Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Баҳодир Шералиев, 2014. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 4 март 2014 йил

Баходир Салайдинович ШЕРАЛИЕВ

Тирик мурда

(Бўлган воқеа)

Ушбу ҳикояда бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолган шахс тақдири, ана шу мудҳиш воқеага сабабчи бўлган айбдор кимсанинг пул ҳамда таниш-билишлар ёрдамида суд ва орган ходимлари томонидан оқланиб кетиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бироқ асар, тақдир тақозоси билан, харом пуллар эвазига сотиб олган автомашинасида оила аъзолари билан ҳалокатга учраб, яқинларидан жудо бўлиб, бир умрга ногирон бўлиб қолган “адолат” посбонининг тавба-тазарруъси билан якунланади. У ўзининг қарғишга учраганини тан олади. Оламда ердаги ҳакамлардан ташқари Олий Ҳакамнинг мавжудлигини эътироф этади.

 

…Аёл расмий ҳужжат тайёрлаш билан банд куч органи ходимига нисбатан қўпол муносабатда бўлди. Кутилмаган ва ноўрин муомаладан ходимнинг жаҳли чиққан бўлса-да, ўзини босди. Бироз сукутдан кейин аёлга савол билан юзланди:

– Ҳозирги ишингиз учун сизни жавобгарликка тортишим мумкин. Мени хизмат ўрнимда беҳурмат қилишингизга ким рухсат берди?

Аёл чегарадан чиққанини ўзи ҳам сезиб турган экан, дарров узр сўради.

– Кечирасиз, сизни хафа қилмоқчи эмасдим, формали кишиларни кўришим билан ғазабим тошиб кетади. Аламларим шу даражада қайноқки, ўзимни назорат қилолмай қоламан.

Ходим анчадан бери органда ишлаётгани учун турли-туман одамларни кўравериб кўзи пишиб кетган, унча-мунча психологдан қолишмасди. У аёлнинг нима демоқчи бўлганини дарров фаҳмлади.

– Кўринишдан бирон кўнгилсизликка йўлиққанга ўхшайсиз, айтиб беролмайсизми?

Аёл йўқ, деб кетиши ҳам мумкин эди, бироқ маҳкама ходимининг чин дилдан сўраганини юракдан ҳис қилдими, гапириб беришга рози бўлди…

Бир неча йиллар олдин рўй берган бу воқеа ҳақида анчагина гап-сўзлар тарқалган.

Аёлнинг эри бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронга айланди, айбдор эса, қилмиши аниқ бўлса-да, жавобгарликдан қутилиб кетди. Устига-устак, жабрдийда гуноҳкор деб топилди, бироқ ногирон бўлиб қолганлиги ҳисобга олиниб, катта жаримадан озод қилинди. Ўша-ўша, аёл ҳақиқат борлигига ишонмай қўйган, суд ва орган ходимларини кўрганда, ўзи истамаган ҳолда нафрати алангаланиб кетади.

Ходим бу воқеадан хабардор эди. Аёлга ҳеч нарса демади. Аммо қоғозга бир манзилни ёзиб, ўша жойга боришни ва кўнглидаги бор гапни тўкиб сочишни маслаҳат берди.

Бу таклиф аёлга ғалати туюлса-да, кунларнинг бирида ўша манзилни излаб борди. Уй яхши жойда жойлашган ва серҳашам эди, бироқ ундан файз кетгандек, ҳувиллаб қолгандек кўринарди.

Аёл ботиниб-ботинмай қўнғироқ тугмачасини босди. Ҳаял ўтмай дарвозани ёши ўтинқираган аёл очди ва меҳмондан келиш сабабини сўради. Аёл излаб келган одамининг исмини атагач, уни ичкарига таклиф қилди. У қидирган одам ҳовлида, ногиронлар аравачасида ўтирар эди.

Бундай ҳолатни сира ҳам кутмаган аёл аввалига бироз эсанкираб қолди, кейин ўзини қўлга олиб, келиш сабабини тушинтирди.

Ногиронлар аравачасидаги киши эса тўсатдан ҳўнграганча йиғлашга тушди.

– Ҳа, айбдорман, айбимни бўйнимга оламан! Нафс орқасидан дўзах азобини шу дунёдаёқ кўриб турибман!

Ўзини бироз босиб олганидан кейин ҳақиқатни сўзлаб берди.

Ўша бахтсиз ҳодиса гуноҳкори каттароқ ишда ишларкан, ўртага бошқа казо-казолар ҳам аралашиб, ишни унинг фойдасига ҳал этишни талаб қилишибди. Хизмат ҳақи тариқасида мўмайгина пул ҳам беришибди. Бу одам ўша пулларга янги машина сотиб олибди. Дам олиш кунларининг бирида оила аъзолари билан табиат қўйнида дам олгани кетаётганида ҳалокатга учраб, хотини ва фарзандидан жудо бўлибди. Ўзи эса бир неча операциядан кейин шу аҳволга тушиб қолибди.

Бориб кечирим сўрашни дилига тугиб юрган бўлса-да, бунга имкон топа олмаганини айтди.

– Билмадим, мени кечирасизларми-йўқми, лекин қилган ишимдан жуда-жуда афсусдаман. Ёдимда, жуда ёмон қарғаган эдингиз. Яна бир нарсани айтай, балки озгина бўлса ҳам аламингизни олар, сизларга бахтсизлик келтирган ўша оила ҳам кўп ўтмай оғир мусибатларга дучор бўлган. Уларнинг ҳолати ҳам меникидан кам эмас. Мушкулимни осон қилганингиз учун сиздан миннатдорман. Бу аҳволимда сизларни топишим амри маҳол эди. Иложи бўлса, мени кечиринглар. Сизлар кечирсангиз, балки Яратган ҳам кечирар…

 

© Баҳодир Шералиев, 2014

 


Количество просмотров: 1798