Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Публицистика / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар / Литература ближнего зарубежья, Узбекистан
© Акбар Мирзо, 2019. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади
Сайтга жойлаштирилган вақти: 6 декабр 2019 йил

Акбар Мирзо

Дўстлик ва жасорат намунаси ёхуд унутилган Боткен фожеаси

Боткен воқеаларига 20 йил тўлди. Бироқ шу пайтгача бу фожеа тўғрисида бизда ҳеч ким ҳеч нарса ёзмади? Нима учун? Ахир ён қўшнимиз бўлган қирғиз халқининг фарзандлари террорчи гуруҳлар билан аслида ким учун курашдилар, ким учун азиз жонини фидо қилдилар? Ҳақиқатга тик боқайлик: биз ўзбеклар учун эмасми? Демак, Боткенда рўй берган воқеларни унутишга ҳақимиз йўқ.

 

Йигирма йил кечиккан мақола

 

Ўтган йили ёза бошлаган “Ватангадолар” деб номланган янги асаримдаги воқеалар тасвири Қирғизистоннинг Боткен вилоятида рўй берган қонли фожеаларни айнан ҳаётдагидай ёритишга келганда бирдан тўхтаб қолди. Бўлиб ўтган даҳшатли тўқнашувларни қанчалар кўз олдимга келтиришга, жанг манзараларини ўзимча тасвирлашга уринмай, қўлимдаги қаламни асло ишга сололмадим. Катта-кичик тоғларни кўрганман, унча-мунча довонлардан ўтганман, лекин қорли чўққиларга чиқмаган, қалин арчазорларни оралаб юрмаган, бундай жойларда бирон йиртқич ҳайвонга рўпарў келмаган, қоялар бағрига яширинган ғорларга кирмаган бўлсам ҳам, буларнинг барини хаёлимда жонлантира оламан ва ўз мухлисларимни ҳам бунга ишонтира оламан деб ўйлагандим. Ахир ёзувчининг ҳаёлот дунёси нималарга қодир эмас! Жазирама саҳрода туриб Антарктидага саёҳат қилиши мумкин. Қалин музликлар устида юрган қаҳрамонини қор кўчкиси остида қолдириб, мухлисларининг юрагига ачиниш ҳиссини, кўзларига эса ёш олдириши мумкин. Бироқ... бироқ бундай осон йўлдан боришга виждоним йўл қўймади. Боткенни, унинг қишлоқларини ўз кўзим билан кўрмай туриб, у ерда яшаган, яшаётган, Ўзбекистонни босиб олиш учун Қирғизистон орқали Фарғона водийсига ўтмоқчи бўлган ва шу мақсадда Жилису, Зардоли, Кан қишлоқларига кириб келган жангариларнинг йўлини тўсиш учун жангга отланган, ўлимга тик борган, жонини фидо кишиларнинг қабрини зиёрат қилмасдан, бу даҳшатни ўз бошидан ўтказган одамлар билан бир оғиз суҳбатлашмай, қишлоқ кўчаларини пиёда сайр этмай туриб ёзишни давом эттира олмадим. Сафарга отландим, аммо Қирғизистон шарт-шароитини яхши билан адабиётшунос олим Зуҳриддин ака Исомиддинов тоғларга қор тушса, Боткен ҳудудида жойлашган осмонўпар Олой-Помир тоғларининг довонларидан ўтиш қийинлигини тушунтиргач, режани кейинги йил баҳорга қолдирдим. Кунлар исиб, дарахтлар барг ёзди, аммо инсон амалга оширмоқчи бўлган ҳар қандай мақсади ҳам айтилган вақтда рўёбга чиқмас экан. Сентябрнинг ўрталарига келибгина, Қирғизистоннинг мамлакатимиздаги Элчихонаси ёрдами билан сафарга отландим.

Бир пайтлар ўтиш мушкул бўлган чегара назорати постидан ҳеч бир қийинчиликсиз ўтдим. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар раҳбарлари билан олиб бораётган дўстона мулоқатларининг, бир-бирига ёндош, бир-бирига қондош бўлган, тарихи бир, дини бир халқларнинг ўртасини тўсиб турган — уларнинг меҳр-муҳаббати, қон-қариндошлиги ва дўстлигини ажратиб қўйган темир панжараларнинг очилиши самараси деб билдим. Мени Қадамжо чегара постида кутиб олган Ақжўл исмли қирғиз йигит худди ўз акасини кўргандай бағрини очди. Ҳақиқатан ҳам биз узоқ йиллар кўришмаган ака-укалардан маҳкам қучоқлашиб кўришдик. Ақжўл ўзбекчасини қойиллатиб гапираркан, шунинг учунми унга ўзбекчасига Оқйўл деб мурожаат қилдим. У асло хафа бўлмади, “Маъноси бир, фақат айтилиши икки хил холос” деди қувноқ ҳолда. Қўқонлик йигитлар асло ажратолмайсиз. Аскияга ҳам уста. Фарғонаю Боткен атрофларини бежиз олтин водий деб аташмас экан. У ўз машинасида каминани Боткен шаҳрига кузатиб қўяркан, йўлда учраган қишлоқларда қирғиз ва ўзбеклар иноқ яшаётгани, худди аввалгидай бир-биридан қиз олиб, қиз бераётгани, тўйлар эса жуда ажойиб ўтаётгани ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Орадаги совуқчилик йилларида кўнгил қўйган ўзбек қизига етишолмаганини яшириб ўтирмади. Қурилаётган янги уйларда ўзбекнинг қўли гул усталари ишлаётгани, уларнинг лойиҳалари бу ердарда жуда қўл келаётгани тўғрисида ҳам батафсил ҳикоя қилди. Ақжўл мени Боткендаги меҳмонхоналардан бирига олиб борди. У ерда бизни олтмиш беш ёшлардаги, оқ калта сочлари тикка, бироз қорин қўйган, тетик бир киши кутиб олди. У ўзини Ақмирза деб таништирди. Мен ўз тахаллусимнинг қисқартмаси экан десам, ўртамизда самимий кулгу кўтарилди. Кеч тушиб қолгани боис, Ақжўл ортига қайтиши кераклигини, Қадамжодаги бунёдкорлик ишларига масъул эканлигини айтиб узр сўради. Биз энди ҳақиқатан ҳам анча йиллар айрилиқда яшаган, бир-бирини излаган, дарагини топса-да, ўртадаги катта тўсиқлар туфайли диллаша олмаган, аммо мана ниҳоят дийдорлашган, фақат дарҳол ажралишни истамаган жигарлардай вақтинчаликка, гўё эрта-индин яна кўришадигандай шод-хуррам кайфиятда хайрлашдик. Ақжўлга оқйўл тиладим.

 

Саволлар гирдоби

Ақмирза ака худди мен излаган инсон экан. Бунинг учун Элчихона ходими Камал Алимкуловичдан миннатдор бўлдим. Боткен фожеасини ўз кўзи билан кўрган, яъни жангарилар билан бўлиб ўтган жанг даҳшатини бошидан кечирган одам билан суҳбатлашим керак эди-да. Худди шундай одамга қалбимни кемирган саволлар билан юзланишим лозим эди. Худди шундай одамдан йигирма йил аввал рўй берган воқеаларни миридан сиригача сўрашим шарт эди. Саволларим кўп эди, билишим керак бўлган тафсилотлар бисёр эди. Фақат асаримни давом эттириш учун материал тўплаш учунгина эмас, балки бир гуруҳ қуролланган жангариларининг ҳеч иккиланмай бемалол Қирғизистон ҳудудига кириши ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига ўтиб, водийни эгаллаб олишга журъат қилишганининг моҳиятини англашим зарур эди. Бундай ишонч уларда қаердан пайдо бўлди? Қирғиз ҳарбийларининг сони камлиги, тоғ шароитида жанг олиб боришга тажрибаси йўқлиги, тинч аҳолининг ўлимини кўриб саросимага тушиб қолиши мумкинлиги тўғрисида тўплаган маълумотларига ишонганми? Ёҳуд давлатнинг айрим раҳбарлари орасидан ҳайрихоҳ топдик деб ўйлаганликлари уларга умид бағишлаганми? Марказий Осиёда етакчи бўлган, мустақилликни қўлга киритгандан кейин ҳам қўшни давлатларга нисбатан етарлича таъсир кучига эга бўлган Ўзбекистонни қандай қилиб босиб олиш мумкин? Қирғизистонга кириб келган олти юз киши билан бутун бир водийни эгаллаб олишга интилиш учун қаердан куч топишди? Ёки босқинчиларнинг бошқа бир мақсади бўлганми? Қирғизистон ҳукумати улар сўраганидай йўлак (коридор) очиб берадию жангарилар водийга тинч йўл билан ўтиб олишади ва Фарғонада яшашни талаб қилишади. Ўзбекистон ҳукумати уларнинг талабини бажармай, мамлакатдан чиқиб кетиши учун ҳаракат бошлайди. Жангарилар эса “Водийда тинч ҳаёт издан чиқди, ҳукумат ўз фуқароларини қонуний уй-жойидан маҳрум қилиб, туғилиб ўсган юртидан бадарға қилмоқда ёки қамоққа ола бошлади”, деб жар солишни ва бу вазиятни кутиб турган учинчи давлатнинг “тинчликсевар”, “тартиб ўрнатувчи”, “беминнат ёрдам” дея ҳар хил номлар остида фаолият кўрсатувчи ҳарбий кучларини келишини ва ўз ниятларига етишни ассосий мақсад қилиб қўйганмикин? Мени мана шу ўйлар қийнарди. Қирғиз ва ўзбек миллатини бир-бирига душман деб билдимикин? Бирининг бошига ташвиш тушса, иккинчиси томошабин бўлиб қараб туради, деб ўйладимикин? Бу икки давлат вакилларини ўзгалар тақдирига бепарво, қийин вазиятларда эса ўз ширин жонларини ўйлаб қоладиган қўрқоқ халқ, дея хулоса қилдимикан? Ёхуд қирғиз ҳарбийлари ҳукумат номига ёзган дадағали, юракка қутқу солувчи мактубимиздан қўрқиб кетиб йўлимизга ғов бўлмайди, худди истаганимиздай йўлак очиб беришади ва бизлар осонлик билан водийга ўтиб, уч вилоятни — Фарғона, Андижон ва Наманганни ҳеч қийналмай қўлга киритамиз, деб ўзларича хаёл қилдимикин? Наҳот шундай ўйга бориб, режаларини амалга ошириш учун Қирғизистоннинг Боткен ҳудудини танлашган бўлса?

Баъзи саволаримга ечим топгандай бўлардим, аммо ҳақиқатни билмоқ ниятидаги сўровларим гирдоби қалбимда гир айлаганича қолаверарди. Шундан кейингина ўзларини Ўзбекистон Ислом партиясининг лашкарлари деб атаган, турли миллатлардан ташкил топган жангарилар билан юзм-юз келган ва икки ойдан кўпроқ вақт мобайнида уларга асир сифатида азобланиб яшаган одамлар билан кўришмоқ, улар ҳис қилган қўрқув ёхуд жасоратнинг изларини қалбимдан ўтказмоқ мақсадида йўлга тушдим ва ниҳоят излаган инсон билан ҳамсуҳбат бўлиб турардим. Йўлда чарчаганимга қарамай, суҳбатимиз тугай демасди. Ақмирза ака мен боришни кўзлаган худди ўша манзил – Зардолида туғилиб ўсган, айнан 1998-1999 йиллари қишлоқ совети (ижроия кенгаши)нинг раиси бўлиб ишлаган, юртига бостириб кирган Жума Намангоний жангарилари билан мулоқат олиб борган, жонини хатарга қўйиб бўлса-да, юзлаб ҳамқишлоқларини ўлимдан сақлаб қолган жасоратли инсон бўлиб чиқди.

 Балки дам оларсиз, меҳмон? – деди Акмирза ака вақт алламаҳал бўлганда. – Ёки туни билан мен билан гаплашиб, эрталаб юртингизга қайтмоқчимисиз?

— Зардолини кўрмасдан қандай ортимга қайтаман? Жангарилар босиб олган овулларни ўз кўзим билан кўргани келганман.

 Ахир бунга деярли йигирма йил бўляпти.

 Тўғри, лекин ақлини таниган, босқинчиларнинг ёвузликларини кўрган ҳамқишлоқларингиз ҳеч нарсани унутмаган бўлса керак? – яна савол билан юзланаман Ақмирза акага.

 Унутишмаган. Унутолмайди ҳам, – дея чуқур хўрсинди мезбон.

 Унда, борамиз!

 Лекин... Ўнлаб тоғларнинг довонларидан машинада ўтишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермайди, — деди Ақмирза ака бироз ўйланиб тургач. — Ҳавонинг авзойи бузуқ. Сал ёмғир ёқса машинада юриб бўлмайди. Ғилдираклар сирпаниб... Қор тушса-ку, у томонларда бир неча кун қолиб кетишимиз турган гап. Бундай хатарли сафарга чиқмаганингиз маъқулми, дейман-да.

 Таваккалчининг иши Худо ўнглайди, дейишади машойиҳлар. Шу ергача келдимми, у ёғига ҳам бораман!

 Унда дам олинг, йўл олис. Бунинг устига хавф-хатарга тўла. Довоннинг тошлоқ йўлларидан юрганимизда барибир ухлолмайсиз. Суҳбатимизни эса йўл-йўлакай давом эттирамиз. Қайси қишлоқда қандай воқеа рўй берган бўлса, ҳам кўрсатиб, ҳам сўзлаб бериб кетаман.

 Ҳайдовчи топиб қўйганмисиз?

 Бўлмасам-чи!

 

Акмирза ака ўз халқи ҳақида

Эрталаб йўлга тушдик. Ҳайдовчимиз Жанибек Асамиддинов ҳам Зардоли томонларда улғайган, 1999 йили аҳоли хавфли ҳудуддан Боткенга кўчирилганда оиласи билан туғилган еридан кетишга мажбур бўлган кишилардан экан. Камгап, қарашлари жиддий. Бизнинг суҳбатимизни жимгина тинглаб кетаркан, ярим йўлга боргандагина икки оғиз гапирди, холос: “Кан қишлоғига ҳарбий аскарларни олиб кетаётган эдик. Бирдан олдимдаги “КаМАЗ”га снярд келиб урилди. Гранатомётдан отилган ўқ аниқ мўлжалга теккан эди. Ўнта аскарнинг бештаси портлашдан нобуд бўлди. Уларнинг ҳар томонга сочилиб кетган тана аъзоларини отишма тўхтагандан кейингина йиғиб олдик. Ҳозиргина гаплашиб ўтирган йигитларнинг жасадларига қараш жуда аянчли эди, Энг оғири уларнинг ўлимини ота-оналарига айтишимиз бўлди. Бу машъум хабардан уларнинг қалблари тилка-пора бўлди. Мен аскарларимизни шаҳид кетди, деб ҳисоблайман”. Бошқа гапирмади. Рул чамбарагини маҳкам сиққан қўлларидан, йўлга тикилган ногоҳларидан пайқадимки, юракдаги оғриқ, дард ҳали-ҳамон ёдида. Вулқон сингари вужудининг тубида қайнаб турибди. Сал туртки бўлса, осмону фалакни тутиши мумкин. Ақмирза аканинг гапига қараганда Жанибек ўша, Боткен устини қора булут қоплаган кунларда эски юк машинасида ярадорларни хавфсиз жойга ташиган, икки ўртадаги қисқа жангларда қатнашган, энг муҳими, қушлар ҳам камдан-кам учиб ўтадиган чўққидаги довондан тап тортмай ўтадиган икки довюрак йигитнинг бири экан.

Қулоғим ҳамроҳларимнинг сўзларида, нигоҳим эса атрофга тикилган. Паст қир-адирлар тугаб, баланд тоғлар бошланди. Йўлимизда учраган дарёни Сўх деб тахмин қилдим.

– Тўғри, ҳаритадаги номи шундай, аммо қирғизлар уни Кўкдарё деб аташади, – дея изоҳ берди Ақмирза ака кўнглимдан ўтган саволни кўз қарашларимдан пайқагандай.

Баъзи ерларда кенг ёйилиб сокин оқаётган, айрим жойларда эса икки тоғнинг тор оралиғидан шарқираб ўтаётган тиниқ сувли дарё мафтункор эди. Қанчалар баландга кўтарилмайлик, у кўзга ташланиб турар, азим тоғларнинг қон томири янглиғ гоҳ мавжланиб, гоҳ тинч оқиб кишини ҳайратга солишда давом этарди. Биринчи дуч келган қишлоқ номи “Қыштут айылы” эди. Кейин “Дара айыл аймагы” ва “Тунук-суу айылы”дан ўтдик. (Фото: қишлоқларнинг расми). Қишлоқ аҳоли асосан маккажўхори ва тамаки экаркан. Томорқаларида картошка, пиёз, помидор экинлари ҳам кўзга ташланар, ўрик дарахтлари ҳар бир уйда тарвақайлаб ётарди. Боғ ичидаги хашаклар ўриб олинган ва бир чеккага уюм-уюм қилиб босиб қўйилган. Бироқ мол-қўйлар кўринмасди.

 Одамларнинг чорваси ҳали яйловда. Эрта-индин қайтиши бошланади. Ана шунда кимнинг қанча туёғи борлигини билса бўлади. Аҳолининг яшаб турган эски уйларига, лойдан қурилган пастқам деворларига, гувалали молхона ва омборхоналарига қараб, одамлари ночор яшаркан, дея баҳо берган киши янглишиб қолиши мумкин. Тўғри, кейинги йилларда янги уйлар қуриш урфга кирмоқда. Аммо аксарият одамлар аввало яхши еб-ичишни ўйлашади. Соғлик тоғликлар учун биринчи масала. Соғ бўлсанг, ҳаммасини амалга ошириш мумкин, дейишади улар. Бу ерларда замонавий касалхоналар йўқ. Ўнлаб, юзлаб километр жойга етиб боришнинг ўзи эмас, айниқса, қиш-қировли кунларда. Қаранг, эътибор беряпсизми уларга, шамолли куз ҳавосида ҳам икки юзлари қип-қизил, юришлари тетик, кетмонни чопишидан маълумки, билакларидан куч ёғилиб турибди. Бу қишлоқлар-ку Боткендан унча узоқ эмас, сиз йўналишимиздаги энг охирги қишлоқ одамларидан сўранг-чи, шаҳарда яшашни исташармикан? Ўз ихтиёрлари билан ота-оналари яшаб ўтган табаррук жойларни ташлаб кетишармикан? Ҳозир борадиган Зардолида на чироқ бор, на газ. Бироқ одамлар ўша маконни азиз тутиб ҳамон яшаб келишяпти. Баъзиларининг Боткенда уйлари ҳам бор. Ўша кўч-кўч йиллари давлат томонидан узоқ муддатга ҳовли-жой берилган. Лекин кўпчилиги кунлар исиши билан туғилган ерига интилишади. Айримлари ҳатто қора қишда ҳам кетишмайди... Ҳа, айтгандай, мавзудан чиқиб кетдим-ов! Ахир сизга Жума Намангоний лашкарлари босиб олган қишлоқлар ҳақида, у ерларда қандай ёзувликларини амалга оширгани тўғрисида сўзлаб беришим керак эди-ку! Буларни тинглашга асабларингиз дош берармикин? Яқин ўтмишни кўз олдингизга келтира олармикинсиз? Ёзганда ҳам борлиқ ҳақиқатни борича қоғоз туширармикинсиз?

 

Акмирза ака жангарилар тўғрисида

— Зардолидан анча тепароқда Жилу суу деган овул бор. У ерда 80 градуслик иссиқ, маъданли сув чиққани учун одамлар шифо излаб келиб туришарди. Аниқ эсимда, 1999 йилнинг август ойининг охирларида тепадан икки номаълум киши тушиб келди-да, Зардоли аҳолосидан бир қўй ва анчагина нон сотиб олди. Улар мулойим гапиргани, олган нарсаларига айтилган пулни бергани учун ҳам ҳеч ким шубҳага бормади. Даво излаб келганлардан бўлса керак деб ўйладик. Бу ҳолат иккинчи бор такрорланганда ҳам бизда гумон туғдиришмади. Ахир улар мусулмон йигитлар бўлиб, тақводорлигини шундоқ намоён этиб туришарди: жилмайган қорача юзига соқол-мўйлов ярашган, қўлидаги чиройли тасбеҳ тинмай айланар, икки гапининг бирида “Аллоҳ рози бўлсин” деган калом. Кўришганда, хайрлашганда “Ассалому алайкум”. Қишлоқда масжид борлигини сўрашганидан билдикки, беш вақт намозни канда қилмайдиганлардан. Биз улардан иссиқ сувга тушгани борганлар нима қилишаётгани тўғрисида сўрадик, негаки даволанувчилар бунчалар кўп қолиб кетмасди-да. “Маза қилиб, ётишибди!” деди ўрта ёшлардаги бегона киши хушчақчақлик билан. Бироқ эртаси куни овулдан таниш одам келиб, мени излаётганини айтди. У тинмай ортига қарар, ранглари ўчган, йўлда бир неча марта йиқилган чоғи, уст-боши бир аҳволда эди. “Жилу суу”ни йигирма битта қуролланган кишилар эгаллаб олди. Тезроқ бориб, милицияга хабар бер. Эрта-индин бу ерларга келишлари мумкин. Мен уларнинг гапиларидан англадимки, тез кунда яна юзга яқин шериклари келаркан. Кейин уларга яна олти юзта одам қўшиламиш. Ҳа, шунақа гаплар. Хўп, мен ортимга қайтдим, йўқса, қочганимни сезиб қолишади.” “Даволангани борганлар ўша ердами?” — деб сўрайман орқасига қайтиб кетаётган биродаримдан. “Улар асирда!”. Бу гапни эшитдиму юрагимни ваҳима босди. Зардоли ва унга яқин овуллардан участкавойни топиб бўлмайди, негаки, бу жойларга икки-уч ой бир келиб хабар олиб кетарди, холос. Ўша 1999 йилнинг май ойларигача Зардолида бир неча ҳарбий аскарларидан иборат назорат пости бор эди. “Жилу суу”га борадиганлар ёки тепадан тушаётганлар худди ана шу пункт орқали ўтишарди. Қайсидир генералнинг оғзаки кўрсатмаси билан негадир олиб ташланди. Ҳануз тушунолмайман. Ўша пост борида бехавотир яшарди. Гўё атай қилингандай....

 Жангариларнинг талабидан қўрқиб кетган айрим ҳукумат кишиларининг иши эмасмиди? — дея сўрайман Ақмирза акадан.

 Билмадим. Ҳеч тушунолмайман. Май ойида олиб ташланди, августда эса Жума Намангоний лашкарлари пайдо бўлди. Энди ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг... Шундай қилиб, қишлоғимиз одамларини бу гапдан огоҳлантирдим-да, болаларни бу ердан олиб кетишларини тайинладим. Ўзим эса амаллаб машина топиб, Боткен тарафга отландим. Лекин йўлда шу яқин атрофда япон геологлар олтин конларини топиш учун иш олиб бораётгани, уларнинг лагерида алоқа воситаси борлиги ёдимга тушиб, ўша тарафга шошилдим. Милиция ходимлари аввалига гапига ишонишмади. Кейин ёрдамчи куч билан етиб келишгунча анча вақт ўтди. Бироқ бизни Кан овули бошида икки қария кутиб олди. Улар қуролли кишилар аллақачон Зардолини эгаллаб олгани ва мени қидираётгани айтиб, у ерга босмаслигимни айтишди. Нима қилишни билмай қолдим. Ахир оилам, овулдошларим душман қўлида қолган эди-да. “Бир неча кун кутамиз, бошлиқлар келишсин!” — дейишди мен билан келган милиция ходимлари. Эртаси куни сафимизга генераллар қўшилди. Аммо жангариларнинг талабларини билиш учун музокара олиб боришга ҳеч кимнинг юраги бетламади. Масъулиятни яна бўйнимга олдим. Соч-соқоли ўсган, америкалик ҳарбийларидай жанговор формадаги, бир-биридан бақувват йигитларнинг ҳаммасида автомат. Зардоли атрофининг учта жойида икки кишидан иборат кузатув қўйилган. Ҳеч кимни ташқарига қўйишмаётган экан. Менинг кимлигимни билиб, дала командирининг олдига олиб боришди. Яйловдаги моллардан хабар олгани кетгандим, деган гапимга ишонишмади. ”Сотдингми?” деб роса дўппослашди. Барибир айтмадим. “Биздан нима истайсизлар?” деган саволимга “Сизларга ёмонлигимиз йўқ, биз Ўзбекистонга ўтиб кетамиз. Аммо бу ердан кетгунимизча гапимизни икки қилсаларинг ва бизларни сотсаларинг, аяб ўтирмаймиз. Қишлоғингга ўт қўйиб, одамларни отиб ташлайман!” деб жавоб берди. Энди уларда тунов куниги сохта муомала ўрнини қўрслик, зўравонлик каби иллатлар эгаллаган, яъни, асл башараларини намоён эта бошлашган эди. “Бу ерда қанча турсак, озиқ-овқат берасан, ётишга жой билан таъминлайсан. Шундагина жонинг омон қолади!”

 Кечга яқин улар икки гуруҳга бўлинишди. Ўнга яқин жангари овулимиз атрофини қўриқлаб қолди. Эски масжидимизни штаб қилишиб, қурол-аслаҳаларини шу ерга жойлашди. Иккинчи гуруҳ қаергадир кетди. Эрталаб эшитсам, улар япониялик геологларни ва уларни хавфсиз жойга кўчиришга ёрдамга шошилган генерал Шамкеев ҳамда унинг икки қўриқчисини ҳам асирга тушириб, овулга судраб келишган экан. Тутқинларни йўлда яхшигина калтаклашгани уларнинг юз-кўзларидан шундоқ билиниб турарди. Оёғида зўрға туришар, бошидан оққан қон қотиб қолганди.

 Машина ҳайдашни биласанми? — деб генералнинг қўриқчиларидан бирига юзланди ўзини танитишни истамаган дала командири.

 Йўқ, — деб жавоб қилди ҳарбий йигит.

 Намоз ўқишни-чи?

 Билмайман.

 Сен-чи? — дея бошлиқ иккинчи йигитга кўз қирини ташлади.

 Биламан.

Шунда бирдан ўқ овози эшитилди. Нигоҳларидан қаҳр ёғилиб турган дала командири машана ҳайдашни билмайман деган ҳарбийни пешонасидан отиб ташлаган эди. Зардоли аҳли қўрқув ва саросимага тушди. Азон айтилса, ёшу қари масжидга чопадиган бўлди. Эрталаб, туш пайти ва кечқурунлари топган-туганини уларнинг дастурхонига таший бошлади. Кейинроқ Қосим Шодибеков деган милиция ходимини ҳам тутиб келиб, сўроқ қилди.

“Сиз бизга хизмат қиласан!” — деди дала командири аввалига сокин гапириб. Энди унинг исмини билиб олгандим. Абдулазиз экан.

 “Мен ватанимга хизмат қилишга онт ичганман. Сенга ўхшаган ваҳший кимсаларга хизмат қилмайман!”. “Отиб ташлайман!”. “Қўлингдан бошқа нимаям келарди!”. “Бўйнингни узиб ташлайман!”. ”Билганингни қил!”

Абдулазиз ханжарини ҳинидан чиқариб, Касим Шодибековнинг бўғзига тиради.

“Ўз ватанига қурол билан бостириб кирмоқчи бўлган сендай нонкўрларга минг лаънат бўлсин!”

Бу сўзлар боши танидан узилган Шодибековнинг сўнгги нидоси бўлди. Кейин улар “Жанырык овули”га кираверишдаги кўприкни портлатиб, Зардолига ўтадиган ягона транспорт йўлини тўсиб қўйишди. (фото: портлатилган кўприк қолидиғи, ёнидагиси янги қурилгани). Шу тариқа, қирғиз аскарларининг ҳужуми тўхтаб қолди. Энди улар тоғнинг нарги тарафидан — анча олисдан отиша бошлади. Абдулазиз лашкарлари кечалари яна бир иссиқ сув чиқадиган манзилга — “Қизил тош”га ҳужум уюштириб бу масканни ҳам эгаллаб олишди. Базанинг ярмини ўша ерга кўчиришгач, “Тоши калон”да қаттиқ отишмалар бўлди. Мен ҳайрон бўлардим, бир неча кун отишса ҳам нега жангариларнинг ўқ-дориси тугамаяпти? Бунинг сирини уларни Зардолидан чекингач, билдик. Атрофдаги ғорларда беш тоннага яқин қурол-яроғ тўплаб қўйишган экан. Улар кетишда “Қизил тош”даги масканларни ёндиришди, топилган олтин конларини портлатишди. Генерал Шамкеев ва японларни яхшигина пуллашди. Шунга қарамай, уч-тўрт овулнинг яйловда ўтлаб юрган барча мол-қўйларни ҳайдаб кетишди.

 Икки ўртадаги тўқнашувларда қирғизлардан неча киши ҳалок бўлди? — деб ва ниҳоят савол беришга журъат қилдим.

 Жами етмиш олтита киши жонини қурбон қилди. Беш юздан ортиқ ҳарбий ярадор бўлди. Кўпчилиги бир умрга ногирон бўлиб қолди.

 Ақмирза аканинг боши эгилди. Бир муддат жим қолди. Аста у кишига нигоҳ ташлайман. Оқсоқол менга сезрмасликка уриниб, кўз ёшларини артаётган эди. Юрагим эзилиб, қайғуга ботдим. Ва ниҳоят қалбимни қийнаган саволларга жавоб топгандай бўлмаган. Ахир ҳозиргина тилга олинган 76 қирғиз ўғлони кимни деб нобуд бўлди? Ён ва жон қўшниси бўлган ўзбекларни деб эмасми? Агар қирғизлар жангариларга йўл очиб берганида нима бўларди. Шунча, балки ундан юз чандон кўп қурбон Фарғонада, Сўҳда, Риштонда бўлармиди? Нега Боткент шаҳрида шаҳидлар хотирасига монумент ўрнатилгану Фарғонада ўрнатилмаган? Ёки биз ҳар йили Зардоли томонларга бориб, азиз жонларини фидо қилган инсонлар хотирлаб келяпмизми? Уларнинг ҳақларига дуо қиляпмизми?

 Жангарилари ҳам талофат кўргандир? – деб сўрайман Ақмирза акадан.

 Қанчалигини билмайман. Лекин шу яқин-атрофдаги отишмада бири ҳалоқ бўлганди, Зардоли қабристонига дафн этишди.

 Бу ерда босқинчининг қабри бор денг?

 Ҳа, афсуски, бор. Кейинроқ кўпчилик бошқа жойга кўчириб ташлаймиз дейишди. Лекин айримлар бунга қаршилик қилишди. Майли, жойига қолсин дейишди. Чунки жангарилар японларни ўзларининг икки машинасига босиб олиб кетишгач, орадан икки соатлардан кейин бир машина қайтиб кела бошлади. Қўрқиб кетиб яширина бошлади. Бир пайт машинадан қирғиз аскар йигит тушиб келди. Тирик қайтганига ҳам севиндик, ҳам ҳайрон бўлдик. Аскар тинмай болаларим мени қутқариб қолди, деб пичирлар, кўз ёшларини тўхтатолмас эди. Кейинроқ билсак, ундан “Неча боланг бор?” — деб сўрашибди. Олтита, деган жавобни эшитгач, болаларинг сени қутқариб қолди, дея отмасдан қўйиб юборибди. Шундан сўнг, қабрни жойида қолдиришга қарор қилдик.

 Яна ўйга толдим. Биргина шафқат туфайли бегона қабр Зардолидан олиб ташланмади. Балки мусулмончилик юзасидандир, аммо нима бўлганда ҳам олижаноблик белгиси эди. Одамлар қабристон ёнидан ўтаётганларида бу ерда ётган маҳрумлар учун “Жойлари жаннатда бўлсин” деб дуо қилишганда, балки бу дуодан жангарининг руҳи ҳам тинчланаётгандир? Яна Оллоҳ билгучидир!

Помир-Олой тоғларининг энг баланд чўққисидан ўтдик. Пастга қараган одамнинг юраги орқасига тортиб кетаркан. Ақмирза ака бу довонни ўзбекчасига “Қора довон” деганда баттар чўчиб кетишингиз табиий. Ахир 3500 метрлар чамаси баландликда хаёлингизда нималар кечмайди дейсиз? “Аллоҳ, ўзинг асра!” деб нидо қиласиз, қилаверасиз!

 Мана, ниҳоят Зардолига етиб келдик! — деб машинани тўхтатди Ақмирза ака. — Ҳўв, анаву пастликда кўриниб турган Зардоли қишлоғи. Тўғрисини айтсам, шу йигирма йил давомида бу ерда қадам ранжида қилган биринчи ўзбексан! Биринчи журналистсан! (ФОТО: Ақмирза ака пастликдаги Зардолини қўли билан кўрсатмоқда).

Бу гапдан ҳам севиндим, ҳам изза бўлдим. Наҳот, бизни деб ўлимга тик борган одамларнинг хотирасига эътиборимиз шу бўлса? Нима дейишни, ўзимни қандай оқлашни билолмай, ноқулай аҳволда қолим. Ақмирза ака буни пайқади чоғи, мени машина таклиф қилди: “Юринг, кеч тушмай, қишлоқни айланиб чиқайлик!”

Унча катта бўлмаган қишлоқда биргина кўча бўлиб, икки томони пахса ва тош билан ўралган уйлар. Кейинги йиллар қурилган янги иморатлар билан бир қаторда ҳозирда одам яшамаса ҳам ўтган асрнинг 30-40 йилларида лой ва тош аралаш кўтарилган оддий эски уйлар ҳам сақланиб қолган. Бошланғич синфлар учун мактаб, тиббий хизат кўрсатиш пункти, масжид, қабристон... Бироқ кичикроқ бўлса-да, дўкон кўзга ташланмади. Ақмирза ака Зардолида ҳамма нарса шу ернинг ўзида етиштирилади, деб мийиғида кулиб қўйди. Кейин жангарилар штаб қилиб олган масжидни кўрсатди. (Фото: масжид биносининг орқа томондан кўриниши). “Босқинчилар кетганидан кейин масжид ҳовлисидан қоп-қоп шприц топдик. Ярамасларнинг номоз ўқиши нима-ю, томирига гиёҳванд модда уриши нимаси? Шуми мусулмончилик? Шуми Худонинг буюрганини қилиш? Қуръонда бировни ўлдириш борми? Ўзганинг молини талаш-чи? Мутлақо бегона одамларни асир олиб, каттагина пулга сотиш-чи? Мана, юртингизга ўтмоқчи бўлган лашкарларнинг асл башараларини фош этувчи даллилар. Халифалик ўрнатармиш, масжиду мадрасалар очиб, Ислом дини қоидалари бўйича иш юритишармиш. Нима Ўзбекистонда масжидлар йўқми? Мадрасалар-чи? Одамлар номоз ўқишмайдими? Мен биламанки, Ўзбекистон азал-азалдан етук диний уломалар, алломалар, олимлар юрти. Имом Бухорийдек буюк зот етишиб чиққан заминда, Замаҳшарий, имом Мотуридий, имом ат-Термизий, имом Марғилонийдай улуғ инсонлар яшаган диёрда халифаликсиз ҳам одамлар иймонда, исломда. Шунинг учун биз қирғизлар бундай муборак юртни бир гуруҳ ёвузлардан ҳимоя қилдик. Шунинг учун ҳам биз қирғизлар ён қўшнимиз бўлган ўзбеклар деб жонимизни фидо қилдик! Ҳа, сен йигирма йил аввал келишинг ва мақола ёзишинг керак эди. Аммо эзгу ишнинг кеч йўқ!

Ақмирза ака юз фоиз ҳақ. Эзгуликнинг кечи йўқ! Балки бу кичик бир мақолада барча кўрган-кечинмаларимни ҳикоя қила олмасман. Лекин ёзилажак асаримда қирғиз халқининг мард ўғлонлари, жафокаш инсонлари ҳақида батафсил тўхталиишни, бу ердаги воқеа-ҳодисаларни кенгроқ ёритиш ниятим бор.

 Зардолидан жуда кеч қайтдик. Тун қоронғусида довонда юриш янада ваҳимали экан. Олдингдан ногоҳ чиқиб қолган бурилиш шунчалар хавфли эдики, Жанибек рулни буришга улгурмай қолса-я, деган қўрқинч ўй хаёлни тарк этмайди. Аммо у моҳир ҳайдовчилигини яна бир бор исботлади. Аллоҳнинг марҳамати билан бизларни эсон-омон Боткенга олиб келди. Шаҳарга анча кеч қайтганимизга қарамай, Ақмирза ака менга ёдгорликни кўришга таклиф қилди. Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган қирғиз жангчиларининг хотирасига ўрнатилган каттагина ёдгорлик ёнида Боткен атрофидаги жангларда ҳам жон фидо қилган ўғлонларга атаб монумент қўйилган экан. Мармарга битилган марҳумларнинг исм-шарифларини бир-бир ўқийман:

Анарбоев Жолмат Каимович, катта сержант;

Осканалиев Абдурашит, полковник;

Бойшебаев Улуғбек Саттарович, майор;

Самсаков Руслан Гусманович, капитан;

Алмабеков Бакыт Бабаканович, лейтенант;

Бурханов Данияр Абдуманапович, лейтенант…

Кейин яна ўйга толаман. Бу ёдоргорликнинг нусхасини Фарғона ёки Андижонда ҳам ўрнатсак, қандай бўларкан? Қирғиз халқининг Боткенда ҳалок бўлган мард фарзандларини ёшларимиз билишса, уларнинг хотирасини эъзозласа, икки халқнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати, ишончи, дўстлиги янада ортмайдими? Албатта, зиёда бўлади. Негаки, бу шафқатсиз дунёда дўстлик ва жасорат намунасини ҳамма халқлар ҳам кўрсатавермайди!

 

Муаллиф Акбар Мирзо, журналист, ёзувчи

 

Тошкент – Боткен – Тошкент

2019 йил сентябрь

 


Количество просмотров: 79