсат беришибди. Лекин уни олиб кетгани ҳеч ким келмабди. Қизни бизникига олиб тушмасак бўлмайди. Йўл-йўлакай бирон бир дўконга кириб, бу қизга уст-бош ҳам сотиб оларман...

— Мен ҳам бирга борсам бўладими? Ахир қиз болага сиз қандай қилиб кийим-кечак сотиб оласиз?

— Куёвинг нима деркин?

У ҳам биз билан боради, ҳозир айтиб чиқаман...

Улар "Саидмухтор" га етиб келгач, дўкон ичини обдон айланишди. Энг сўнгги модадаги қимматбаҳо либослардан, бежирим пойафзаллардан, тилла зирак, ёқут кўзли узук, занжир сотиб олишди. Сўнгра гул бозорига ўтишиб, каттакон гулдаста харид килиб, шифохона томон йўл олишди.

* * *

Комила ётган палатага совға-саломларни кўтариб Севара кириб келди. Уни кўриб "Келинг, опа", дея ўрнидан турди Комила.

— Комилахон, биз сизни олиб кетгани келдик. Мен Мақсуд акангизнинг синглиси бўламан. Акамлар бизни пастда кутишаяпти. Мана бу кийимларни кийиб олинг, — дея уларни каравот устига ёйиб қўйди.

Қимматбаҳо либосларни кўриб Комила ҳижолат чекиб кетди. Бир зумда юзига алвон қон югурди:

— Овора бўлибсизлар-да, опа, ҳожати йўқ эди. Ҳалиям тоғамлар бизга кўп яхшиликлар қилди. Улар бўлмаганида мен соғайиб кетармидим, йўқми, билмадим... Кўявермабсизлар. Ахир, эрта-индин аям келиб қоларди-ку. Касалхонада шунча кун ётган яна уч-тўрт кун сабр қилиб турардим...

— Ундай деманг, синглим. Биз ҳам энди сизга қариндошдай бўлиб қолдик. Ҳеч ҳижолат бўлманг. Истасангиз шу бугуноқ уйингизга олиб бориб қўямиз...

Комила билан Севара ташқарига чиқишганида, у ерда гулдаста кўтариб Мақсуд турар эди. Унинг кўзи Комилага тушди-ю, негадир ранги оқариб, алланечук юраги "жиғ" этиб кетди. Шу тобда Комила Мақсудга кимнидир эслатиб юборган эди...

* * *

Комила машинада чурқ этмай кетди. У ҳижолатчиликдан ўзини қўярга жой тополмасди. Сабаби эшак аравада юриб катта бўлган бир қишлоқи қиз учун бундай такаллуфу эътибор ниҳоятда кўплик қилаётган эди. У эгнидаги либосу бўйни, кулоғи ва бармоғидаги тилла тақинчоқларга ҳеч кўғиша олмасди...

Улар Мақсудларникига етиб келишганида Комиланинг кўзи дастлаб ҳовли ўртасидаги улкан фавворага тушди. У қизга танишдай туюлди. Комила қачондир, қаердадир шундай фавворани кўрган... Бироқ қачон ва қаерда? Буни у ҳеч эслолмасди.

Шу дам ичкаридан Дилфузанинг "Гуландом, ҳой Гуландом", деган овози эшитилди. У жажжи қизалоғини чақирар эди. Бу даргоҳга биринчи бор қадам қўйиб илк бор раҳматлик онасининг исмини эшитган Комила ҳайратдан тамомила эсанкираб қолган эди...

 

Ўн иккинчи қисм

Комила эгнидаги умрида киймаган бежирим либослари билан муҳташам саройга кириб келар экан, ўзини ноқулай сеза бошлади. Қизга биринчи бўлиб Дилфуза пешвоз чиқди. Унинг кўзи Комилага тушди-ю, у билан қўл узатиб кўришгач, қизнинг елкаси узра эри — Мақсудга хунук бир хўмрайиб қўйди. Чунки нотаниш бу қизни қўрган заҳотиёқ, Дилфузанинг юрагида қандайдир бир "ғулғула" пайдо бўлганди. "У ўша, суратдаги қиз, ҳа, ўша, ўша, худди ўша", дерди ичидаги шайтони.

Комиланинг майдалаб ўрилган узун сочлари-ю, ёниб турган чиройли кўзларини кўриб тошдай қотиб қолган Асрор қизни кўриб бира-тўла эс-ҳушидан айрилган эди.

— Келинг, қизим, — деди Васила опа Комиланинг юзларидан ўпиб кўришар экан...

— Келин қиладиган қиз эканми, қуда, — деди Холисхон опа пичирлаб. — Бўйларини қаранг...

— Комилахон, синглим, юринг мен билан, — деди Севара ўртага тушган ҳижолатчиликдан қизни олиб чиқиб кетмоқчи бўлиб...

* * *

Ҳамма ичкарига кириб кетди. Ҳовлида ёлғизгина Асрор қолган. У қиз болани умрида биринчи бор кўриб тургандай ҳайрону лол эди. "Қиз бола дегани шунчалар ҳам чиройли бўладими? Табиат унинг қошларини гўзал кўзлари узра бир-бир қадаб чиққанга ўхшайди. Ой юзига қизил қалам билан чизиб қўйилгандай лаблари жилмайганида, баданидан ранг олган маржондай тишлари иссиқ истарасига бунчалар ярашмаса?». Асрор беихтиёр шундай ҳаёлларга толиб, юраги энтикиб, ўртаниб кетди.

* * *

Бинонинг биринчи қавати каттакон залдан иборат. Улкан-улкан деразали бу кошона шунчалар ёруғ эдики, мунавварликдан Комиланинг кўзлари қамашиб кетди. Уни залнинг қоқ ўртасига қўйилган, устига қимматбаҳо матоҳдан тикилган ғилоф кийдирилган диванга таклиф этишди. Қолганлар эса чор атрофдаги юмшоқ ўтиргичларга жойлашишди. Фотиҳадан сўнг Мардон ака ва Васила опа Комиладан ҳол-аҳвол сўрашди.

— Тузук бўлиб қолдингизми, қизим. Ранг-рўйингиз анча дуруст. Йўқлаб борганимизда аҳволингиз анча оғир эди. Худога шукур, яхши бўлиб қолибсиз. Бизларни ҳам қўрқитиб юбордингиз, — деди Васила опа.

— Раҳмат, аяжон, сизларни яна безовта қилиб қўйдим-да.

— Ишқилиб онангиз Ойбарчинойнинг бахтига омон бўлинг. Улар жуда тортинчоқ аёл эканлар. Бизникида аранг бир кеча тунади. "Мол-ҳолларим қаровсиз қолди", деб кетиб қолди. Сизнинг шифохонадан чиққанингизни эшитсалар, роса ҳурсанд бўлсалар керак. Майли, сиз, ёшлар, гурунглашиб ўтира туринглар, ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилиб ёзилиб ўтиринг, майлими? Биз қуда ҳолангиз билан юқорига чиқиб "Шом"ни ўқийлик. Қани, дадаси, бир дуо бериб қўйинг-чи.

* * *

Васила опа намозини ўқиб бўлгандан сўнг, қудаси тўсатдан Комиладан гап очиб қолди.

— Қуда, бу қиз сизларга ким бўлади ўзи? Бирам ширин нарса экан-ки.

— Сизларга билдирмай-ла қўя қолайлик деган эдик. Пешона-да, пешона. Лекин Худога айтганимиз бор экан, қуда. Ҳайриятки, қиз омон қолди. Унга бирор кор-ҳол бўлганида нима қилар эдик? Ўғлимга неча бор айтдим "бироз секинроқ юр" деб. У ўша қизни уриб юборган. Бечоралар яхши нарсалар экан. Даъво ҳам қилишмади. Ҳар ҳолда, биз ҳам қараб турмадик. Анчадан буён Мақсуднинг боши касалхонадан чиқмай қолган эди. Шукур, меҳнатлари зое кетмади...

— Бай-бай, Худо бир сақлабди-да, Василахон...

Ўша вақтда пастда Севара Комилага Мақсуд акасининг алғбомини кўрсатаётган эди.

— Олинг, синглим, мева-чевалардан олиб ўтиринг. Сув ичасизми?

— Раҳмат, опа, олаяпман, — деди-ю Комила алғбомнинг кейинги бетини очди. Қандайдир ички бир куч уни алғбомнинг айнан ўша "сирли" қатини тезроқ очишга шошилтираётгандай бўлди. Аслида эса бу Гуландомнинг иши эди... Йўқ, муҳтарам китобхон, сиз ўйлаган Гуландомнинг эмас, балки Мақсуднинг кенжа қизи, Комиланинг ўгай синглиси — жажжи Гуландомнинг шўхлиги эди. Ушбу варақ қайдан ҳам очилди ўзи? Шу бир парча қоғоз билан бир умрлик сир фош бўлди-ку! Комиланинг кўзи алғбомдан боқиб турган икки ёшга тушди-ю, ўша заҳоти холаси бир пайтлар унга кўрсатган суратни эслади. Ҳа, тасвир ўша суратнинг иккинчи нусхаси эди. Бироқ шошқалоқ Гуландом отасининг эсдалик китобининг навбатдаги бетини очиб улгурмасданоқ, Комила хушидан кетиб бўлган эди.

 

Ўн учинчи қисм

Комила хушига келганида тонг ёришай деб қолган эди. У кўзларини очиб-очмасдан манглайини ушлади. Боши шунчалар зирқираб оғриётган эдики... Комила ўзини шинам ётоқхонадаги улкан каравотда ётганини англаб, бирдан сесканиб кетди. "Мен қаердаман", дея савол берди ўзига-ўзи. Бир-икки дақиқадан сўнг эса у кечаги кунни аста-секин хотирасида тиклай бошлади. Шунда ҳалиги сурат яна бир бор унинг кўз ўнгидан қалқиб ўтди. Қиз шундагина бироз хушёр тортди. Апил-тапил ўрнидан турди-да, тилла тақинчоқларини каравот ёнида турган жавоннинг ғаладонига солиб қўйди. Сўнг оёғидаги уй шиппаги билан эшик томонга қараб юрди. Эшик қанотини оҳиста очиб, зинапоялардан "оёқ учида" тушиб ҳовлига чиқди. Боғбон тоға орқасини ўгириб эшик супураётган эди. У Комиланинг дарвоза ёнига келганини пайқамади ҳам. Қиз шоша-пиша ҳовлидаги фавворага кўз қири билан бир қараб қўйди-да, кўчага чиқиб ортига қарамай қоча бошлади.

* * *

Ойбарчин опа саҳар туриб ўчоққа ўт қалади. Қозонини осиб, чевати пиширди. Бугун Комилани кўриб келмаса бўлмайди. Энди ҳовлисини қўрқмай ташлаб кетса ҳам бўлаверади. Сабаби бўлак олдирадиган нарсаси қолмади. Ўтган сафар Комилани кўриб келгани шаҳарга кетганида кимдир сигирини ўғирлаб кетибди. Шуни айтсалар керак-да "Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади", деб. Ҳар қалай яхши иш бўлмади. Комилага сут-қатиқ, қаймоқ ташиб турувди. Қолаверса, бир челак-ярим челак қатиқ, бир-икки коса қаймоқ сотиб тирикчилик ҳам қилишаётганди. Ҳар куни бўлмаса ҳам уч-тўрт кунда бир марта Ўшга тушиб эски автовокзалда кутиб турган қатиқфуруш, сутфуруш хотинларга арзон гаровга пуллаб, топганига емак-ичмак олиб Комилага ташиётганди. Ойбарчин опа қизини ўқитиш учун тўплаб қўйган сармоянинг ҳаммаси дори-дармонга кетди... Ўчашгандай кунлар ниҳоятда исиб кетиб, сут-қатиқ ҳам унчалик ўтмай қўйди. Тунов куни Ойбарчин опа бир челак қатиғини эшикма-эшик юриб аранг сотиб кетган эди.

* * *

Ғира-шира бўлганлиги туфайли ҳали кўчада ҳеч ким йўқ эди. Комила қўрқа-писа боши оққан томонга қараб кетиб борарди. Шоҳкўчалардан онда-сонда ўтиб турган ажнабий машиналарини бошқариб кетаётган, башанг кийинган эркаклар, маликалардай "ясаниб" олган, кўзга яқин, дўмбоққина бу қизни кўриб сигнал чалишар, баъзилари эса тўҳтаб, "олиб бориб қўйиш"ни таклиф этардилар. Комила кўча супураётган фаррош аёллардан сўраб-суриштириб шоҳбекатга етиб келганида бу ерга туманлардан дастлабки автобуслар эндигина етиб кела бошлаган эди.

Шаҳарлик қатиқфурушлар эса автовокзал худудига кириб келган ҳар бир автобусни "қуршаб" олиб, унинг эшигига осилишади. Хотинлар ҳали автобусдан тушиб улгурмаган қиз-жувонлар қўлидан челакларни тортиқлашар, қатиқ тўла пақирларни талашишар, баъзан уларни ағдариб ҳам юборишарди.

Ойбарчин опа автобусдан тушгач, қизи Комилани кўриб даставвал уни танимади. Комила аясининг ёнига ўзи келмаганида у қизни танимай ўтиб кетган бўлармиди? Учрашувни қаранг. "Телбанинг ишини Худо тўғрилабди", деб шуни айтишади-да. Ойбарчин опа Комилани кўргач:

— Ие, Комила, жоним қизим, сен бу ерларга қандай қилиб келиб қолдинг. Устингдаги кийимларни қаёқдан олдинг? — деди Ойбарчин опа қизининг уст-бошига ҳайратланиб қарар экан...

Шу дамда улар турган жойга оқ «Лимузин» келиб тўхтади. Машина эшиклари очилиб, ундан Мақсуд билан Асрор тушиб келишди...

— Бу нима қилганингиз, Комилахон, — деди кела солиб Мақсуд. — Юракларни ёриб юборай дедингиз-ку. Сизга нима бўлди ўзи? Бирон киши ҳафа қилиб қўйдими? Наҳотки уйдан индамасдан чиқиб кетсангиз. Кеча кечқурун, сиз хушингиздан кетиб қолганингиздан сўнг "тез ёрдам" чақирган эдик. Укол қилиб кетишди. Тонгда қарасак, қаёққадир жимгина ғойиб бўлибсиз...

Ойбарчин опа эса нималар бўлаётганини тушунолмай гоҳ Мақсудга, гоҳ Комилага қараб қўяр эди.

Асрор эса Комиладан кўзини узолмай, унга суқланиб қараб турарди. "Қўрқитиб юбордингиз-ку. Бошқа кўролмайманми деб ўйловдим. Ҳайрият, топиб олдим. Энди қўйиб юбормайман. Сиз меники бўласиз", дер эди ичида.

Комила эса чурқ этмай ерга қараб турарди.

— Машинага ўтиринглар, — деди шу пайт Мақсуд. — Қишлоғингизга олиб бориб қўямиз...

* * *

Қизнинг кетиб қолганини эшитиб, қўрқиб кетган эрини кўрган Дилфузанинг авзои ниҳоятда бузилган эди. "Бу яшшамагур қиз ўлгур эримнинг бошини айлантириб олган бўлмасин", дер эди ичидаги шайтони. "Қайданам дугонам Ферузанинг гапларига қулоқ солмадим", дея койир эди ўзини-ўзи. "Бас, энди бораман! Шу бугуноқ бораман ўша бахшиникига! Йўқса бу қиз ўлгур эримни бира-тўла ўзига қаратиб олади". Дилфуза ҳадигу васвасалардан, иккиланишу шубҳалардан ўзини бир йўла йўқотиб қўйган эди...

 

Ўн тўртинчи қисм

Машина қишлоққа кириб келганида Комила йиғидан ўзини аранг тутиб қолди. Унинг ўкириб-ўкириб йиғлагиси келар эди. Томоғига тиқилиб қолган бир ҳовуч тош ташқарига отилиб чиқолмай, нари бориб-бери келарди. Қани энди уйга тезроқ етиб олса-ю, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаб олса.

Ойбарчин опа ҳам йўл бўйи лом-лим демай келди. Улар қишлоққа етиб келишганида «Пешин»га азон ўқилаётган эди. Комила машинадан тушди-ю, югуриб ҳовлига кириб кетди. Чунки у бўғзидаги тошларни кўзлари орқали "чиқариб" юбориши керак эди. Уйига кириб юзини ёстиққа отди-да, тўлиб-тўлиб йиғлаб юборди. Ойбарчин опа меҳмонлар билан ҳайр-маъзур қилгандай бўлди:

— Опа, биздан нимаики ёрдам керак бўлса, ҳеч тортинмай эшикка бораверинглар, қариндошдай бўлиб қолдик ҳарқалай, — деди Мақсуд кўзларини ердан узмай.

— Раҳмат, ука, ичкарига кириб чой ичиб кетсангизлар бўларди.

— Худо ҳоҳласа, келаси гал, — деди Мақсуд қўлини кўксига қўйиб.

Улар ҳайрлашгач, меҳмонлар машинасига ўтириб йўлга отландилар.

Ойбарчин опа уйга кирганида Комила ичкарида юм-юм йиғлаб ётган эди.

— Комила, қизим, мен муштипар онангни кечириб қўй. Сени олиб келгани боролмай қолдим. Олдингга кетаётган эдим, жониворларга ҳашак ташлаб кетай десам, оғилхона бўм-бўш. Сигиримиз йўқ, кимдир тунда уни ўғирлаб кетибди. Қўй, йиғлама, қизим. Худога шукур, яхши бўлиб қолдинг. Дийдор кўришиб турганимизга қувонсанг-чи!

Шунда Комила ўрнидан даст турди-да, онасини қучоқлаб янада каттиқроқ йиғлаб юборди.

— Тинчлан, қизим, тинчлан. Худога шукур, яна биргамиз. Менга Оллоҳнинг раҳми келди. Сени қайтариб берди...

— Йўқ-йўқ, сиз билмайсиз, ҳеч нимани билмайсиз. Мен... сиздан ҳафа эмасман. Йўқ, асло...

— Хўш, унда сени ким ҳафа қилди бўлмаса? Айт, айтақол энди? Мени кўп қийнама, қизим?!

— У ўша, ўша, ўша экан.., — деб тутилар эди Комила.

— Тузукроқ тушунтириб айтсанг-чи, бундай бир... ўшанг ким ўзи? Сен ким ҳақида гапиряпсан?!

Комила унинг исмини айтмоқчи бўлар эди-ю, бўғзига дамо-дам тиқилаётган аламдан ўкириб — ўкириб йиғлаб юборар эди. У анчагина кўз-ёш қилиб ўтирди. Энтикиб-энтикиб йиғлади.

Бироз ўзига келгач, ўрнидан туриб меҳробдаги эски сандиқни очди. Онаси Гуландомнинг алғбомини олиб Ойбарчин опанинг ёнига ўтирди.

— Хотира дафтарини очиб, онаси билан суратга тушган йигитни бармоғи билан кўрсатиб деди:

— Бу менинг отам экан...

Комиланинг сўзларини эшитган Ойбарчин опа тошдай қотиб қолди.

— Эс-хушинг жойидами ўзи, қизим? Бу гапларни қайдан олдинг?

— Ҳа-ҳа, жойида, айнан мана шу одам менинг отам экан, изтиробларимиз сабабчиси! Худди шундай суратни мен кеча ўшаларникида кўриб қолдим. Ортига "Гуландомдан Мақсуд акага", деган дастхат битилган. Мана бу суратнинг орқа томонига эса: "Севгилим Гуландомга Мақсуддан", деб ёзиб қўйилган.

Ойбарчин опа қизи Комиланинг гапларини тинглар экан, ҳайратдан ёқа ушлади. Унинг тили калимага келмай, нима дейишини ҳам билмасди...

У дам Комилага, дам суратга боқиб қўярди. Гоҳ аламдан, гоҳ қувончдан кўзига ёш оларди. Юрагининг туб-тубида қандайдир бир хотиржамлик, таскин пайдо бўлган эди. Муҳими, қизи энди ёлғиз эмас. Унинг отаси топилди. Наҳотки шу рост бўлса? Ойбарчин опа кутилмаган бу ҳақиқатга ҳеч ишонгиси келмасди. Наҳотки шу чин бўлса?!..

* * *

Дилфуза дугонаси билан бахши аёлникига етиб келишганида қуёш тиккага келган эди. Уй эгаси меҳмонларни илиқ кутиб олди ва ичкарига чорлади. Бахши аёл Дилфузадан умр йўлдошининг исмини сўраб тасбеҳ ўгира бошлади:

— Эрингизга иситма-совутма қилишган. Хўжайинингиз анчагина бой-бадавлат одам экан. Кўҳликкина жувон тушаяпти. Уларнинг боласи ҳам бор экан. Эрингизнинг ўша аёлда кўнгли бор. Ҳоҳласангиз, қайтарма қилиб бераман... Яна бир аёл киши тушаяпти...

Ўрталарида қандайдир бир қариндошлик ришталари бор. Орада фош этилмаган сир ҳам мавжуд. Лекин бу сир тез орада ошкор бўлади.

Бу гапларни тинглаб ўтирган Дилфузани совуқ тер босиб, кўнгли беҳузур бўлиб кетди. Бахшини тинглаб ўтирган дугонаси ҳам сесканиб тушди. "Айтувдим-а, ўша қиз эримнинг "юргани" деб. Касалхонага ҳам бекорга қатнамабди-да. У суюқоёқ бола ҳам туғиб берган бунга. Вой, юзсизлар-ей! Йўқ, йўқ. Мен буни шундайлигича қолдиролмайман. Барибир тагига етаман. Шармандасини «шаққа» иламан. Дунёга келганига пушаймон еб кетади. Мен унга кўрсатиб қўяман, бировларнинг эри билан "ўйнашиш" қанақа бўлишини!

 

Ўн бешинчи қисм

Кечаги кун жуда оғир кечди. Шунданми, Ойбарчин опа туни бўйи ухлай олмади. Комиладан эшитган гапларининг мағзини чақиб чиқди. "Бу гапларни у қайдан олди экан? Гуландомнинг сурати Мақсуджонларникига қандай қилиб тушиб қолди экан? Балки Комила янглишгандир? Ахир, бир хил исмли, бир-бирига ўхшаш одамлар камми дунёда? Тавба, наҳотки Мақсуджон чиндан ҳам Комиланинг отаси бўлиб чиқса? Йўқ, бўлиши мумкин эмас! Бундай нарсалар фақат ҳинд киноларидагина бўлади. Шундайлиги шундай-куя, лекин қайдадир Комиланинг отаси ҳам бўлиши керак-ку! Аммо қаерда? Қизиқ, нега энди шу чоққача бу ҳақда ўйлаб кўрмабман. Бундоқ бир сўраб-суриштирмабман ҳам...

...Ҳа, айтгандай, Гуландомнинг дугонаси Назира ўзимизнинг қишлоқдан-ку. У шаҳарга турмушга чиққан. Куёви, болалари билан онасиникига келиб-кетиб туришади. Ҳайитларда уч-тўрт марта бизникига ҳам кириб-чиқиб кетди. Нега энди ундан Комиланинг отаси ҳақида бирор марта ҳам сўрамабман. Бу ҳақда Назира ҳам оғиз очмабди. Онасидан манзилгоҳини сўраб, Назираларникига бориб келсаммикин-а? У ҳақиқатан ҳам ўша бўлиб чиқса-чи? Комилани тан олармикин?

Бу каби жавобсиз саволлар Ойбарчин опага ҳеч уйқу бермас эди.

Мақсуд Комилани илк бор учратганидан буён севгилиси Гуландомни тез-тез эслайдиган бўлиб қолди. У қишлоқдан қайтиб келди-ю, овқатланмай ётиб олди. Туни бўйи ёшлиги, талабалик йилларини эслаб чиқди.

Ҳа, улар сўнгги марта Мақсуднинг тўйидан бир ҳафта олдин учрашган эдилар. Йигитнинг ота-онаси ўғлининг "суюқоёқ" Гуландомнинг оғушидан қутқариб қолиш мақсадида Мақсудни тез орада уйлаб қўймоқчи бўлишди. Чунки уларнинг алоқалари бутун шаҳарга овоза бўлиб кетган эди-да. Мақсуд Гуландомга уйланаман деб туриб олди. Отасига усиз яшай олмаслигини ҳам айтди. Ўртада бола борлигини ошкор этганида Васила опа фарзандини тушунган бўлармиди? Лекин у бола ҳақида лом-лим демади... Мақсуд икки ўт орасида қолган эди, ўшанда. Гуландомга ўйланай деса, ота-онаси розилик бермасди. Севгилисидан айрилгани эса Мақсуднинг кўзи қиймасди. Чунки Гуландомни жонидан ортиқ кўрарди. Ноиложликдан вазиятни севгилисига тушунтирмоқчи бўлди: "Биз барибир бирга бўламиз", деб уни овунтирди. Гуландом эса бошини қуйи солиб, индамай йиғлаб турарди. Мақсуд эса бу уларнинг сўнгги учрашуви эканлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган. Гуландомнинг вафот этганлигини эса тўйининг эртаси курсдоши Қаҳрамондан эшитди. Ўшанда Мақсуднинг дили гўё ағдарилиб кетгандай бўлди. Ғазаби мушт бўлиб тугилиб, лабларини маҳкам тишлаб олди. Кўзлари намланиб, ўзи мансуб бўлган табақани лаънатлаган эди, ичида. Наҳотки катталар муҳаббат олдида шоҳ ҳам, гадо ҳам баробар эканлигини тушунмасалар? Дўсти унга боланинг ҳам нобуд бўлганини айтганида, бир куннинг ўзида ҳам севгилисидан, ҳали ота бўлиб улгурмай, ҳам боласидан айрилган Мақсуд "дағ-дағ" титрар эди...

У ўтган кунларни бир-бир эслар экан, Гуландом билан боғлиқ хотиралар юрак-бағрини ўртарди.

Орадан ўн етти йил вақт ўтибди. Бироқ ҳали ҳам Гуландом унинг кўз ўнгида бот-бот намоён бўлиб турарди. Мақсуд бундай жудолик, руҳий изтиробдан анчагача ўзига келолмай юрди...

Сўнгги пайтларда қишлоқда Комила ҳақида бемаъни миш-мишлар тарқала бошлади. Бу каби ёлғон-яшиқ гаплар ўша оқ «Лимузин» уларнинг эшиги ёнига бир-икки бор келиб кетганидан сўнг айниқса авж олди. Маҳалладаги хотинлар: "Қуш инида кўрганини қилади-да. Бу қизни казо-казо кишилар ҳар хил машиналарда ташлаб кетишаяпти. Кийган кийимларини айтмайсизми? Яқинда у туғруқхонада ётиб чиқибди, дейишаяпти. Холаси эса уни машина уриб юборди деган эди. Йўқ, машина уриб юбормаган экан. Аксинча, онасига ўхшаб бир-икки шаҳарликни "илаштириб" олган экан у. Қишлоғимизни онаси иснодга қўйгани етмай, энди қизи шарманда қилмаса, гўргайди", деб "висир-висир" қилишадиган бўлиб қолишди.

Комила эса бу каби маломатлардан бехабар, беғубор туйғулар, покиза ўй-ҳаёллар оғушида ҳаёт кечирарди. Чунки унинг ёнида ўксик кўнглини, тушкун руҳини кўтариб турадиган онаси ва холаси Ойбарчин опа бор эди-да!

 

Ўн олтинчи қисм

Асрор бой оилада туғилиб вояга етганиданми, ўзига анчагина "бино" қўядиган, каттазангроқ йигит бўлиб улғайган. У ўзини "Юлдузни бенарвон урадиганлар" сирасидан деб ўйлайди. Ўзига ниҳоятда ишонган, мағрур бу йигит муҳаббат тузоғига илинган бўлса-да, буни тан олгиси келмас эди. У Комилани илк бор учратгандан буён ўзини гўё иккига бўлиниб қолгандай ҳис этарди. Асрорнинг бир бўлаги қизни шу қадар гўзал қилиб яратган табиат кудратидан лолу ҳайрон бўлса, иккинчи бўлаги ўша қодир табиат томонидан ўзига тортиқ этилган ғурур қаршисида ожизу лол эди.

Комилага бўлган муҳаббати Асрорни унинг "Нексия" сига ўтқазиб Тошкентдай жойдан Ўшга олиб келса, йигитлик ғурури уни ишқ-муҳаббати олиб келган машинасига солиб изига қайтариб олиб кетар эди. У сўнгги бир-икки ой ичида Ўшга уч-тўрт марта келиб кетди. Лекин бирор марта ҳам Комилаларникига бормади. Нима ҳам деб борар эди? "Мен сизни севиб қолдим" дейдими? Йўқ, асло! "Нега энди Комила Асрорни севмай, Асрор Комилани севиб қолиши керак экан?! У қишлоқи, ялангоёқ бир қиз бўлса... Қайдам. Асрор бу қизни келин ойилариникида кўриб қолмаганида ҳисларига бунчалик эрк бермаган бўлармиди? Йўқ, бу қиз Асрорнинг тенгги эмас. Ота-онам ҳам кўнмайди бунга", дер эди Асрор ичида довондан ўтиб борар экан. Асрор шу каби ўйларга чўмиб кетаётган чоғда машина радиосидан таниқли хонанда Муҳриддин Ҳолиқов ижросидаги "Комила қиз" қўшиғи баралла янграётган эди...

* * *

Табиат ҳар кимнинг зуваласини ҳар ҳил қилиб узар экан. Бировга илоҳий гўзаллик ато этиб, унинг феъл-атворини синиқ қилиб қўйса, кимнидир моддий жиҳатдан бақувват қилиб, маънавий тарафдан қашшоқ этиб қўяркан. Комилани Оллоҳ бекаму кўст, исмини жисмига монанд, хақиқатан комил қилиб яратган. Унинг бирдан-бир камчилиги-бечоралигидир. Лекин камбағаллик айб эмас... Аслида Комила сингари пок, соф қизларни ҳар қандай йигит ҳам севиб қололмайди. Бундай қизларни севиш учун йигит, энг аввало, ҳақиқий йигит бўлиши керак...

* * *

Қобил Комилани мактабда ўқиб юрган кезларидан буён яхши кўрарди. У анча бақувват, қадди-қомати келишган, юрагида ўти бор йигитлардан. Армия сафидан қайтганига ҳам бир-икки ой бўлиб қолди. Комилага ҳарбийдан тез-тез хат йўллаб турди. Лекин қиздан биронта ҳам жавоб олмади. Тунов куни улар кўчада учрашиб колишди. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, Қобил қизга бир хўмрайиб ўтиб кетди. У соддадил йигит-да. Ҳамқишлоқларининг Комила тўғрисидаги уйдирмаларига аллақачонлар чиппа-чин ишониб бўлган...

Қиз бола жуда нозик бўларкан. Унинг шаънига ҳеч доғ тушмасин экан. "Гап-сўзи" чиқдими, тамом, уни бахти — қаро бўлди, деяверинг. Буларнинг ҳаммаси баъзи бир одамларнинг бўлган воқеани охиригача тушуниб етмай туриб, бу ҳакда ўйланмай-нетмай хулоса чиқариб юборишлари оқибатида рўй бериши табиий. "Тилнинг суяги йўқ", "Эл оғзига элак тутиб бўлмайди", деб бежиз айтишмаган...

* * *

Охирги пайтда қишлоқда Комила ҳақида тарқалган ёлғон-яшиқ гап-сўзлар Ойбарчин опани анчагина "тўкиб" қўйди. У тез-тез оғрийдиган бўлиб қолди. Турмуш машаққатлари, етишмовчиликларидан силласи қуриган Ойбарчин опа бира-тўла ётиб қолди. Ҳадемай қиш келади. Бу йил улар етарлича тезак ҳам "ёпишолмади". Сигирини ўғирлаб кетишганидан буён сутни ҳам қўни-қўшниларидан олишадиган бўлиб қолишган. Яхшиямки озгина тамаки пояси тўплаб қўйишди. Чиллада асқотиб қолар, ҳар ҳолда. Томорқадан чиққан пича картошка, сабзи, пиёз дегандай...

* * *

Шафоат ҳола, мана ўн йилдирки, Васила опаларникида ошпазлик қилади. У бир ҳафтадан буён Мақсудга Дилфуза берган қайтарма чойдан дамлаб бераяпти. Мақсуд қайтармани ичгани сайин негадир севгилиси Гуландомни илгаригидан ҳам кўпроқ эслайдиган бўлиб қолди. "Малҳам кор қилаётган бўлса, дард бир қатор қўзғаб олади", дейишади. Шунданми, балки Мақсуднинг эски яраси янгиланаётган эди. Охирги пайтда негадир Комила ҳам бот-бот тушига кирадиган бўлиб қолди. Қишлоқда тинчликмикин, ишқилиб, дея безовталанди у. Бориб она-боладан бир ҳол-аҳвол сўраб келсаммикин?", дея ўйлаб қолди.

 

Ўн еттинчи қисм

Қишнинг қорли-қировли кунлари ҳам бошланди. Ҳаммаёқ оппоқ қорга беланган. Кечалари узоқ-узоқлардан оч бўриларнинг увиллаган овози эшитилиб туради. Пастаккина ўйларнинг қор босган томлари узра бўртиб чиққан узун-калта мўрилардан ўрлаётган қора тутунлар кўкка қараб бўйлайди.

Қиш келиб, Ойбарчин опанинг соғлиги ҳам бироз ўнглангандай бўлди. Лекин уни Комиланинг отаси ҳақидаги ўй ҳеч тарк этмас эди. Эсон-омон баҳорга чиқиб олишса, албатта, шаҳарга бориб Назирани излаб топади. Қани энди Мақсуд чиндан ҳам Комиланинг отаси бўлиб чиқса. Ойбарчин опа шу каби ҳаёлларга ғарқ бўлиб ўтирган эди, бирдан эшик очилиб ичкарига икки челак сув кўтариб Комила кириб келди. У муз қотган қўлларини печкага тутиб:

— Ойи, эшитдингизми, шаҳардан Назира опамлар келишибди. Онаси анча бетоб бўлиб қолганмиш. Улар икки-уч кундан буён шу ерда эканлар. Чақиртириб келишибди.

— Вой, тинчлик эканми ўзи? Роҳила опага нима қилибди. Кечагина бир тузук-ла юрувди-ку!

— Куёви врач дейишаяпти. Ўзи қараяпти экан. Тузалмаса шаҳарга, касалхонага олиб кетишармиш...

— Вой, бечора-ей, шунчалик ёмон оғрияптиканми? Кечроқ бир йўқлаб чиқсам бўлар экан. Бира-тўла Назирахон билан ҳам гаплашиб чиқаман.

Ойбарчин опа ярим коса иссиққина атала пиширди-да, устига битта нон ёпиб, дуррага чигди. Эгнига онасидан табаррук бўлиб қолган қора барқут тўнини кийиб, бошига куя еявериб илма-тешик бўлиб кетган жунон рўмолини ўради. Тайғоқ йўл бўйлаб пайпаслаб-пайпаслаб маҳалла боши томон йўл олди.

У Назираларникига етиб келганида оқшом чўкай деб колган эди. Ойбарчин опага биринчи бўлиб Назиранинг ўзи пешвоз чиқди. У билан қучоқ очиб кўришгач, меҳмонни бемор ётган хонага бошлади.

Роҳила холанинг анчагина оғриётганлигини унинг сарғайиб кетган юзларидан ҳам англаш мумкин эди. "Ранг кўр — ҳол сўр", дейишади. Бечора болаларини анчагина қўрқитганга ўхшайди. Ойбарчин опа бемор ётган жойга бориб у билан пича сўрашди:

— Тузукмисиз, Роҳила опа? Сизга нима бўлди? Астойдил кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибсиз.

— Иссиқ жон экан, эгачи. Дард дегани сўрамай-нетмай келаркан, — дея ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди бемор.

— Ҳеч безовта бўлманг. Тинчгина ётаверинг. Мен ҳозир қайтаман. "Худо дардни суйган бандасига беради", дейишади. «Дард — меҳмон, касални берган шифосини ҳам беради».

Бу орада Назира меҳмоннинг олдига дастурхон ёзиб, нон-чой, қанд-қурс олиб келиб қўйди.

— Назирахон, қўйинг, кўп овора бўлманг. Сизни ҳам ҳийла уринтириб қўйдим, — деди Ойбарчин опа. — Келинг, яхшиси ёнимга ўтиринг...

— Онам бетоб бўлиб қолганини эшитиб, оёғимизни қўлимизга олиб етиб келдик. Онам ҳам нақ ўтакамизни ёриб юборай деди. Худога шукур, ҳозир анча тузук. Укол қилиб, дори-дармон бериб турибмиз. Куёвингиз яхши бўлиб кетади, деяпти-ку...

— Айтганингиз келсин, қизим. Онангизга Оллоҳ ўзи шифо берсин.

— Ҳа, айтгандай, эрталаб кўчада қизингиз Комилани кўрган эдим. Сувга чиққан экан. Кўрдим-у, кўзларимдан дув-дув ёш оқиб кетди. Гўё Гуландомни қайта кўргандай бўлдим. Одам деган ҳам шунчалар ўхшаш бўладими, ахир? Гуландомнинг ўзи-ю, кўзи бўлибди бу қиз...

— Назирахон, бу ҳақда биринчи бўлиб ўзингиз гап очиб қолдингиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Мен ҳам анча қариб қолдим. Комиланинг эса мендан бўлак ҳеч кими йўқ. Сиз билан бир неча бор кўришиб, унинг отаси хақида оғиз ҳам очмабман. Сиз ҳам бирон нарса демабсиз, бу ҳақда. Сиз асли Комиланинг отасини танирмидингиз?

— Бўлмасам-чи? Биз у йигит билан бир курсда ўқир эдик. Ҳозир уни шаҳарда танимаган одам йўқ. Тунов куни телевизордан ҳам кўрсатишди. Депутатликка номзоди қўйилибди.

— Ойбарчин опа Назиранинг гапларини тинглар эди-ю, юраги така-пука бўлар эди...

— У жуда бадавлат одам, — дея ҳикоясини давом эттирди Назира.

— Исми нима эди ўша йигитнинг?

Кимнинг? Комиланинг отасинингми? Мақсуд Олимов! Гуландомнинг алғбомида унинг суратлари ҳам бор эди. Ахир мен ўшанда бу алғбомни сизга олиб келиб берган эдим-ку.

Ойбарчин опа Назиранинг гапларини эшитиб: "Рост, тўғри, тўғри" дер эди-ю, жонида жон йўқ эди унинг. Чунки Мақсуднинг ҳақиқатан ҳам Комиланинг отаси эканлигига ҳеч шубҳа қолмаган эди-да.

 

Ўн саккизинчи қисм

Назира билан бўлган кечаги суҳбат Ойбарчин опанинг ҳаёлидан ҳеч нари кетмай қўйди. У эрталабдан буён бу ҳақда Комилага қандай, нима деб оғиз очишни билмай турган эди ҳамки, тўсатдан эшик қоқиб Назиранинг ўзи кириб келиб қолди. Улар айвонда қучоқ очиб, ҳол-аҳвол сўрашиб туришган пайтда, ичкаридан Комила чиқиб келди:

— Ассалому алайкум, келинг, опа, — дея Назирага кўл узатди у.

— Назира кўзларига ёш олиб Комилани бағрига босиб, уни маҳкам қучоқлаб олди. Шу пайт қаёқдандир учиб келган шапалоқдай капалак гоҳ Комиланинг юз-кўзларини сийпалаб, гоҳ Назиранинг ёноқларида туриб қолган ёш томчиларини баҳмал қанотлари билан артар эди.

Назира ичкарига кириб улгурмасданоқ Комилага дугонаси Гуландом ҳақида гапириб кетди:

— Улар бир-бирларини жуда яхши кўрар эдилар. Мақсуднинг ота-онаси тўсқинлик қилмаганида Гуландом билан Мақсуд албатта турмуш қурган бўлардилар. Ҳали ҳам ёдимда. Улар бир-бирисиз туришолмас эди. Қаёққа қарамайлик, Гуландом билан Мақсуднинг бирга юрганини кўрардик. Улар бир-бирини шунчалар севишар эдики, хаттоки бир дақиқага ҳам ажрай олмасдилар. Ҳей, бойлик бўлмаям ўлсин! Дугонамнинг бахтига зомин бўлди...

* * *

Мақсуд ўйланиб-ўйланиб, охири йўлга отланди. У даставвал қишлоққа нима олиб борсам экан, дея анчагина бош қотирди. Пул берса олишмаса... Яхшиси бир жуфт сигир олиб боргани маъқул. Сабаби Ойбарчин опаларнинг сигирини ўғирлаб кетишгани қулоғига чалингандай бўлган эди, ўшанда. Жониворларни олгани ҳам кўнишмаса-чи? Ҳар ҳолда бунинг бир иложисини қилса бўлади. Сигирлар сизларникида тура турсин, баҳоргача асраб беринглар, бизникида қарагани одам ҳам, шароит ҳам йўқ деб важ қилиб қўяди... Мақсуд шундай ўй-ҳаёллар билан машинасида қишлоқ томонга кетиб борар эди. Ортидан келаётган юк машинасига эса бир жуфт сигир ортилган...

* * *

Комила Назиранинг ўз ота-онаси хақидаги "Муҳаббат достони" ни кўзларида жиққа ёш билан тинглаб ўтирар эди. Ойбарчин опа шунда сандиқдан Гуландомнинг алғбомини олиб, уни Назирага тутқазди. Назира ёшлиги қолиб кетган ўша ҳотира дафтарини қўлига олди-ю, бирдан йиғлаб юборди. Чунки биринчи саҳифасидаги суратда Гуландом билан ўзи турар эди. Қизлар ўшанда эндигина ўн етти-ўн саккиз ёшда эдилар. Орадан қанча-қанча сувлар оқиб кетибди-я... Назира алғбомни хўрсиниб-хўрсиниб варақлар экан, ҳар бир сурат тарихи ҳақида Комилага батафсил, атрофлича сўзлаб берар эди. Назира хотира дафтарининг навбатдаги саҳифасини очганида, у ердан Гуландомнинг Мақсуд билан тушган сурати чиқиб қолди... Шу дам Назира бир дақиқача ўзини йўқотиб қўйгандай бўлди. Лекин у сир бой бермай, Комилага қараб:

— Бу йигит сизнинг отангиз бўлади, Комилахон, — деди Мақсудни кўрсатиб...

Комила эса индамай ўтирарди. У фақат мунгсиз йиғлар эди, холос. Қиз ўтган умри давомида отасиз яшашга шунчалар кўникиб қолган эдики, энди умрининг қолган қисмини отаси билан бирга ўтказишни тасаввурига ҳам сиғдира олмасди. Шу боис Назиранинг ҳикояси Комилага эртакдай туюларди.

* * *

Мақсуд машинасида довондан ўтиб олишга олди-ю, аммо ортидан келаётган юк машинаси тайғоқдан чиқолмай қолди. Машина ҳарчанд уринмасин, ўрнидан ҳеч қўзғала олмас эди. Атроф эса совуқ. Қир-далалар оппоқ қор остида ястаниб ётибди...

* * *

Ойбарчин опа, Назира, Комила уччаласи раҳматлик Гуландомни анчагача эслашиб ўтиришди.

— Дугонам ёдимга тушиб кетиб онам ҳам ҳаёлимдан кўтарилаёзибди, — деди Назира бирдан бетоб ётган онаси ёдига тушиб кетиб. — Келинг, опа, бир тиловат қилиб қўяйлик. Кейин мен уйга қайтай...

— Ўтирибмиз-да, Назира опа, яхшиси бугун бизларникида қола қолинг. Холамдан хабар олиб чиқамиз.

— Йўқ, Комилахон, раҳмат. Уйга чиқмасам бўлмайди. Онам ҳавотир олиб ўтиргандир. Ўзи тузукмикин, ишқилиб?

Ойбарчин опа Комила билан меҳмонни кузатишиб кўчага чиқишди. Шу пайт беш-олти метр наридан келаётган оқ «Лимузин» кўзга ташланди. У зум ўтмай улар турган жойга келиб тўҳтади. Машина эшиги очилиб, ундан басавлат бир киши тушиб келди. Назира бу одамни бир кўришдаёқ таниди. У собиқ курсдоши — Мақсуд эди. Кутилмаган бу учрашувдан тошдай қотиб қолган Назира нима дейишини билмай гоҳ Комилага, гоҳ Ойбарчин опага ҳайратомуз қараб қўяр эди...

 

Ўн тўққизинчи қисм

Тасодифий учрашувдан таажжубда қолган Назира бу унинг ўнгими, туши эканлигини англайолмай турар эди. Бўлмасам-чи? Эндигина гапириб турган одаминг ҳе йўқ, бе йўқ, томдан тараша тушгандай шундоққина қаршингда намоён бўлиб турса. Бундай вазиятда жинни-пинни бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас.

— Ие, ие, Назирахон, бу ўзларими? — деди ўртадаги сукунатни бузиб Мақсуд. — Мени кўриб намунча хушингиз учиб кетди? Ўзингизни бу ёқларга қайси шамоллар учирди ўзи? Янглишмасам, сиз шаҳарда турар эдингиз-ку... Куёвингиз билан тез-тез улфатчилик ҳам қилиб турамиз...

— Келинг, келинг, Мақсуджон, — дея ўзини бироз ўнглаб олди Назира. — Ўзингизни қайси шамоллар учирди бизнинг қишлоқ томонларга.

Отасини кўриб Комиланинг кайфи учиб кетай деди, чамаси. Унинг қўл-оёқлари титрар, юраги шунчалар тез урар эдики, ҳаттоки дуккилаши қулоқларигача эшитиларди... "Ота, отажон" деб юборгиси келарди унинг. Лекин табиатан оғир босиқ қиз бўлганлиги туфайли ўзини қўлга олди. Аслида унинг Мақсудни "келинг" дегани ҳам мадори қолмаган эди...

— Опа, соғ-саломат юрибсизларми, — деди Мақсуд Ойбарчин опа билан саломлашар экан. — Эшик-эллар тинчми? Ўзингиз тузукмисиз?

— Келинг, ука, хуш келибсиз, — деди қўлларини кўксига қўйиб Ойбарчин опа. — Худога шукур, раҳмат. Ўзинглардан сўрасак. Аянгиз, дадангиз, ака-укаларингиз эсон-омон юрибдиларми? Қариндош-уруғ, бола-чақалар соғ-саломатми?

— Раҳмат, Оллоҳга шукур, ҳаммалари тинч юришибди... Комила қиз қалай, Комила қиз, — дея Мақсуд Комила тарафга қаради. — Яхши бўлиб қолдингизми, қизим? Шаҳарда тоғам бор, бир йўқлаб келай ҳам демайсиз? Мана, сизларни кўриб кетгани яна ўзим келдим...

— Мақсуджон, тинчликми ўзи, жа қуюқ сўрашиб қолдиларинг? Муносабатларингдан анча яқинга ўхшайсизлар? — дея гап қистирди Назира. — Булар сизга ким бўлади ўзи, агар сир бўлмаса?

— Тўғри топдингиз, Назирахон, жуда тўғри топдингиз. Бизлар чиндан ҳам яқин қариндошдай бўлиб қолганмиз. Ойбарчин опа менга опадай, Комилахон эса ўз қизимдай бўлиб қолишган...

Комила Мақсуднинг "ўз қизимдай бўлиб қолган" деганини эшитди-ю, қулоқлари зирқираб кетди. Қиз шўрликнинг ўша пайтда қай аҳволга тушиб қолганини бир тасаввур қила олсангиз эди...

Шу дамда "Лимузин" нинг орқа ўриндиғида опаси, қизи, Назира ҳамда Мақсудни кузатиб узун сочлари ёзиқ, оппоқ ҳарир рўмолда раҳматлик Гуландом ўтирар эди. Қўзлари жиққа ёш...

Ойбарчин опа эса меҳмонни уйга таклиф этиб, тўшак ёзиб, жой ҳозирлаш учун Комилани бошлаб ичкарига кириб кетди. Кўчада эса Мақсуд билан Назира юзма-юз қолишди:

— Бахтингиз бор экан, Мақсуджон, — деди Назира.

— Нимага шаъма қилаяпсиз, Назирахон?

— Қизингизни топиб олганингизга-да?

— Нима демоқчисиз ўзи бу билан? Бундай бир тушунтириброқ гапиринг, илтимос?

— Бу эшикнинг кимникилигини биласизми ўзи? Бу ҳовлида сиз бир вақтлар севган қиз Гуландом туғилиб вояга етган. Ҳа-ҳа, бу уй Гуландомларнинг уйи. Ойбарчин опа Гуландомнинг туғишган опаси бўлади. Комила эса Гуландомнинг қизи — сизнинг қизингиз бўлади...

Назиранинг гапларини ҳаяжон билан тинглаб турган Мақсуд бирдан юрагини ховучлаб, машинасига суяниб олди. Уни шу дам инфаркт тутиб қолган эди... Ўша куни Мақсудни туман марказий касалхонасига ётқизишди...

(Давоми бор)

 

© Раҳим Каримов, 2000. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
    Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 

Шунингдек мақолаларни ўқинг:

С.Грачев. О романе Рахима Каримова «Камила»

А.Михайлов. Быть услышанным и понятым

О.Хамидов, М.Урамбаев. Убери из чашечки пасмурные дни…

 


Количество просмотров: 4452