Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 15 июн 2012 йил
Биз қурган бинолар. Қатралар, ҳикоялар
Ўз шеърларимда ясамаликдан узоқроқ бўлишга ва имкон қадар оддий сўзлардан кўпроқ фойдаланишга уринаман. Менинг ижод маҳсулим тор доирадаги адабиёт мутахассилари эмас, балки оддий оммага етиб боришини устун кўраман. Китобни номига келсак, «Биз қурган бинолар» бу менинг ижодим, шеърларим, ҳикояларим, бир сўз билан айтганда – ҳаётим маъноси.
Ўш шаҳри 2011 йил
Куй авжида узилмасин тор
Бу ёлғон дунёнинг манфаатлар чорраҳасида, келишилган рақибингиз билан учрашасиз.
Нархлар айтилади… Тортишувлар… Рух азобда. Наҳот, ҳалифа-инсон ҳаёти, фақат олди-соттидан иборат?
Умидлар таранглашиб, узилай деганда, оғзингизга ҳаётбахш сув тома бошлайди. Рангларга чиланган, кўз қамаштирадиган алдамчи шеъриятдан ҳоли, соддагина шеърият томчилари. У сиз толиққан ҳаётни, оддий ранглар кўзгусида кўришга чорлайди ва сиз бунга аста-секин берила бошлайсиз.
Баҳодиржон (Жавоҳир) ана шундай шифобахш шеърият сарбози. Шеърлари сохталик билан жанг қилиб, доимо ғолиб чиқади, зеро, соддалик ҳамиша ҳақиқат билан ҳамоҳанг.
Муаллиф шеърият меъморчилигидан яхши хабардор. Унинг насри ҳам, шеъриятга айланган жараён тасаввурини беради. Бу ҳолат сизни алдамаётганини доимо ҳис қилиб турасиз.
Шоирга оқ йўл тилаш мантииққа зид. У аллақачон, мен тиламоқчи бўлган йўлнинг катта қисмини босиб ўтган.
Қолган йўллар равон кечмаса-да, улкан хиёбонга олиб чиқишини тилаб қоламан, холос.
Муғанний
Қўшиқларга ҳамоҳанг шеърият
Баҳодиржон кўп йиллардан буён бадиий ижод билан шуғулланиб келади. Унинг кўпгина шеърлари, ҳикоя ва новеллалари «Ўш садоси», «Мезон», «Ахборот» каби маҳаллий газеталарда чоп этилиб, адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган, «Қалбим тубидаги жавоҳирлар», «Тушдаги парвоз», « Учинчи ёки мўъжизали мўъжизалар» ва «Ердаги излар» каби шеърий тўпламлари эса, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган.
Шеърияти элнинг қувонч ва ташвишлари билан ҳамоҳанг, энг муҳими, сўзлари содда, тушунарли. Лирик шеърларини ўқир экансиз, ўзингизни худди қўшиқ тинглагандай сезасиз. Ижодкорнинг ютуғи, шеъриятда ҳам насрдаги каби яхши ижод қила билишидадир.
Мен Баҳодиржонга бундан буён ҳам ижодий ютуқлар тилаб қоламан ва ажаб эмаски, бир неча шеърлари қўшиққа айланса.
Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист
Расулжон Ураимжонов
ҚАТРАЛАР, ҲИКОЯЛАР
Чинор
ёхуд буюк бир давлатнинг емирилиши
Қайсидир меҳрибон қўллар йўл чеккасига ниҳол ўтқазди. Тагини юмшатиб, ўз вақтида сув қуйди. Баҳор келиши билан, озроқ кечиксада, ниҳол куртак ёзди. Ернинг носозлиги, турли ҳашоратларнинг бетиним кемиришларига қарамай, ниҳол аста-секин кучга кириб, осмонга бўй чўза бошлади. Орадан йиллар ўтди. Ниҳол улғайиб, сершох чинорга айланди. Энди унинг кўланкасида бемалол тўрт-беш йўловчи ҳордиқ чиқарса бўларди. Бунгача дарахт табиатнинг қанча инжиқликларига бардош берди. Илдизларни емиргудек довул-тўпалонлар, сув тошқинлари-ю қурғоқчиликлар, ёмон одамларнинг ёмон кўзлари чинорга зиён етказа олмадилар. Қайтанга у, илдизлари билан ерга чуқурроқ ўрнаша борди, борлиққа ўзининг матонатини, мустаҳкамлигини намойиш қилди. Авлодлар алмашди, ёшлар улғайди, чинор ҳам юксалгандан юксалди. Энди уни жуда олислардан ҳам кўриш мумкин эди. Баргларининг шовуллаши, танасининг тобора етилиб бориши кимларнидир қувонтирса, кимларнидир аксинча, ваҳимага соларди. Яна бир талай йиллар ўтди. Ниҳол ўтқазилганда туғилган гўдаклар, етмиш ёшни орқалаган эдилар.
Бу вақт ичида чинор улуғвор дарахтга айланганди.
Унга менман деган йигитларнинг қулочи етмас, сершохлиги, баргларининг қалинлигидан, соясида бутун бир қишлоқ халқини куннинг жазирама иссиғи-ю, ёмғир-жаладан яширса бўларди. Чинор ўзининг баҳайбатлиги, бақувватлиги билан мангуликка яралгандай эди.
Кунларнинг бирида, чинор ўсиб турган катта йўлдан бир одам ўтиб борарди. Афтидан, у чинор ҳақида жуда яхши ҳабардор, унинг ўтмиши, уни парвариш қилган авлодлар тўғрисидаги турли афсона ва ривоятларни ёддан биларди. Ўзининг гапдонлиги, одамларни оғзига қарата билиши билан, бир зумда уларнинг ишончига кирди.
Чинорнинг одамлар ўйлаганчалик бақувват эмаслиги, бошқа дарахтлар сингари, у ҳам тез орада қуриб қолиши мумкинлигига ишонтиришни мақсад қилиб олганди, чамаси.
Одамлар унинг гапларига ҳангу-манг бўлиб қулоқ тутаётганлигидан фойдаланиб, халтасидан узун дастали болтасини олдида, салобат тўкиб турган чинор илдизига урди.
Чиндан ҳам кўп ўтмай, ҳайратланган қишлоқ халқи кўзида чинор секин-аста қурий бошлади. Аввалига унинг қовжираган барглари шамолда у ёқдан– бу ёққа тўзғиди.
Кейинчароқ қуриган шохларини дам у, дам бу кимсалар, ўтинга кеса бошладилар.
Чинор танасини бўлишга келганда қишлоқ аҳли, бамисоли бегоналардай бир-бири билан талашиб, ёқа олишгача бордилар. Эндиликда ҳаммага мағрурлик рухини сингдириб турган чинор ўрнида каттакон тўнка турар, беўхшовлигидан ўтган-кетганнинг норозилигига сабаб бўларди. Чинорнинг қотили эса, қишлоқма-қишлоқ юриб, ёлғиз ўзи каттакон чинорни қулатгани билан мақтанар, лекин негадир, ҳеч ким унинг бу қилмиши учун, мунофиқ башарасига мушт туширмасди.
1990 йил
Ишқибоз
Аҳрор ҳар хил кроссворд ва ребусларни ечишга жуда ишқибоз. Бўш вақт топди дегунча, қўлига кроссвордлар тўпламини оладида, уни тўлдиришга тушиб кетади.
Ҳозир ҳам айни ўша машғулот билан овора.
Стол устидаги «Қизиқарли кроссвордлар» тўпламининг
12 сонини ипидан-игнасигача тўлдириб битгач, бир четга қўяр экан, ғурур билан деди,– бугуннинг ўзида тўрттасини қойиллатибман.
Сўнгра стол устида тахланиб турган 12 сонли «Қизиқарли кроссвордлар» тўпламининг навбатдагисини олди-да… астойдил уни ечишга уннаб кетди.
Нодир
Якшанба бўлишига қарамай, Нодир бугун ҳам каллаи-саҳарлаб уйғонди. Ёши эндигина 12 да бўлса ҳам, унинг гарданига тирикчилик ғами юклатилган.
Опаси ундан икки ёш катта, аммо қиз бола бўлганлиги учун, уй ишларини қилгани мақул. Иккита укаси ҳали кичкина, 8 ва 10 ёшда, қанақа ҳам ёрдамчи чиқсин улардан. Аксига олгандай, қариндош-уруғлари ҳам бу ерли эмас, маслаҳат сўрагани ёки бироз ёрдам бергулик ҳеч кимлари йўқ.
Тўғри, Нодирлар етим эмас, уларнинг дадаси ҳам, аяси ҳам бор, фақат улар узоқда. Бундан икки йиллар аввал, Россияга ишлагани кетишган. Шундан бери ҳеч қандай хат-хабар йўқ.
Озроқ пул жўнатиб туришганда ҳам майли эди. Ўтган йили қўшнилардан бири ўша томонларда учратган экан, ишлаб юришганмиш.
Салом айтса айтгандир, бироқ, болаларимга бериб қўйинг– деб, ақалли икки донагина шоколад ҳам бериб юбормабди.
Шу ўтган давр ичида, Нодир ёшига хос бўлмаган даражада улғайди. Йўқ, гавдаси ёки ташқи кўриниши билан эмас, фикран улғайди. Айни пайтда, катталарнинг ҳам оила тебратиши осон кечмаётган бир даврда, Нодирга бу ишнинг қанчалик бўйин беришини, ўйлаш ҳам ақлга сиғмайди.
Янаям тўрт гўдакнинг ризқини худо етказар экан. Баъзида қозон ҳам қайнайди, гўшти бўлмаса ҳам ҳарқалай иссиқ овқат.
Кўпроқ чой-нон. Одам боласи ҳар нарсага ҳам кўникар экан. Укалари ортиқча хархаша қилишмайди, борига қаноат қилишга одатланишган.
Гоҳида, Нодир тенгдошларига қўшилиб, мактабга боргиси келади, копток тепкиси келади. Ғам-ғуссасиз болаларни кўрганда ўксийди, аммо йиғламайди. Ахир у ўғил бола, оила бошчиси.
Иш суриштирганди, бир нонвой иш ваъда қилди.
Кунига тўртта нон билан 10 сом пул бермоқчи бўляпти.
Нима бўлганда ҳам тайин иш. Ҳозиргига ўхшаб, бировнинг қўлига қарамайди, тиланчилик қилмайди. У аввал ҳам иш қидирган, пайти келганда, у бу ишларни қилган ҳам.
Лекин, кичкина болага ҳар ким ҳам иш беравермайди.
Ўйлаб қараса, унинг ёшида қандай ҳам иш бўлиши мумкин?
Арава судрашга куч керак, савдо қилиш учун биронта каттароқ одам керак ёнида. Эҳ, дадасими ёки аясими бўлганидами уйда.
Укалари ҳам уларни жуда соғинишган. 30 декабрда дадасининг туғилган куни эди, расмларини ўртага қўйиб, роса томоша қилишди, ўзларича байрамладилар ҳам. Аяси билан дадаси кўп пул ишлаб келишса, бу қийинчиликлар кўрмагандай бўлиб кетади. Тезроқ ўша кун кела қолса эди.
Нодир апил-тапил ўрнидан турди, кийими билан ётгани учун кийинишга ҳожат йўқ. Уйлари унча исимаганлигидан, ҳаммалари кийим билан ётишади. Иситгани кўмир йўқ, кўмир олгани пул керак. Электр токи ёрдамида анча-мунча иситишади. Унга ҳам монтёр келиб жанжал қилади, чунки унинг ҳам пули тўланмаган.
Нодир чой қайнатди. Нон озроқ экан, укаларига қолсин.
У кўчада бирон нарса топиб ер. Оёғига йиртиқ ботинкасини илди, қўлида хитой халтаси. Бугунги иш куни бошланди.
Омадингни берсин, Нодир.
2007 йил
Омонат
Қайсидир меҳмондорчиликдан қайтаётган уч– тўрт дугона кечга қолганлигидан, таксига ўтиришибди. Меҳмондорчиликдаги ҳазил – кулги, таксида ҳам давом этарди.
Ичларида, рашкчи эри бўлган дугонасига, бошқалари тегажоқлик қиларди.
– Дугонажон, эринг, нега кеч қолдинг,– деб пўписа қилса нима қиласан?– ўсмоқчилади бир дугонаси.
– Келинглар, Зиёдани уйига яқинлашганда, ҳаммамиз машинадан тушиб, уни таксист ака билан ёлғиз қолдирамиз, ана томоша-ю, мана томоша,– кулди яна бошқаси.
– Йўқ, бўлмайди,– гапга аралашди учинчиси,– бекордан таксист аканинг дили хира бўлиши мумкин.
Таксист йигит ҳам унча– мунча гапни чўнтакдан қидирмас экан, дарҳол жавоб қайтарди.
– Овлоқроқ жойдан келаётсам, йўлнинг чеккасида бир аёл йиғлаб ўтирибди, уст– боши чанг, кийими ғижим.
Раҳмим келганидан, уйга олиб бордим. Келин аянгиз анчадан бери аразлаб онасиникига кетганди. Зиёдахонни ўзим ҳаммомга солиб ювинтирдим, кийимларига дазмол босиб, бировнинг омонати,– деб олиб келяпман, дейманда. Бўлди кулги, бўлди кулги.
Ҳайтовур, ҳеч қандай томоша уюштирмай, кўпчилик бўлиб Зиёдахонни қўлдан– қўлга топширганча, дугоналари ҳам ўз уйларига тарқашди.
Агар мен сайлансам
Корхонамизда демократик сайловлар йўли билан раҳбар сайлашга қарор қилдик. Ростини айтганда, ҳозирги бошлиқ ёмон одам эмас, ишчилар билан яхши муомилада, давлат режалари ҳам доим юз фоиз бажарилади, олаётган маошдан ҳам кўпчилик рози.
Ҳар нима бўлганда ҳам, Демократия – давр талаби, демак биз ҳам ундан орқада қолмаслигимиз керак. Шундай қилиб, тўрт – беш киши раҳбарликка ўз номзодларини кўрсатишди. Улар орасида камина ҳам борман. Узоқ ўйлаб ўтирмай, ташкилий ишларни бошлаб юбордим. Кузатишларимга таяниб бир нарсани аниқ биламан, мақсадга эришиш учун ваъдани қўрқмай бериш керак. Сайловчилар кўп ваъдаларнинг бажарилмаслигини билишади, шундай бўлса ҳам сайлашади.
Асосийси, кўпроқ овоз олиш, бунинг учун эса, кўпроқ ваъда бериш керак.
Ёнимга ўзим ишонган уч-тўрт кишини тўпладим,– агар мен сайлансам,– дедим уларга, ҳар бирингизга йўқ деганда бўлим бошлиғи лавозимини бераман.
Бошқармадаги ходимлар билан суҳбатлашганда, уларнинг иш вақтида нималар билан машғул бўлишаётганини сезмасликка уринишимни айтдим. Ишчилар тушликка чиққанида, улар олдида қисқача нутқ сўзладим.
– Ўртоқлар, агар мени сайласангиз, ҳафтада бир марта, цехларда камёб моллар сотилишини уюштираман. Ошхонадаги овқатлар сифатини яхшилаб, баҳосини ярим пулига арзонлаштираман, қолаверса, ойлик маошларингизни оширишга ваъда бераман.
Энди бу ёғидан кўнглим тўқ, бундай ваъдалардан кейин кўпчилик менга овоз бериши аниқ. Ваъдаларнинг бажарилишига келсак, бу ёғи бир гап бўлар.
Ташвиқот ишлари билан бўлиб, ажратилган вақтнинг қандай ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибман. Ниҳоят сайловлар куни ҳам етиб келди. Корхонамиздаги мажлислар зали одамлар билан лиқ тўла.
Деворларга баландпарвоз шиорлар осилган. Мажлисга раислик қилаётган киши, мажлисни очиқ деб эълон қилди.
Ҳар бир номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирилиб ўтгач, сайловлар олдидан уларга сўз берилиб, келажак режалари ҳақида қисқача маълумот беришлик тўғрисида таклифлар туша бошлади. Минбарга бирма-бир номзодлар кўтарилиб, ўзининг талаб ва истакларини баён қилишарди.
Навбат менга келди. Шошилмасдан минбарга кўтарилдим. Ўтирганларнинг нигоҳи менга қадалган, сўзларимни сабрсизлик билан кутишмоқда эди.
Беихтиёр уларнинг кўзларига тикилдим. Тикилдим-у, бу кўзларни алдаш, уларнинг ишончига хиёнат қилиш қўлимдан келмаслигини энди тушундим. Аввалдан қоғозга туширилган нутқим, қўлимни чаёндай чақарди. Бир муддат каловланиб турдимда, қоғозга қарамасдан сўзлай бошладим.
– Ўртоқлар, мени кечиринглар, мен ёлғон гапирдим.
Берилган ваъдаларимнинг устидан чиқа олмайман.
Мабодо сайланиб қолсам, ҳалол ишлашга ваъда бераман.
Шундан кейин сайловлар бошланиб кетди.
1990 йил
Ханда
Она шайтон янги туғилган боласини айлантириб юрган экан, олдиларидан баҳайбат ит чиқибди. Шайтонвачча қўрқиб кетиб онасининг ортига яширинибди.
– Бу бор– йўғи итку, бундан қўрқиш керак эмас,– тинчлантирипти онаси. Сўнгра бузоқ, эчки, товуқ ва шунга ўхшаш жониворларга дуч келишипти. Ҳар сафар ҳам ўша ҳолат такрорланипти. Кейинида одамга рўбарў келишипти.
Энди шайтонвачча қўрқмапти, шунда онаси,– «болам, айнан одамдан қўрқиш керак, улар қилғиликни қилади-да, айбни бизларга юклашади» – деган экан.
Кўк чучвара
Раҳматли онам Муборакхоннинг хотирасига бағишланади
Ўшанда чамаси ўн икки– ўн уч ёшларда бўлсам керак.
Баҳор чоғи эди. Ҳовлидаги икки туп ўригимиз қийғос гуллаган бўлиб, биз болаларнинг қувончимиз оламга сиғмасди.
Сабаби, ўриклар ғўра тукканидан тортиб, то пишгунига қадар бизнинг эрмагимиз эди.
Дадамнинг айтишича, чумчуқлар шўхлик қилиб, ўрик гулларини тўкиб юборармиш, шунинг учун бўш қолдим дегунча, чумчуқларни қувиш билан овора бўлардим.
Ҳозир ҳам апил-тапил чой ичган бўлдимда, ташқарига чиқдим.
Қандак ўрикда бир гала чумчуқлар шохдан-шохга қўнганча, безорилик қилишарди. Кишт– киштлаб қулоқсиз чумчуқларни қувиб юборгач, девор оша кўчага қарадим. Ҳали замон Азамат келиб қолиши керак.
Азамат – менинг дўстим. Биз бир мактабда, ёнма-ён синфларда ўқиймиз. Уларнинг уйлари бизникидан уч ҳовли нарида.
Ҳар куни эрталаб, мактабга кетиш олдидан, Азамат мени чақириб келади ва биз биргалашиб мактабга жўнаймиз.
Бугун эса, мактабдан қайтаётиб, биз кўк тергани боришни маслаҳат қилиб олган эдик.
Аслини олганда, кўк чучварани унчалик хуш кўрмайман, дадам ҳам ёқтиравермасди. Кўк чучвара ойимнинг яхши кўрган таоми эди. Шунинг учун мавриди келганда, ойимнинг кўнглини олишга уринардик. Кўп ўтмай дарвоза қўнғироғи жиринглаб қолди. Шошилиб чиқсам, Азамат экан.
Бир қўлида пақир, иккинчисида узун таёқ.
– Тайёрмисан, – деди Азамат,– юр кетдик.
Мен ҳозир дедимда, уйга кириб олдиндан тайёрлаб қўйган пақир билан таёғимни кўтариб чиқдим.
Ҳа, айтишни унутибман, таёқ бизнинг қуролимиз. Ўша биз кўк тергани борадиган жойимизда каттакон ит бўларди, шундан ўзимизни ҳимоя қилиш учун таёқ кўтариб борардик.
Йўлимиз ҳийла узоқ. Аввалига тор, қинғир кўчалардан юриб, маҳалла четига чиқилади. Сўнгра колхоз даласининг иккита картасидан ўтиш керак. Ундан кейин кенглиги тўрт-беш метрлар келадиган каналнинг нариги томонига ўтилади.
Йўлни қисқартириш учун кўприкка юрмай, канал устидан ўтказилган қувурдан борардик.
Кўзланган манзилимизга етиб боргач, қўлимизга пичоқларни олдикда, кўк теришга тушиб кетдик. Жағжак, исмалоқ, момоқаймоқ тўпладик, сув бўйида отқулоқ билан ялпиз кўп бўларди. Пақирларимиз тўлай деб қолганда, узоқдан ўша бизнинг ашаддий душманимиз, каттакон итнинг қораси кўринди. У биз томонга қараб югуриб келарди.
Қўрққанимиздан таёқларимизни ҳам унутиб, қочишга тушдик. Азамат бир амаллаб қувурдан ўтиб кетди, мен эса қувурнинг қоқ ўртасига келганда оёғим сирғалиб, пастга қулаб тушдим. Яхшиямки, канал унчалик чуқур эмас, тик турсам, суви киндикдан келади. Сув юзида, мен терган кўк, сочилганча оқиб борарди. Мен бир амаллаб кўкларни йиғиштириб олдимда, сўнгра Азаматнинг ёрдами билан қирғоққа чиқдим.
Ит бопладимми– дегандай, каналнинг нариги томонида, тилини осилтириб, бизга қараб турарди.
Йиғлагудай бўлиб уйга қайтдик. Келсам ойим сўрида тўшак қавиб ўтирган экан. Аҳволимни кўрибоқ, ишини ташлаб югуриб келди.
Мен хўрсина – хўрсина бўлган воқеани айтиб бердим.
Ўзбошимчалигим учун ойимдан анчагина дашном эшитишга тўғри келди, сўнгра ойим косада сув олиб келиб юзимга пуркди.
Одатда бирон нарсадан қўрққан одамга шундай қилинар экан.
Ҳадемай кеч бўлди. Кечқурун эса бутун оиламиз билан дастурхон атрофида кўк чучвара еб ўтирардик.
1990 йил
Оқпадар
Ғарибхона сари элтдинг, отанг охи тутсин сени
Кўмдинг уни тириклайин, баҳри ашқ ғарқ этсин сени
Илоҳ косанг оқармасин, биринг икки ҳам бўлмасин
Гардун ўғлинг қўли бирлан, худди шундоқ этсин сени.
Р.Ғоипов
Қариялар уйининг кўримсизгина дарвозаси олдига ҳаворанг «Волга» келиб тўхтади. Машина ичидан дилрабо куй билан аёл кишининг шўх кулгуси баралла эшитилиб турарди. Зум ўтмай машина эшиги очилиб, ундан башанг кийинган, савлатли, ўттиз беш– қирқ ёшлардаги норғул йигит тушиб келди. Қуёш нурида исиниб, суҳбат қуриб ўтирган беш-олтита қариянинг нигоҳи беихтиёр у томонга бурилди.
– Катталардан бўлса керак,– деди улардан бири, бирон текшириш билан келаётгандир.
– Текширувчига кўпам-ла ўхшамаяпти, бошқа иши бордир,– сўз қотди бошқаси. То қариялар бирон фикрга келгунига қадар, халиги йигит ўтирганлар билан тенглашди.
– Бобойлар, мен бир одамни излаяпман,– деди қўполгина, ҳатто салом беришни ҳам лойиқ топмай,– балки танирсизлар?
– Марҳамат сўрайверинг, чиндан ҳам бу ердагиларнинг ҳаммасини яхши таниймиз,– жавоб қайтарди қариялардан хозиржавоброғи.
– Носир ака керак, ўзи косиб ўтган.
– Ҳа уста Носирни денг, бор, шу ерда, 8– бўлмада, фақат туролмайди, оёқлари босмай қўйган. Кечирасиз, ўзингиз кими бўласиз?
– Шундай, бир таниши, бирров кўриб ўтай дегандим.
У шу сўзларни айтди-да, раҳмат дейишни ҳам насия қилиб, кўрсатилган томонга юриб кетди.
Йигит бўлмага кириб борганда, хонада, ранглари зафарон, қуруқ суяк, мажолсиз киши шифтга тикилганча, ўй суриб ётарди. Йигитга кўзи тушган заҳоти, йўқотган нарсасини топган кишидай, кўзларида қувонч аралаш ёш милтиллади.
– Бормисан болам, ўзинг, бола-чақаларинг соғ-омонми?
– Ҳа бобой тинчмисиз, ётибсизми ялло қилиб?
– Болам, нега келмай қўйдинг, кўролмай қоламанми,– деб қўрққандим.
– Биласизку, иш кўп, қўлим ҳеч бўшамайди, ҳозир ҳам йўл-йўлакай кирдим. Ҳафа бўлмайсиз бобой, қуруқ келавердим.
– Болам, ҳамма нарса етарли. Ҳа невараларимга озроқ совға-салом қилиб қўйгандим, анави тортмада. Ўзингга айтадиган гапларим бор.
– Ҳозир вақтим йўқ бобой, кейинги келганимда айтарсиз.
Машинада кишилар бор, шошиб турибмиз.
У тортмадан айтилган нарсаларни олдида, эшик томон йўналди.
– Хўп, тинч бўлинг, вақт топсам тез-орада келарман.
Машинага чиқиб ўтирар экан, кино артистларидай қуюқ бўянган қизга юзланди.
– Одам қариса эзма бўлиб кетар экан,– деди тиржайиб, бобойнинг зорлангани зорланган.
Шу дамда у отасини охирги маротаба кўрганини ҳаёлига ҳам келтирмас эди.
1991 йил
Дуо
Саксон ёшдан ошган Қобил бобо эсини танибдики, деҳқончилик қилади. Унинг отаси ҳам, отасининг отаси ҳам шу касбни қилиб келган. Жуда ошиб-тошиб кетмаса ҳам, ҳеч қачонда ер очга ўлдирмайди. Бу баҳор ҳам Қобил бобо даласига чиқди, ўпкасини тўлдириб нафас олди. Ер айни маромига етган, насиб қилса бугун уруғ қадайди.
Қобил бобо ўтириб узун дуо қилди.
– Эй парвардигор, ўн саккиз минг оламни яратган ўзингсан, ҳаёт бергувчи, ризқ бергувчи ҳам ўзингсан. Ҳаракат мендан барокатни ўзинг бер. Турли бало-ю офатлардан, сув тошқини ва қурғоқчиликлардан, зиён– заҳматлардан ўз паноҳингда асрагин. Меҳнатим самарасини кўришликни насиб этгин.
У ўрнидан турди. Халтасидан уруғ олиб ерга сепди,– фарзандларим ризқи, оила аъзоларим ризқи. Сўнгра яна уруғ сепди,– қуда-андаларим, қўни-қўшни, қариндош– уруғларим ризқи. Яна бир талай уруғни ерга сепди,– қурт-қумурсқа, парранда– даррандалар ризқи. Берарингдан қисмагин аллоҳу-акбар.
Тўйчивой
Ўзбеклар тўйни яхши кўришади. Юрса-турса, қўлига озроқ пул тушса, ҳатто қуруқ нон – чой билан нонушта қилса ҳам «илоҳим тўйларга еткзсин» деб дуо қилади.
Ростдан ҳам тўйга нима етсин. Тўй шод-хуррамлик. Мабодо тўй куни фарзанд туғилса борми, қўшалоқ байрам.
Агар чақалоқ ўғил бўлса, исми Тўйчивой бўлади. Дўстларимдан бирининг исми ҳам Тўйчивой.
Унинг туғилган кунида ҳам тўй бўлган, лекин байрам эмас.
Аксинча, жанжал бўлганмиш. Сабаби, дўстим онасининг никоҳ тўйида туғилган. Қудалар беш-олти кун сен-менга боришиб, ҳайтовур оқсоқолларнинг аралашуви билан муросага келиб қолишганмиш.
Тўйчивой ҳаётдан ҳеч нолимайди, билгани ўйин-кулги, маишат.
Ҳар доим тўйларнинг тўриси уники. Берганга беш қўллаб беради деганларидай, у маҳалла-кўй, қариндош-уруғлару, таниш-билишларнинг тўйларида яйрагани етмай, саккиз марта ўзининг тўйида ҳам куёвлик гаштини сурган.
Ҳар гал тўйдан уч-тўрт ой, узоғи билан бир йил ўтади-да, келиндан «нуқсон» топилиб қолади.
Қарабсизки, Тўйчивой унинг паттасини қўлига беради. Упа-эликнинг ҳиди кетмаган уйда, бошқа бир шўрпешона келиннинг чимилдиғи пайдо бўлади. Ҳар сафар жўра-жилғалар, Тўйчивойни ўртага олиб, тарбиялай бошлаймиз. Шу ёшга кириб бирор марта фарзандини эркалатмаганини юзига соламиз. Ахир бола эркалатиш учун унинг туғилишини кутиш керак-да. Дўстимиз ҳеч қачон бунга улгурмайди.
Хуллас, кўпчилик бўлиб Тўйчивойни изза қиламиз. Бундай пайтларда тавба-тазарру қилишни қойиллатади у.
Илло-билло шу хотиним билан ўтаман, деб қарғанади.
Қарғанади-ю, кўп ўтмай бизни тўйига чақиради.
Одатда одамлар тўй учун илиқ, тўкин-сочин кунларни пойлашади. Бизнинг Тўйчивойга ёз ҳам қиш ҳам барибир.
Ойисининг ишбилармонлигими, ёки пешонасининг очиқлигими, ҳайтовур бир-икки ҳафтада совчиликдан тортиб, сепйиғдигача ҳамма расм-русмлар ўтиб кетади. Охирги марта уйланганига кўп бўлгани йўқ.
Яна ваъда берди, қарғанди, гапимнинг устидан чиқмасам, каби сўзларни тилга олди…
Куни-кеча чойхонада гурунглашиб ўтирган эдик, ширакайф Тўйчивой кириб келди. Ҳаммамиз билан бир– бир кўришиб чиққач, фотиҳага қўл очди – «Омин, илоҳим тўйларга етказсин, аллоҳу акбар». Афтидан, бу хотинининг ҳам бахти очилмаса керак…
1991 йил
Оқ қайин
ёхуд Ватанни севмоқ иймондандир
Навоий номли шаҳар хиёбонида, кўздан четроқда, якка– ёлғиз оқ қайин ўсади. Унинг ёши анчагина, илдизлари ерга чуқур ўрнашиб, ҳар тарафга тарқаб кетган бўлсада, у ўзини анча ноқулай сезади.
Сабаби, Оқ қайиннинг ватани бу ерлардан анча олисда, бепоён Россиянинг кенглик ва ўрмонларида.
У ўзининг бу юртга қандай келиб қолганлигини билмайди.
Балки биронта ҳавасманд боғбон олиб келгандир ёки шамол – тўпалонлардами, яна ким билади дейсиз.
Табийки, Оқ қайин бу жойларга келиб қолганда жуда ёш эди, балки дарахт ҳам эмасдир, уруғ ҳолида бўлгандир.
Шу сабабли, у асл ватанини кўрмаган ҳам, биров унга сўзлаб ҳам берган эмас. Шундай бўлсада, қалбининг қайси бир бурчагида, Оқ қайин буни ҳис қилиб турарди ва тушуниб бўлмас бир туйғу билан соғинарди.
Атрофида турли дарахтлар : қайрағоч, заранг, бақатераклар, ҳаттоки арча ва қарағайлар ҳам йўқ эмас. Улардан ҳеч бириси Оқ қайинга ёмон сўз айтган эмас ёки ёмон кўз билан қарамаган, қайтангга қаттиқ шамол– тўпалонларда ўз таналари билан уни ҳимоя қилишга урунишган.
Қушлар эса танасига тушган турли қурт ва ҳашоратлардан тозалаб туришган.
Хиёбонда сайр қилиб юрган қиз ва йигитлар, унинг олачипор танасини сийпалаб, ўз сирларини айтишган.
– О, неча– неча учрашувларнинг гувоҳи бўлмади у.
Ҳаётидан нолийдиган жойи йўқ. Яратганга шукр қилади, ҳар бир шохи, ҳар бир япроғи билан саловот айтади унга.
Лекин, дарахт бўлсада, у Ватанини қўмсайди ҳамма қатори, одамлардай, қушлардай, жониворлардай, чунки Ватан билан Озодликни ҳеч бир нарсага алмаштириб бўлмайди!
1998 йил
Соғинч
Кунлар кетидан кунлар ўтади. Кун ўрнини тун эгаллайди, сўнгра яна тонг отади. Одатдагидай, ерда ҳаёт давом этади.
Бино деворидаги катта соат миллари, вақтни ўлчаб орқага улоқтирмоқда. Ҳамма нарса одатдагига ўхшайди, фақат ўхшайди. Энди қушларнинг сайрашида қувонч йўқ, улар қандайдир мунгли қўшиқ куйлагандай. Гулларнинг баргларида шабнам, бу уларнинг кўз ёшлари.
Ҳатто ойнинг юзи сўлғин, мотам тутгандай.
Энди ерда ҳаётнинг қизиғи қолмади мен учун.
Сенсиз бу дунё улкан бўшлиққа ўхшайди, қора унгурга.
Ҳар дам, ҳар сония сени эслайман. Қўнғироқдай овозинг, шўх шарашарадай кулгуларинг жаранглайди қулоқларимда. Кўзларингга узоқ тикилишни яхши кўрардим, улар тундай қоронғу ва денгиздай мусаффо эди. Кокилларингни силашни ёқтирардим уйқусиз тунларимда.
Бармоқларинг-чи, бармоқларинг? Нозик, узун бармоқларинг билан юзларимни силаганингда, унутардим бутун борлиқни.
Энди у қувончлар қолмади бутун оламда. Соғиндим Сени чексиз, ҳисобсиз. Ичимга чироқ ёқсалар ёримайди шу тобда.
Ичим тўла дард. Сенга бўлган муҳаббат дарди, соғинч дарди.
Баъзан ёстиғим узра парвона айланиб қолади. Гўё бир нима демоқчи бўлгандай урилади юз ва кўзларимга.
Сўнгра тин олади бир нафас дераза пардасида. Кейин яна ва яна такрорланади бу ҳолат.
Беихтиёр сўз қотаман парвонага, худди у тушунадигандай.
Пайт пойлаб ғойиб бўлади у, дардларим билан мени ёлғиз қолдириб. Қани энди дунё чархпалаги тескари айланса-ю, қайтиб келса ўша оқшом.
Олдирмасдим елларга Сени, бермас эдим тақдир қўлига.
Хаёлларим ичра тунни тонгга улайман.
Яна бир кун ўтди. Сенсиз ўтди бу кун ҳам. Соғиндим, чексиз Сени соғиндим, ҳисобсиз соғиндим.
Муҳаббат
Кун ботиб, атрофга ярим қоронғулик тушган эди.
Эндигина чироқни ёқмоқчи бўлиб тургандим, ташқарида эшик тақиллаб қолди. Эшикка қулф солинмаган бўлса-да, эшикни тақиллатаётган кимса ичкарига киришга журъат қиломасди.
Бориб эшикни очдим.
Не кўз билан кўрайки, эшик ортида ийманибгина, «Муҳаббат» турарди.
Бир кўришда таниган бўлсам ҳам, ҳар эҳтимолга қарши сўрадим.
– Кимсан, сенга нима керак?
– Танимадингми? Мен «Муҳаббатман» яъни «Севги».
Анча кутдим, мени йўқларсан деб, лекин сенинг юрагинг тошдай қаттиқ экан, мажбур ўзим олдингга келдим.
– Мен сени чақирганим йўқ. Сенинг хизматингга эхтиёж ҳам сезаётган эмасман. Ростини айтганда, муҳаббатнинг борлигига ишонмайман ҳам, шунчаки баландпарвоз сўзлар…
– Ҳукм чиқаришга шошилма, деди «Муҳаббат», эртами-кечми бў туйғуга етишинг керак эди. Мен бироз эртароқ тушунишингни истагандим.
Балки яна бир бор ўйлаб кўрарсан?
– Ўйланиш тугул эшитишни ҳам ҳоҳламайман. Бекорга вақтингни кетказиб овора бўлма. Шундай деб, эшикни ёпганча уйга кириб кетдим.
Тез орада бу ҳодиса ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди. Ҳаётим бир маромда, гап– сўзсиз ўтарди.
Кунларнинг бирида, тасодифан «Уни» учратиб қолдим.
Билмадим бошқалардан қандай айримаси бор, лекин бир кўришдаёқ севиб қолганим аниқ эди. Қанча уринмайин, унинг кўнглига йўл топа олмасдим. Унинг қалби, чилла пайтидаги муздан ҳам совуқ эди.
Сабабини сўраганимда,– «Муҳаббат» борлигига ишонмайман, – деди аччиғланиб. Кимдир юзимга тарсаки туширгандай бўлди.
Ахир бу менинг сўзларим эди-да. Тақдирнинг ўйиними бу?
Нима бўлганда ҳам «Ундан» кечишни ҳоҳламасдим.
Шунинг учун, қанчалик оғир бўлмасин, катталикни ичимга ютиб, «Муҳаббат»нинг олдига бордим.
– Келдингми,– деди «Муҳаббат» совуққина,– хўш мендан нима истайсан?
– Кечиришингни,– дедим мен секингина.
Тушундим, сенсиз яшаб бўлмас экан. Барча сенга айтган номаъқул -чиликларни қайтиб олдим. Кел дўст бўлайлик.
«Муҳаббат» бирозгина ноз қилган бўлди-да, сўнгра, алангаланиб турган қўлларини мен томон узатди.
Дўстмиз, дедик иккаламиз бараварига.
2004 йил
Олим бўлиш осонми
У ярим тунда, нимадандир чўчиб уйғонди. Хонанинг чироғи ўчган, қоронғи эди. У аста қўлини узатиб, ёнидаги ўринни пайпаслаб кўрди.
Ўрин бўш, афтидан, хотининг туриб кетганига анча бўлса керак, ўрин совуб улгурганди.
Шифокорлар қўйган ташхисдан кейин, у ўзи учун ҳам, хотини учун ҳам ҳавотирда қолди. То сўнгги пайтгача, унинг соғлиги юзасидан кўнгли тўқ эди. Тўғри-да, ҳаётлари бир чиройли кечиб турган, эр-хотин бир бирларини хурмат қилишарди. Ораларидан ҳеч қачон «ола мушук» оралаган эмас.
Балки хотинига камроқ эътибор берган бўлиши мумкин.
Иши шуни тақозо қиларди. Тинимсиз командировкалар, илмий конференциялар, диссертация ёқлаш, қўйингки, «фан қурбони» ибораси, айнан у тўғрисида айтилган бўлса не ажаб.
Олим бўлиш осон эмас… Хотини эса, бир умр уни кутиш, ютуқларидан қувнаб, уддасидан чиқа олмаган ишларидан куюниб ўтди. Авваллари, хотини фарзанд тўғрисида оғиз очганида, «ҳали эрта, менинг ишларимга халақит беради»,– деб хотининг раъйини қайтарган. Кейинчалик хотини фарзанд тўғрисида эслатмай ҳам қўйди. Гоҳида у хотинини банкетларга ёки мажбурий ўтиришларга олиб борарди. Расмиятчилик учун уюштирилган бундай ўтиришлар, аслида, хурсандчиликдан узоқда, баъзи бир муаммоларни норасмий тарзда ечиш учун хизмат қиларди.
Бундай ўтиришлардан кейин хотини, бошқа хонага чиқиб кетиб, анчайин йўқолиб қоларди. Ростини айтганда, бунга у унчалик эътибор ҳам бермасди, ёлғизликдан фойдаланиб, фикрларини бир ерга жамлар, кейинги қилинадиган ишлар режасини тузарди.
Хотининг бироз қизарган кўзларини кўриб, «чарчабсан, ётиб дамингни ол» дан нарига ўтмасди. Бу ҳаёт яна қанча давом этиши номаълум, бироқ уни ўзгартишнинг пайти етганди.
Бунга бир ҳодиса туртки бўлди. У ҳамкасбларидан бирининг уйида меҳмонда бўлганди. Оилада икки фарзанд бор экан.
Уй бекаси ҳам болаларини эркалар, ҳам эркакларнинг кўнгилли ўтириши учун елиб-югурарди.
У умрида биринчи бор бунга эътибор берди, уй бекаси ғоятда бахтиёр кўринди, назарида. Аёлнинг кўзларида қандайдир учқун бор, унга қараган одамнинг беихтиёр кайфияти кўтарилар, ҳаётга қизиқиш кучайгандай бўларди.
– Нега унинг хотини кўзларида бундай учқун йўқ?
Охирги марта қачон у хотини билан тўлқинланиб гаплашганди?
У анча ўйланди, аммо эслай олмади. Худди шу дамда, қандайдир бир куч уни уйига, хотини ёнига ундарди.
Ҳар доимгидай, хотини уни дарвоза олдида қарши олди. Чиндан ҳам хотинининг кўзлари ҳалиги аёлникидай ёнмасди, улар шишага ўхшарди, худди ҳаётни тарк этгандай.
У кўп йиллар мобайнида биринчи марта хотинини бағрига босди, лекин айтиш учун сўз топа олмади. Эртаси эса, ўша машъум хабарни эшитди.
– Сиз фарзанд кўра олмайсиз,– деди шифокор,– ўзингизни бошқа соҳаларда синаб кўринг…
– Энди бу ютуқларим кимга керак? Ўз саволига ўзи жавоб излар, лекин жавоб қаердадир узоқларда эди.
2008 йил
Велосипед
Эргаш ота эндигина дўкондан сотиб олинган велосипедни етаклаб келар эди. Қишлоғига етай деганда, рўпарасидан нотаниш, ўрта ёшлардаги одам чиқиб келди.
У отанинг харидига суқланиб қараганча сўз қотди.
– Шу ёшга кириб, ҳали велосипед миниб кўрмагандим, бир миниб кўрсам майлими?
Ота бироз иккиланса ҳам барибир розилик берди. Ҳалиги одам велосипедни мингач, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Эргаш ота анча кутди, лекин ҳалиги одамдан дарак бўлмади…
Орадан олти ой ўтгач, Эргаш ота яна велосипед харид қилди.
Уни етаклаб келар экан, йўлидан ҳалиги кимса чиқиб қолди.
Эргаш ота унинг гирбонидан олди.
– Менда айб йўқ,– йиғламсиради у. Ахир айтгандимку миниб кўрмаганман деб. Велосипедни минишга миндиму, қандай тўхтатишни сўрамаган эканман, ундан йиқилиб бир ой касалхонада ётиб чиқдим.
Эргаш отанинг унга рахми келди. Велосипедни қандай тўхтатиш кераклигини унга тушунтирди. Ҳалиги одам рулга ўтиргач, велосипедни учира кетди. Эргаш ота кечга кутди, аммо на велосипеддан ва на ҳалиги кимсадан дарак бўлмади.
Харид
Анчадан бери Абдумўмин бир эшак сотиб олишни режалаштириб юрган эди.
Ким қандай тушунади, лекин эшак, деҳқончилик билан шуғулланган одамга тенги йўқ ёрдамчи.
Уни-буни ташишгами, ер ҳайдаб эгат тортишми, аравага қўшсанг бозор – учарга ярайди.
Хуллас ўй ўйланган, гап уни сотиб олишда қолди.
Ортиқча пули бўлмаганидан, Абдумўмин сигирини сотиб, пулига бир эшак билан ёшроқ ғунажин олмоқчи бўлди. Хотинининг ҳай-ҳайларига қарамай, якшанба кунликда, тонг саҳарда, қўшниси Ғофирвой билан сигирини етаклаб, мол бозорига йўл олишди.
Сигири тез орада талаш-талаш бўлиб, яхшигина пулга сотилиб кетди. Савдодан кўнгли тўлган оғайнилар, нарироқда эшак бозорига ўтиб, у ерда бир эшакни харид қилишди.
Эшак кўркамгина, бировга кўрсатсанг арзигулик бўлганидан, икки дўст ичларига сиғмай, бундай омадни қитъак-қитъак билан нишонламоқчи бўлишди.
Ўзингиздан ўтар гап йўқ, йигитчилик– улфатчилик деган нарса бор. Қадаҳ қадаҳга уланиб, ҳали Абдумўмин, ҳали Ғофирвой чопқилаб буфетга бориб келаверганидан, дўстларнинг тез орада кайфлари ошиб қолибди.
Бирмунча вақтдан сўнг, улар бир-бировларини суяб ташқарига чиқишса, мол бозори аллақачон тугаб, биргина эшак симёғочга боғланган ҳолда турганмиш.
Уйга кетиш олдидан, Абдумўмин битта «яримта»ни қўлтиқлаб олмоқчи бўлган экан, қараса, чўнтак қурғур бўм-бўш.
Ёки киссавур урган ё бўлмаса ўзи пайпасланиб бирон жойда тушириб қолдирган пулларни.
Ҳар не бўлганда ҳам, чиқмаган жондан умид деб, пулни қидирмаган жойлари қолмади, на пайпоқнинг ичи ва на ички иштонининг киссаси. Кайф ҳам бир зумда тарқади– қолди. Энди уйдаги жанжални-ку айтмаёқ қўя қолай.
Нима бўлса бўлиб ўтди.
Ҳар гал Абдумўмин бўш қолган молхонасига кирганида, кўзига ўзининг сигири кўринади. Сигир гапирмаслиги аниқ, лекин «мени эшакка алмаштирган хўжайин» деган сўзларни Абдумўмин яққол эшитгандай бўлади.
2005 йил
Сарвар
У шошмасдан, битта-битта босиб, баланд тепалик устига кўтарилди. Ҳўв пастда бепоён текисликлар ястаниб ётибди.
Нарироқда илон изи бўлиб оқаётган дарё суви, қуёш нуридан ойна каби кўзни қамаштиради.
Ҳаво мусаффо, ён атроф турли ёввойи ўт– ўлан ва гулларга кўмилган. Қуёш қиёмидан оғиб, олисдаги тоғлар томон интилади. Осмонда бир тўда қалдирғоч чарх уради, қаерлардандир сайроқи бедананинг пит-пилдиғи қулоққа чалинади.
Сарвар узоқ– узоқларга тикилди, кўз етмас чексизлик ва осмонўпар тоғ чўққилари ҳаёлини олганди. Шу аснода унинг кўзлари, узоқларда кичик бир қора нуқтани илғаб олди.
Сарвар унга синчиклаб тикилди.
Нуқта аста– секин катталашиб, охири парвоздаги бургутга айланди. Бургут қанот қоқмасдан, гўё денгиздаги елканли кемадай, ҳавони кўкраклари билан ёриб, сузиб борарди.
Сарвар бургутга анчайин ҳавас билан тикилиб турди.
Унинг бу улкан қушга жуда ҳам ўхшагиси келиб кетди.
Беихтиёр Сарварнинг иккала қўли елка баробар кўтарилиб, боши юқорига, осмон томон юзланди. Шу туришда эҳтимол икки-уч дақиқа ўтди чамаси. Сарвар ўпкасини тўлдириб ҳаво симирди ва ё ажаб, унга шундай туюлдими, Сарварнинг оёқлари ердан узила бошлади.
Йўқ, адашгани йўқ, чиндан ҳам унинг гавдаси аввалига оғирроқ, сўнгра борганча енгиллашиб ҳавога кўтарилди. Сарварнинг юраги қинидан чиқаёзди.
У йиқилиб чил– парчин бўлишдан қўрқарди. Унинг қўллари бамисоли ҳалиги бургутнинг қанотидай, Сарварга бўйсунар,
у қилмоқчи бўлган ҳаракатларга қаршилик қилмасди.
Бироз муддатдан сўнг, Сарвар ўзиниг янги ҳолатига бирмунча кўникиб қолди ва у содир этаёган парвоз, унга тушунтириб бўлмас даражада ҳиссиётлар бахш этарди.
Мана, у тўп– тўп оқ булутларни ёриб ўтмоқда.
Пастда, боягина ўзи кўрган бепоён кенгликлар– у, ҳалиги илон изи дарё иммилаб оқиб ётибди. Ҳар ер– ҳар ерда одамлар ўз ишлари билан овора, ҳеч кимнинг Сарвар билан иши йўқ.
У эса шундай катта осмонда бир ўзи, тўсатдан берилган бахтдан терисига сиғмай, кўкда мавж уради.
Шу тариқа, Сарвар ўз қишлоғи устидан бир неча бор айланиб учди. Парвоз тобора унга ёқиб борар, қандайдир ички бир куч, янаям юқорига, ўша қуёш, юлдузлар томон кўтарилишга ундарди. Бу ундов, Сарвар ўзининг ҳоҳиши эканлигини ҳам сезиб турарди. У ўша ҳоҳишга берилиб, аста-секин юқорилай бошлади.
Энди пастда юрган одамлар чумолига ўхшаб қолишди, дарё эса, маҳалласидан оқиб ўтадиган кичкина ариқчадан фарқи қолмади.
Сарвар узоқларга тикилди. Боягина нур сочиб турган қуёш ҳам, аллақачон тоғлар ортига ўтиб улгурганди. Шу тобда Сарварнинг кўнглидан нохуш бир сезим ўтди. У ҳали бунинг нима эканлигини тушуниб етгани ҳам йўқ эди-ки, бирданига унинг қанот– қўллари унга бўйсунмай қўйдилар. Сарвар қанча уринмасин, бу вазиятдан қутула олмади.
Унинг бутун гавдаси, бамисоли тошга айланиб, пастга ўқдай тушиб борарди. Бундан сал илгари ҳавасини келтирган она– ер, энди қўрқинчли, қутулиб бўлмас бир фалокатни яқинлаштир -моқда эди. Сарвар тақдирга тан бериб, кўзларини чирт юмди. Ҳаёлидан, нима бўлганда ҳам, ҳеч кимга насиб қилмаган эркин парвоз бахтига муяссар бўлганлиги, уни анчайин тинчлантирарди.
Орадан қанча вақт ўтганлигини Сарвар билмайди, балки соатдир, балки сониядир, чунки Сарвар вақт тушунчасини йўқотган эди. У бутун гавдаси билан ерга гурсиллаб тушди, лекин ўзи ўйлаганидай, чил– парчин бўлмади, ҳатто бирон аъзоси синмади ҳам, фақатгина… чўчиб уйғонди.
У ерда ётарди, бор– йўғи уйқусираб, кроватидан йиқилиб тушган экан. Сарвар аввалига қай бири туш, қайсиниси ҳақиқат эканлигига ҳам даров тушуна олмади.
Чунки, у қилган парвоз жуда ҳам ҳаққоний, шунинг учун Сарвар уни тушга алмашгиси келмасди.
Шу ҳолатда Сарвар бир муддат жойидан қўзғолмай ётди, гўё яна тушига қайтадигандай. Сўнгра мийиғида кулиб қўйди-да, девордаги соатга қаради. Ҳали замон азон айтилади, демак ўрнидан турса бўлаверади. Бугун ишлари яхши уннаса ажаб эмас.
2007 йил
Хазон
Куз. Гарчи ҳали ёғингарчилик мавсуми бошланмаган бўлса-да, кунлар анча совиб бормоқда.
Дарахт барглари бирин– кетин сарғайиб, тез орада шамолда тўкила бошлайди. Боғ ва дарахтлар қовжираган хазонга тўлади.
Хазон, бу демак, кечагина ям– яшил дарахт барглари учун ҳаётнинг поёни. Энди улар чириндига айланиб, она– ерга ўғит бўлишдан бошқа нарсага ярамайди. Афсус, ҳаёт шу тарзда, кўз очиб юмгунча ўтиб кетар экан.
Қобилжон йигит бўлиб вояга етгач, ҳамма қатори унинг ота– онаси ҳам келин кўриш ҳавасига тушиб қолишди.
Сўраб суриштириб, яхшигина жойдан келин ҳам топилди. Орзу ҳаваслар билан тўй ўтиб, келин-куёвдан тортиб, уларнинг ота– оналаригача бахтиёр эдилар.
Келин– куёвликнинг биринчи йили эртаклардагидай ширин осуда кечди. Бу орада фарзанд ҳам дунёга келганди.
Шу ширин ҳаётнинг давом этиши учун барча шарт-шароитлар бор эди. Аммо, нимадир бўлгани аниқ, турмуш номли мураккаб жараённинг қайсидир ғилдиракчаси ишдан чиқди.
Катта оилада тез-тез тушунмовчиликлар пайдо бўла бошлади.
Келин қайсидир ишни чала қилипти, нимагадир, боласи билан улгура олмабди. Қайнонасининг қайсидир танбеҳига сўз қайтарибди.
Келин яхши тарбия кўрмаган экан, вақт ўтиши билан бу нарса сезилиб қолган эмиш. Ҳолбуки, келин турмушга чиқаётганда, эндигина ўн саккизни қарши олган, биринчи фарзанд кўрганда, ҳали йигирмага ҳам тўлмаган эди.
Тинимсиз ғалвалар, майда гап – сўзлардан безор бўлган келин, отасининг уйига кетишга мажбур бўлган.
Фарзандининг турмушига бефарқ қарай олмаган ота, алоҳида яшаб кўришсин – деб, қизи билан куёвига квартира ҳам топиб беради. Ғалванинг каттаси ўшанда бошланди.
Бизни хотинга алмаштириб кетди – дея, Қобилжоннинг ота– онаси тўнини тескари кийишди. Ё бизни дейсан, ё хотинингни, деб шарт ҳам қўйилди.
Қобилжоннинг хотини билан муомиласи яхши, ўртада фарзандини ҳам кўзи қиймасди. Тарозининг иккинчи палласида ота– онаси, жигарлари. У чиндан ҳам икки ўт орасида қолганди.
Можаро осонликча, тинч йўл билан ҳал бўлмаслигига кўзи етган Қобилжон, ота– онасидан кечирим сўради, уларнинг оёқларига йиқилди, лекин хукм ўзгармади.
Ночорликдан, ота– онасининг ўринсиз қўйган шартларидан озор чеккан Қобилжон, баъзи пайтларда ўз умрига қасд қилишни ҳам миясига тугиб юрарди. У яна ва яна ота– онасига ялинди. Энди нафақат улар, ҳатто укалари ҳам, қариндош– уруғлар ҳам тескари бўлишди. «Хотинга сотилган» тамғаси унга маҳкам ёпиштирилганди.
– Майли ҳам дейлик, уларнинг сўзига кириб хотиндан ажраса, ўрнига ундан яхшиси келармикан? Фарзанди етим ўсса, уволи тутмасмикан? Доим ҳам ота– она боласига яхшиликни раво кўрармикан?
Савол устига бундай саволлар, Қобилжонни эсанкиратиб қўйганди. Ошна– оғайни, дўстларига ҳам маслаҳат солиб кўрди. Нима қилишсин, улар ҳам ёш, ҳаётнинг аччиқ– чучугини тотиб кўрмаган, қандай ҳам маслаҳат чиқсин улардан.
Қобилжон узил– кесил қарор қабул қилганди.
Ўша ёмғирли тунда, дарахт барглари хазонга айланган қора тунда, унинг ёш туриб хазон бўлган танаси, оғилхони тўсинида осилиб ётарди.
Палов
Палов ўзбекларнинг миллий таоми ҳисобланади.
Қандай байрам бўлмасин, уйга азиз меҳмон келса, ёки айтайлик, уч– тўртта улфат тўпланиб қолса, албатта девзира гуручида ош дамланади.
Айниқса, кўк чой билан самовор паловини тарифлашга сўз ожизлик қилади. Ош устида дўстлар суҳбати ҳам яхши қовушади.
Бундан ташқари, ўзбек оилаларида, ҳар пайшанба ва якшанба кунлари ҳам палов қилинади.
Билмадим бу одат қачон бошланган, аммо биронта ўзбек ҳали ундан норози бўлмаган.
Алишерлар оилси ҳам бу урфдан ҳоли эмас. Ойиси бошқа таомларга қараганда, ошни ўзгача ҳавас билан тайёрлайди. Шунинг учун бўлса керак, гуручлар қозондан ўрмалаб чиқиб кетгудай бўлади. Кечки пайт дадаси ишдан келганда, палов дамини еб, маромига етган бўлади. Ҳар гал ошдан аввал қўл юваётиб, дадаси ойисига қараб, «бугун паловхонтўра экан-да»– деб, кўзини қисиб қўяди.
Шундай пайтларда, қозоннинг тафтидан бўлса керак, ойисининг юзи қизаради. Сўнгра оила аъзолари жам бўлиб, дастурхон устидаги ёғли паловни паққос туширадилар.
Кейин чой устида у ёқдан бу ёқдан гаплашиб ўтиришади.
Алишер ўзи учун ният қилиб қўйган, катта бўлса, албатта, паловни яхши дамлайдиган қизга уйланади.
Дадасининг айтишига қараганда, ош дамлашни эплай олмаган қиздан яхши аёл чиқмасмиш.
Унинг устига, паловни кўпроқ ейилса, фарзандлари бақувват ва чиройли бўлармиш. Болаларининг чиройли бўлишини қайси ота– она ҳоҳламас экан. Яна дадаси тез– тез айтиб қолади, маъбодо ўзбек эркакларини қаттиқ жазоламоқчи бўлишса, бор чойхоналарни ёпиб қўйишнинг ўзи кифоя экан.
Шунда бечора эркаклар, боргани жой топа олмаганидан, ишдан ўз вақтида уйга қайтармиш, хотинларининг кўзига хунук кўриниб, дам олиш кунлари ҳам кўчага чиқишмасмиш.
Бу албатта ҳазил бўлса керак, лекин ҳар қандай ҳазилда ҳам жон бор.
Яна айтишича, меҳмонларни кузатишдан аввал, тўй– базмларда якунловчи таом қилиб ош тортишади, акс ҳолда, меҳмонлар ошни кутиб ўтираверар эмишлар.
Бу гапга Алишер ҳам қўшилади, чунки маҳалласидаги тўйларга, у ҳам дўстлари билан анча– мунча ош егани киришган. Катта дошқозонларда ҳовури чиқиб турган паловни кўрганингда, иштаҳанг ўзгача очилиб кетади.
Ўзбекларнинг тўйларида меҳмонлар жуда кўп бўлади, фақат таклиф қилинганлар эмас, кўчадан шунчаки ўтиб кетаётган кишилар ҳам бемалол кириб, қоринларини тўйғазиб, ошдан баҳам кўриб кетишлари мумкин.
Бу тўғрида ҳам Алишернинг дадаси гап топади,– ўзбеклар йиллаб тўплаб, бир кунда тарқатиб юборади – дейди.
Аммо, элга ош бериш насиб қилмаган киши, бир умр армонда ўтиши ҳам рост эмиш.
Умуман Алишернинг дадаси, бунақа гапларга жуда уста, ҳар бир воқеа ва айтилган фикрларга албатта бир нарса ўйлаб топади. Қизиғи шундаки, унинг гапларидан ҳеч ким ҳеч қачон ҳафа бўлмайди.
Фотиҳага қўл очаётиб эса– ўзбекнинг давлати зиёда бўлсин, элга ош бериш ҳаммага ҳам насиб этсин, – деб дуо қилади.
Алишер ҳам мана шу дуога беш кетади.
Юртимизда чойхоналар сероб бўлаверсин, ўзбекнинг егани ош бўлсин, еган оши хазм бўлсин. Аллоху Акбар.
Дониёрнинг бир куни
Эрта саҳардан Дониёр, 1996 йили Кореяда ишлаб чиқарилган «ДЭО Тико» русумли машинасини ўт олдириб, кўчага отланди.
У анчадан бери мана шу машинаси билан таксистлик қилиб, тирикчилигини ўтказади. Бекатда ундан бошқа яна тўртта машина турарди, демак, у бешинчиси. Машиналарнинг ҳаммаси ҳам, Дониёрникига ўхшаб, Кореяда ишлаб чиқарилган, у томонларнинг ҳисоби бўйича, ёшини яшаб бўлган автомобиллар. Устига устак, Амир Темур шаҳарчасининг яқин уч-тўрт йил орасида таъмир кўрмаган кўчалари, бу машиналарнинг қолган умрини ҳам азобда ўтишига кўмакдошлик қилади.
Дониёр ҳайдовчилар билан бирма-бир қўл олиб кўришар экан, ҳар бирига лойиқ гап топишга уринади. Кимнингдир кайфияти жойида, ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтаради, кимдир эса, ҳали кечаги иш кунидан ўзига кела олмаган, салгина нарсага жиғи-бийрони чиқади.
Дониёр келганда ҳам, айни кечаги иш куни ҳақида суҳбат борарди.
Яқиндагина киракашликка уринган таксист болани, 200 сомга «отиб» кетишган экан. Бу киракашлар тилида, хаққини тўламай кетган мижозга қўлланиладиган ибора.
Анчадан бери киракашлик қилаётган одам, бир қарашда мижознинг кимлигини пайқаб олади, ҳеч бўлмаса, 70-80 поиз адашмаслиги мумкин. Бу тоифадаги мижозлар ҳам, айнан, янги ҳайдовчиларни танлашади, имкон қадар кўпроқ юради, барча ишларини битириб тамомлагач, сўнгги манзилдан ғойиб бўлишади.
Бундай ҳодиса ҳар бир киракашнинг бошидан кечган, Дониёр ҳам бундан мустасно эмас. Битта– битта бўлиб, навбатда турган таксилар қўзғала бошлади.
Бирон соатлар чамасида, Дониёр ҳам тўртта йўловчини олиб, марказий бозорга қараб йўлга тушди. Машина қўзғалиши билан бир чуқурдан бошқасига тушар, ўтирган йўловчилар ҳали чапга, ҳали ўнгга энкайиб, бир-бировларини турткилашга мажбур бўлишарди. Яхшики, бу ерлик йўловчилар бундай ҳолатга кўниб қолишган, ортиқча гап-сўз қилинмайди.
Маршрутли «Бус» ларда юриш бундан ҳам ёқимсиз.
Ўн-ўн икки ўринли машинага 15-20 йўловчи тиқилиб олади-да, ҳайдовчидан тезроқ манзилига етказиб қўйишини талаб қилишади. Ҳайдовчи ҳам тирикчиликка чиққан одам, биронта қўл кўтарган йўловчини қолдиргиси келмайди.
Бекат қолиб, ҳар ким ўз дарвозаси олдида автобус кутган йўловчини, бирма-бир йиғиштириб, шаҳарга етгунча, роппа-роса бир соат ўтиб кетади. Агар шунда ҳам, биронта ГАИ ходими тўхтатиб, ҳайдовчининг «қонини сўрмаса».
Ўша ГАИ ходимлари, «Тико» чиларни ҳам жондан ортиқ яхши кўришади. «Тико» кўринди дегунча, ола калтакларини кўтариб, машинанинг аптечкаси, техник кўриги, ўт ўчириш мосламаси, қўйингки, ҳаёлига келган барча нарсаларни талаб қилиб, йўлдан қолдиради. Албатта, ёши 15 йилдан кам бўлмаган машинада, бундай камчиликлар тиқилиб ётибди, энг оз жарима эса, энг кўп
хақ тўлайдиган йўловчи берадиган пулдан анча кўп.
Ҳар не бўлганда ҳам, Дониёр йўловчиларни эсон-омон кўзланган манзилга етказиб борди. Бундан нари иш шаҳар марказида давом этади. Шаҳарнинг ҳам ўзига яраша нозиклиги бор.
Ҳар бир бекатнинг ўз таксилари, ўз қонунлари мавжуд.
Айниқса, ўтган йилги тўполондан кейин, ишлаш бирмунча мушкуллашиб қолди.
Дуч келган йўловчини олиш, ўзингга қимматга тушиши мумкин. Дониёрнинг кўз ўнгида, таксистлар муштлашишиб, биттаси калтакланди. Ғарбий микрорайонга борадиган йўловчидан, Дониёрнинг ўзи бош тортди, кўринишидан унчалик ишонч туғдирмаганди. Биттаси 50 сомга «отиб» кетди, пули йўқ экан, кейинги сафар берармиш.
Пули йўқ одам таксига минишининг ўзи қизиқ.
Ортиқча талашса, Дониёр ҳам муштлашиши керак бўлади. Ноилож, «кейинги» сафарга рози бўлди. Шомга яқин Дониёр ишини тугатди, бундан нари ишлаш, хавфли бўлиб қолган.
Энди йўл– йўлакай адирга йўловчи олиб кетса, адирга кетадиган бензинни оқлаб қолади. Кечга ишлаган пули 630 сом экан, ундан 240 соми бензин хаққи бўлса, 390 сом фойда (?) кўрипти.
Машинанинг бошқа чиқимлари бундан мустасно, вақти келганда, таъмир учун бошқа жойлардан пул қидиришга тўғри келади.
Энди уйга керакли харажатларни дўкондан олса, гўшт, нон, озроқ кўкат, ишлаган пулидан ҳеч нарса ошмас ҳам экан.
На илож, шунисига ҳам шукур. Машинаси бўлмаганда, бу пулни ҳам топиш амри– маҳол эди. Тинчлигини берса, эртанги кунга, яратганнинг ўзи яна бир йўл кўрсатар…
2011 йил
Қўчқорвой қишлоғи
Агар насиб қилса, киши бир кунда ҳам машҳур бўлиб қолар экан. Ўзимизнинг Қўчқорвой акани, қишлоқда ҳамма яхши танийди. Бу унинг яхшигина ошпазлиги учун эмас, балки қишлоғимизда бор-йўғи, 180 хўжалик аҳоли бўлиб, ҳамма ҳамманинг то бешикдаги боласигача нома-ном айтиб бериши мумкинлигида.
Хуллас, ҳар қандай оддий қишлоқдаги, оддий ҳол.
Кунларнинг бирида, қишлоғимизни кесиб ўтадиган катта кўчадан, қандайдир нодавлат халқаро ташкилотларнинг комиссияси ўтадиган бўлиб қолипти.
«Юқори»дан берилган кўрсатмага мувофиқ, қишлоғимиз аҳолиси, қўлига берилган байроқчаларни ҳилпиратиб, йўл четида турна қатор бўлиб тизилиб турарди. Буни қарангки, комиссия аъзоларидан кимнингдир ҳаёлига, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш фикри келиб қолган экан.
Машиналар колоннаси тўхтаб, бир неча чет эллик кишилар тушиб келишади.
Тушуниб турганингиздай, улардан бири, бизнинг Қўчқорвой ака билан суҳбат юргизар экан, қишлоқ аҳолиси, бу ердаги ҳаёт ва шунга ўхшаш саволлар бера бошлапти.
Қўчқорвой ака ҳам ўз билганича жавоб берган, лекин таржимон аёлнинг қандай таржима қилгани, бизга номаълум. Бу суҳбат улар томонда телевизордан кўрсатилар эмиш.
Шу кундан бошлаб, қишлоғимизда ғалати ишлар содир бўла бошлади. Биринчи бўлиб, қишлоқ четига баланд темир– симёғоч ўрнатилиб, унинг бошига қандайдир ликоп ва тоғоралар илиб кетишди. Бироздан кейин ҳар бир ҳовлига биттадан миттигина қўл телефонлари тарқатилди.
Сув ташийдиган машинада, ҳар куни, тоза ичимлик суви олиб келинадиган одат ҳам чиқаришди. Энди анҳор сувидан фақатгина кир ювиш ва мол-ҳолга фойдаланидаган бўлдик. Айтишларича, қишлоқ оқсоқоли, ҳаттоки районимизнинг катталари ҳам яширинча келиб, Қўчқорвой акадан маслаҳат сўрашади, деган узун-қулоқ гаплар тарқади.
Энг қизиғи, қишлоғимизга, «Қўчқорвой қишлоғи», деган ном берилиб, йўл четига каттакон белги ҳам ўрнатиб қўйишди.
Вақти-вақти билан келадиган турли уюшма аъзолари ва бошқа гуруҳлар ҳам, бизларни кўриб ўтишни канда қилмай қўйдилар. Икки марта, қайси бир давлатнинг президенти, бизнинг қишлоқда чой ичиб кетгани, катта шов-шувларга сабаб бўлди. Энди ҳар бир эшикда, чет эллик меҳмонларни қабул қилишга шароит ярата бошладик. Турмушимиз аста-секин, бошқа қишлоқлар учун эртакка айланиб боряпти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг раиси келармиш, деб тарқалган овозадан кейин, кўпчиликнинг «томи» жилишига оз қолди. Биз эса, анча-мунча нарсани кўриб қолганимиз учун ҳайрон бўлмай қўйдик.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, юзлаган километр баланд космосда учиб юрган «космик кема»лар, қишлоғимиз устидан ўтаётганда, космонавтлар қўлларини силкиб ўтишининг ўзи бўладими? Гапирамиз десак, гап кўп. Агар кимгадир қизиқ бўлса, келиб ўз кўзи билан кўриб кетиши мумкин.
Манзилимиз: Катта йўлнинг ўнг ва чап тарфлари
Электрон почтамиз: www.Қўчқорвой қишлоғи.com.
Кўришгунча хайр.
Садоқат
Бу воқеани кўп йиллар аввал, Чолпон-ота шахрига бўлган хизмат сафаримда эшитганман. Уни имкон қадар тиккалашга уриндим.
Ўшанда куз охирлаб қолган, олдинда декабрнинг изғиринли шамоллари, бехосдан ёғадиган қалин қорлари бор. Бу ерларда қиш анча эрта келиб, кетишга шошилмайди. Қишлоқнинг чеккасидаги уйларнинг бирида яшаган Ойсулув, одатдагидай, кўлга сув олиш учун борганди. У кўлга яқинлашар экан, қирғоқдан унча узоқ бўлмаган жойда, ёлғиз оққушнинг сузиб юрганини пайқади.
Ажабо, оққуш бу жойлар учун янгилик эмас, лекин улар аллақачон иссиқ ўлкаларга учиб кетишган. Бунинг кетмаганига нима сабаб бўлди экан?
Ойсулув челакларни сувга ботирди, сўнг ҳар эҳтимолга қарши оққушга юзланди:
– Оққушжон, берироқ кел, чиройли бўйинчангни бир силаб қўяй.
У бу сўзларни шунчаки, бирон нарса дейиш учун айтганди. Авваллари ҳам оққушларни кўп кўрган, лекин ҳаёлида, уларнинг чиройли қоматига бўлган ҳавасдан ўзга қизиқиш бўлган эмас. Ҳозир кўлнинг бўйида, иккаласидан бошқа ҳеч ким йўқлигида, унинг юрагида қандайдир ўзгача туйғу кўпирмоқда эди. Орадан қандайдир муддат ўтди. Аввалига оққуш ботинмай, эринибгина суза бошлади, сўнгра унинг ҳаракатлари дадиллашиб, қизнинг олдига сузиб келди.
Оққушнинг бир қаноти шикастланиб, ғайри-табиий ҳолда осилиб ётарди.
– Мана, нима учун кета олмабсан, бечорагинам. Энди ҳолинг нима кечади, изғиринларда?
Ойсулув қушнинг бошини силади, унинг узун, чиройли бўйни ва гавдасини эркалади. Оққуш ҳам қаршилик қилмади, балки унинг юраги ҳам сезгандир дўстлик риштасини!
Қиз узоқ ўйланмади.
– Юр, мен билан оққушжон. Яранга малҳам қўяман, баҳор келгунча бирга бўламиз.
Ойсулув одам тилида гапирса ҳам, қуш уни тушунаётганлигига тўла ишонарди.
Чиндан ҳам, аввалига озгина безовталанаётган қуш, эндиликда ўзини дадил тутарди.
Бироздан сўнг, қишлоқнинг илонизи йўлидан челак кўтарган қиз билан, лапанглаб, шошмай қадам босаётган оққуш борарди.
Кунлар кетидан кунлар ўтади. Қушнинг шикастланган қаноти аста-секин тузала бормоқда. Бу вақт ичида, оққуш шу уйнинг аъзосига айланиб улгурганди.
Ойсулув қаерга бормасин, оққуш унинг ҳамроҳи, қишлоқ аҳолиси ҳам бу ҳолга кўникиб қолганди.
Тарновлардан чакиллаб томчилар туша бошлади. Дарахтлар куртак ёзишга ошиқади. Узоқ кутилган баҳор ҳам эшик қоқмоқда.
Оққушнинг қаноти аллақачон тузалиб кетган, аммо у учиб кетмади, қайтанга, қишлоқдаги барча уйларга бемалол, ўз уйига киргандай, кириб-чиқиб юрарди.
Осмондан, иссиқ ўлкалардан қайтиб келаётган қушларнинг чуғур-чуғури, ғақ-ғақлари тобора кўпроқ қулоққа чалина бошлади. Шундай кунларнинг бирида, Ойсулув оққушни етаклаб, кўл бўйига келди.
– Энди дўстларинг олдига бор,– деди қиз, мен сени кўргани тез-тез келиб тураман.
Қуш қизни яхши тушунарди. У хайрлашув они етканидан норозидай, кўзлари ғамга тўла эди. Оққуш узун бўйнини боши билан қизнинг елкасига қўйди, қанотлари билан, бамисоли Ойсулувни қучди, сўнгра орқасига қайрилмай, кўлнинг ўртасига сузиб кетди.
Чиндан ҳам Ойсулув тез-тез кўлнинг бўйига келиб, оққушдан ҳабар олиб турарди.
Ҳар бир учрашув қушни ниҳоятда қувонтирар, хайрлашув эса, аксинча, унинг кўзларида ғамгинлик уйғотарди.
Мактабларда ўқишлар тугаб, битирувчилар турли ўқув юртларига ўқишга отланишди.
Кўплар қатори Ойсулув ҳам пойтахтга, олий билим юртига имтиҳонлар топшириш мақсадида равона бўлди. Тайёргарлик курслари, сўнгра имтиҳонлар топширилиб, то уларнинг натижаси маълум бўлгунича, орадан анча вақт ўтиб кетди.
Ойсулув қишлоғига ошиқди. Оққуши қандай экан, унинг ҳоли нима кечди?
Уйига етиб келиши билан нарсаларини қўйиб, кўл бўйига югурди.
– Оққушим, оққушжон, қаерлардасан?
Аммо кўлнинг юзи жим, унда ҳеч қандай шарпа, йўқ.
Қиз ҳавотирга тушди.
– Наҳотки бирон нарса содир бўлган бўлса?
Йўқ, йўқ. Ойсулув ёмон ҳаёлларни нари сурди. Оққуш тирик, учиб ҳам кетмаган, у тез орада келади.
– Нима у, ҳов анави?!
Узоқдан кичик бир шарпа кўринди. У тобора катталашиб, ниҳоят оққушга айланди. Қуш қанотларини қоқиб, жон-жаҳди билан сузарди. Мана у қирғоққа ҳам етиб келди. Ойсулув ҳам қуш томон югурди. Иккаласи қўл ва қанотларини ёзиб бир-бирига интилишарди.
Қушнинг узун бўйни қизнинг бўйнига ётди, қанотлари билан уни қучарди.
– Оққушим, оққушжоним, кетиб қолдингми деб қўрққандим,– пичирларди Ойсулув. Нима бўлди, нима бу? Ойсулув тушуниб улгурмади.
Қушнинг мажолсиз танаси секин-аста сирғалиб тушди. Унинг юрак уриши тўхтаган, айрилиққа дош бермаганди қушнинг юраги.
У бутун меҳрини, сабрини, садоқатини шу охирги учрашувга жамлаган эди. Шундай қилиб, бир вақтлар ўлимдан асраб қолган қушнинг ҳаёти, Ойсулувнинг қўлида барҳам топди.
«Кичкина Шаҳзода» номли бир асар бор. Асар қаҳрамони, кичкина шаҳзоданинг шундай бир сўзи ёдимга тушади:
«Биз инсоний онгимиз билан яқинларимиз олдида, ўзимизга ўргатиб ва ўрганиб қолганлар олдида жавобгармиз!!!»
Табиат қонуни
Камолиддин яхши ниятлар билан эшак сотиб олди.
Эшакнинг қадрига қишлоқ кишиси етади. Эшак машина эмас, бензин талаб қилмайди, гаражнинг ҳожати йўқ, берганингни ейди, бошқа уй ҳайвонларига қараганда безарар, гўшти ҳаром бўлса ҳам, меҳнати беқиёс.
Юк ташигани, шудгор қилгани, ишқилиб қайси томонга айлантирма, ҳаммаси фойда.
Эшакни олгандан бери, Камолиддиннинг жонига оро кириб қолди. Энди даласига кетмонни кўтариб пиёда бормайди.
Бир чақирим бўлса ҳам, мазза қилиб «ёрим кетаман дейди» ни хиргойи қилганича, эшаги ҳамроҳлигида узоғини яқин қиляпти.
Бир– икки марта аравага қўшиб, деҳқончилик ҳосилидан уйга ҳам олиб келди. Уни қувонтирган томони, эшаги гапни яхши тушунар экан.
Икки кун бироз қийнаган бўлди-да, сўнгра тил топиб кетишди.
Баъзида Камолиддин эшаги билан дўсти ёки бир таниши билан гаплашгандай дардларини тўкиб солади.
Эшак ҳам кўзларини лўқ қилиб, тикилиб турарди, ҳатто вақти– вақти билан бошини ликиллатиб, Камолиддиннинг гапини тасдиқлагандай бўлди. Бундай пайтларда, Камолиддин гапнинг очиғи, озроқ чўчиб ҳам қолади. Ростдан ҳам эшаги эшакмикан…
Ўша куни ҳам ҳамма нарса одатдагидай эди. Кечгача дала юмушларини меёрига етказган Камолиддин эшагини минди-да, эркини эшакнинг ўзига қўйиб берди. У ҳам ортиқча гапни кутиб ўтирмай, ҳар кунги босиб ўтадиган йўлидан йўрғалай кетди.
Йўл яримлай деганда, Камолиддин эшагининг безовта бўлаётганини сезиб қолди. Эшак унинг тилини тушунса ҳам, Камолиддин эшакнинг тилини билмасди. Яна бироздан сўнг, орқаларидан келаётган эшакнинг қораси кўринди. Эшак ёлғиз, устида юки бўлмаганидан, Камолиддиннинг эшагидан тезроқ чопқилар эди.
Яна озгина фурсатдан кейин у Камолиддинлардан ўзиб кетди.
Шундагина Камолиддин эътибор берди, у урғочи экан.
Унинг эшагини худди алмаштириб қўйгандай, таниб бўлмасди. Камолиддининг ҳай– ҳайларига қарамай, эшаги нариги эшакнинг ортидан чопиб кетди. Аксига олгандай, бу ёғи сезиларли ёнбағирлик, эшак лўкиллаганча, Камолиддиннинг юраги ҳалқумига келарди.
Ундан кейингиси яшин тезлигида содир бўлди. Камолиддин эшагининг боши узра учиб ўтиб, чалқамчасига узала тушди.
Бир зум ҳеч нарсани англамай қолди.
Ўзига келганида, нариги эшак кўздан ғойиб бўлган, ўзиники эса, гуноҳкордай унга тикилиб турарди. Бадандаги оғриқ зирқираб азоб берар, ҳайриятки ҳеч жойи синмабди.
У астагина кўтарилиб эшагига тирмашди,– эплаб уйга етиб олсам бўлгани.
Улфатчиликка чорлаш
Ўтган асрнинг 80 – йиллари, собиқ советлар даврининг айни кучга тўлган пайтларида, маҳалламизда уч– тўрт хўжалик ўрислар яшарди. Ўрис бўлишига қарамай, ўзбек тилини биздан ёмон билишмас, бизнинг урф– одатларимизни баробар нишонлар эдилар.
Маҳаллада тўй– маъраками, арафа оши ёки биронта уйда ҳашар дейсизми, албатта улар ҳам қатнашарди.
Ўша қўшнилардан биттаси уйида чўчқа боқарди. У пайтларда, мусулмончилик талаблари анча кучсиз бўлганлигидан, бу нарса кўпчиликка эриш туюлмаган.
– Боқса боқипти-да, гуноҳи ўзига,– деб биров аралашмасди.
Кунларнинг бирида, ўша қўшни чўчқа сўймоқчи бўлган экан. Маҳалладан улфатбоп бир одам, Карим акани чақириб, унга ёрдам бериб юборишини сўранибди.
Ўзингизга маълум, ўша пайтларда ичкилик ичиш ҳам унчалик айб саналмас, аксинча, ҳурмат белгиси,– деб ҳам қаралган.
Ҳар қандай арзигулик иш, ҳатто арзимас харид ҳам, албатта ювди– ювди билан тамомланарэди.
Чўчқа сўйиш, ҳар куни қилинадиган иш эмас, унга алоҳида тайёрланиш лозим! Чиройли дастурхон безатилиб, «жинни сув» дан бирмунчаси ошқозонга тушгач, қўшнилар ишга киришишибди.
Ҳар куни ҳовлини бузди– бузди қилиб юрадиган чўчқа, бу куни нимагадир ташқарига чиқишни ҳоҳламасди. Ем солинган охирни турли овқатларга тўлатиб оғзига тутишибди. Ичкарида ер экан, лекин ташқарига кўнмасмиш.
Бири чўчқани судраб, бошқаси туртиб кўрибди, кейин ўринларини алмаштириб, бири туртиб, иккинчиси судрапти, барибир натижа йўқ.
Бу орада қўшнилар дастурхонга қайтиб, бир– икки марта қуриган томоқларини «ҳўллаб» ҳам олишипти. Назарида, охирги қадаҳдан фикрлаш қобилияти очилган ўрис қўшни, ақлли бир фикрни ўртага ташлапти.
– Коля, мен чўчқани оғилхона оғзига туртиб чиқараман, сен эса, анави белкурак билан унинг бошига чунонам туширгинки, чўчқа гангираб қолсин. Пайтдан фойдаланиб унга пичоқ тортамиз.
Айтилган гап – отилган ўқ. Уй эгаси чўчқахонага кириб ҳарқанча уринмасин, чўчқага кучи етмапти. Охири чўчқанинг қулоқларидан тортиб, уни судрашга тушибди.
Бу йўл ҳийла енгил кўчган бўлса керак, ҳар ҳолда, оғилхона оғзида балчиққа беланган кимнингдир кети кўринипти.
Ҳушёр турган Карим ака, вақтни бой бермай, ўз вазифасини сидқидилдан бажарипти. Оламни бузгулик чинқириқдан руҳланиб, у иккинчи марта ҳам зарбани қайталагач, оёғи остига уй эгасининг танаси узала тушипти.
У ёғи, ўзингиз сезиб турганингиздай, қизиқ эмас. Тез ёрдам машинаси олиб кетган ўрис қўшни, ўн беш кунлар чамаси шифохонада ётиб чиқди.
Шу воқеадан кейин анчагача, маҳалламизда «чўчқа сўямизми» ибораси ҳам кулги, ҳам улфатчиликка чорлаш учун парол бўлиб қолганди.
1998 йил
Келин тушди
Куёв жўралари орасида тўйга тайёргарлик, одатдагидан анча олдин бошланди. Жўралар ичида бу биринчи уйланиш тўйи бўлганлигидан, ҳаммалари ҳам тўйда катта жавобгарлик ҳис қилишарди. Олдиндан ким нима иш билан шуғулланиши, тўйга неча машина ёллаш ва бошқа мажбурий амалларнинг режалари тузулиб битганди. Ниҳоят тўй куни ҳам етиб келди.
Куёв жўралар саҳардан қўлга сув қуйишдан тортиб, ўтин ёриш дейсизми, ўчоққа ўт қалашми, чой– шўрва ташиш дейсизми, ишқилиб, тўйхонадаги барча ишларни гап– сўзсиз бажариб юришди. Белгиланган вақтга битта-битта бўлиб, ЗАГС учун ёлланган машиналар ҳам кела бошлади. Энди куёв жўралар машина ясатишга тушишди. Бу ўринда ҳам айтилмаган конкурс давом этарди. Кимнинг машинаси энг яхши ва чиройли ясалиши ҳазилакам гап эмас.
Хуллас барча тайёргарликлар ниҳоясига етиб, дуо– фотиҳа берилгач, машиналар колоннаси йўлга тушди.
Келиннинг уйи ҳийла узоқда, куёв боланинг узоқроқ қариндошларидан бўлиб, Жалолободда яшар экан. Йўл– йўлакай, ёр– ёр айтиш осонроқ бўлиши учун, машиналар гоҳ у дўкон, гоҳ
бу дўкон ёнида тўхтаб, куёв жўралар ошқозонларини пиво ва ароқ каби ичимликларга тўлдириб боришди.
Ўзганга етиб борганда иккита машинанинг ҳисоби чиқмай қолди. Бирор соатлар кутилгандан кейин, оёғида базўр турган куёв жўралар, шу ернинг ўзида уюштирилган ўйин– кулгига якун ясаб, яна йўлга тушишди.
Бундан бу ёғига биров билан бировнинг иши камроқ эди.
Текис, равон йўлда қувла– қувла ўйнаган машиналар тез орада Жалолободга ҳам кириб боришти. Келиннинг дарвозаси олдида карнай– сурнай садолари остида тумонат одам турарди.
Ёш яланг қиз– жувонлар келган машиналарни санаш билан овора, қудалар эса меҳмонларни ҳурмат– эҳтиром билан кутиб олиш учун югуриб елишади.
Яна ёр– ёр авжига чиқди, куёв жўралар давра қуриб, бири қўйиб бири рақсга тушар, оёқлари остидан кўтарилаётган чанг ҳам уларга писанда эмасди.
Бироздан сўнг карнай-сурнай тинди. Йигитлар бир-бир ўйиндан тўхтаб, ҳамма лол-ҳайрон аҳволга тушиб қолганди.
Сабаби, куёв йўқ эди. Ҳамма машиналарни бир-бир текшириб чиқилди. Ҳаттоки ўриндиқларнинг таги-ю, юк бўлмаларигача қолмади. Жўралардан кимдир, куёв болани Ўзганда ҳожатҳонага кирмоқчи бўлганини эслади. Ростдан ҳам, Ўзгандан кейин ҳеч ким уни кўрмабди. Ўзи билан ўзи бўлган жўралар куёвни ҳам унутиб, келаверишган экан.
Ҳам кулги, ҳам хижолатчилик. Ноилож машиналардан бири куёвни излаб Ўзганга жўнади. Ҳайрият йўқолмаган экан. Икки соатлар чамасида соғ– омон, лекин бироз кўзлари қизарган куёв болани келиннинг уйига етказиб келишди. Ундан кейингиси бошқа тўйлардан фарқ қилмайди, аммо куёв жўралар учун бу тўй яхшигина сабоқ бўлганди.
2005 йил
Маросим
Қурмонжон додҳо ҳайкали ўрнатилган майдончага, тонг саҳардан одамлар йиғила бошлади. Уларнинг орасида башанг кийинган эркаклар ҳам, қўлига белкурак ва супурги ушлаган аёллар ҳам талайгина эди. Кўринишидан, бу жойда қандайдир маросим бўлиб ўтиши, ақлга тайин.
Бироздан сўнг камерасини кўтариб телевидение ва ҳамма жойда ҳозиру-нозир газетачилар ҳам ўз ўринларини эгалладилар. Сўнгра йигирма– ўттизта милиция ходими ва эллик нафардай аскарлар майдончани ташқарисидан ўраб олишди.
Демак, ҳеч бўлмаганда, шаҳар миқёсида из қолдирадиган иш назарда тутилмоқда эди. Чиндан ҳам кўп ўтмай, уч-тўртта баҳайбат қора машиналарда шаҳар катталари ташриф буюришди.
Боягина ишчиларни тергаб турган башанг кийимдаги кишилар, ҳамма нарсани ёдидан чиқариб, шаҳар катталари томон қўлларини кўксига қўйганча югура кетишди. Телевидение ходимлари эса, бу тарихий манзарани тасмага тушириш учун гоҳ ўнгдан, гоҳ чапдан керакли нуқтани қидириш билан овора.
Рамзий лента қирқилмаса ҳам, маросим бошланиб кетди. Аввалдан қазиб қўйилган чуқурчаларга ўттиз беш– қирққа яқин арча кўчатлари қўйилиб, шаҳар «катта»лари ёрдамида уларнинг тагига тупроқ тортилди. Каттагина тайёргарлик билан бошланган маросим, ярим соатлар чамасида ниҳоясига етди.
Шу билан шаҳарни кўркамлаштириш ва шаҳар мэрияси ҳамкорлигида ўтказилган «кўчат ўтқазиш» тадбирига, «бажарилди»– деган мақом берилди.
2009 йил
Жўрачилик ҳазилларидан
Синфдош жўралар билан кўп йиллардан бери чойхонада ош еймиз. Албатта ош устида турли-туман ҳазиллар бўлиб туради. Жўрабошимиз Солайдин ака анчагина содда, кўнгилчан одам. Дарровгина ҳазилнинг тагига ета қолмайди. Кунларнинг бирида унга шундай дедим.
– Солайдин ака, бизнинг жўраларни яхши танийдиган бир аёл, ҳийладан бери ёлғиз экан, озроқ қийналиб қолибди.
Солайдин ака вақти-вақти билан ҳабар олиб турса, мен ҳам қўлдан келганча меҳримни аямасдим,– деди ва мендан шу сўзларни сизга етказиб қўйишимни илтимос қилди, дедим.
Солайдин ака бироз қизарганча,– ия, қандай бўларкин, бундай ишлардан мен бехабарроқ эдим, ўзи ким экан? – дея савол билан юзланди.
Узимини енг,– дедим мен, аввал жавобини айтинг, кейин исмини сўрайсиз, акс ҳолда, аёл ҳижолат тортиб қолишидан қўрқаркан.
– Ростини айтсам, келин аянгиздан бошқасини кўрмаганман, ёшимиз ҳам ўтиб қолаяпти, уят қилиб қўярмиканман.
Врачга айтиб кўрмайсизми, балки у кўнар.
Врач ҳам бизнинг дўстимиз, бундай ишларда анча суяги қотган.
– Э, бўлмайди– дедим мен. Врач ишлаган жойда аёл зоти, бемаза қовуннинг уруғидан ҳам кўп. У бечора кечга, тиниқ сувдаги балиқдай, ўзини қўйгани жой топа олмас экан. Бунинг устига, ўғли доим ёнида, бир қадам ўнгга ёки чапга билдирмай боса олмайди.
Ҳмм,– деди Солайдин ака,– Абдумуталчи, унинг анча-мунча имкониятлари борку.
У ҳам тўғри келмас экан, айтиб кўргандим, бояги аёл– қўйинг ўша одамни, дадил гап отишни билмайди-ку, лекин ўтган аёлни кўзи билан ейди, камига доим қўллари шимининг чўнтагида, нима қилади, ҳайронман – деди.
Унда, ҳалиги,– оғиз жуфтлади Солайдин ака, яна кимнидир айтмоқчи бўлиб.
Бўлди, бошқа ҳеч кимнинг кераги йўқ, шартта бўлдим мен.
Гап фақат сиз тўғрингизда бўлган эди. Яхши одам, бунинг устига элликбоши, оқ-қорани яхши ажратади, ҳафтасигами,
ўн кундами кириб турса бўлгани, ортиқча нарса талаб қилмайман, деганди.
Солайдин ака батарроқ қизарди,– ўйланиб кўрсам майлими?– деди у.
Ўйланинг албатта,– дедим мен, келин ая билан ҳам маслаҳат қилинг, савоб учун, денг, тушуниши керак,– сўнгра кулиб юбордим. Шундагина у ҳазил эканлигини тушуниб етди ва биз роса кулишдик.
Турмуш чорраҳаларида
Советлар даврининг сўнгги йиллари эди. Барча иш билан таъминланган, ойлик маоши тайин, эртанги кунга ишонч, хали сўниб улгурмаган пайтлар. Ҳаётдан нолийдиган одамнинг ўзи йўқ. Шундай бир замонда, яқин дўстимиз Қоравой (бу унинг лақаби), хотини билан ажрашмокчи эканлигини айтиб қолди.
Янгилик бизларни таажубга солди, чунки Қоравой, хотини билан 20 йилча умр сурган, вояга етиб колган 3-4 фарзанди хам бор эди. Баъзи пайтларда хотинини дўппослаб туришини хисобга олмаганда, хаётидан хеч бирлари нолиган эмасди.
Табиийки, биз Қоравойдан сабабларини суриштирдик.
Кунларнинг бирида, аниқроғи, тунларнинг бирида Қоравойнинг мехри ийиб, ухлаб ётган аёлини эркалай бошлаган экан. Хали уйқудан уйғониб улгурмаган аёли – «Қўзивой ака, ўтганда фақат бир марта, бошқа сўрамайман,– демаганмидингиз? Эрим билиб қолса, нақд бошимни олади»– дебти.
Аввалига Қоравой, хотиним уйқуда алахсияпти,– деб ўйлаган экан, бироздан сўнг, гапнинг туб мохиятига етгач, хотинини сўроққа тутибди. Анча– мунча ёлғон гапириб ўрганмаган хотини хам – «Квартира олишингга ёрдам бераман» дегани учун, бош ошпазнинг қийин– қистовларига, йўқ дея олмаганини, тан олипти.
Оиланинг бузилиб кетиши бизни қийнасада, биз Қоравой томонида эдик. Хотини бизлардан ўртага тушиб, Қоравойни ажралиш ниятидан қайтаришимизни ўтиниб сўради, аммо биз бунинг уддасидан чиқа олмадик. Орадан бирозгина вақт ўтгач, ёр-ёрлар айтиб, Қоравойни бошка аёлга уйлантирдик.
Аёл 13 йил турмуш қуриб, фарзанд кўрмаганлигидан, «туғмас хотин» деб, эридан ажрашган экан.
«Куёв қочди» ошини Қоравой ўзининг чойхонасида ўтказиб берди ва икки ҳафтадан сўнг, «аввалги хотинига ўхшата олмаганлигидан», у аёлдан ажрашиб яна ўзиникига ярашиб кетди… Энди биргаликда, аёлининг «мехнати эвази» га келадиган квартирани кута бошлашди.
«Ваъда» қилинган квартира, Қоравойларга барибир насиб қилмади, балки бош ошпазнинг қўли калталик қилди ёки пули озроқмиди, ишқилиб бўлмади.
Бу орада Қирғизистон мустакилликга эришиб, замонлар чаппасига айлана бошлади. Завод– фабрикалар сотилиб кетди, давлат инқирозга юз тутиб, кўпчилик иш излаб чет ўлкаларга кетишга ошиқди.
Бошқалар қатори Қоравой хам, Россиянинг қайси бир бурчига, хотини бошка бир томонга йўл олишди.
Болалари калдирғочнинг полапонларидай учиб кетишди. Бутун бошли оиладан, хайхотдай ховлида хеч ким қолмади.
Кейинчалик эшитсак, Қоравойнинг иккинчи хотини ўғил кўриб олган экан. Узоқ вақт фарзандга зор бўлганлигидан, исмини Қоравой қўйганмиш.
Қиссадан хисса, дунёда хеч бир нарса бесабаб бўлмас экан. Қоравойнинг яхшими– ёмон кечинмаларида, бир норасида гўдакнинг дунёга келиши ёзилган бўлса, не ажаб.
Қаловини топса
ёки бугуннинг ҳақиқати
Янги бойлардан бўлган бир ишбилармон киши, шаҳарнинг серқатнов еридан жой сотиб олиб, бозор ташкил этибди. Қисқа вақт орасида ишлари юришиб кетиб, мўмайгина пул ишлабди.
Пули кўпайганча, амалдор танишлари ҳам кўпайиб борипти.
Яна ҳам кўпроқ пул ишлаш мақсадида, ўйлаб– ўйлаб бозорга киришни пуллик қилиб қўйипти. Биронта киши лом– мим демай, кириб чиқаверипти.
Орадан бирмунча вақт ўтгач, ҳалиги одамнинг очкўзлиги тутиб кетипти.
– Ҳа энди, чиқишни ҳам пуллик қилиб қўйсам нима экан,– деган ҳаёлга борипти. Бир томондан одамларнинг норози бўлишидан чўчиса ҳам, ҳарқалай пулнинг кучи ундан устун келипти.
Одамлар анча– мунча гапиришипти-ю, лекин тез орада кўниб ҳам қолишипти. Пул дарёдай оқиб келар экан.
Ҳалиги одам бу орада керакли кишилардан танишлар ортирибди. Ўзини ҳам кўпчилик таний бошлапти. Пул кўпайгандан кўпайиб, ҳисобига ҳам етолмай қолипти. Энди у ҳеч кимни тўғатмай қўйипти, одамларни оёғида кўрсатар экан. Орадан яна бир муддат вақт ўтипти.
Энди ҳалиги одамнинг ғайрлиги тутибди.
– Мен нима қилсам бўлаверади, ҳеч ким менга қарши сўз айта олмайди,– деб ўйлай бошлапти.
Сўзининг тасдиғи учун, бозордан қайтаётган кишиларнинг кетига бирдан тепишни ўйлаб топибди.
Орадан бир– икки кун ўтгач, бозор дарвозаси олдида тумонат одам тўпланиб, бақир– чақир бўлиб кетибди.
«Янги бой»,– энди ошириб юбордим шекилли, одамларнинг қаҳри келаяпти, –деб дарвоза томонга борипти.
У жойда, бир жаҳли тезроқ киши жаврай кетипти :
– Киришни пуллик қилдинг индамадик, чиқишга ҳам пул тўлаяпмиз – бир сўз демадик. Ҳа энди бир кишининг кетга тепишини шунча халойиқ кутиб ўтирармиди. Бунақада бозор– учардан қолиб кетмаймизми?
Энди ука, мана шу кетга тепувчи йигитларингнинг сонини кўпайтириб қўйсанг, навбат тезроқ ўтган бўлармиди…
Мўъжизали мўъжизалар
(Бўлган ҳодиса)
Бу воқеа 1995 йили содир бўлган. У пайтлар кўпчилик қатори мен ҳам тижорат билан шуғулланар, Хитойдан турли– туман мол олиб келиб, Қорасувдаги жаҳон бозорида савдо қилардим.
Навбатдаги сафарларимдан бирида, ғайри– табиий бир ҳодисанинг шоҳиди бўлдим.
Ҳар доимгидай, бозордан ўзим ёқтирган, ҳаридоргир молларни ахтариб юриб,бир жойга келганда, оёқларим босмай қўйди.
Йўқ, соғлигимдан нолимасдим, ўзимни яхши ҳис қилардим.
Зўрлиқнинг зўри билан нари кетдим. Бироздан кейин йўлим яна айланиб шу тарафга тушди. Яна бояги ҳол такрорланди.
Назаримда кимдир ёки нимадир мени ўзига тортгандай, чақиргандай бўлар эди. Синчиклаб атрофга разм солдим, айтарли ҳеч нарса йўқ, оддий савдогарлар оддий молларини сотиб ўтиришарди.
Кўплаган майда– чуйда орасидан, назарим бир шарсимон шаклга бориб қадалди. Фараз қилинг, билиярд шари, фақат сал каттароқ, тахминан 15-17 см. диаметрда. Тайёрланган матоҳи ҳам шунга ўхшаш.
Айримаси, билиярд шари бир хил рангда бўлса (оқ, қизил, қора ва ҳоказо) бу шарда бир неча ранг бўлиб, ҳар бир ранг қандайдир географик шаклни эслатар эди. Шу ўринда, самолётда ҳавога кўтарилаётганда, экин майдонларининг юқоридан туриб кўринишини ҳаёлга келтириш мумкин. Яна бир эсда қоладиган ҳолат, шарнинг бир қисмида, советлар давридаги 5 тийинлик танга ҳажмича эзилган чандиқ бор эди.
Шарни қўлимга олар эканман, айнан шу нарса менинг ихтиёримни тортганини ҳис қилдим. Ҳали нима учунлигини билмасам-да, шу нарса менинг ҳаётимда қандайдир ўрин эгаллаганига имоним комил эди.
Савдогар билан талашиб– тортишиб ўша шарни харид қилиб олдим.
Уйга қайтгач, бир неча кун савдо билан овора бўлиб, шар ёдимдан кўтарилиб қолипти. Озгина бўш вақт топилгач, рус миллатли дўстим Александр Загребелнийга телефон қилдим.
Саша экстрасенс бўлиб, у билан Хитойга бўлган сафарлардан бирида танишиб қолгандик. Мана шу сафарда унинг қобилиятларига қойил қолганман. Сафар давомида, нафақат кузатувчи бўлиб, балки унинг қатнашчиси сифатида, анчагина мўъжизаларни кўрган эдим.
Ўшанда 7-10 кунга мўлжалланган сафаримиз 60 кунга чўзилиб кетганди, сабаби, рангли металларни республикадан чиқармаслик тўғрисида қарор қабул қилинган бўлиб, биз ҳам айнан, рангли металларни Хитойга сотиш учун сафарга чиққан эдик.
Ўша сафарда, Сашанинг бақатерак устида қўниб турган иккита қарға билан суҳбатлашиб турганининг шоҳиди бўлгандим ва ўзимча, уни сал эси жойида эмасмикан,– деган ҳаёлга ҳам боргандим.
Яқинроқ танишиб олгандан кейин, унинг нафақат эси жойидалиги, аксинча, бошқалардан ўн чандон ақллироқ, зийракроқ эканлигига амин бўлдим. Хитойга кириб боргунча (400 км йўлни 45 кунда босиб ўтдик)
Саша кунлигини-кунлик бизга бўлаётган тўсиқлар ҳақида олдиндан маълумот бериб борарди. Ниҳоят, ХХР Қашқар вилоятига ҳам кириб бордик. Бир амаллаб етказиб олиб борган молларимизни харидорга ўтказиб бергач, уч– тўрт кун ўзимиз учун мол ҳарид қилишга имкон туғилган эди. Бизга шу ерлик бир уйғур йигити, Олимжон ҳамроҳ бўлиб, анча– мунча кўмаклашиб юрар, лозим бўлса шахсий машинасида баъзи жойларга олиб борарди. Иккинчи куннинг оқшом пайтида. У йигит бизни уйига таклиф қилди. Маълум бўлишича, Олимжон бизнинг меҳмонҳонадан 10 чақиримлар масофада, бир квартирада ёлғиз ўзи яшар экан.
Чой устида, у менга онаси ҳақида гапириб берди. Унинг онаси Қашқардан бирмунча узоқда жойлашган, Ортиш номли шаҳарда, катта ўғли билан яшар, анчадан буён соғлигининг ночорлигидан, тўшакка боғланиб қолган экан. Аввал айтганимдай, Саша рус миллатига мансуб бўлиб, ўзбекчани билмасди, уйғурчага эса, умуман тиши ўтмасди.
Ўз навбатида уйғур йигит русчанинг кўчасидан ўтмаган, балки эшитмаган ҳам бўлса керак. Мен Олимжонга, дўстим Сашанинг баъзи бир муаммоларга таъсир кўрсата олишини айтгандим, у маҳкам ёпишиб олди. Энди гап Сашада қолганди. Унга уйғур йигитнинг илтимосини тушунтирдим.
– Майли, деди Саша,– фақат менга ойисининг фотосуратини берсин, уриниб кўраман. Суратни қўлга олар экан, Саша у аёлнинг касаллиги тўғрисидаги баъзи бир нарсаларни менга айтди. Мен уйғур йигитдан дўстим сўзларининг тасдиғини олдим, гўё улар олдиндан гаплашиб олгандай эди.
Меҳмондорчиликдан сўнг Олимжон бизни яна меҳмонхонага етказиб қўйди ва эртаси куни соат 9 га келишини айтиб кетди.
Эрталаб соат 6-7 лар чамасида хонамиз эшиги тақиллаб қолди.
Бизнинг ҳали– бери туриш ниятимиз йўқ, шунинг учун эшикни очмасдик.
Ниҳоят эшик ортидаги одам ўзини танитди. Бу ўша бизнинг уйғур йигитимиз эди. Хонага кирар экан, унинг кўзлари ёшга тўлиб турганини пайқадим. Кечаги воқеа хаёлимдан кўтарилган, нималигини тушуниб етмасдим. Яна уйғур йигитнинг ўзи ойдинлик киритди.
Кеча бизни кузатиб боргандан кейин 3– 4 соат ўтгач, Ортишдаги акаси қўнғироқ қилган экан. У укасига суйинчилаб, ойисининг ҳожатга ўзи чиқиб келганлигини, ҳозир анча яхши бўлиб қолганлигини маълум қилган экан. Олимжон ҳам ўз навбатида, советдан келган «машҳур» дўхтирдан, онасининг дардига даво излаганини айтиб берибти.
Икки ўртада ака– укалар бирмунча севинч ёшларини тўкишган экан.
Севинчини ичига сиғдира олмаган Олимжон, тонг отишини сабрсизлик билан кутиб, ёнимизга шошилган экан. Шу кундан бошлаб, эшигимиз олдида турли дард билан оғриган кишилар тўпланадиган бўлиб қолишди. Шарни ҳарид қилишда ҳам, жавобини албатта Сашадан топишимни сезгандим.
Телефон гўшагини кўтарар экан, Сашага савол билан юзландим:
– Саша айтчи, менинг қўлимда нима бор?
Бироз сукунатдан кейин нариги томондан Сашанинг жавоби эшитилди.
– Менинг фикримча, бу Юпитер планетасидан келган жавоб хати – деди у. Тўлиқроқ маълумотни ўша нарса билан ёнимга келганингда оласан.
Айтингчи, ҳурматли ўқувчи, агар сизнинг қўлингизга олис планета элчиси тушиб қолса, нима қилган бўлардингиз?
Табиийки, Сашанинг олдига чопқилаб етиб бордим. Қўлимдан шарни олар экан, Саша ҳикоясини бошлади.
Бундан анча муддат олдин, космосдан «SOS», яъни ёрдам сўраб жўнатилган сигналлар олинган. Тўғри, бундай сигналларни жуда кучли аппаратлар ёрдамида тутиш мумкин, аммо шундай одамлар ҳам борки, улар бу нарсага қодир экан. Қисқаси, дўстим Саша ва бир неча шундай кишилар, Юпитер планетасига ёрдам қўлини чўзишган экан.
– Занжир сенга келганда туташипти,– деди Саша, сен олиб келган мана шу шарча, ўша занжирнинг бир қисми. Қилган ишимиз зое кетмаганлигини сен орқали бизга хабар беришган.
Юқорида айтиб ўтганимдай, Сашанинг гапларидан шубҳа қилмасдим.
Саша ҳазиллашишни ҳам билмасди ва табиийки, ёлғон сўзлаш унинг қўлидан келмасди. Унинг гапларини индамай эшитган бўлсам-да, унчалик ишонқирамадим.
Тўғрида, ердаку майли, 100 км, боринг 1000 км, ҳарқалай Юпитер планетаси, дунёнинг нариги бурчагидан ҳам юз чандон узоқда.
Шу билан гапимиз тугаб, бошқа мавзуларга ўтиб кетдик.
Орадан бирон ойлар чамаси ўтиб, Саша мени телефонда чақириб қолди.
– Сенга ажойиб бир янгилик бор, тездан етиб кел. – деди у.
Унинг хонасига кириб борар эканман, қўлимга журнал тутқазди.
– Ўтган сафар менга ишонмагандай бўлгандинг, мана ўзинг кўр.
Журнални варақлай бошладим, у Германияда босилган бўлиб, рангли форматда, мақолалар ҳам рус ҳам немис тилларида берилган эди.
Аввалига мен нимани қарашим керак эканлигини ҳам тушинмадим.
Аста мақолаларни кўздан кечирар эканман, катта ҳарфлар билан «Юпитер атакуют метеоритнҳе дожди» деган ёзувга кўзим тушди.
Мақолада, Юпитер планетаси метеоритлардан ташкил топган жалага тўғри келиб қолганлиги, натижада, каттагина бир метеорит планетага урилиб, унга шикаст етказганлиги тўғрисида гап борарди.
Не кўз билан кўрайки, у ерда рангли сурат ҳам бўлиб, унда мен топиб борган шарча, яъни Юпитер планетасининг асл кўринишига метеоритнинг урилиши тасвири туширилган эди.
Журнални қалбаки дейишга тилим бормайди, бир мени ишонтириш учун ҳеч ким ва ҳеч қачон бутун бошли журнални ясаб чиқармаса керак. Мана бор ҳақиқат, сирасини олганда, ўша Саша дўстим, сендан тузуккина қаламкаш чиқиши мумкин, шу иш билан яхшироқ шуғулланишингни маслаҳат бераман, деганди.
Янаям очиқроқ айтсам, ҳар бир одамда, бир дунё истедод мужассамлашган, фақат уни ишлата билиш керак деган ва менинг ҳаётимда тубдан бурилиш ясалишига катта ҳиссасини қўшганди.
Ги Де Мопассан. Русчадан таржима
Бадбашара болалар онаси
Яқинда, пулдор бадавлат одамлар суйиб дам оладиган жойларнинг бирида, ҳаммага таниш, гўзал, жозибали, барчани ўзига ром қила оладиган парижлик аёлни кўрганимда, бу қўрқинчли воқеа ёдимга тушди. Бу воқеага анчайин вақт бўлса-да, бундай нарсалар одам хотирасига мухрланиб қолар экан.
Кичкина, кўримсиз шаҳарлардан бирида яшайдиган бир дўстим, мени меҳмонга чақирган эди. Одатга кўра, меҳмоннинг кўнглини олиш учун, дўстим мени шаҳар айлантирди. Нимаики мақтовга сазовор нарсалар бўлса, барчасини томоша қилдик. Назаримиздан қадимий нарсалар борми, фабриками, харобаларми, турли ёдгорликлар, черковлар, нақш ўйилган дарвозалар, ғаройиб шаклдаги дарахтларми, борингки, ҳеч нарса қутула олмади.
Кўрганларимдан ҳайратга тушиб, мақтаб турганимда, дўстим аксинча, кўрсатадиган нарса қолмаганидан ҳижолатда эди.
Бир тарфдан бу нарса мени қувонтирди, ҳеч бўлмаса энди соя салқинда дам оламиз, деб ўйлаб турганимда, дўстим қичқириб юборди.
– Топдим, сенга бадбашара болалар онасини кўрсатаман, -деди у.
– Бадбашара болаларнинг онаси ким ўзи? – сўрадим мен.
– О, бу жуда қўрқинчли аёл, шайтоннинг ўзгинаси, ҳар йили қинғир-қийшиқ, майиб– мажруҳ, бир сўз билан айтганда, бадбашара болаларни дунёга келтириб, сўнгра уларни антиқа томоша кўрсатадиган кимсаларга пуллайди. Мана шунақа ифлос томоша кўрсатадиган одамлар, вақти– вақти билан уникига бориб, хабардор бўлиб туришади. Мабода, дунёга келган навбатдаги чақалоқ уларга ёқса, болани олиб, онасига товон тўлашади.
Аёлнинг бадбашара ўн бир фарзанди бор.
Улар орқасидан жуда бойиб кетган. Билиб турибман, мени ҳазиллашяпти ёки лақиллатяпти деб ўйлаяпсан. Йўқ дўстим, сўзларимниг ҳаммаси ҳақиқат, ҳақиқатнинг ҳақиқати, юр уни сенга кўрсатаман, сўнгра бадбашара болаларни қандай қилиб дунёга келтиришини айтиб бераман.
Шундай деб, у мени шаҳар четига етаклаб кетди. Аёлнинг уйи ихчамгина бўлиб, шундоққина йўл четида жойлашган экан.
Теварак атроф тоза, супуриб йиғиштирилган, анвойи гулларга тўла боғ ёқимли ис таратади.
Билмаган одам бу хонадонда хизматини йиғиштириб қўйган нотариус яшайди,– деб ўйлаши мумкин.
Хизматкор аёл бизни қишлоқ уйларига хос торгина меҳмонхонага таклиф қилди ва шу пайт, хонадон соҳибаси бизнинг қаршимизга чиқди. Аёлга қирқ ёшлар бериш мумкин. Унинг бўйи узун, юз тузилиши қатъиятликни белгиловчи, аммо қомати келишган, кучли ва соғлом, ҳақиқий қишлоқ аёли, аниқроғи, ярим аёл – ярим ҳайвон қиёфасида эди.
Аёл ўзи ҳақида, атрофдагиларнинг қандай фикрда эканлигини яхши биларди, шу сабабдан келганларга ички ёвқараш билан муомилада бўлар экан.
– Сизларга нима керак? – сўради у.
– Эшитишимча, охирги фарзандингиз оддий болаларга ўхшар эмиш. Акалариниг биронтасига ҳам ўхшамасмиш, шунинг қай даражада тўғри ёки нотўғри эканлигини ўз кўзимиз билан кўрмоқчи эдик,– деди дўстим.
Аёлнинг жаҳли чиқди, қовоқларини уйиб заҳарханда жавоб қилди.
– Йўқ жаноб ва яна йўқ! Керак бўлса, у акаларидан ҳам бадбашара. Уларнинг ҳаммаси бир биридан бадтар бадбашара. Қайси гуноҳларим учун тангрим, мендай бечора аёлга зулм қилади?
Аёл талвасага тушган йиртқичдай, қўрқув билан кўзларини яширган холда, тез– тез сўзлай кетди.
У имкон қадар юмшоқроқ, секин овозда сўзлашга ҳаракат қиларди, аммо унинг ясама, йиғи аралаш ёлғондакам нолалари, йўғон гавдаси, бўрига ўхшаб увиллаш учун яратилган танасига ҳечам мос тушмасди.
– Иложи бўлса бир кўрсак,– сўранди дўстим.
Назаримда, аёл қизариб кетди, балки мен адашгандирман. Бироздан сўнг аёл ўзини ўнглаб олди ва овозини баландлатиб сўради.
– Бунга не ҳожат? У бошини кўтариб, оловдай кўзларини бизга қадади.
Дўстим давом этарди,– нима учун бизга кўрсатишни ҳоҳламаяпсиз?
Ахир баъзи бировларга кўрсатасизку. Ким ҳақида гапираётган -лигимни сиз яхши биласиз.
Аёлга тироқ кириб кетди. У бутун жаҳли, овозига эрк бериб, бақира бошлади.
– Сиз шунинг учун келгансиз, тўғрими? Мени калака қилиш учунми? Йўқ уни сизга кўрсатмайман, ҳозироқ бу ердан даф бўлинглар. Нима учун мени калака қиласизлар?
Аёл бизнинг устимизга бостириб кела бошлади.
Худи шу паллада, бу қўпол овозга акс садодай, нариги хонадан инграшга-ми, ёки мушук боласининг миёвлашигами ўхшаш, юракни ларзага соладиган бир нарса қулоққа чалинди. Этим жунжикиб кетди. Биз секин орқага тисарилдик.
Дўстим қатъиятлик билан аёлга юзланди:
– Эҳтиёт бўл шайтоннинг урғочиси (халқ орасида аёлни шу ном билан аташарди) вақти келиб, буларнинг ҳаммасига жавоб берасан.
Аёлнинг бадтар жаҳли чиқди. Муштларини ўйнатганча бақира кетди:
– Йўқолларинг, нима қилганим учун жавоб беришим керак? Йўқолларинг ифлослар!
Шу тобда у йиртқичдай бизга ташланишга тайёр эди.
Ҳар эҳтимолга қарши, биз ташқарига чиқдик.
– Кўрдингми уни, хўш у қанақа, у ҳақида нима дейсан? – сўради дўстим мендан кўчада.
– Бу илон ҳақида менга сўзлаб бера олмайсанми,– илтимос қилдим мен ҳам.
Ортга қайтар эканмиз, бутун йўл давомида, дўстим бадбашара болаларнинг онаси тўғрисида сўзлаб берди.
Қачонлардир, у аёл фермада хизматчи бўлиб ишлар экан.
У пайтлар аёл ҳақида ҳеч ким ёмон сўз эшитмас, чунки у ишчан, покиза, ҳар нарсанинг қадрига етадиган, яхшигина инсон бўлган экан. Суюқоёқлик тўғрисида ҳам ҳеч айблай олмас экан.
Кунларнинг бирида, буғдой ўримидан сўнг, сомон йиғиш пайтида, ҳаво қора булутларга бурканган бир пайтда, аёл гуноҳ ишга қўл уриб қўйган экан. Ой– кунлар ўтиб, ўзининг хомиладор эканлигини сезгач, аёл таҳликага тушиб қолади. Ҳомиласини атрофдагиларга сездирмаслик учун, у турли хил ҳийлалар ўйлаб топади.
Ип ва тахтачалар ёрдамида қорнини маҳкам тортиб, кундан– кунга каттайиб бораётган ҳомиласини яширади. Шу йўсинда ҳали туғилмаган болани маҳлуққа айлантиради.
Қисилиш натижасида боланинг боши чўзилиб, узунчоқ шаклга кириб қолади, кўзлари пешонага бўртиб чиққан, оёқлари узум новдасидай қийшайиб, танага ёпишиб қолади, бармоқлари ўргимчакнинг панжаларидан фарқи йўқ, танасининг ўзи ёнғоқдай юм– юмалоқ. Эрта баҳорда, тонг саҳарда, далада тўлғоқ тутиб қолади. Доялик қилаётган аёллар, болани кўришгач, бақир– чақир қилиб, ҳаммаси тум– тарақай қочиб кетишади.
Шундан кейин аёлни шайтонбачча туғди, ўзини эса шайтоннинг урғочиси деб, атай бошлайдилар.
Уни қишлоқдан бадарға қилишди. Кўпроқ тиланчилик билан, баъзида эса гўзаллиги билан (ахир эркакларнинг ҳаммаси ҳам шайтондан қоча бермайди) кун кўради.
Боласига қанчалик ғазаби қайнамасин, ҳар дақиқада уни бўғиб ўлдиришга тайёр турса-да, уни катта қилишга мажбур эди.
Сабаби, шундай оқибатга боришини олдиндан ҳис қилган ҳакам, аёлни кўпчилик олдида тошбўрон қилишини эслатиб қўйган эди.
Кунларнинг бирида антиқа томоша кўрсатадиган бир гала кишилар, бадбашара бола ҳақида хабар топиб, онасидан уни кўрсатишни илтимос қилишади. Агар мабода уларга тўғри келса, уни ўзлари билан олиб кетишлигини айтишади. Болани ёқтириб қолишгач, онасига шу жойнинг ўзида беш юз франк санаб беришади. Аввалига бироз хижолат чекиб турган аёл, пулни кўргач, савдолашишга ўтади, ҳар бир су устида умбалоқ ошиб, боланинг камчиликларини айтиб мақтанади, охир оқибат бола учун йилига тўрт юз франк хақ тўланиб хизматга олинганлиги ҳақида шартнома тузади.
Ҳар эҳтимолга қарши, алдаб кетмасликлари учун, аёл ёзма равишдаги тилхат ҳам талаб қилади.
Бу муваффақиятдан терисига сиғмай қолган она, яна шундай бадбашарани дунёга келтириш орзусига тушиб қолади. Чиндан ҳам тез орада аёл, бунинг уддасидан чиқади. Бунинг устига, энди у ҳомиланинг турли жойларига, турли таъсир кўрсатиш йўллари билан чақалоққа ўзи ҳоҳлаган шаклларни бера оладиган ялмоғизга айланади. Чақалоқлар узун– қисқа, баъзи бирлари қисқичбақага ўхшаб кетса, бошқаси калтакесакни эслатади. Битта– яримта чақалоқ вафот этса, ўзини қўярга жой топмай қолади.
Суд аралашмоқчи ҳам бўлган эди, аммо ҳеч қандай фош этувчи далиллар йўқлигидан иш тўхтатиб қўйилди.
Айни пайтда аёлнинг бир– биридан хунук ўн бир боласи бор.
Улар йилига беш– олти юз франк фойда келтиришади. Ҳозирча фақат биттаси, ўша бизга кўрсатишдан бош ортган боласигина беиш, аммо бу ҳам вақтинча, чунки тез орада кимдир уни ҳам хизматга олиб кетади.
Аёл шу даражада уста бўлиб кетди-ки, ҳатто ким ошди савдоси уюштиришдан ҳам тоймайди.
Дўстим тиниб қолди. Менинг қалбимда эса ғазаб туғён урарди.
Шу тобда, ўша заҳарли илонни бўғиб ўлдирмаганимга алам қилиб кетдим.
– Болаларнинг отаси ким? – сўрадим мен.
– Номаълум,– деди дўстим. У ёки улар ўзларини танитишмайди, балки фойдани ҳам бўлишишар…
Агар юқорида айтилган дам олиш масканида ҳалиги аёлни кўрмаганимда, бу воқеани эсламас ҳам эдим. Аёл атрофдаги эркаклар билан чақ– чақлашиб, ҳамманинг нигоҳини ўзига тортарди.
Чиндан ҳам у ўта гўзал эди. Мен шу масканнинг шифокори, танишим билан қўлтиқлашиб, соҳил бўйлаб сайр қилиб юрганимизда, учта бадбашара гўдакни ўйнатиб ўтирган аёлга дуч келдик. Болалар букри, қийшиқ, ваҳимали кўринишда эди.
– Бу болалар ҳалиги гўзал аёлнинг фарзандлари,– деди шифокор дўстим.
Менинг раҳмим келди.
– Эҳ бечора аёл, шу ҳолатда унга қандай кулгу келар экан?
Дўстим давом этди.
– Аёлга эмас, болаларга раҳминг келсин, улар бегуноҳ.
Аёл эркакларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр. Ҳомиладор аёлларнинг белини маҳкам боғлаб юриши, шундай ҳолатга олиб келади.
Беихтиёр, бадбашара болаларни кўпайтириб, пуллаб юрган ўша шайтоннинг урғочиси ёдимга тушди.
Тўла матнни Word форматида шу ерда очишингиз мумкин
© Баҳодир Шералиев, 2011
Количество просмотров: 3747 |