Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 20 июл 2009 йил.

Раҳим КАРИМОВ

Она

Новелла

Мазкур новеллада муаллиф йўлдан адашган замон кишисининг суратини чизар экан, «Она» номига номуносиб бўлган айрим енгилтак аёлларнинг турмуш тарзи, нима бўлганда ҳам уларнинг ўз болалари учун дунёдаги энг меҳрибон, суюк инсон – Она бўлиб қолавериши ҳаётий чизгилар воситасида ишончли тарзда ҳикоя қилинади

Каримов Р. Лаъли Бадахшон: Қисса, новеллалар. — Ўш, 2007. – 100 б. Адади 500 дона

 

Она сўзи азал-азаллардан оламдаги «Аллоҳ» дан кейинги энг буюк — «Дунё» билан ёнма-ён турувчи муқаддас сўзларнинг бири бўлиб келган. Зеро, «Она» дунё яралгандан буён уни тебратиб келаётган зотдир. Ваҳоланки, табиатдаги ҳар бир жонзотнинг отаси ва онаси бўлади. Бироқ болани охир-оқибат вужудга келтирувчи, унга ёруғ нур, мана шу эртаксимон ҳаётни ҳадя этувчи – бу Онадир…

Она. У кимнинг, ниманинг онаси бўлмасин, барибир она экан. Одам боласи билан жониворнинг онаси ўртасида ҳам қандайдир уйғунлик, яқинликни кўраман мен. Уларнинг вазифалари, маъсулияти-ю бурчлари ҳам бир хилдай туюлади, назаримда. Бу ҳам бўлса — ўз зурриёдини жони борича ёмон кўзлардан кўз қорачиғидек асраб-авайлашдир. «Қўнғиз ҳам боласини оппоғим» дейди деган ибора балким шундан оммалашиб кетгандир, биз, одамлар орасида…

Ўйласам, оламда қумурсқадан тортиб, бизнинг кунларгача қирилиб битган динозаврларнинг барча-барчасигача оналик ҳиссидан мосуво бўлмаган эканлар. Аммо башарият Онасидек меҳр-шафқатли, ҳис-туйғулироқ бўлак ҳилқат бўлмаса керак, оламда…

«Онанинг кўнгли — болада, боланинг кўнгли — далада» деган мақол бор элда. Ёки «Мен куярман боламга, болам куяр боласига» дейди доно ҳалқимиз. Бу каби учқур сўзлар, мақоллар биз яшаб келаётган дунёнинг тамойилларимикин, деб ўйлаб қоламан баъзида. Бироқ беш қўл баробар бўлмаганидек, оналар ҳам бир хил бўлавермас эканлар…

Афсуски, яқинда шаҳар кўчаларидан бири бўйлаб бораётиб, қизиқ бир манзаранинг шоҳиди бўлдим. Мендан беш-олти қадам нарироқда бир аёл «кетиб» борарди. Унинг ортидан оҳиста кузатиб келдим. Ҳалиги хотин ниҳоятда маст — оёғида аранг туради. Ҳар қадам босганида атрофдагилар «ана энди ариққа ағанаб кетади», дея юрак ҳовучлаб борардилар. Кайф аёл йиқилай-йиқилай дея, ариқ қирғоғидан ортга қайтиб келарди. Эгнида таранг кўкимтир жинси шим билан қора тустаги баллон нимча. Бошидаги жун қалпоғи остидан чиқиб турган қора сочларидан унинг Осиё миллатига мансуб эканлигини англаб олдим… Кимдир унинг қўлтиғидан ушлаб, беш-олти қадамгача бирга етаклаб борар, мабодо уни бир сонияга қўйиб юборса, ҳалиги аёл яна йўлнинг у бурчидан, бу бурчига тебраниб бориб келарди. Ҳамманинг кўзи унда… Барча «ана йиқилади, мана йиқилади» деб чўчиб кузатиб туради. Барчасидан ҳам унинг ёнида кетиб бораётган саккиз ёшлар чамасидаги боланинг аҳволи кўпчиликни ҳаяжонга соларди. Одамларнинг айтишича, у ўша аёлнинг ўғли экан. Қўлида оқ халта. Унинг ичи тўла майда-чуйда. Улар бозордан келишаяпти, чоғи. Бола ҳалиги халтани аранг кўтариб бораётгани етмай, онасини ҳам йиқилиб кетмасин деб унинг енгидан ушлаб бормоқда. Улар шу куйи ўзлари истиқомат қиладиган кўп қаватли уй томонга бурилишди… Боланинг юраги ҳамон така-пука. Нигоҳларида таҳлика, саросима. У «онам йиқилиб кетмасин», дея не-не хавотир-ла, жон ҳовучлаб кетиб боради…

Аслида улар тонгда майда-чуйда қилиш учун бозорга тушишган, чамаси. Яхшигина бозор-учар қилишибди-ю, аммо йўл-йўлакай онасининг хумори тутиб кетиб, юз грамм-юз граммдан шароб ичиб келибди. Бурни қип-қизил. Ранг-рўйидан ичкиликка муккасидан кетганлиги яққол кўриниб турибди. Ёш бўлишига қарамай юзлари тириш-буриш бўлиб кетган… Бироқ ана шу болакай учун дунёда унинг онасидан-да гўзалроқ, азиз ва мўътабарроқ аёл йўқдай, ўша дам! Ҳозир унинг қаршисига «Коинот маликасини» олиб келиб қўйсалар ҳам, унга ўзининг онасидан ҳам чиройлироқ, бенуқсонроқ аёлни топиб бўлмайди, гўё… Зеро, она бўлиб тайинланмайдилар, балким туғиб, туғиладилар…

 

© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
    Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 


Количество просмотров: 3155